Ҳалокатли сув тошқини
20 bob
1937
ГАРЧИ БИЛЛИ ПОЛЬ билан Шарон Роуз шамоллашдан тузалган бўлсада, Хоупдаги ўпка яллиғланишига даволашлар наф қилмади. Билли болаларига ишдан кейин қарар, лекин кундузи уларни болага қаровчи қизга қолдиришга мажбур эди. У бу ишга Меда Бройни ёллади. Меда эндигина ўн саккизга тўлаётган эди. У ўтган йили майда ўрта мактабни тугатди ва ҳозирча тўлиқ ойликка иш тополмаганидан, бу иш унинг учун озроқ пул ишлашига яхши имкон ва шу билан бирга пасторига ёрдам ҳам эди.
1937 йил январининг иккинчи ярмида, бўронли фронт65 Қўшма Штатларнинг шимоли-шарқий қисмига кўчди. Икки ҳафта давомида Аппалачи тоғларининг ғарброғида совуқ жала қуйди, унинг сувлари эса Огайо дарёсига тушар эди. Ҳар куни бу дарёда сувнинг сатҳи Жефферсонвилли ва Луисвиллини тошқинлардан ҳимоя қилиб турган дамба четларидан бир неча сантиметрга кўтарилаверди. Шунга қарамай, ёғингарчилик тўхтай демасди; қор, кўпинча ёмғир аралаш қор келар эди. Одамлар дамбани доимий қўриқлаб турдилар. Агар улардан бирини сув уриб кетганда ҳам, тошқин юзлаб километрдаги ҳайдаладиган ерларни, шу жумладан қирғоққа яқин шаҳарларнинг бу жойлардаги пастқам териториясини ҳам босар эди. Дамбалар яхши қурилгану, лекин улар фақат тупроқдан иборат эди ва шу туфайли бундайин юқори сатҳдаги сувни узоқ вақт давомида ушлаб туролмасди. Кундан-кун дамбалар заифлашаверди. Ниҳоят, февраль ўртасида, шундай фурсат бўлдики, шаҳар маъмурлари хавфли районларда истиқомат қилаётган ҳамма аҳолини кўчиришга қарор қабул қилди.
65 Фронт ― ҳарактланаётган турли хил ҳаво массалари орасидаги чегара. Масалан: атмосферавий фронт; бўрон фронти, булутлар, илиқ ҳавонинг. (Тарж.)
Ўша кун, куни бўйи йўллар, баландроқ жойларга кўчиб ўтувчи одамлар билан тўлиб кетди. Биллининг ҳам Брумбах хонимнинг ҳам хавфли зоналардан бирида жойлашгани туфайли, Билли хотинини қаергадир кўчириши лозим эди. Олдинига у одатдаги касалхоналардан суриштирди. Афсуски, уларнинг ҳаммаси тўлиб кетган эди. Шу сабаб у хотини ва болаларини ҳукуматнинг вақтинчалик касалхонасига оборишга мажбур эди. Шундан сўнг у эвакуация қилиш фуқаролик хизматига аъзо бўлиб кирди.
Доимий огоҳлантиришларга қарамай, айрим одамлар, кўпинча транспорт воситалари йўқлигидан ҳали ҳам ўз уйларида ушланиб турардилар. Кўпчиликлар кечаси билан қўли-қўлига тегмай шунақа одамларни топишга ва уларни ҳали жуда ҳам кеч бўлмасидан кўчиришга ҳаракат қилишарди. Ярим кечага яқин Индиана штати томонидан дарё дамбасининг бир қисми ушлаб туролмади, ва сув уриб кетди, натижада сувнинг улкан массаси Жефферсонвилли маркази томон шовқин билан босиб кетди. Шаҳарнинг барча сиреналари охирги шошилинч огоҳлантиришни эълон қилиб, увиллашди. Фалокат юз берди. (№9 Сурат)
Рациядан қуйидаги: “Билли, бу томонда дамба ўпирилди. Қайиқ билан Каштанли кўчасига шошил. Бизга сенинг ёрдаминг зарур” — деган хабарни эшитганида, Билли шаҳарнинг бошқа четида эди. У коммунал хизмат компанияси юк машинасида патруллик қилар ва унинг кузовида эҳтиёт шарт юкланган моторли қайиқни олиб юрар эди.
Тайинланган жойга етиб келгач, Билли уй атрофларидан тошиб келаётган сув томонни қўллари билан кўрсатаётган бир неча одамлар билан учрашди.
— У ерда, бир она ёш болалари билан фалокатда қолган. Бизлар у ерга боролмаймиз. Сенинг моторли қайиғинг у ерга боролармикин, шунга нима дейсан?
Қоронғулик, нам қор орасидан тикилганча, Билли ўпирилган дамбадан унчалик узоқ бўлмаган уйнинг супасида пиллапояда турган одам шарпасини пайқади. Дамбанинг ўпирилган жойидан оқим отилиб чиқар ва сувнинг даҳшатли босимидан уй даҳшатли силкинарди. Сув тошқини ва шамол шовқини орасидан Билли ёрдам сўраётган аёлларнинг қичқириғини эшитиши жуда қийин эди.
— Мен, нима қўлимдан келса, ҳаммасини қиламан. Қайиқни сувга туширишга ёрдам беринглар, — деб Билли жавоб берди.
Моторни юрғизиб, Билли қайиқни тўғри ўша бадбахт аёл томонга тўғрилади, лекин оқим жуда кучлилик қилиб, уни бошқа томонга олиб кетди. Шу учун у қайиғини тумшуғини оқимга қарши тўғирлади ва тошқин бўлаётган томонга бораверди. Унинг кичкина мотори ва парраклари қайиқни базўр олдинга йўналтирарди. Дамбанинг ўпирилган жойига яқинроқ сузиб келгач, Билли қайиқни бурди-ю, оқимга кўндаланг сузиб, керакли жойга диагональ бўйича етиб борди.
Қайиқни уйнинг деворига кескин тўхтатди ва эшик олдидаги устунларнинг бирига чаққонлик билан боғлади. Она беҳуш ётарди. Эшик олдида, совуқда чўзилиб ётганидан, одамни раҳмини келтирар эди; нам қордан унинг сочлари бошига, кийимлари танасига ёпишиб кетган эди. Унинг орқасида очиқ қолган эшик ичкарисида қўрқувдан бир-бирини пинжига кириб тиқилганча икки қизалоқ ўтирар эди. Билли бир амаллаб учаласини ҳам сирпанчиқ супачадан, чайқалиб турган қайиққа ўтказиб олди.
У қайиқни тўғри тепаликка, машинаси турган жойга тўғрилади, лекин кучли оқим уни ўша ердан қарийб бир ярим километрга олиб кетди. Қутқарувчи гуруҳ олдин болаларни қайиқдан олишга ёрдамлашди. Ҳушсиз онани ўтказганларида, у ўзига келиб, жазава билан қичқира бошлади:
— Менинг кичкинам! Менинг гўдаккинам! О-о, миттигинамни қолдирманглар!
Билли сапчиб тушди, ўзи қутқарган иккала қизчага қаради. Улардан кичиги бўлса бор-йўғи икки ёшларда эди. Ваҳима, уни юзларига урилаётган қордан ҳам баттар музлатди. У уйдаги ҳамма нарсани текширишни унитиб, ўша маҳкум уйда чақалоқни қолдирган бўлса керак!
— Мен қайтаман ва унинг чақалоғини олиб келаман! — деб қолган қутқарувчиларга қичқирди. Улар бош ирғиб, маъқулладилар.
Билли яна қайиғини дамбанинг ўпирилган жойига йўналтириб, қийналиб сузиб кетди. Қачонки мўлжалдаги жойга борганида, киришдаги пиллапоянинг бир қисмини сув олиб кетган, уйнинг қолган қисми эса, исталган пайтда қулайдигандек аҳволда эди. Билли қайиғини ҳали оқиб кетмаган устунларнинг бирига боғлади-да, ўзи уй ичига, у хонадан бу хонага асабий югурганча болани излаб, уйга кириб кетди. Аммо ҳеч қаерда бола йўқ эди. Буни қандай тушунсада энди? Кейин у ҳаммасини тушунди: она иккала қизи ҳам хавфсиз жойдалигини билмаган. “Менинг гўдагим!” — деб қичқирганда, кичкина боласини ўйлаган бўлиши керак.
Унинг атрофида уй бир фалокатдан дарак бериб, тебранар эди. Шувоқлар шифтдан дўлдай ёғилар, деворлардан маккажўхори бодоғидай ёрилиб тўкиларди. Коридор охиридаги қаттиқ қарсиллашдан ҳамма хоналар акс-садо берди. Силжиётган уйнинг ҳар бир силкинишлардан поллари ҳам силжиб кетар, шу учун Билли уйчанинг эшигига урилиб кетди. Кетидан ёғоч конструксияларнинг синиши шовқинига қўшилиб, кучли қарсиллади. Бино пойдевордан силжиб кетди.
Коридордан югурганча, эшикдан чопиб чиқди-ю, муздек сувга тушиб кетди, у эшик олди қанотини сув олиб кетганини билмай қолган эди, аммо, Худо шавқат қилиб, оқиб кетаётган ўша уйнинг қанотига тирмашиб олди. Сузаётган тахталардан бир амаллаб моторли қайиғига тирмашиб чиқиб олди. Қотиб қолган бармоқлари билан тийғончоқ тугунни еча олди. Бир-икки дақиқадан сўнг, уй пойдеворидан кўчиб кетди, у эса оқим бўйлаб сузганча, тун зимистонида ғойиб бўлди.
Хавф-хатар ҳали тугамаганини Билли билар эди. У уйга қараб чиққанигача мотор ўчган ва энди унинг омонатгина қайиқчаси сув босган кўчалар бўйлаб шиддат билан оқиб борарди. Қайиқ ҳар лаҳзада кучлироқ тўлқин ёки дарахт танасига урилишдан, оғанаши мумкин эди. Билли стартёрнинг музлаган шнурига тармашди, унинг бир учини двигателнинг маховиги ғилдирагига ўради-да ва куч билан шнурни тортди. Ҳеч нарса бўлмади. У яна тортди — бўлмади. Кейин у карбюраторнинг ҳаво тўсиғини бурди ва яна куч билан шнурни тортди; мотор ўша-ўша, ўт олмади. Бунгача двигателни сув босди. Билли стартёр боғичини мускуллари бўйсунмай қолганигача тортаверди. Матор ҳеч ўт олмасди.
Унгача оқим Биллини Бозор кўчасига, кейин эса, дамбанинг бошқа бузилган жойидан ўтиб, нақ Огайо дарёсига бориб қолди. Қўрқув Биллига яна куч берди. Чунки оқимнинг пастроғида, ундан унчалик узоқ бўлмаган Огайо шаршараси айқирарди.
Бўйсунмас мотор билан овора бўлиб, мувозанатни сақлашга ҳаракат қиларкан, Биллининг атрофида тўрт метрли тўлқинлар жўшқинлашарди. Ҳар бир тортгани орасида, — “Ўша эллигинчилар гуруҳига бормаслик қароринг ҳақида нима деб ўйлайсан?” — деган овозни эшитгандай туюлаверди. Билли стартёр боғичини яна тортди — ҳеч ўзгариш бўлмади.
У энди, олдиндаги Огайо шаршарасининг шовқинини аниқ эшита олар эди. Қайиқнинг ичидаги муздек сувга тиззада туриб, Билли совқотган бармоқларини қовуштирганча, оташинликда ибодат қилди: “Раббим, менинг касал хотиним ва иккита бемор болам касалхонада ётишибди. Яна икки дақиқадан кейин мен бу шаршарада чўкаман. О, Раббим, илтимос, ёрдам бер менга. Мен оиламни ночор қолдириб, бу ерда, дарёда ҳалок бўлишни истамайман”.
Умуман бошқа бир фикр унинг ибодатини бўлди. Гўё, қайнонасининг сўзларини эшитолгандек бўлди: “Чиқиндилар! Улар чиқиндидан бошқа нарса эмаслар. Мен ҳеч қачон сенга қизимни бунақа ахлатлар орасига этишингга йўл қўймайман”.
Ўз айбини англаганидан қалтираганча, Билли ялина бошлади: “Азиз Худовандим, мен биламан, хато қилдим, лекин, илтимос, кечир мени. Исо, илтимос, ўтинаман, менга раҳм қилгин. Илтимос, бу моторни ўт олдир!”
Дақиқа сайин шаршаранинг шовқини кучайгандан кучаяр эди. Билли турди-да, стартёр боғичини яна бир тортди. Бу сафар двигатель “пишқирди”, икки бор “акса урди” ва кейин ўт олди. Билли қайиқни бурди ва тўла газ берди. У оқимга қарши аста-секин сузиб, охири, шаршарадан етарлича узоқлашди-да, кейин Индиана қирғоғига қайиқни йўналтирди.
У сузиб кетган жойидан бир неча километр узоқда, қарийб Нью-Олбани ёнларидаги Говард Пайк яқинида тўхтади. Қайиқни дарахтга боғлаб, орқага Жефферсонвиллига қараб кетди.
Фақат эрталаб саҳардагина ҳолдан тойган Билли, охири ўзининг патруллик машинаси рулига ўтирди. Шу заҳоти хотини ва болаларини кўриш учун йўл олди, аммо, бу йўлни сув босганлигини билиб, айланиб ўтишга мажбур эди. У бошқа йўлдан уриниб кўрди, лекин бу йўл ҳам сув остида қолган эди. Беҳуда уринишлардан кейин, қарийб бир соатлар ўтиб, Билли англадики, бу йўналишдаги ҳамма йўллардан ўтолмайдиган бўлиб қолган. Бирданига даҳшатнинг умуман янги бир тўлқини унинг кўнглига келди. Агар ҳукумат касалхонаси ҳам сув остида қолган бўлсачи?! У ҳукумат касалхонасига чопди ва у ерда дўстларидан бири, Майор Уиклини топди.
— Майор, касалхонани сув босдими?
— Билли, у ерларни олти метрдан кўп сув босди. Сенинг бирор кишинг бормиди у ерда?
— Ҳа, бемор хотиним ва иккала болам.
— Ташвишланма. Улар ҳаммаси қутқарилган. Уларнинг ҳаммаси поездга юкланиб, шимолга, Чарльзтаунга жўнатдилар. Уларга осон бўлмаган деб қўрқаман. Товар вагонлари — ўша вақтда қўлимиздаги бору-йўғимиз шу эди.
— А мен эса эшитдим, ўша поезд Ланкассандж Крик дарёсидан ўтаётган жойда эстакадада рельсдан чиқиб кетган деб, мен ўйлайман, ҳамма сувга чўкиб кетган, — деб бошқа биров айтди.
Жефферсонвилли ва Чарльзтаун оралиғидаги барча телеграф ва телефон столбалари ювилиб-йиқилганлиги сабабдан, у ерга бормасдан туриб яна бирор маълумот олишнинг ҳеч қандай иложи йўқ эди. Билли йўл машинасига сакраб чиқди-да, Ютик Пайк кўчасидан юқорига, Жефферсонвиллидан 20 километрларда жойлашган Чарльзтаун йўналишига қараб юрди. У бирданига Ланкассандж Крик дарёсига келиб тўхтади. У қирғоқларидан чиқиб, кукуруз ёвонларни ботқоққа айлантириб ва йўлларни ювиб, кўп километрларга тошган эди. Билли шошилиб Жефферсонвиллига қайтди, машинаси кузовига қайиқни юклади, бензобакни ёқилғига тўлдирди ва ўша ёққа, Ютик Пайк ва темирйўл рельслари сув остига кетган жойга қайтди.
Билли қайиқни сувга туширган пайтда нам ёмғир дўлга айланган ва қайиққа тушиб ҳар томонга учар эди. У чўкиб кетган рельслар ўтган жойга сузиб боришга уриниб кўрди. Шу алфозда бир ярим километр олдинга юра олди. Лекин у қанчалик дарё ўртасига яқинлашар экан, оқим шунчалик қаршилик кўрсатар, ниҳоят, уни бутунлай бошқа томонга буриб юборди. Тез орада у икки ўрмонча орасида жойлашган чалкаш-чулкаш ботқоқли кукуруз майдонларида ноилож тиқилиб қолди. Олдинга ҳам, орқага ҳам сузиш жуда хавфли бўлиб қолди. Унинг юрагига қанчалик оғир бўлмасин, бу ёмон об-ҳаво ўтиб кетишини кутиш кераклигини Билли билар эди. у қайиғини оролчага боғлаб қўйди, дарахт шохларидан айвонча ясади ва гулхан ёқди. Кейин у дам олиш учун ўтирди... ва ўзининг ташвишли ўйларига чўмди.