Ғайритабиий: 
Уилльям Бранхамнинг ҳаёти

Ғайритабиий:
Уилльям Бранхамнинг ҳаёти

Оуэн Жоргенсен

Қора парда тушади

19 bob

1936



Уилльям Бранхам қалбидаги оғирликни енгиллатиш учун, Жефферсонвилли атрофида хушхабар тарқатишда кўп куч-ғайратини сарфлади. Ўзининг ҳаёти тарихи бошқа одамларни ҳам Худога имонга келтириши мумкинлигига ишониб, Билли ўзининг шахсий кечинмаларидан айримларини ўн беш саҳифалик рисолада баён қилди62. Бу рисолага номни Ибронийларга 13:8 дан олди: — “Исо Масиҳ кеча, бугун ва абадий Ўшанинг Ўзидир”, — ва унга қуйидаги автограф қўйди: “Муҳтарам У. (Билли) Бранхам”.

62 Бу рисола биринчи варианти 15 саҳифали эди, кейин эса 22 саҳифагача кўпайтирилди. (Охирги вариантдаги рисола рус тилида мавжуд; “Адабиёт ва информация манбалари” бўлимига қаранг.)

Муқаддимада ёзди:

Бу китоб, уни ўқиган ҳар бир киши, Исо Масиҳ ҳали ҳам одамларни ҚУТҚАРИШИНИ ва ШИФОЛАШИНИ билиб олиши учун ёзилган.

Мен ишонаман, У тез орада яна келади.

Бу китоб, қандай қилиб, У камбағал болани танлагани ва хизматга чақиргани, қандай қилиб бу бола бир неча вақт Ундан қочиб юргани, кейин эса бутун юраги билан Унга ўзини бағишлагани ҳақида ҳикоя қилади.

Кейинги саҳифада Биллининг ибодати бор эди:

О Самовий Ота, бу китобни ўқиган ҳар бир одамни дуо қил.

Тез орада, биз ҳали ҳеч қачон кўрмаган буюк Черковингни бунёд қилмоқчилигингни унга билдиргин.

Биз Сенга олдингидай ишонамиз.

Ҳар бир юракка кучли орзу-иштиёқ бер, о Адолат соҳиби, Ўз камтар қулингга Сенинг мактубингни етказишга ёрдам бер.

Биламан, Мусони қандайдир мақсадда яширгандай, Сен мени қамишзорингда яширдинг.

О Ота, Сенинг Исмингни улуғлашимда менга ёрдам бер, зеро мен буни Исо Исми ҳақи сўрайман.

Омин.

Кейинги етти саҳифада асосий ўрин Биллининг ғайри-оддий ҳаёти тўғрисидаги ҳикоясига асосий ўрин берилади: у онаси билан қорбўрон вақтида ўлим ёқасида бўлганлари ва қачон қўшнилари уларга ёрдамга улгурганидан бошлаб. У етти ёшлигида қандай қилиб дарахт баргларидан овознинг: “Ҳеч қачон ичма, чекма ва танангни ҳеч қандай тарзда ҳаром қилма. Катта бўлганингда сен учун юмуш бўлади”, — деганини ҳикоя қилади. Кейин у 1927 йилда Аризонага борганлиги ҳақида ва укаси Эдварднинг ўлими, қандай уни уйига қайтаргани ва инсонни бу ҳаётидан кейин нима кутиши ҳақида ўйлашга мажбур қилгани тўғрисида эслатади. Билли коммунал хизмат компаниясида ишлаган вақтида газдан заҳарланиши, кейинги операция ва уни Худога келтирган ёрқин хоч кўриниши ҳақида ёзди. Кейин у ошқозони касалидан, кўз астигматизмидан ғайритабиий шифоланиши ҳақида сўзлайди; кейин ваъз қилишга чақирилгани ва охирида, 1933 йил Огайо дарёсида сувдан чўмдириш вақтида боши узра оловли шар пайдо бўлиши ҳақида ҳикоя қилиши билан тугатади.

У рисолани қуйдаги сўзлар билан тугатди:

“Азиз ўқувчилар, агар менга бу китобда кўпроқ жой бўлганида, сизга кўпдан-кўп бўлган ишларни, қандай қилиб черков қурганимиз ва биздаги кучли уйғониш йиғилишлари ҳақида ҳикоя қилардим. Одамлар атрофлардан ва узоқлардан шифоланиш учун келдилар. Лекин мен бу китобчани ҳар ким ҳам сотиб ололадиган кичикроқ ва арзон бўлишини хохлардим. Уни ўқиб, Исо Масиҳни бугун ҳам Ўшанинг Ўзилигини, У кеча қандай бўлса, ҳамма вақт ҳам У шундай бўлишини билиб оласиз; ва сиз Унга ишонишингиз ҳамда нажотга эга бўлишингиз лозим. Агар иложи бўлса, бизнинг уйғониш хизматимизга, улар сизнинг яқинларингизда бўлаётганини эшитсангиз, хохлаган вақтингизда келинглар”.

Кейинги иккита саҳифада ғайри-табиий тарзда шифоланган одамларнинг, шу жумладанжаноб Уилльям Мэррилл ва Мэри Дер Оханион хонимнинг гувоҳлиги ёзилиб, қайсики, Билли энди Масиҳчи бўлгандан кейин кўрган ваҳийсига кўра, биринчи иккала шифоланганлардан эдилар.

Жаноб Мэррилл ёзди:

“Мен Индиана штати, Нью-Олбанидаги касалхонада эдим, ва мен ўша ерда Бранхам ака ҳақида эшитиб қолдим. Мени машина урди. Қарийб ҳамма қовурғаларим синиб кетганди. Менинг орқам шикастланганди. Тиббиёт учун чорасиз ҳол эди.

Бранхам ака мен учун ибодат қилган эди, шу заҳоти қовурғаларим ўз жойига келди, ва ҳудди шундай орқам ҳам. Шифокор ҳеч нарсага тушунолмади. Мен турдим, кийиндимда, уйга жўнадим ва ишга чиқдим.

Худога шарафлар бўлсин, Унинг Шифоловчи Қудрати учун”.

Уилльям Х. Мэррилл

1034 Кларк Стрит,

Нью-Олбани, Индиана.

Дер Оханион хоним ёзди:

“Мен кўп йиллар давомида ногирон эдим. Касаллик мени тўшаклик қилиб қўйганди. Менинг оёқларим чангак бўлиб қолган ва мен юролмасдим. Шифокор менга ҳеч қачон юролмайсан, деганди. Мен Бранхам ака ва унинг ибодатларига Раббий қандай жавоб бериши ҳақида эшитиб қолдим. Шу учун Унга ёлвордим. Бранхам ака ва яна ДеАрк деган ёш одам келишди ва мен учун ибодат қилдилар. Менинг оёқларим дарҳол шифоланди. Мен юрай билдим. Шундан бери мен юряпман. Ўша кунга ҳам мана тўрт йил бўлди.

Мен Худони Ажойиб Қудрати учун улуғлайман”.

Мэри Дер Оханион хоним

2223 Ист Оук Стрит

Нью-Олбани, Индиана.

Китобчанинг охирги тўрт саҳифасида Исо Масиҳнинг бугунги кунларда ҳам шифолаш кучи ҳақидаги воизлиги ёзилган эди. Билли ёзди:

“Кўплаб Библияни ўқувчилар айтади: “Агар мен Библия ҳикоя қилаётган даврда яшаганимда эди, мен Исога мурожаат қилар эдим, ва У менга ёрдам берар эди”. Дўстлар, худди ўша кунлардагидек сизга ёрдам бериш учун, У бугун ҳам шу ерда. Фақат Муқаддас Руҳга ишонинг, зеро У Исо Масиҳ ҳақида гувоҳлик беради. Марҳамат, ҳозир қаерда турибсиз, тўппа-тўғри ўша ернинг ўзида, Унга ишонинг ва У сизни шифолайди”.

Биллининг черков аъзолари “Исо Масиҳ кеча, бугун ва абадул-абад Ўшадир” рисолаки нусхаларини қариндошлари ва дўстларига тарқатдилар. Вақт ўтиши билан бу оддийгина китобча кўплаб бориш қийин бўлган жойларга “саёҳат қилди” ва кўплаб ҳайратланарли ғаройиботлар қилди...

КЕЙИНРОҚ, 1936 ЙИЛНИНГ ЁЗИДА, Билли Хоуп билар Индиана штати, Форт-Уэйнга, Хоупнинг отасини кўргани бормоқчи бўлди. Билли йўлга чиқишни сабрсиз кутарди, чунки у ерга ўз вақтида етиб борилса, улар Редигар Черковига, шанба кунги кечки хизматга боришлари мумкин эди. Бу, у ҳар сафар Форт-Уэйнда бўлганида боришни ёқтирадиган черков эди.

— Хоуп, сен энди кетамиз деганда, ванна қабул қилмассан, ахир? — деди Билли, соатларига асабий қараганча.

— Бу кўп вақтимни олмайди. Лекин Билли, агар биз черковга борсак, унда менга бир жуфт янги пайпоқ керак. Мен йиғиштирилиб, тўғри бўлгунимча, “Джей-Си-Пенни”га бориб, менга бир пара сотиб олишинг мумкинми?

— Майли, агар бу ишни тезлаштирса.

— Ҳа. Мана сенга 60 цент. Фақат билиб ол, капрон эмас, а шифон пайпоқ харид қилгин. Ва унутмагинки, улар “стилда” бўлиши керак. Буни эслаб қололасанми?

— Албатта. Шифон пайпоқ, “Стилдаги”

Шифон пайпоқлари тоза ипакдан тайёрланилар ва силлиқ ва нозик дидли бўларди. Гарчи улар капрон пайпоқдан уч баробар қиммат турсада, ўзини янада ораста ва модада кўрмоқчи ҳар қандай аёл шифон пайпоқни афзал кўрарди. Капрон бўлса, бошқа томондан кўпроқ ёши ўтган аёллар дидига тўғри келарди, уларни кўпроқ ташқи кўринишидан кўра, тежалган пули ва қулайлиги қизиқтирар эди. Билли аёллар кийими фасонлари ҳақида кўп билмас эди, шу сабабдан унга капрон билан шифон орасидаги фарқни эслаб қолиш қийин эди. Магазинга боргунча унутиб қўймаслик учун, йўл бўйлаб у пайпоқларнинг тўғри номини тинмай такрорлаб борди: “Шифон...шифон...шифон...шифон...”

— Салом, Билли! — деди кимдир ёнидан ўтаётиб.

— Салом! — у жавоб берди ва дўнғиллашда давом этаверди: “Шифон...шифон...шифон...”

Кейин у эски балиқчи дўсти Орвилл Спонни учратиб қолди.

— Билли, биласанми, дамбанинг у томонида окунлар қармоққа тушяпти? Айримлари мана бундай узун-узун, — деди Одвилл ва қўллари билан балиқнинг катталигини кўрсатди.

Билли қойил қолганидан ҳуштак чалиб қўйди. Бир неча минут улар икковлон қармоқлар ва ушлаш усулларини муҳокама қилишди. Билли йўлида давом этар пайти, у энди қанақа пайпоқ ҳарид қилиш тайинланганлигини эслай олмади.

Энди унга нима қилиш қолди? У уйга қайтиб ва унутиб қўйганини Хоупга айтишга ийманди. Бунинг устига, бунга кўп вақт кетар эди. Тўсатдан у шу яқиндаги универсал магазинда ишлайдиган Тельма Форд деган танишини эслади. У эҳтимол, унга керакли маълумот бера олади.

Билли эшикдан кириши билан, спорт товар бўлимида, қуроллар устунида турган ўзининг севимли 22-калибрли милтиғини завқ қилиб томоша қилди. Бу олмахон овлаш учун беками-кўст, ажойиб қурол эди. Билли уни сотиб олмоқчи бўлганига бир йилдан ошди. У 17 доллар турар, у бўлса, бошланғич тўлов учун 3 долларни ҳам йиғиштиролмасди. Майли, мумкин, қачондир келажакда...

Шу пайт Тельма Форд келиб қолди.

— Салом, Билли. Қандай ёрдам керак?

— Саломатмисан, Тельма. Хоуп мендан ўзи учун бир жуфт носки олишни сўраганди.

— Билли, Хоупга носки керак эмас-ку, ахир, — деди Тельма афтини буриштириб.

— Ҳа, улар керак унга. У “стил”дагисини хохлайди.

— О-о, сен пайпоқ демоқчисан. А қанақаси керак унга?

Ноқулай ҳолатдалигини сезиб ва яна бир марта ўзининг қолоқлигини билдириб қўймаслик учун, Билли қандай қилиб бўлса ҳам қутилиб кетмоқчи бўлди.

— А қанақалари бор сизларда?

— Хўш, бизда ҳаммаси бор, капрондан то...

— Капрон, мана худди шуни ўзи керак унга. Қанча туради улар?

— Бир жуфти 20 цент.

— Унда мен икки пара оламан.

Билли қилган ишидан мағрурланди. Уйга келиб, Хоупга тегажоғлик қилди:

— Мана, сиз аёллар савдолашиш қобилиятингиз билан тинмай мақтанасиз. Дарёдан ўтиб Луисвиллига борасиз, савдо учун бир кунни ўтказасиз, мен эса, Жефферсонвиллининг қоқ марказига бордим ва сен битта оладиган пулга икки жуфт носки олдим. Ва менга яна қайтим ҳам қолди.

— Сен шифон олдингми?

— Ҳа, айнан ўшани.

“Шифон”, “капрон” — у бунда ҳеч қандай фарқни кўрмади.

Хоуп қоғоз халтачани олди ва унга кўз ташлади.

— Ҳа Билли, чиндан ҳам сен савдолашиб биларкансан, — жилмайиб деди Хоуп.

Улар Форт-Уэйнга тушдан анчалар ўтиб келишди. Хоуп черковдаги йиғилишдан олдин универмаг кириши кераклигини айтганида, Билли хавотирлана бошлади. Билли тўхтади, ва хотини шошиб тушиб кетди. Бир неча дақиқадан сўнг, у қўлида қоғоз халтача билан қайтди. Хоуп Биллига нима олганини айтиб ўтирмади, а у бўлса, бутун фикрини Редиган Черковига иложи борича тезроқ боришини ўйлаб, бу ҳақда сўрамадиям. Ўшанда, эрталабки қилган бегуноҳ хатоси, қанчалик тез орада уни қийнаш учун қайтиб келиши унинг калласига ҳам келмади.

1936 ЙИЛ 27 ОКТЯБРДА унинг қизи туғилганда, Биллининг ҳаётини Қуёш нурлари мунаввар қилди. Улар уни Шарон Роуз — Исо Масиҳнинг шоирона исмларидан бири. Сарон Нарцисснинг63 ўзгартирилган формаси билан аташди. Шарон Роуз ёқимтой қизалоқча эди ва Билли уни кузнинг ёрқин кунидаги иссиқ қуёшдан ортиқ яхши кўрар эди. Шарон Роузнинг туғилиши кўп йилларга унинг учун бахтнинг тасалли берувчи охирги шуълачаси бўлиб қолишини билмасди...

63Сулаймон ўланлари 2:1. Инглизча Библияда Сарон Нарцисс — Шарон Роуз деб аталган, шу сабабдан Уилльям Бранхам қизини Шарон Роуз деб атади. (Тарж.)

“Ёмғирли қора булутлар” ноябрда қуюқлаша бошлади. Биринчидан, Биллининг келини ўлди. Кейин унинг укаларидан бири — ўн етти ёшар, кичик Чарльз Эдвард Бранхам ҳалок бўлди. Бир якшанба кечқурун Чарльз ва рулда маст киши бўлган йўловчи машинасини тўхтатди ва зинасига базўр ўрнашди. Машина телеграф столбасига урилди, Чарльз зинадан учиб кетиб, бўйнини синдирди. Бу совуқ хабарни укаларидан биридан эшитиб, Билли черковда мажлисни дарҳол тарқатди-да, касалхонага тез етиб келди. Аммо укаси Чарлининг аллақачон жони узилган эди.

Ёш Чарлининг ўлими, Биллининг отасини жуда ларзага солди. Катта Чарльз Бранхам соғлиғига путур кетган ва ҳамишагидай пулга жуда муҳтож, ўз ҳаёти ҳақида ўйлай бошлади: ўтмиши ҳақида ҳам, келажаги ҳақида ҳам ўйлаб қолди. Бир куни эрталаб Билли уни плуг айрисида ўтирганча, йиғлаётганини кўриб қолди.

— Дада, нима бўлди? — Билли сўради.

— Буни ҳозир тушунмайсан, Билли, лекин бир кун келажакда тушунасан. Мен яна бир бориб, ватанимни кўриб келмоқчиман. Мен 52 ёшдаман, ва мен у ерда 25 йилча бўлмадим. (№8 Сурат)

— Дада, сен у ёққа бормоқчи бўлсанг, мен сени йўлингга пул бераман.

Чарльз ўзи туғилган Кентукки штати, Берксвилли яқинидаги ўша жойни ҳаётида охирги марта бориб кўрди. Жефферсонвиллига қайтиб, у қаҳвахонага жўнади ва у ерда ўтириб, алкагол билан ҳаётига қандай путур етказганини ўйлаб қолди. Эркаклардан бири ўз ҳисобидан навбатдаги вискили стаканни таклиф қилди. Гуноҳкорликнинг юракни зиқ қиладиган ғам-андуҳи билан, лекин ўзини қўлга ололмаган ҳолда, у таклифни қабул қилди. Унинг жомини то қизғиш суюқлик тўлдиргунча, Чарльз деди:

— Эшитинглар, эркаклар, бугун кечқурун менинг ўғлим минбарда турибди. У йигит ҳақ, мен эса ноҳақ. Бу спиртли қадаҳ менинг ўғлимда ҳеч қачон акс этмасин.

Стаканни оғзига этганида, унинг қўллари шунчалик қалтирай бошладики, вискининг кўпроғи унинг энгакига чайқалиб тўкилди. Эркаклар уни масхара қила бошладилар. Чарльз чидаб туролмади ва ҳўнграб йиғлади. Шляпасини олди-да, у қаҳвахонадан чиқди.

Икки ҳафта ўтиб, 1936 йил 30 ноябрида Чарльз Бранхамда оғир юрак ҳуружи юз берди. Билли уни тўшагида ҳали тириклигида етиб келди. У ўз қўллари билан отасининг бошини қучоқлади ва бармоқлари билан унинг сочларини силар эди. Бу жингалак қора сочлар аллақачон чаккаларда оқара бошлаган. Билли ўйлади: “Мен бу оқ сочларни у ерда пайдо бўлишига ёрдам бердим. Қанчалик юрак оғриқларига сабабчи бўлдим мен!” У отасининг қўлларига қаради: у ерда, кукуруз эзадиган тегирмончадаги бахтсиз ҳодисада йўқотилган бармоқ етишмас эди. Билли, бу одамга ўнта болани вояга етказиш учун қанчалик оғир ишлашига тўғри келганини ўйлай бошлади. Чарльз Бранхам тўғрисида бошқа одамлар нима деб ўйлаши, Билли учун барибир эди. Бу одам унинг отаси эди, ва у уни севарди.

Чарльз ўзининг тўнғич ўғлининг кўзларига қаради ва пичирлади:

— Билли, мен хато қилибман.

— Дада, ҳаммасини тузатишга ҳали ҳам жуда кеч эмас.

Ва ўша ернинг ўзида, отасининг ўлим тўшагида, Билли уни Исо Масиҳга, бутун ҳаётнинг ва умиднинг Раббийсига имонга келтирди. Салкам бир соатлардан кейин Чарльз Бранхам ўз Парвардигори билан учрашишга кетди. Шу лаҳзада Билли ўз олдида оқ кийимга бурканган Фариштани кўрди. Ғам-қайғу ичини кемираётган Билли, ҳеч бўлмаганда ҳозир, отасининг жони Масиҳда, ишончли ҳимояланганини билар эди.

НАВБАТДАГИ МУСИБАТ, иккала боласи қаттиқ шамоллаган пайтда, янги йилга икки ҳафта қолганда, бошига тушди. Тез орада Хоуп ҳам улар билан бирга пишиллаб йўталиб юрди. Кўчада ҳарорат нолдан пастга тушди. Хоуп совуқ шамол кирадиган эшик остига адёл ва дераза токчасига сочиқ ёпиб қўйди. Бу озроқ наф қилса-да, уйда изоляция материаллари камлигидан, ошхона плитаси икки хонани кераклича иситолмас эди.

1936 йил Янги йил — Рождество жума кунга тўғри келди. Янги йилдан бир кун олдин болаларга совға харид қилишга улгуриш учун Хоуп дугонаси билан дарё ортига — Кентукки штати, Луисвиллага борди. Билли одатдагидек ишга борди. Тушлик танаффус вақтида икки ойлик қизчасига янги йил совғаси сифатида, Шарон Роуз жамғарма ҳисоби очди ва унинг исмига 80 цент ёздириб қўйди. Кейин болаликдан қадрдон дўсти — Сэм Эдернинг офисига кирди, қайсики у яқинда тиббиёт мактабидан қайтиб, Жефферсонвиллида шахсий фаолиятини бошламоқчи эди ва унга янги совғасини қолдирди.

Кундузи, кечроқ Биллини шошилинч чақирдилар. Хоуп Луисвиллида савдо қилиб юриб, кўчада беҳуш йиқилган эди. Ҳозир у уйда, унинг ёрдамига жуда муҳтож ҳолда ётар эди. Билли шиддат билан уйга келди ва Хоупни адёлга зич ўралган ва тўхтовсиз қалтираётган ҳолда топди. Билли қўлини унинг пешонасига қўйди. Хоуп бутун иситмада ёнарди.

Билли Сэм Эдерга қўнғироқ қилди, у эса дарҳол етиб келди. Врач, Эдер термометрни Хоупнинг тили остига жойлаштирди ва қошини чимирганча, стетоскоп ёрдамида унинг кўкрак қафасини эшита бошлади. Кейин у термометрни кўрди.

— О Худойим, унинг ҳарорати 40 градусдан юқори. Билли, бу жуда қаттиқ касал. Унинг ўпкаси яллиғланган, зотилжак. Унга кеча дароз апельсин шарбатидан бериб туришингга тўғри келади. Иссиқ тушиши учун, бу кеча ҳеч бўлмаганда саккиз литр ичсин.

Билли Хоупнинг тўшаги ёнида ўтириб, ҳар икки дақиқада озгинадан апельсин соки ичирди. Янги йил эрталабига унинг ҳарорати бир неча градусга тушди.

Брумбах хоним қизини кўргани тўхтади ва хоналарнинг бундай совуқ, хонадан-хонага эсиб турган шабададан қўрқиб кетди.

— Уилльям, бу уйда Хоупни кераклича иситадиган иссиқлик йўқ. Мен уни уйимга олиб кетаман.

— Мен яхшиси доктор Сэм Эдердан уни олиб кетса бўладими – йўқми, сўрайман, — деди Билли.

— Эдер? Ундан сўраб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Бу йигитда заррача ҳам соғ фикр йўқ. Мен доктор Лоренсни уни текшириши учун чақираман, — деди у ва кетди.

Билли доктор Эдерга қўнғироқ қилганди, у шундай маслаҳат берди:

— Билли, уни ҳеч қаёққа кўчира кўрма. Агар сен ҳозир Хоупни тўппа-тўғри бунақа изғирин совуққа чиқарсанг, бу уни нобуд қилади.

— Лекин, доктор, ахир унинг онаси нима бўлганда ҳам шундай қилади.

— Унда мен ҳозирнинг ўзида бу ишни тугатаман. Билли, сен биласан, мен сени акамдай яхши кўраман, лекин мен бунақа шароитда Хоупнинг аҳволи учун жавоб бермайман. Мен бу даволашни тўхтатишга мажбур бўламан ва уни доктор Лоренс қўлига узатаман.

— Нима ҳам дейман, сен ҳақсан, сен ахир менинг ҳис-туйғуларимни жуда яхши биласан.

Биллининг фикрлари саросима гирдобида чарх урарди. Черковга кириб, у тиззада турди ва ибодат қилаверди: “Раббим, мен хотинимни яхши кўраман. Илтимос, унга раҳм қил ва уни шифола. Илтимос, Раббим!”

Билли олди-да, театр кўринишлари охирида тушадиганга ўхшаш пардани тушганини кўрди. У бундай ваҳийдан даҳшатга тушиб, анграйиб қолди. Кейин, авж олаётган ҳодисаларга қарашда давом этганди, кўк-кулранг булутлар қуёшни тўсиб қўйди. Қишлоқ жойларига ёмғир жаласи келди, бундан Огайо дарёси сув сатҳи то Жефферсонвиллини ҳимоя қилаётган дамба, сув остига қолмагунича, кескин кўтарила бошлади, у эса шаҳарнинг пастки қисмини босди. У, қўлида линейка тутганча, осмонда тушган бир одамни кўрди ва у Спринг Стрит кўчасидаги сув сатҳини ўлчай бошлади. Сувнинг чуқурлиги 22 фут64гача борди.

64 Олти ярим метр.

Бу ваҳий Биллининг тинчини бузди. Шу пайтгача у кўрган ҳар бир фрагмент кўриниши, айнан шундай рўёбга чиқди. У бу кўрган ваҳийни, шаҳар бўйича ҳамма одамларга айтиб берди, улар бунга эътибор бериб, тегишли тайёргарлик кўриб ва шу йўсин кўпларнинг ҳаёти асралади, деб умид қилди. Бироқ, Билли буни кимларга айтган бўлса, ё ҳиринглади ва кулди, ёки хохоладилар. Ҳатто унинг йиғилишидан айрим кишилар бунга шубҳа билан қаради. Масалан, кекса Джим Уайзхарт деди:

— Билли, энг даҳшатли сув тошқини бизда 1884 йилда бўлувди ва ўшанда Спринг-Стритда сувнинг чуқурлиги бор-йўғи 15 сантиметргача етганди.

Билли ваҳийни қайтадан айтиб берди.

— Мен кўрдим, осмондан одам тушди, линейка олди, уни Спринг Стритда сувга ботирди ва деди: “Йигирма икки фут”.

— А, қўйсангчи, Билли, сен ҳаяжондасан холос, — Джим Уайзхарт устидан кулди уни.

— Мен ҳаяжонланганим йўқ. Бу РАББИЙ ШУНДАЙ ДЕЯПТИ! Ва бундан ташқари, менга сув тошқини бўлади, деган Ўша Худо, У билан менинг орамизда қора парда тушганини кўрсатди. Нимадир мени Ундан айиряпти: У мени эшитмаяпти, хотиним учун ибодат қилганимда. У бу аҳволдан тузалмайди деб қўрқаман.



Up