Хоупнинг ўлими
21 bob
1937
УИЛЛЬЯМ БРАНХАМ даҳшатли, оғир уч кунни, ўша, ташқи дунёдан сув билан ажралиб қолган, ўша кафтдек оролчада ўтказди. Кўп вақтини энг ёмон фикрларни ўйлаб, қийналиб ўтказди: гўё унинг хотини ва болалари юзи сувга қараб, дарё бетида сузишар ва уларни қаергадир шох-шаббалар орасига келтириб ташлагандай эди. Бунақанги фикрлар уни жонини узишига сал қоларди. Ундан ёрдам сўраб, ғам-қайғуда қийналиб, Яратганга илтижо қилар эди. Лекин қанчалик зўр бериб ялинмасин у, Раббийдан юпаниш тополмади. Гўё, Худо унга орқасини ўгирган ва эшитишдан бош тортган. Ҳар сафар, Билли ибодат қилар экан, унинг фикрига Мишавакида учрашган элликчилар келаверар эди. Улар ҳақиқатдан ҳам бошқа черковлар “қолдиқлари”микин? Ёки улар қандайдир ҳақиқатни топганлари учун ўша черковлардан кетдилармикан? Бу оролчада бандиликда соатлаб ўтириб, ўша ҳис-ҳаяжонли элликчилар “чиқинди”ларми ёки йўқми; худди шундай Муқаддас Руҳ айтганича эмас, қайнонасининг фикрини афзал кўргани маъқулмиди, ўшанда, шуларни ўйлаб кўришга Биллини етарлича вақти бор эди.
Унинг бандилигининг иккинчи кунида охири, ёмғир тинди; булут кўрпаси озроқ сийралашди ва вақти-вақти билан қоп-қоронғу булутлар орасидан қуёш нурлари кўриниб қолар эди. Патрул самолёти учувчилари уни кўриб қолдилар ва унга озиқ-овқат ташладилар. Учинчи кун шамол тинди, шу учун Билли яна ўтиб кетишга қарор қилди. Умуман, кичикроқ тепаликда жойлашган, Порт-Фултон деб аталадиган аҳоли пунктигача бир ярим километрлар кемасида ўта олди. Ўша жой баландликда бўлганидан уйларнинг остонасига бир неча қадамгача сув тўлқинлари урилиб турарди. Билли Порт-Фултонда сувнинг пасайиши ва оқимни сусайишини сабрсизлик билан кутиб, бир ҳафта тўхтаб қолди. Охири, ортиқ кутишга сабри тугаб, у олисдаги қирғоққа чиқиш учун навбатдаги уринишини қилди, ва бу сафар унинг омади келди.
Қайиқни дарахтга яхшилаб боғлаб, Билли Чарльзтаун йўналишида шоссе йўл бўйлаб яёв кетди. Шаҳарга тушиб, учраган одамдан, Жефферсонвиллидан рельсларни сув босгунга қадар келган поезд тўғрисида бирор-нима билишини сўрай бошлади. Кимдан сўрамасин, ҳеч ким бу ҳақида ҳеч нарса билмасди. Билли оташинликда, кўчада темир йўл вокзали томон суриб кетди.
Унинг ёнидан машина ўтдию, бирдан тўхтади.
— Хов, Билли Бранхам, Чарльзтаунга қандай ташвиш билан келиб қолдинг?
Бу полковник Хейд эди, оиланинг эски қадрдони. Билли ўзининг оғир аҳволини тушунтиргач, полковник Хейд деди:
— Ўтир, Билли. Мен уларни топишга ёрдам бераман.
Тезда улар темир йўл диспетчерлик пункт эшиги олдида пайдо бўлишди. Билли қалтираган товушда сўради:
— Ўн кун олдин — ўша, Жефферсонвиллидаги дамба урган кеча, — бу томонга ярим кечага яқин поезд келганмиди? У товар вагонлардан иборат бўлган, а лекин бу вагонлар одамлар билан тўла бўлган — касал одамлар билан.
— Қандай қилиб мен бу поездни унута оламан? — диспетчер жавоб қилди. — Бу поезд рельсларни сув босишидан олдинги, сўнги поезд эди.
Билли енгил тортди.
— Ўша одамларга нима бўлди? — у сабрсизлик билан сўради.
— Бир нима дейишим қийин. Умуман, поезд бу ерга тўхтамаганди. Мен унинг охирги тўхташ жойини билмайман-у, лекин ўша поездни бошқарган машинист яқин орада шу ердан ўтади. Шу яқинларда бўлиб тур.
Машинист кўп маълумотга эга эди.
— Иккита кичкина болали онами? Ҳа, мен уларни эслайман. Уларнинг ҳаммаси оғир касал эди. Биз уларни Колумбусга туширганмиз, Индианага. Яхши йигит, сиз, тўғриси, у ерга боролмайсиз. Колумбусдан ҳамма поездларни сув босиб, ажратиб қўйди, ва ҳамма йўллар ҳам ёпилиб қолган.
Қачонки Билли ва полковник вокзалдан чиққанларида, Биллини ташвиш босди, у асабий ҳолатда қўлларини ишқалар ва бармоқларини тортарди. Полковник Хейд унинг елкасига оғир қўлларини қўйди-да:
— Билли, мен сени ўша ёққа етказоламан. Мен баланд жойлардан борадиган айланма йўлни биламан. Мен аниқ ишонаман, у йўлни сув босмайди, — деди.
— Унда кетдик!
Индиана штатидаги Колумбус бу ердан 80 километр шимолда жойлашган эди. Улар у ёққа қош қорайганда кириб келишди, сув тошқинидан азоб чеккан касал ва мажруҳларни жойлаштириш учун вақтинча госпиталга айлантирилган баптистлар черкови ҳақида суриштириб билишди. Билли бу бинога етиб келгани ҳамон, юқорига уч зиналаб чиқишга тушди. Залда одам қайнаган. Бир томон девор – черков скамейкалари билан қалаштириб, уйиб ташланган, поллар ҳам энди, раскладушка кроватлар билан тўлиб кетганди. Катта залда тартибсизлик ва шовқин-сурон ҳукм сурарди: одамлар қаторлар оралаб юришар, гаплашишар эди; бетобларнинг йўталиши ва инграшлари.
Билли оташинликда қичқирди:
— Хоуп! Хоуп! Қаердасан!
Ҳамма одам у томонга ўгирилди. Биллини бу қизиқтирмасди. У кроватлар оралаб югурар, ҳаммадан азизи, ягонасининг чеҳрасини излар эди.
— Хоуп, сен қаердасан ахир, азизам?
Билли залнинг энг охирида ориққина қўлнинг кўтарилганини кўриб қолди. У кроватлар оралаб, ўқдай учиб, унинг олдида тўхтади. Билли хотинини бир кўрганидан беихтиёр сапчип тушди. “Меҳрибон Худойим!” — ўйлади у. Хоупнинг эти бўздай оқарганди. Унинг қўллари қуруқ, қоқ суяк бўлиб кўринарди; у 12 килограммларга озиб кетган эди. Унинг кўзлари шунчалик чўккан, юзлари эса жуда кириб кетган эдики, ёноқ суяклари аниқ-тиниқ билиниб турар эди.
Хоуп унга қаради ва қийналиб жилмайди.
— Билли, кечир мени, мен жуда ёмон кўринганим учун.
Билли тиззасига йиқилди ва уни маҳкам бағрига босди. бор кучи билан равон гапиришга уриниб:
— Севгилим, кўринишинг яхши. Сени шунчалар бетоблигингга раҳмим келяпти... А Билли Поль ва Шарон қаерда? — деди у.
— Улар ана у хонада, кимбиландир. Менга улар билан кўришишга рухсат беришмайди.
Шу пайт кимнидир қўли Биллининг елкасига тегди.
— Муҳтарам Бранхам сиз эмасми?
— Ҳа.
— Мен шу ерлик ҳакимлардан бириман. Мумкинми, сиз билан бироз ёлғиз гаплашиб олсам?
Улар Хоуп эшитмайдиганча узоқлашганлариданоқ, ҳаким деди:
— Муҳтарам Бранхам, сизга буни айтиш айнан менга тўғри келганидан афсусдаман, лекин хотининггизни ўпкаси туберкулёздан яллиғланиши кучайган. Энди буни нима биландир тўхтатиб бўладими, билмадим.
Ҳакимнинг айтганларини, Биллига гўё унинг кўкрагини жарроҳлик пичоғи била ёриб ташлагандай бўлди.
— Йўқ, доктор, бундай эмас. Худо уни қутқара олади.
— Энди бундай бўлиши ҳам мумкин, аммо тиббиёт илми нуқтаи-назаридан қарасак, хотинингиз тамом бўлган. Биз унга ҳеч қандай ёрдам қилолмаймиз. Мен болаларингизга ҳам қараяпман. Ўғлинггизни аҳволи анча яхши, аммо қизчангизни ўпкаси қаттиқ шамоллаган. Агар у бундан яхши бўлиб кетса, жудаям бахтиёр бўлардингиз.
— О Худойим, раҳминг келсин! — Билли ҳўнграб юборди.
— Хотинггиз кўзи олдида руҳинггиз тушмасин, — доктор маслаҳат берди. — Бундан унга янада ёмон бўлади. У ўлишини билмайди.
Билли руҳий қийинчиликларини енгиб, ўзини қўлга ололди.
— Қачон уларни орқага, Жефферсонвиллига олиб кетсам бўлади?
— Йўл очилиши билан.
Хоупнинг кроватига келиб, Билли деди:
— Севгилим, доктор айтди, мен сени бир неча кундан кейин уйга олиб кетсам бўларкан. Биз Сэм Эдер доктордан, сенга қарашни сўраймиз.
Хоупнинг ингичка лаблари қайғули жилмайиб буришди.
— Билли, бу ажойиб бўлади. Балким, Худо менга шафқат қилиб, яна яшарман.
— У шундай қилади, мен бунга бутун юрагим билан умид қиламан, — деди Билли, овозини базўр сақлаб турганча.
ХОУП 5 ОЙ ДАВОМИДАЖефферсонвиллидаги касалхона тўшагига ётиғлик бўлиб қолганди. Уни кундан-кунга оғир бўлаётган ҳолатдан қутқариш учун, доктор Эдер ўзининг ҳакимлик тажрибасида бор бўлган ҳамма воситаларини қўллаб кўрди. Ҳеч нима наф қилмади.
Хоупнинг қон туфлай бошлаганидан, Билли қаттиқ қайғуга ботди. Доктор Эдер кўп тасалли беролмади, фақат нима бўлаётганлигини тушунтирди:
— Унинг ўпкасига юққан сил таёқчалари — бациллалари, нафас йўлидаги қон томирларини емирган. Мана қаердан қон келади.
— Доктор, яна бирор йўли борми, ўшани ҳам қўлласак? Мен ноиложман.
— Миллер деган докторни биламан, Луисвиллидаги санаторийда ишлайди. Сил касаллиги бўйича унинг тажрибаси катта; эҳтимол, унда қандайдир таклифлари бўлар. Мен унга қўнғироқ қиламан.
Доктор Миллер Хоупни текшириш учун дарёдан бу томонга ўтди, кейин ўз фикрини айтди.
— Касаллик жуда авж олганга ўхшайди. Ягона бир йўл ёрдам бериши мумкин — бу пневмоторакс билан даволаш.
— Пневмоторакс нимайди? — ҳайрон бўлиб сўради Билли.
— “Пневмо” лотинчада ўпка дегани, “торакс” эса — кўкрак қафаси, юрак ва ўпка жойлашган. Пневмоторакс — бу ҳолатда, ҳаво ёки газ ўпка ва кўкрак қафаси орасига киради, ўша жойда босимни ошириб, шу сабабдан ўпкани ишлатмай қўяди. Айрим ўпка касалларда бу ўзидан-ўзи бўлади ва одатда бу жуда хатарли. Сунъий равишда пневмоторакс вақтида эса, биз атайлаб ўпкалардан бирини ишлатмаймиз. Сил чақирувчи бактериялар яшаши учун кўп кислород муҳтожлигидан, биз агар навбат билан ўпкаларни боғласак, биз айрим пайтлар микробларни бўғиб қўйиб, уларни йўқотиб билганмиз.
— Бу умид уйғотади. Бу қандай бўлади?
— Биз кўкрак қисмида, қовурғалар орасига игна санчамиз. Кейин ўлчаб, ҳаво киритиб, навбат билан ўпкаларни боғлаймиз. Ўпкалар бу ҳавони аста-секин ютади, шу учун, маълум вақтдан кейин, бутун даволаш давомида, биз яна ҳаво қамаймиз.
Энди Билли бунга унчалик ишонмади.
— Бу хавфли кўринади.
— Биз муваффақиятга кафолат беролмаймиз, — деди доктор Миллер.
Билли Хоуп билан буни маслаҳат қилди, ва у бу фурсатда имкониятдан фойдаланишга рози бўлди. Жефферсонвиллидаги касалхонада, пневмотораксни бажарадиган аппарат бўлмаганлигидан, Билли уни Луисвилли касалхонасидан ижарага олиш учун, пул қарз олди. Врачлар уни биқинини оғриқсизлантирган ва кўкрак қисмида, қавурғалар орасига игна санчган пайтида, Билли Хоупнинг қўлини ушлаб турарди. Бутун бу процедура давомида, Хоуп лабини тишлар ва бор кучи билан Биллининг қўлини сиқарди. У даҳшатли қийноқда қолганди. Доктор буни ҳаммасини тугатганда, Биллига бармоқларини базўр ажратиб олишига тўғри келди.
Бу даволашдан сўнг, доктор Миллер унинг иккала ўпкасини рентген қилишга қарор қилди. Уларни синчиклаб текширди ва кейин хонасига Биллини чақирди.
— Муҳтарам Бранхам, биз муваффақиятсизликка учрадикми, деб қўрқаман. Хотинингизнинг ўпкаси аллақочан-жудаям шикастланган экан. Дунёда ҳеч нарса йўқки, биз унга ёрдам беролсак эди. Буюк Худо уни уйга чақиряпти. Уни бир неча кунлик умри қолган, деб қўрқаман.
Ифодалаб бўлмас азобда қийналиб, Билли Хоупнинг палатасига қайтди. Тўшагида ётганча, у катта чинни қўғирчоқдай, нозик ва оқарган кўринар эди. У қандай қилиб аёлисиз яшай олади? Болаларчи? Билли Поль икки ёшга ҳам тўлмаган, Шарон Роуз эса тўққиз ойлик ҳам бўлмаганди. Улар онасиз нима қиладилар, ахир?
— Доктор сенга бир-нима дедими? — Хоуп сўради.
Билли бош чайқади.
— Севгилим, бу ҳақда мендан сўрама. Мен ҳозир ишга боришим керак, лекин сени аҳволингни сўраб, ҳар неча соатда келиб тураман.
Унинг ёнидан кетишни сирагина хохламасди, аммо кейинги ойларда тиббий харажатларга юзлаб доллар қарз бўлган эди, шу сабабли ҳамма қарзларини тўлаши учун, ҳар доимгидай ишлаши керак эди.
22 июль, пайшанба, қачонки, радиодан: “Уилльям Бранхамга мурожаат қиламиз: сизнинг хотинингиз ўлим тўшагида. Агар уни ҳали тириклигида кўрмоқчи бўлсангиз, яхшиси у ёққа ҳозирнинг ўзида жўнанг” — деган шум хабарни узатганларида, Билли 50 километр шимолда, Индиана штати, Скоттсбургдан узоқ бўлмаган жойда патруллик қилар эди.
Билли юк машинасини йўл ёқасига тўхтатди ва кабинадан чиқди. Тўппонча қини тасмасини ечиб, уни ўриндиққа қўйди; кейин шляпасини ечди ва йўл ёқасида тиззасида турди. Худо ҳузурида бош эгиб, ибодат қила бошлади:
“Самовий Ота, мен кучим етган ҳаммасини қилдим. Сенга маълум, қандай Сен қулингни жонини тилкалаяпсан; аммо мен, эҳтимол, Сени дилингни пора-пора қилгандирман, қачонки Сенинг ўрнингга қайнонамга қулоқ солганимда. Мен Сендан олдин кечирим сўрагандим. Раббим, илтимос, уни яна бир кўрмагунимча, Хоупни ўлишига йўл қўйма”.
Кабинага ўтириб, у сиренани ёқди ва машинаси чидай оладиган даражада газни босиб, касалхонага кетди. Кириш эшиги орқали зиналардан юқорилаб, Билли коридор бўйлаб, ўзи томонга қараб келаётган Сэм Эдерни кўрди. Доктор Эдер унга бир қаради-ю, бошини эгди ва у билан учрашишдан қочиб, ёнбошдаги эшикдан чиқди. Билли коридордан югурди ва ўша эшикни очди.
Сэм уни бир қўли билан қучоқлади ва:
— Билли, бечора, — деди раҳми келиб.
— Доктор, менга айтчи, у тирикми ҳали?
— Ҳаёт бўлиши керак, Билли. Лекин кўпгамас.
— Доктор, юр унинг палатасига борайлик а?
Доктор Эдер бошини эгди.
— О, Билли, ундама мени у ёққа боришга. Хоуп менга шунчалик кўп пироглар пиширган. У менга опамдай. Унинг палатасига қайтишга, менинг юрагим йўқ.
Ҳамшира эшикни очиб, хонага кирди
— Муҳтарам Бранхам, илтимос, мана бу дорини ичсангиз. У асабларингизни тинчлантиради.
Билли дорини нари суриб қўйди-да, Хоупнинг палатасига кетди.
— Мен сиз билан бораман, — дея, ҳамшира унинг ортидан эргашди.
— Билли, у беҳуш, — унинг ортидан доктор Эдер бақирди.
Хоуп касалхона тўшагида ётар, унинг юзи чойшаб билан ёпилган эди. Билли чойшабни тортди. Унинг кўзлари юмуқ, оғзи салгина очиқ эди, танаси бўлса, шунчалик озиб кетганидан, ваъзни 50 килограмм ҳам чиқмасди. Билли қўлларини унинг пешонасига қўйди; пешонаси совиб қолган ва ёпишқоқ эди. Унинг елкаларидан олиб, уни енгил силкитди-да, деди:
— Хоуп, севгилим, менга жавоб бер. Сени мен бутун қалбим билан яхши кўраман. Илтимос, мен билан яна бир бор гаплашгин.
Бунга ҳеч қандай жавоб бўлмади, бирор бир ҳаракат сезилмади. Билли овозини чиқариб, ибодат қила бошлади:
— Худойим, биламан, мен ноҳақман, аммо унга мен билан, илтимос, яна бир мартагина гаплашишга...
У ибодатини тугатишга улгурмай, Хоупнинг қовоқлари учди-ю, кейин у кўзларини очди. У қўлларини кўтармоққа уринди, лекин жуда ҳам беҳол эди. У лабларини қимирлатди ва тушунарсиз гапирди.
— Бу шундай енгил, — деди у. — Нима учун мени чақирдинг?
Билли яхшироқ эшитиш учун кроватга энгашди.
— Асалим, нима демоқчисан?
— Билли, сен бу диёр ҳақида менга гапиргандинг, сен у ҳақида ваъз қилгандинг, лекин сен уни тасаввур қилолмайсан, у қандай ажойиб.
— Нималар ҳақида гапиряпсан?
— Мен Уйга кетгандим. Менинг иккала томонимда оппоқ кийимли икки одам бор эди. Биз сўқмоқдан бордик, биз борган сўқмоқ бўйлаб ажойиб гуллар очилиб турар ва нафис пальмалар бўй чўзиб турарди. Ҳамма жойда жуда гўзал қушлар дарахтдан-дарахтга учиб сайрашар эди. У ерда шундай ором бор эди. Кейин у томондан мени чақирганингни эшитдим, мен сени кўриш учун қайтдим.
Хоуп эрининг орқасида турган ҳамширани пайқади.
— Луиза, қачон сен турмушга чиқасан, ишонаман, сенинг эринг ҳам меникидай яхши инсон бўлади. У шунчалик меҳрибон, шунчалар ғамхўр.
Ҳамшира юзини рўмолчаси билан бекитганча, шошиб палатани тарк этди.
— Йўқ, азизам, сенга ўзим хохлагандай меҳрибон бўлолмадим, — деди Билли.
— Сен кучинг етганича меҳрибон эдинг, Билли, шунинг учун ҳам мен сени севаман. Лекин мен шошилишим керак, — улар мени кутишяпти. Кетишимдан олдин сенга бир нарсани айтишим керак. Нима учун кетишимни биласан, шундай эмасми?
У “ҳа” демоқчи бўлди-ю, аммо бу сўзни айтолмади, шу учун бошини қимирлатди, холос.
— Биз умуман онамга қулоқ солмаслигимиз керак эди, — шивирлади Хоуп. — Бу элликчилар ҳақ эди. Бир куни ўшаларга бораман деб ваъда бер. Болаларимизни шундай қилиб тарбияла.
— Мен биламан, онангга қулоқ солмаслигим керак эди. О-о, агар яна мен ўтмишга қайта олсам эди ва буни яна яшасам эди. Мен умуман бошқача йўл тутардим. Лекин шундай бир кун келиб, мен бу камчилигимни тузатаман.
— Билли, ёдингдами, ўша сен сотиб олмоқчи бўлган қурол, аммо бизда бошланғич взнос тўлаш учун етарлича пул бўлмаганди?
— Ҳа, азизам, эслайман уни, эслайман.
— Шу қурол сенда бўлишини жуда истар эдим. Тикувхонадаги ҳафталик маошимдан бериб турадиган пуллардан мен 5 – 10 центдан йиққанман. Уйга қайтганингда, йиғиштириладиган кроватга қара. У ерда пули бор конвертни топасан. Ўша қуролни сотиб оламан, деб менга ваъда бер.
У чуқур тин олди ва сўз берди:
— Уни мен сен учун сотиб оламан.
— Яна бир нарса... Мен сендан бир нарсани яшириб юрганим учун, кечирим сўрайман. Биз Форт-Уэйнга бораётган пайтда, эсингдами, ўшанда сен менга ўша пайпоқни харид қилгандинг?
— Ҳа, буни эслайман.
— Билли, сен менга умуман бошқа пайпоқларни олган эдинг. Ўша пайпоқлар кекса аёллар учун ва шу сабаб уларни онангга бергандим. Сенга бу ҳақда ҳеч нима демагандим, чунки сени хафа қилишни истамасдим.
Бирданига Билли, жонини мутлақо бошқа бир нарса кемираётганини ўзидаҳис этди. Ўша куни эътиборсизлиги туфайли, Хоупнинг эҳтиёжига бепарволик қилиб қўйганди. Қандай қилиб бунчалик бепарво, бераҳм бўлган? Шу пайтдаги дардига тоқати етмаётгандек эди.
Хоупнинг юзида хотиржамлик ва тинчлик ифодаланди.
— Улар мен учун қайтиб келаяптилар. Мен уларнинг яқинлашаётганини сезяпман. Билли, бу шунчалик осонгина. Бу қимматли Муқаддас Руҳ, биз қабул қилган Ўша — У мени олиб боради. Умринг охиригача Муқаддас Руҳга чўқинишни ваъз қиламан деб ваъда бергин. Бу чиндан ҳам бор нарса, — унда ўлиш ҳам ажойиб.
— Буни сенга ваъда бераман
Хоуп озгина жилмая олди.
— Менга шунингдек, бир ўзинг сўққабош бўлиб яшамайман деб ваъда беришингни ҳам хохлайман.
— О, Хоуп, буни ваъда беролмайман. Мен сени жуда ҳам яхши кўраман.
— Билли, бизнинг икки боламиз бор. Уларни қаровсиз қолиб кетишларини истамайман. Болаларимизни яхши кўрадиган ва қабул қиладиган яхши масиҳчи қиз топ ва унга уйлан.
— О, Хоуп, илтимос, ваъда беришни сўрама.
— Илтимос, Билли. Сен ахир мени ўлимим олдида хафа қилмайсан-ку, шундай эмасми?
— Ваъда бераман, мумкин бўлса ҳаммасини қиламан, — ғўлдиради Билли, унинг юраги эса кўкрагидан отилиб чиқишга тайёр эди.
— Билли, миссионерлик майдонида қолгин, — унинг Билли учун охирги сўзлари шулар бўлди.
— Азизам... Мен сени Уолнат Риджда дафн қиламан. Ва агар мен ўлсам, мени сенинг ёнингга қўядилар. Агар ўлишимдан олдин Исо келса, мен бирор жойда Муқаддас Руҳ Хушхабарини ваъз қиламан. Исо осмонни очадиган ва осмондан Янги Қуддус тушадиган ўша улуғ кунда, мен Билли Поль ва Шарон Роузни оламан ва унга кириш олдидан, бизлар сени Шарқий Дарвозада кутиб оламиз.
Хоуп охирги марта жилмайди ва унинг қўлларини қисди. Кейин у, Худонинг шахрига борадиган пальмалар аро сўқмоқдан кетиш учун, кўзларини юмди. Биллининг хотирасида у, ҳамиша 24 ёшли Хоуплигича қолаверди...