Ҳаётидаги доғули лаҳза
22 bob
1937
ЭЛЛА БРАНХАМ, Хоуп ўлимидан сўнгги биринчи тунда ўғлини ўзиникида қолишини сўради. Унинг болаларига Брой хоним қараётганлигидан хабардор Элла, Биллини якка ўзи қолишини хохламасди. Аммо у кўнмади: уйига боргиси келди. Гарчи, у ерда кўп нарса бўлмаса ҳам, — икки хонадаги ҳамма нарсани 10 долларга сотиб олса бўладиган эди, шунга қарамай, бу кичкинагина кулба уларнинг уйи — ўзлариники эди. Хоуп уни тоза-озода сақлар, ва ўзининг меҳри билан ижарага бериладиган ўртамиёна бу уйни, иссиқ ва кўргиси келадиган ёқимли уйга айлантирган эди.
Аммо Билли кириш эшигидан ўтиши билан хато қилганини тушунди. Уй меҳмондўстлик, ҳаёт ва кўнгилни кўтарадиган руҳдан маҳрум эди. Хонадан ўтаётиб, Билли йиғма кроватга қаради. Унда, газета тагида, Хоуп эслатган конверт ётарди. Билли тўшак ёпинчиғига тангачаларни тўкди-да, санай бошлади. Жами бўлиб 2 доллар-у 80 цент бор эди — ўша бир йилдан ҳам кўпроқдан бери сотиб олишни ният қилган 22-калибрли қуролни бошланғич тўлови учун бор-йўғи 20 цент етишмасди. Билли бу пулни қурол учун бошланғич бадал тўлашга юрагида қарор қилди, ва медицина тиббий харажатлар учун юзлаб доллар қарз бўлганига қарамай, садоқатли хотинининг хотираси учун, ўша қуролнинг тўла эгаси бўлганича ҳар ойлик маошидан пул тўлаб боришни ўзига ваъда берди.
Уйқуга кетишни астойдил истаб, у кроватида ётар эди. Нимадир қилиб сичқон ошхона плитасига кириб қолган ва панжарада тиқилиб қолган қоғозни шитирлатарди. Бу товушдан Биллига гўё, Хоуп ошхона полкаларида сақлайдиган конверт қоғозларини шитирлатаётгандай бўлди. У туриб оёғи билан ошхона эшигини ёпди. Эшик орқасида илмакда Хоупнинг халати осилган эди. Фақат энди онасиникига бориши кераклигини тушунди: бу ердаги ҳамма нарса унга, ўликхонада ётган хотинини эслатар эди. Билли ҳўл юзини тўшакка ўради-да, ўз қайғусига эрк берди.
Бирдан кимдир эшикни тиришиб тақиллата бошлади. Билли тўшакдан сакраб кетди ва хонага Фрэнк Брой ва унинг ўғли Флетчерни киргизди.
— Билли, мен сенга ёмон хабар билан келдим, — деди Фрэнк.
— Биламан, Фрэнк. Хоуп ўлаётганида, унинг ёнида эдим.
— Лекин бу ҳаммаси эмас. Сенинг кичкинанг ҳам оғир.
— Шарон? — Билли қулоқларига ишонмай, оғзини очди. — Бўлиши мумкин эмас!
— Ҳа. Доктор Эдер уни ҳозиргина касалхонага этди. У менингит. Унинг яшаб кетишига озгина ҳам имкон йўқ, деди врач. Кетдик, сени у ёққа этиб қўяман.
Лекин, юриб бориш ўрнига, Билли полга қулади. Фрэнк билан Флетчер туришига ёрдам беришди ва Фрэнкнинг машинасига элтишди.
Билли касалхонага келганида, доктор Эдер у билан лабораторияга борди ва унга Шароннинг умуртқасидан олинган суюқликни таҳлилини микроскопдан кўришга қўйди.
— Бу туберкулёз менингити, — маъюс деди доктор. — У буни онасидан юқтирган. Одатда туберкулёз бацилласи ўпкада тўхтаб қолади, аммо айрим ҳолларда у қон айланишига тушади ва мияни ўраб турган мия пардасигача етиб боради. Қизинг билан ҳам худди шундай бўлган. Ачинаман, Билли, лекин айнан ҳозирги ҳолатда биз унга умуман ёрдам беролмаймиз.
— Доктор, қаерда у? Мен уни кўрмоқчиман.
— У пастда, изоляторда, шу учун сенга уни ёнига боришинг мумкин эмас. Унда юқумли инфекция.
— Менга фарқи йўқ, агар ўлсам ҳам. Шаронни яна бир кўришим керак.
Доктор Эдер қийналиб ўз қарорида турди.
— Билли, сенга бундай қилиш мумкин эмас. Бу менингит. Сен буни кийимингда олиб бориб, Билли Полга юқтиришинг мумкин.
Билли ўтириб, юзларини ёпиб, ҳўнграй бошлади.
— Менга хлороформани келтир ва мени у билан ўлишимга қўй. Энди менинг яшашим нима керак? Мен ҳамма суюклиларимдан айрилдим.
Доктор Эдер, бу қайғулар худди ўзиникидай, дўстининг азобларига шерик эди.
— Билли, шу ерда қол. Мен ҳамширадан сенга тинчлантирувчи бирор нарса сўрайман.
Доктор Эдер хонадан чиқиши билан, Билли бошқа эшикдан чиқиб олди ва подвалга туша бошлади. Шарон Роуз мускуллари қисилишидан чангак бўлганча, ҳиқиллаб йиғлаб, кроватчасида ётарди. Унинг танасига чивин қўнмаслиги учун, бир бўлак дока билан ёпилган, аммо унинг мурғаккина танаси ҳаракатларидан дока ёнига тушиб кетган ва энди чивинлар унинг юзини босган ва унинг кўзлари атрофидаги намни сўришар эди. Билли чивинларни ҳайдади.
— Шарон, — у меҳр билан деди.
Гўдак унга бошчасини ўгириши билан, лаблари титрай бошлади. У шунчалик оғир қийналардики, ҳатто унинг кўзчалари ғилай қарар эди. У яна докани унинг юзига тортиб қўйди.
Билли тиз чўкди, кўзларини юмиб, ибодатга қўл қовуштирди. “О меҳрибон Худойим, — ҳайқирди у, — Сен менинг суюкли хотинимни олдинг ва ҳозир Сен менинг боламни ҳам оляпсан! Илтимос, менинг кичкинагина қизимни қолдир. Ахир хато қилган мен-ку; Сен мени олишинг керак. Сенинг ўрнингга, бошқа бировга қулоқ солганимдан пушаймонман. Мен бошқа ҳеч қачон бундай қилмасликка ҳаракат қиламан. Раббим, мен қайнонам “чиқинди” ва “ювиндиқлар” деб атаган ўша кишиларга бораман, ва менга аҳамияти йўқ, ким мени муқаддас сакровчи-ирғишловчи деб атаса ҳам. Сен нима хохласанг, ҳаммасини қиламан, фақат илтимос, менинг гўдагимни ўлишига йўл қўйма”.
Билли кўзини очган ҳам эди, у билан Шарон орасига қора полотнога ўхшаш, бир нарса тушганини кўрди. У худди шу нарсани ўтган йили Рождество — Янги йил байрами кунлари Хоуп учун ибодат қилганида ҳам кўрган эди. Худо унинг ибодатини қабул қилмаганини энди билди у.
Шу онда, Билли ҳаётида энг доғули лаҳзаси содир бўлди. Қачонки у изолятор подвалининг дағал полида тиззада тураркан, унинг кўз ўнгида тўққиз ойлик боласи ўлаётган бир пайтда, чақимчи ҳозир бўлди ва шивирлай бошлади: “Сен айтасан, Худо муҳаббат деб. Наҳотки бу муҳаббат? Сен бор кучинг билан Унинг Каломини ваъз қилдинг, ва бутун кучинг билан Ўша учун яшашга ҳаракат қилдинг, энди эса, ўз болангнинг ҳаётига келганда, У сени рад этяпти. Унда сен Қанақа Худога хизмат қиласан?”
Билли Ҳаёт ва ўлим ўртасида бир муддат оғир аҳволда довдираб қолди. Кейин унда жавоб ҳозир бўлди, бу жавоб унинг қалбини тубидан, пинҳоний қудрат булоғидан сузиб чиққанди: “Ўтмишда Аюб айтгандай: “Раббим берди, ва Раббимни Ўзи олди; Раббимнинг Исми дуоли бўлсин!” 66 — дейман. О Худойим, билмайман, нима учун Сен мени шунчалар қийнайсан, аммо бундан Сенга имоним олдингидай қолади. Ҳатто Сен мени ҳалок қилсанг ҳам, мен Сенга ишонавераман. Мен Сенга ишонавераман”.
66 Аюб 1:21
У турди-да, охирги марта қизининг кроватчасига эгилди.
— Шарон, сенинг кичкинагина жонингни Фаришталар онанг олдига олиб кетгач, мен сени бу ерга, онанг қўлларига қўяман.
1937 йил 24 июл, шанба куни Амелия Хоуп Бранхамни Уолнат Ридж қабристонидаги, отаси ўзи ва хотини учун сотиб олган участкага дафн қилдилар. Бугуниси куни Шарон Роуз жон берди. Душанба эрталаб дафн бюроси ходими Хоупнинг қабрини очди ва Шароннинг тобутчасини онаси тобути устига қўйди. Билли ўз сўзида турди: у Шарон Роузни онаси қўлига берди.
КЕЙИНГИ ҲАФТАЛАР Билли учун чидаб бўлмас азобда ўтди. Кунлар чексиз туюлар, кечалар эса кўпинча, бедорликда қийнар эди. Иш кунлар ҳар эрталаблари у, ўзини ишга боришга мажбур қилар эди. Билли ҳамма тиббий ҳаражатлардан қарзларни узиши кераклигини билар эди, ва бу нарса ҳаётни давом эттириши учун омил эди. Кундузи Билли Полни Бройлар оиласидан оларди, кечки овқатни тайёрлар, кейин эса соатлаб ўғлини елкасига қўйганча, кўчаларда кезиб юрарди.
Бир куни, ишдан кейин, Билли ўғилчасини айвондаги зинага ўтирғизди-да, ўзи бўлса, орқа томондаги ҳовли этагида, дуб дарахтига боғлаб қўйилган овчи итидан хабар олгани йўл олди.
— Дада, а-а онам қаерда? — Билли Поль сўради.
Билли бу саволга юзлаб марталаб жавоб берган бўлса-да, икки яшар Билли Поль ҳали буни тушунолмасди.
— У осмонда. У Исо билан кўришишга кетди.
— А у қачон қайтади? У менга керак.
— У қайтмайди, Билли, лекин биз бир амаллаб, қандайдир қилиб уни кўришга борамиз.
Билли уй орқасига этадиган йўлчада юра бошлади.
— Дада, қарагин! Мен онамни ана у булутда кўрдим, — деди Билли Поль ва семизгина бармоқчалари билан осмонни кўрсата бошлади.
Билли бунга чидай олмади. Сўқмоққа юзи билан йиқилди-да, чуқур сукунатда бир соатча ётди, бу вақтда Билли Поль зинада ўтирганча, онасини чақириб йиғлар эди. Қачонки Билли ниҳоят бор кучини йиғиб, ўрнидан тургач, Билли Полни Бройлар уйига қайтиб этиб қўйди ва ўша ерда қолдирди, ўзи эса Уолнат Ридж қабристони томон кетди. Қабристонга ҳали етмай, унга машина етиб келди ва тўхтади. Мистер Айслер, Индиана штати сенатори, машинадан тушди ва деди:
— Сен бу, қаёққа боряпсан Билли? Қабристонга эмасми?
— Ҳа.
— Бу биринчи марта эмас, мен сени кўп бор тепага кўтарилаётганингни кўргандим. Сен у ерда нима қиласан?
— Мен аёлим ва қизим қабри ёнида ўтириб, шамолнинг дарахт баргларидан мусиқа чалишини тинглайман.
— Қанақа мусиқа чалар экан у?
Билли унга черков мадҳиясининг биринчи бандини айтиб берди:
Дарё ортида бир Ватан бор,
Қаердаки биз сен билан яшаймиз,
Фақат имон билан бу соҳилга етамиз.
Бизга Абадийликка эшик очадилар,
Бепоён чексизликка таклиф қилиб,
Бир куни қўнғироқлар товушини эшитамиз.
Сенатор Айслер қўлларида Биллининг иккала қўлини қисди.
— Билли, сендан айрим бир нарсаларни сўрамоқчиман. Мен сени кўча муюлишларида турганча, йиқилиб қолгунингча ваъз қилганларингни кўрганман. Мен сени ярим кеча бўлса ҳам, бетоблардан хабар олгани кўчаларда юрганингни кўрганман. Мана шу сенинг бошингга тушган кулфатлардан кейин, Масиҳ сен учун ким?
— Мистер Айслер, У — менинг борлиғим. У — менинг ҳаётим, менинг асосий принципим, ҳамма нарсам У. У — ҳаётимда энг мустаҳкам, ягонам, қайсигаки суяна оламан.
Мистер Айслер бош чайқади.
— У сени хотининг ва қизингни олди, шундан кейин ҳам сен Унга хизмат қилмоқчимисан?
— Ҳатто, агар У мени жувонмарг қилса ҳам, мен Унга ҳамишагидай ишонаман.
Кейинги куни эрталаб, Биллига Нью-Олбани яқинидаги 150-шосседаги ишдан чиққан иккиламчи линияни тузатишни буюришди. Ўзиниг монтёрлик чангалини ва йиқилишдан сақлайдиган белбоғини тақиб, у юқори кучланишли столбага чирмашиб, нақ кўндаланг харисига етиб тўхтади. Унинг ақли Хоуп ва Шарон ҳақида ўйлай бошлади. Худо хотинини нима учун олганини тушунолар; аммо нима учун боласини олди? Нима учун Худо унинг гўдаккинаси Шаронни олди?
Ишлар экан, у эски-олдинги Худо мадҳиясини куйлади:
Узоқ тепаликда хоч менга кўринади,
Шармандалик, азоб-уқубат ва азият белгиси.
Хоч ҳақида куйлаймиз, чунки унда,
Гуноҳкорларнинг энг яхши Дўсти михланган.
Худди шу пайт Биллига, уфқ узра дарахтларнинг устидан нурлари тушиб, қуёш кўтарилди. Натижада, тепалик ён бағрида унинг сояси — хочга осилган одамнинг сояси пайдо бўлди.
“Ҳа, — Исо, бу менинг гуноҳларим Сени у ёққа юборди, — деб хўрсиниб йиғлади у. — Мен ҳам ҳамма одамлар каби айбдорман”.
Бирданига ақлидан бир бемаъни фикр ялт этиб ўтди. Биллининг аҳволи саросимадалигидан фойдаланиб, иблис унга ўзининг жонига қасд қилиб, умрини ҳазон қилишга кўндира бошлади. Билли олдинига ўзининг оғир резина қўлқопига қаради, кейин эса, иккиламчи сим ёнидаги 2300 вольт ўтаётган бирламчи симга қаради. У ҳамма имкониятларини тарозига солди, ўйлаб кўрди. Бу нотўғри эди, жуда ҳам нотўғри; бироқ шу чоғда, унинг оташинлигидан фикрлари қоронғилашган бир пайтда, нима учундир нотўғри нарса ҳам тўғри бўлиб туюлди. Ҳимоя қўлқопларининг бирини қатъий ечиб, деди: “Азиз Худойим, мен буни қилишни жуда-жуда истамайман, аммо мен қўрқоқман-ку, ахир. Хуллас, мен уларсиз яшай олмайман”. У яланг қўлини 2300 вольтлик бирламчи симга, уни ушласа, электр токи унинг қонини куйдиради ва суякларини синдириб ташлашига ақли ета туриб, узатди. “Шарон, сенинг дадажонинг сени ва онангни кўриш учун боряпти”.
Билли бундан кейин нима бўлганини билмади ҳам... Ўзига келса, ерда ўтирибди, унинг ҳимоя белбоғи эса олдингидай симёғочга ўралган турарди. Ўша куни бошқа ишлашга кучи етмаганидан, у хизмат машинаси кузовига асбоб-ускуналарини ташлади-да, уйига ҳайдаб кетди.
Унинг почта яшигидан, айвонида бир нечта хат тушиб ётарди. Билли уларни тўплади, уйига олиб келди ва ошхона столига ёзиб қўйди. Одатдаги Коммунал хизматдан фойдалангани учун, счётлардан ташқари, бошқа хат жуда ҳам кутилмаган чиқиб қолди. Бу хат унинг банкидан ва “мисс Шарон Роуз Брнхам” номига келган эди. Билли қалтираган қўллари билан хатни очди. Кейин у ҳаммасини тушунди: банк унинг 80 центини қайтарган эди. Билли Рождество байрамидан бир неча кун олдин Шарон номига, жамғарма банкида ҳисоб очганини умуман унутганди. Ахир ўшанда улар ҳали...
Ўша мудҳиш тафсилотларидан тўлиб-тошганидан, унинг ақли “тўғони” ёрилиб кетди. У ибодат қила бошлади: “Исо, мен ҳали умуман ёш бола эдим, мен кўпинча юпун ва оч юрардим. Ҳамма мени устимдан кулар ва “нозиквой” деб ҳақорат қилардилар. Мен ўзимни шунчалик ёлғиз ҳис қилардим. Кейин мен Масиҳчи бўлганимда, Сен менга уйча ва менинг оиламни бердинг. Мен тўғри яшашга ҳаракат қилдим. Энди бўлса, Сен буларни ҳаммасини мендан олдинг. Мен жуда қийналяпман; мен бошқа бундай яшай олмайман. О Худойим, нима учун Сен мени ҳам олиб қўявермайсан?”
Иблис Биллига, зимистон каби унинг ақлини хиралаштириб, соғ фикр ва эс-ҳушдан айириб, яна яқинлашди. Қандайдир бир лаҳза, Билли Худонинг Раҳбарлик қўлини назаридан қочирди. Шу оғир дақиқада, иблис уни мудҳиш ҳаракатга ундади. Билли ҳайвонларни ҳимоя қилиш инспектори револьверини қини билан, ошхона эшиги орқасига михга илиб қўйганди. Револьверни қўлига олиб, ошхонадаги ҳарбийларнинг йиғма кровати ёнида, полга чўккалади. Стволни тортиб қўйди ва револьвер оғзини чаккасига тиради, ўт очиш илгагини босаётиб, ибодат қила бошлади: “Осмондаги Отамиз, Сенинг Муқаддас исминг улуғлансин; Сенинг Шоҳлигинг келсин; Сенинг ироданг бажо келсин...” У яхши мойланган курокни янада яхшироқ босаверди, аммо у ҳатто қимирламади ҳам. Билли бор кучи билан уни босса ҳам, бу ўроқсимон пўлат илгак қимирламади ҳам. Охири, у кўнди ва револьверни ташлади. У полга тушганида отилиб кетди ва ўқ деворни тешиб ўтди.
Билли кроватга узала тушиб ётди. “О, Худойим, Сен мени қиймалаб ташладинг. Сен ҳатто мени ўлишимга ҳам қўймаяпсан”.
У ҳолдан тойгунча йиғлади, охири қаттиқ ухлаб қолди ва туш кўрди. Бу, мавҳум кўринишлар ва ноъмалум воқеалар бўладиган одатдаги туш эмас эди. Аксинча, бу туш кўринишлари аниқ ва равшан, ва улар унинг хотирасида, худди, гўё уни ўзи ўша ерда бўлганидай аниқ ўрнашиб қолди.
Унинг тушида, қаердадир Ғарбда таниқли кавбойлар қўшиғини, даштдаги йўлдан кетганча куйлаб борарди: “Араванинг ғилдираги синди, у ерда ранчо сотилади...” Билли олдинги одамлар дашт кемаси — “шхуна67” деб аталадиган эски ёпиқ фургон ёнидан ўтди. Фургоннинг олдинги ғилдиракларидан бири синган, шу учун унинг корпуси ёнбошга қийшайганлигидан, унинг ўқи ерга тиркалиб турарди. Синган ёғоч ғилдирак, арава корпусига суяб қўйилган томонда, чиройли қиз турар ва Биллига қарар эди. Шамол унинг узун оппоқ сочларини тўзитар, унинг мовий кўзлари эса, қуёшдек милтирарди. Билли ўтаётиб, кавбойлар шляпасини олди-да ва унга қувноқ салом берди:
67 Шхуна ― span style="color:red">кичикроқ елканли кема. (Тарж.)
— Хайрли тонг, хоним.
— Хайрли тонг, дадажон — жавоб қилди у.
Билли тўхтади ва бу оқ кийимли чиройли қизга тикилиб қолди. У кўринишидан ҳеч бўлмаганда йигирма ёшларда эди.
— Мисс, нималар деяпсиз, сиз салкам менинг ёшимдасиз, мен қандай дада бўлоламан?
Унинг юзида очиққина, кенг табассум пайдо бўлганидан, беғубор оппоқ тишлари кўриниб кетди.
— Дада, сен қаерда турганингни билмайсан, холос. Ерда мен сенинг кичкинагина Шарон Роузинг эдим.
— Шарон? Аммо... аммо сен кичкинагина эдинг, ахир.
— Дада, бу ерда ҳеч қанақа кичкинтойлар йўқ. Биз ҳаммамиз бир хил ёшдамиз; биз энди боқиймиз. А, қаерда менинг акам, Билли Поль?
— Мен уни миссис Бройга бир неча дақиқа олдин қўйиб келдим.
— Мен шу ерда Билли Полни кутаман. Онам билан кўришишни хохламайсанми? У сени янги уйингда кутаяпти, — деди Шарон.
— Янги уйда? Бранхамларда ҳеч қачон уй бўлмаган, биз ҳар доим қашшоқ ва дарбадар бўлганмиз.
— Аммо бу ерда сенинг уйинг бор, дада. Қарагин.
У қўли билан баландга кўтарилаётган йўлни кўрсатди. Сўқмоқ, тепаликда қурилган ҳашаматли саройга олиб борар эди. Қуёш ҳозиргина бу сарой томи тепасига яширинган ва энди қуёш нурлари ҳар томонга таралиб, чарчаб қайтиб келаётган денгизчиларга бандаргоҳга кириш учун ёрдам берадиган машъалларнинг шуълаланишини эслатарди. Билли қўлларни кўтарганча, йўлдан қўшиқ айтиб борар эди: “Менинг уйим, ёқимли уйим...” Тепалик остонасидан то уйга кирадиган эшиккача зиналар бор эди, очиқ эшик остонасида эса, уни Хоуп кутаётганди. У оппоқ кийинган ва унинг узун қоп-қора сочларини шамол ҳилпиратар эди. Билли зиналарнинг учтасини бир қилиб, сакраганча юқорига отилди. Зина майдончасига етгач, у Хоуп оёқларига йиқилди. Хоуп юмшоқлик билан ундан туришини сўради. Билли деди:
— Хоуп, ҳозиргина у ерда, йўлда Шаронни кўрдим. У шунақа ёш, гўзал қизга айланибди.
— Ҳа, у шундай хушрўй қиз бўлди. Билли, сен мен ва Шарон учун қайғурмаслигинг керак.
— Азизам, мен бундай бўлолмайман. Мен икковларингизни ҳам шунчалар соғиндим; бунинг устига Билли Поль ҳам доим йиғлайди ва сени чақиради. Мен у билан нима қилишни ҳам билолмайман, ҳатто.
— Бизга бу ерда Шарон билан жуда яхши, у ерда сенга қараганда. Менга ваъда бер, бошқа биз учун қайғурмайман деб, — деди Хоуп, қўлини унинг елкасига қўйганча ва орқасига енгилгина уриб қўйди, худди ерда буни тез-тез қилиб тургани каби. — Билли, сен жуда чарчагандек кўринасан. Сен ўзингни касаллар учун ибодатларинг билан чарчатиб қўясан. Мен билан ичкарига кир. Энди сен ўтиришинг ва дам олишинг мумкин.
У биргаликда саройга кирди, у ерда эса, яшил рангли Моррис креслоси турарди. Худди ўша, молия компаниясига тўлиқ пулни беролмагани учун олиб қўйган креслоси эди.
— Сен бу креслони танийсанми? — сўради Хоуп.
Биллининг томоғига бир нима тиқилди.
— Қандай қилиб мен уни эсламайман!
— Бу креслони улар олиб кетмайди, — уни ишонтирди Хоуп. — Бу учун аллақачон тўланган.
— Мен буни тушунолмайман.
— Энди сен қайта бошлайсан, Билли. Сўз бер, Шарон ва мен учун бошқа қайғурмайман деб.
— Хоуп, мен буни ваъда беролмайман.
Бирдан Хоуп йўқолиб қолди ва Билли уйғона бошлади. У ҳалиям кроватга бошини эгиб, қоронғу ошхонада тиззасида турар эди. У турди ва қоронғу хонага бирма-бир кўз югуртирди. Худди елкасида кўринмас қўлни сезгандай бўлди.
— Хоуп, бу сенми?
Унинг елкасига енгилгина уриб қўяётганини сезаётгандай туюлди.
— Хоуп, сен шу ерда, хонадамисан?
Бу унинг ҳаёллари меваси эдими? Ёки, ҳар қалай унинг, — Сўз бер менга, бошқа қайғурмайман деб, — дея шивирлашини эшитдими.
— Хоуп, мен сенга сўз бераман, — деди Билли.