Ғайритабиий: 
Уилльям Бранхамнинг ҳаёти

Ғайритабиий:
Уилльям Бранхамнинг ҳаёти

Оуэн Жоргенсен

Қотил-ҳўкиз

27 bob

1945



ЕВРОПАДАГИ ҲАЛОКАТЛИ УРУШ “тишини ғажирлатиб”, поянига етаётган эди. Иттифоқдош давлатлар қўшинлари немис армиясини бор кучлари билан икки томондан қисавердилар. 1945 йил январида генерал Жуков бошчилигидаги рус армияси Берлинга Шарқ томондан бор-йўғи 64 километргача яқинлашиб, Одер дарёсига етиб келди. Бироқ тезда бундан кейин русларнинг механизациялашган қўшинлари баҳорги лойгарчиликлар ва немисларнинг қаттиқ қаршиликлари сабабли юришни секинлаштирдилар ва олдинга силжишни тўхтата бошладилар. Шу вақтнинг ўзида ғарбий иттифоқдош давлатлар қўшинлари Бельгия ва Франция орқали муваффақиятли ва тезроқ ҳаракат қилдилар; Германия босиб олган територияда америкаликлар ҳаммадан кўп олдинга сурилдилар. Мартнинг бошида генерал Паттоннинг Учинчи Армияси Кобленц яқинидаги Рейн дарёсига етиб келди. Бир неча кун ўтгач генерал Хожнинг Биринчи Армияси қуйи оқимда Ремаген яқинидаги кўприкни ишғол қилдилар. Америкалик генераллар руслардан олдин етиш учун олға юришда давом этишни жуда хохлардилар, улар ҳам Берлинга силжиётган эди, аммо улар то генерал Монтгомери 25 та буюкбританлик дивизияси уларга етиб олгунича кутишга буйруқ олдилар.

25 апрелда руслар нафақат Берлинни қуршаб олдилар, балки улар Эльба дарёсидан 70 километр ғарбда Америка қўшинлари билан ҳам учрашдилар. Шу вақтнинг ўзида Италияда немис мудофааси ағдарилди, бу эса, ғарбий иттифоқдош давлат қуролли кучларига шимолий йўналиш бўйича Италия “этигининг” юқори қисми бўйлаб тез ҳужумга ўтишига имкон берди. 28 апрелда италиялик диктатор Бенито Муссолини иттифоқдош давлатлар қўшинлар ҳужумидан қочиб, қутулишга уринаётганида ушланди ва ўз халқи қўлида қатл қилинди. Энди фашизм дунё сиёсий кучи сифатида ўлиб ётар, шу пайтда нацизм охирги нафасини чиқараётган эди. Бошқа томондан Коммунизм жанг қилар, кенгаяр ва ўз йўлида ҳамма нарсани ўзига сингдирар эди. Ҳали Берлин кўчаларида коммунистлар ва нацистлар жанг қилаверсин, Гитлер ўз ёрдамчиларидан бири — Карл Доницни немис давлати раҳбари мансабига тайинлади. Кейин 30 апрелда Адольф Гитлер ер юзидан сирли равишда ғойиб бўлди. Дониц шу заҳотиёқ бир томонлама таслим бўлиш процесини бошлаб, бу процес расман 1945 йил 8 майда ниҳояига етди. Европада уруш тугади.

БУ ЖУДА МУҲИМ дунё воқеалари кўринишлари олдида Уилльям Бранхам фақат кузатиб бора олар ва 1933 йил июнь куни келажак ҳақида бирин-кетин кўрган еттита ваҳийдан учтаси ҳозир аниқ бўлиб ўтганига ҳайрон қолар эди: Муссолини шармандаларча ўлди, Гитлернинг тугаши сирли бўлди ва коммунизм борган сари сиёсий устивор кч сифатида кўпроқ мустаҳкамланаверди. Шубҳасиз, қолган тўрт ваҳий бунинг кетидан, Худо белгилаган пайтда амалга ошади. Бу нарса Биллига ўзининг келажаги масаласида оптимист бўлишига имкон берди. Албатта, Раббий унинг ҳаётига алоҳида мурод-мақсад ҳозирлаган, акс ҳолда, Қодир Худо нима учун унга бундай ғайриоддий неъматни беради, ахир?

Билли ўзининг оптимистик кайфияти оловчасини қувватлаб турувчи, у топиши мумкин бўлган ҳар қандай “ёқилғи”га муҳтож эди, чунки табиий ҳаётида Худо Шоҳлиги учун бирор-бир буюк нарсани амалга ошириш йўлида ўз қашшоқлигидан етарлича қутилишнинг ҳеч қанақа йўлини у кўрмади. У олдингидай уч ишда ишлар эди, ундан иккитаси пул тўламайдиган эди. Унга ҳамма вақт пул етмагандай бўлса ҳам, у ҳеч қачон ўзининг пасторлик меҳнати учун пул олмоқчи эмас эди. Унда бунга бир неча сабаб бор эди. Биринчидан, Библияни ўқиб ва атрофдаги хизматчиларни кузатиб, бошидаёқ пулга ишқибозлик84 пулпарастлик, хизматчи қачон бўлса ҳам дуч келадиган энг хавфли тузоқ бўлишлигини тушуниб олди; ва Билли ўзини бундан четга олишга қарор қилди. Иккинчидан, унинг йиғилишидаги айрим аъзолар соатига уч доллар ишласалар ҳам, уларнинг кўпчилиги унга ўхшаб ва ундан ҳам камбағалроқ эдилар; шу сабабдан Билли бу камбағал одамлардан ҳозир қилаётган пул ҳайр-эҳсонларидан ортиқчасини сўраб олмас эди. Шундай бўлсада, у ўн улуш келтиришнинг Библияча принциплари ҳақида ваъз қилди; ва ҳар бир аъзо ўз даромадининг ўндан бир улушини хонанинг охирида шу мақсадда қўйилган қутига ташларди. Бироқ Билли бу пуллардан бир цент ҳам ўз шахсий ҳаражатларига ишлатмади. Бу пулларнинг ҳаммаси ҳар ой тўланадиган ссуда учун, қолгани эса, зўрға бинонинг ҳолатини ушлаб туришда ишлатилар эди. Учинчи сабаб, озроқ мағрурлик ва ўз кучига ишончи борлиги билан боғлиқ эди. У кучга тўлган ва ишлай билишлигидан, у ўйларди: “Нима учун энди ишламаслик керак экан?”

84 Пулпарастлик: 1 Тимофей 6:10 (Тарж.)

Бир куни ҳисоб-китоб қилинадиган кунларидан бирида, Билли Меда билан биргаликда, Индианадаги коммунал хизмат компаниясида ишлаб, ҳафтасига оладиган иш ҳақи — 28 долларни тақсимлар эди. Биринчидан, ундан ўн улушни ажратди. Кейин Меда унга тўлаб қўйиш зарур бўлган ҳисобларни эслатди. Лекин қолган 25 доллар ва 20 центни қандай тақсимламасинлар, у кечиктириб бўлмайдиган қарзларини тўлашга етмас эди. Уларга 10 долларга яқин етишмасди. Билли хатни олди ва Медага кўрсатиб деди:

— Азизам, биз хатто бу учун тўловни ҳам бошлаёлмаймиз.

— Лекин биз буни тўлашимиз лозим-ку, ахир, — деди у. — О Билли, нима қиламиз энди?

Биллида фикр пайдо бўлди.

— Биласанми, нима? Бугун черковда мен ҳайр-эҳсон йиғаман.

Меда олдинига ҳайрон бўлди, кейин у бундан мамнун бўлди.

— Сен буни қандай қилар экансан, деб маза қилиб томоша қилмоқчиман.

Ўша оқшом қўшиқлар куйлаб бўлингач, ваъз қилишидан олдин Билли деди:

— Нима дердим, дўстлар, бугун... Хўш, сиздан буни сўрашни мен жуда ҳам хохламасдим...

У қанчалик сиқилиб турганини билган Меда, унга жилмайибгина қаради. Билли унга қарамасликка ҳаракат қилиб, қийналиб сўз танлар эди.

— Мен олдин ҳеч қачон бундай қилмовдим... бу оғир вақтлар, биласизми, ҳам... базўр етказаман... агар сизда ортиқча беш ёки ўн цент бор бўлса, ўшани шляпамга, қаторларингиз орасига узатишганларида ташламоқчи бўлсангизлар...

Нозир Уайзхарт олдинга ўтди, ҳайронлигининг бошқалардан кам эмаслиги, пасторини яхши кўрмаганлигидан эмас, қайтага у пасторини яхши кўрар эди. Уни ҳамма яхши кўрар ва Биллига ҳар турли йўл билан ёрдамга тайёр эдилар. Лекин улар ҳеч қачон, 12 йил мобайнида бунақаси бўлмаганлигидан ҳайрон эдилар.

Уайзхарт ака шляпа билан биринчи қатордан ўтди. Миссис Вебер чорзона фартуги чўнтагига қўл солгани ва ундан тўғнаб қўйиладиган танга-чақали ҳамёнини олганини кузатиб турди. У беш цент олганида, Биллининг юраги балиқчилар қармоғи ипидаги қўрғошин қармоқтошини кўл тубидаги балчиққа чўкканидай, маъюс тортди. Бу замонлар биргина у учун эмас, деярли ҳамма учун ҳам оғир эканлигини билар эди. Бундай қилишга ўзини мажбур қилолмади.

— Шошманг, Вебер опа, тўхтанг. Сизни беш цент ташлашингиз зарур эмас. Мен буни жиддий айтмовдим. Мен буни, сизлар нима қилар экансиз, деб қилгандим, холос.

Қария нозир Уайзхарт ҳеч қачон бундай гангиб қолмаганди.

— Бранхам ака, мен нима қилишим керак? — сўради у.

— Уайзхарт ака, шляпамни олдинги жойига қўйсанг бўлди. Мен хизматни давом эттираман.

Меда оғзини қўли билан бекитиб, бошини тебратди. Кўз ифодасига қараб, Билли уни кулаётганини тушунди.

Жон Райен, Биллининг эски қадрдони Жефферсонвиллидан шимолроқда истиқомат қилар, шу ҳафта, шу шаҳарда меҳмон бўлиб турган эди. Бу тетик чол 400 километр масофани “ярим-жон” велосипедида, ҳатто Мичиган штатидан келганди. Лекин бу велосипед унга шунчалар серташвиш бўлдики, уни қолдириб, уйга йўл-йўлакай машиналарда кетишга қарор қилди. Жон Райен одатдаги саҳийлигини қилиб, велосипедини Биллига берди, у бўлса, шу заҳоти уни ремонт қилди ва ўн центлик бўёқ билан бўяб, “ясантирди”. Бу велосипед тўғриси Биллига керак эмас эди, лекин у, эҳтимол зарур пулни топиш мақсади, уни сотиб юборарман, деб ўйлади.

Биллининг пул тўланмайдиган иккинчи иши, Индиана штатида ёввойи қушларни муҳофаза қилиш инспектори лавозими, унинг коммунал хизмат компаниясидаги ишига шунчалик мос келар эдики, у деярли камдан-кам ҳоллар қўшимча иш деб ҳисоблар эди. Бу ҳолда унинг омади келди, унинг линия электромонтёри бўлиб ишлаши ўз ҳажми бўйича қарийб иккала ишни ҳам қамраб олар эди. Коммунал хизмат компаниясидаги асосий вазифасидан бири, Индиана штатидаги, ўрмон ичидаги юзлаб километр чўзилган, ўтиш қийин бўлган юқори кучланиш линиясини текшириш ва таъмирлаш эди. Бу жойларнинг катта қисми йўлдан олисда жойлашган, шу сабабдан тез-тез Биллига кунига 50 километрлаб яёв юришига тўғри келар, ҳафтаси олти кун, — ва бунинг ҳаммаси соатига 60 цент учун. Лекин бу иши пулдан ташқари бошқа мукофотни ҳадя қилар эди. Бу иш ёрдамида у шаҳардан чиқиб, жуда яхши кўрган, одам оёғи етмаган жойларга боролар эди. Ҳар замонда ёввойи қушларни қўриқлаш инспектори вазифаси шарофати билан бирон-бир браконьерни тузалишига ёрдам беришни уддалар эди; бу, ўз навбатида ўша жойнинг тирик табиатини ҳимоя қилишга ёрдам берар эди. Бунинг устига, ўз ёвонларида ишлаётган фермерлар билан гаплашиш учун ҳар доим тўхталар эди. Суҳбат ҳар доим Худо ҳақидаги мавзуга келиб тақаларди ва Биллига Исо Масиҳ муҳаббати билан ўртоқлашиши учун имконият пайдо бўлар эди. Баъзан қайсидир-бир фермернинг кўнгли юмшар ва ўз қалбини Исога топширар эди. Билли дарҳол у билан яқинроқдаги дарёчага жўнар ва уни Раббий Исмига чўқинтирар эди. Уларнинг иккиси ҳам ич-ичигача ивиб кетган кийимда ажрашишар ва қувонч билан ўз ишларини бажаришга қайтишишар эдилар.

Бир куни Билли, Индиана штатидаги Генривилла яқинларида бўлганида, у балиқлар ва қушларни қўриқлаш вазирлиги топшириғи бўйича дарёчага балиқ қўйворганди. У дўстларидан бирининг фермаси яқинларига келиб қолган ва бундан олдин тасодифан унинг бетоблигини эшитган эди. Шунинг учун Билли бу одамдан хабар олса ва у учун ибодат қилса, ажойиб иш бўларди, деб ўйлади. Ферма бор-йўғи бир неча шох-шабба билан ўралган яйловлардан иборат масофада жойлашганлигидан, Билли бу йўллардан машинада ўтиб, ўзини қийнамасликка қарор қилди. Револьверни қинини ечди, юк машинаси олдинги ўриндиғига уни ташлади, эшикни ёпди ва бу яйловларнинг тўртала бурчагига “ХАВФЛИ! ҲЎКИЗДАН САҚЛАН!” — деб огоҳлантирувчи ёзувлар бириктирилганлиги ҳақида умуман унутиб, биринчи тўсиқдан ошиб ўтди.

Майсазордан борар экан, Билли Масиҳчилар мадҳиясини хиргойи қилар эди. Яйлов ўртасида баланд бўлмаган дублар — бўйи ўртача уч метрга етадиган пастқам дуксимон дарахтлар — ўрмончани ташкил қилганди. Билли бу дарахтларга яқинлашгани эдиямки, бирданига ўтлар орасидан баҳайбат ҳўкиз кўтарилди-да, пишқирди. У дуб шохлари соясида ётар, шу дақиқагача унга кўринмаганди. Билли дарҳол хавфни тушунди, чунки айнан шу машҳур бўлиб кетган гернзей зотидан эди. У Жефферсонвилли яқинидаги Беркнинг фермасидаги зотдор ҳўкиз бўлиб, лекин урушқоқ феълини кўрсатиб, ниҳоят, ўзининг молбоқарини ўлгудай сузгани учун, уни эгаси ундан қутилишга мажбур бўлди. Бу яхши зотли ҳўкизлиги учун ўраб қўйилган қишлоқ жойида, ёвузлик қилишга имконият туғилмас деган умидда, Берк уни Генривиллидаги одамга сотиб юборган эди.

Билли бу ҳақида ҳаммасини биларди-ю, лекин ёдидан кўтарилган эди. Ҳозир саросимада ўзини қутилиб кетишга имкониятини чамалади. Пастгина дублар жуда ҳам мустаҳкам эмас ва бунинг устига бошқа томонда турганди. Тўсиқ девор ҳам узоқда қолган, шунинг учун фақат револьвердан фойдаланиш имконияти қолганди. Эҳтимол, у бу ҳайвонни отишга мажбур бўлар, лекин кейин унга фермерга етказилган зиён учун товон тўлашига тўғри келади.

Ёвуз-ҳўкиз бошини хам қилди, пишқирди ва туёғи билан ер қазий бошлади. Унинг дароз ўткир шохлари ҳақиқатдан ҳам ажалнинг қуроли бўлиб туюлар эди. Билли револьверни олмоқчи бўлган эди, аммо у ерда уни тополмади. Кейин у эслади: ахир уни юк машинаси ўриндиғида қолдирганди-ку!

“Нима ҳам дердим, Раббим, агар менинг ўлиш вақт-соатим келган бўлса, унда мен ҳақиқий эркакдай ўлимга юзма-юз чиқмоқчиман”. У елкаларини ростлади ва ўз душманига бепарво қарай бошлади. Шу вақт Биллининг ичида ақлга сиғмайдиган бир ҳодиса юз берди. Унинг қўрқуви “парланиб кетди”, ўрнига эса юраги раҳм ва ҳамдардлик натижасида туғилган шунақанги севгига тўлдики, бу нарсани олдинлари ҳис қилган ҳеч нарса билан таққослаб бўлмас эди. У ўйлаб қолди: “Бу бечора ҳўкиз бу ерда, ёвонда ётганди-ю, мен пайдо бўлдим-да, унинг оромини буздим. Унга ўзини-ўзи ҳимоя қилиш туғма инстинктидан, бошқа нарса маълум эмас”.

Ҳўкиз айни ҳужум қилиш олдидан, туёқлари билан ерни тирнаб, тупроқни орқага отиб, борган сари тез-тез пишқирар эди. Билли баланд овозда деди: “Ҳўкиз, мен кечирим сўрайман, сени оромингни бузганим учун. Мени ўлдиришингни хохламайман. Мен — Худонинг хизматкориман ва ҳозир бетоб одам учун ибодат қилишга бораяпман. Мен бу огоҳлантирувчи ёзувлар ҳақида умуман унутибман”.

Ҳўкиз бошини эгганча, бурама шохларини ўлжага аниқ нишонлаб, ҳужум қила бошлади. Ҳайратга қолдиргани шу эдики, Билли ҳеч қандай қўрқувни ҳис қилмади, балки фақатгина муҳаббатни туйди. У “Исо Масиҳ Исми билан, бор ўша ёққа ва ўша дарахтлар тагида ёт”, — деди.

Жонивор ҳамла қилиш учун бор кучи билан тиришиб, ғазаб билан югуришда давом этди. Қачонки Биллигача уч метрча қолганди, ҳўкиз олд оёқларини ташлади ва чанг-тўзон ичида тўхтади. Унинг тумшуғида ғалати ифода пайдо бўлди ва у боши билан олдин ўнгга, кейин эса чапга чайқай бошлади. Шундан кейин ҳўкиз бурилди ва Биллига думини силкитди. У пастқам дублар олдига аста-секин қайтди, ерга ётиб, Биллининг ўтлоқдан қолган йўлни ўтаётганини кузатди.

Ўша куни, кун бўйи — ва кейинги кунлар давомида — Билли ўша ўтлоқда ҳўкиз билан ўртасида бўлиб ўтган воқеадан завқланиб юрди. Қарийб, муқаррар ўлимга юзма-юз бўлганда, у ташвиши ва шахсий манфаатларидан қандай қилибдир четга чиқа олди ва бошқа ҳаётнинг томир урушини ҳис қила олди. У қандайдир тарзда ҳўкизнинг ҳуркишию-ҳаяжонини тушунди ва унга ҳамдарлик қилди. Билли пастор бўлиб турган экан, тез-тез бошқа одамлар учун ўзидаги борини беришга ҳаракат қилар, қўлидан келган заҳоти улар учун ғамхўрлик қилар ва ёрдам берар эди. Аммо бу сафар бошидан кечиргани нимаси биландир бошқалардан фарқ қилар ва ўзида қандайдир чуқурроқ ва сирлироқ нарсани мужассам этган эди. Ҳаётининг бир неча дақиқасида,унда қўрқув бутунлай йўқолди ва у мукаммал, чин муҳаббатни ҳис қилди.

ТАХМИНАН, шу вақтнинг ўзида Билли қўшниси — унинг квартали охирида истиқомат қилувчи миссис Ридни, — туберкулёздан ўлаётганини эшитди. Уни тўртала болачасини бу жуда юқумли касалликдан асраш учун, Луисвиллидаги санаторияга ўтказдилар. Туберкулёз — Хоупни нобуд қилган иблис, ёвуз руҳ бўлганлиги туфайли, Билли кўнглида миссис Ридга нисбатан чуқур қайғуга тушди. У бетоб аёл ҳақида ўйлашдан ўзини тўхтатолмасди: шундай ёш аёлга, шунчалик кўп қийналишга ва бу бечора болаларини етим қолдиришига тўғри келади.

Бир куни кечқурун Билли санаторияга борди ва у аёл учун ибодат қилди. Икки кун ўтиб у айвонида ўтирган эди ва Раббий унга миссис Рид ҳақида ваҳий кўрсатди, ваҳийда у оқсоч кампир бўлиб, ҳамма катта болалар билан қўл бериб кўришаётган эди. Билли санаторияга қайтди ва унга:

— РАББИЙ ШУНДАЙ ДЕЯПТИ: “Сиз яшайсиз!”

— О-о, Худога шукур! — миссис Рид хитоб қилди.

Билли сўради:

— Қачон туриб кетсангиз, У сизнинг гуноҳларингиздан оқлаши учун, Унга имон келтириб, Раббий Исо Масиҳ Исмидан чўмдирилишни қабул қиласизми?

— Худо менга неки буюрса, мен ҳаммасини қиламан, — деб жавоб берди у.

Бир неча кундан сўнг, Билли уйи ёнидаги тротуарда турганча, яқинда сотиб олган велосипедида озиқ-овқат дўконига кетмоқчи бўлиб турган эди. У энди оёғини рамадан ошириб, велосипедни итариб юргизмоқчи ҳам эдики, бирдан уни яқин қўшниси чақириб қолди:

— Эй, воиз, бир дақиқа тўхтада. Бу сен қаёққа кетаяпсан?

— Хайрли тонг, мистер Эндрюс. Мен озиқ-овқат дўконига бораяпман. Мумкин, сиз учун у ердан бирор нарса харид қилишимни хохларсиз.

— Йўҳ-э. Мен сендан бир нималар ҳақида сўрамоқчиман.

Бу сўзлардан кейин унинг товуши айбни фош қиладиган оҳангга ўтди.

— Наҳотки, сенга ўзинг учун уят эмасми?

— Сиз нимани кўзда тутяпсиз?

— Сен у бечора ўлаётган аёлга, сен яшайсан деб, унинг оиласини ёлғондан умидвор қилдинг.

Билли гап нимадалигини энди тушунди. Мистер Эндрюс кўпроқ одамшаванда қўшни эди-ю, аммо у ҳамма вақт Билли эътироф этадиган Худога ишонишга келганда, дағал муносабатда эди. Мистер Эндрюс Рид билан давлат темирйўл станциясида ишлар ва бу ваҳий тўғрисида ундан эшитган бўлиши керак.

— Нима ҳам дердим, мистер Эндрюс, у яшайди, — Билли ўзиникида туриб олди.

— Ҳар йили туберкулёздан минглаб одамлар ўладилар. Сени миссис Рид тирик қолади, деб ўйлашга нима ундайди?

Билли унга ўзининг ягона тушунтиришини берди:

— Чунки Исо шундай дейди. У менга бу ҳақида ваҳий кўрсатди.

— Сенинг ўрнингда бўлганимда, ҳамма ерда юриб ва одамларни шундай алдашдан мен уялган бўлар эдим. Биламан, мен сенга баджаҳллик қилаяпман, аммо...

— Ҳаммаси жойида, мистер Эндрюс. Сизда ўз тушунчангиз, менда эса ўзимники.

Билли шу сўзлар билан велосипедга минди-да, кетди.

Бу пайтга келиб миссис Риднинг аҳволи шунчалик яхши бўлдики, врачлар унинг ўпкасини яна бир бор рентгенга тушурмоқчи бўлдилар. Уларнинг мутлақо ҳайрон қолишларига яраша, улар аёл танасида касалликдан бирорта ҳам белги тополмадилар. Уни санаторияда ушлашга бошқа ҳеч қандай сабаб қолмади. Катта қувонч ва ҳурмат билан у уйига, ўз оиласига қайтди.

Икки кун ўтиб, Меда шундай деди:

— Билли, бугун мен миссис Эндрюс жуда бетоблигини билдим. Сен бориб, ундан хабар олишинг керак.

— Яхши, мен бораман, лекин унинг эридан эҳтиёт бўлишимга тўғри келади. У мен ҳақимда жуда ҳам яхши фикрда эмас.

Билли қўшниси эшигига борди ва тақиллатди. Мистер Эндрюс эшикни очди.

— Ассалому алайкум, мистер Эндрюс. Мен хотингиз бетоблигини эшитиб қолдим. Сизга бирор нарсада фойдам теголармикан?

— Қулоқ солда, менга, — қўшниси қўпол жавоб берди, — бизда яхши врачимиз бор ва биз сени ҳеч қанақа ёрдамингга муҳтож эмасмиз. Унда бор-йўғи кўричак. Биз уни олиб ташлаймиз, шу билан унинг ҳамма муаммоси тугайди. Бу ерда бизга ҳеч қандай ибодат керак эмас.

— Мистер Эндрюс, мен ҳатто хотинингиз учун ибодат қилай, майлими, деб ҳали сўраганим ҳам йўқ. Мен ўз ёрдамимни таклиф қилмоқчи эдим, холос. Мен сизга кечки овқатга бирор нарса келтира олишим, ёки дўконга озиқ-овқат учун бориб келишим, ёки яна бирор бошқа нарсада ёрдам бера олишим мумкин эди.

— Раҳмат, яна бир бор раҳмат, — мистер Эндрюс қўполлик билан деди. — Ҳаммаси вазият назорати остида.

— Мен, албатта, шундай бўлса ҳам керак, деб умид қиламан, — жавоб қилди Билли. — Агар бирор нарсада менинг ёрдамим керак бўлиб қолса, менга билдирсангиз бўлди.

Қўшниси тўнғиллаганча, эшикни қарсиллатиб ёпди.

Кейинги куни эрталаб, Билли одатдагидек коммунал хизматлар компанияси учун юқори кучланиш линияларини текшириш ва таъмирлаш мақсадида ишга борди. У юк машинасидан чиқди, қушларни муҳофаза қилиш инспектори тасмаларини тақди ва йўлдан юқорилаб кета бошлади. У юк машинасидан узоқлашишга улгурмадиямки, шу пайтнинг ўзида бурилишга ва уйга қайтишга кучли хохиш сезди. Булутли осмондан ёмғир майдалар, лекин уни ишга боришини бекор қиладиган даражада кучли эмасди; шу учун у кутилмагандаги ҳаво ўзгаришини менсимай, юришда давом этди. Бу, ўша ҳис-туйғу яна қайтди ва бу сафар қатъийроқ бўлди. Билли юк машинасига қайтди ва рация орқали бригадирига бугун ишлай олмаслигини маълум қилди. Кейин уйига жўнади.

Меда эрини эшикдан кириб келганига ҳайрон бўлди, ҳали ҳовлида тонгги маҳал эди-да.

— Нимага қайтдинг?

— Мен ўзим ҳам аниқ билмайман. Раббим менга қайтишимни буюрди, шу учун ҳам мен келдим.

У револьверини ошхона столига қўйди, уни бўлакларга бўлди ва ёғлаб ва уларни ҳар бирини арта бошлади. Деразадан мистер Эндрюсни уйи ёқалаб, уникига келаётганини кўрди. Икки дақиқадан сўнг эшик тақиллади ва мистер Эндрюс овоз берди:

— Миссис Бранхам, воиз уйдами?

Ошхона столида уриниб юрган Меда қўлини фартугига артди-да:

— Ҳа. Киринг, мистер Эндрюс, — деди.

Қўшнилари гўё қамчи еган итни эслатадиган қиёфада, ошхона эшиги орқали ўтди. Кўзлари қизарган, шишган, бурни оқиб, бошидаги шляпаси эзилган, формасини йўқотган эди.

— Салом, воиз, — деди у ғамгин овозда.

— Ассалому алайкум, мистер Эндрюс. Марҳамат ўтиринг.

Мистер Эндрюс Биллининг ёнида ўтирди. Юзидаги ҳар бир ажин унинг асаби бузилганидан далолат берар эди.

— Сен миссис Эндрюс тўғрисида эшитдингми?

— Йўқ. А нима бўлди?

— Унда, воиз, — деди у қалтироқ товуш билан, — у ўлаяпти.

— Менга буни эшитиш жуда оғир, аянчли, мистер Эндрюс. Лекин сизда яхши врач борлигини мен биламан.

— Ҳа, — деди у бурун қоқиб, — лекин ҳар ҳолда бу кўричак эмас экан. Бу уюшган қон экан ва бир неча соатдан кейин у унинг юрагига етиб келаркан. Биз учун ҳозир касалхонага Луисвиллидан мутахассис келди. Уни айтиши бўйича шу уюшган қон юрагига етиб борса, у ўларкан.

— О-о, бу жуда ёмон, — деди Билли. — Менга бу нарсани эшитиш жуда оғир, лекин сизда бу касалликни шифолаш учун яхши врач бор.

Мистер Эндрюс тутина бошлади ва гапиришга қийналиб сўз топар эди.

— Хўш... ҳм...у аҳволи жуда оғир, тушунасанми, ҳам... ҳм... мен билмоқчи эдим, агар... э-э... сен унга ёрдам беролмасмидинг?

— Мен? — Билли қўлини кўксига қўйганча сўради. — Мен ахир врач эмасманку. Мен нима қилишни қандай биламан?

— Хўш... ҳм... биласанми... мумкин, сен унга, анави томондаги аёлга ёрдам бергандинг-ку... миссис Ридга, ўшандай унга сен озроқ ёрдам берасанми, деб мен ўйловдим.

— Буни мен қилмовдим, — тушунтирди Билли

— Раббий Исо, айнан У миссис Ридга ёрдам берди. Мен бўлсам сизни Унга ишонмайсиз деб ўйлабман.

Мистер Эндрюс елка қисди.

— Биласанми, менинг холаларимдан бири, у тепаликларда яшайдигани Масиҳчи эди. Бир куни у Худога сўз берганди, ўша жойдаги воизга йилнинг охирида беш доллар тўлайман деб. Бу пулни тўплаш учун у бировларнинг кийимларини ювар эди, лекин, фақат йил охирлаб қолиб, шу доллар унда бўлмай қолди, холос. Ўша воизнинг келишига бир кун қолганда, у беш центга янги бир бўлак совун харид қилган. Кир ювиш тоғораси устида бош эгиб, ваъдаси устидан чиқмаганлигидан йиғлаган. У фартуги билан кўз ёшларини артган, кейин кўпик чиқиши учун ўша совун бўлагини кир ювиш тахтасига ишқалаб қўлини сувга солган. Совун нима учундир ғалати жарангдор товуш чиқарган. Синчиклаб қараб, ўша бўлак совунга ботган беш долларлик тангани топиб олган. Шу учун, ҳарқалай у Худога берган ваъдаси устидан чиқолган.

— Қандай қилиб тилло танга у ёққа тушиб қолганикан? — сўради Билли, буни жавобини ўзи била туриб.

Мистер Эндрюс бош чайқади, ва деди:

— Мен билмасам. Мен ўзим ҳам шуни тез-тез ўйлаб қоламан.

— Мен айтаман сизга, у қандай у ердан чиқиб қолди. Буни тирилган Исо қилган. У аёл тоза виждон ва юракдаги ҳалол ният билан ваъда берди. У буни уддасидан чиқаман деб ўйлаган. Худо уни ниятига етишига йўл очиб берган.

Мистер Эндрюс бош ирғаб маъқуллади ва деди:

— Мен бир неча бор бу ҳақида ўйловдим. Бу нарса ҳатто менга, Худо борми ўзи ё йўқми, деб ўзимга-ўзим савол беришимгача ундади.

— Мистер Эндрюс, Худо бор.

У одам бошини эгди.

— Сен нима деб ўйлайсан, У менинг хотинимга ёрдам бера оладими?

— Албатта. Мен биламан, У ёрдам беролади.

— Сен у учун ибодат қилолмасмидинг? — мистер Эндрюс ялина бошлади.

— Ҳаммасини бир бошидан қиламиз. Олдин сиз юрагингизни тартибга келтиришингиз керак. Сиз шу ерда мен билан тиз чўкмайсизми, биз биргаликда ибодат қилар эдик?

— Хўш... мен—мен нима дейишни ҳам билмасам керак.

— Мен сизга ёрдам бераман.

Хуллас, улар стулларини столдан суриб қўйдилар ва тиз чўкканча, тирсаклари билан ўринларига суяндилар. Билли ўргата бошлади:

— Чин юракдан айтинг: “Худойим, менга раҳм-шафқат қилгин, гуноҳкорга”.

Улар токи бу суяк-суягигача ўтиб кетган атеист ўз шахсий кўз ёшлари билан Исо Масиҳга ишонишга йўл очмагунига қадар ибодат қилишда давом этдилар. Кейин мистер Эндрюс нам кўзларини артиб, туриб сўради:

— Хўш, воиз, сен ҳозир касалхонага борасанми?

— Ҳа, мен ҳозир бораман.

Меда у билан борди. Улар касалхона палатасига кирган пайт миссис Эндрюснинг аҳволи шунчалик оғир эдики, унинг кўзи қарийб хиралашган ва ҳаётий кучдан маҳрум бўлаёзганди. Унинг юзи шунчалар шишиб кетганидан, улар билан кўп йиллар қўшни бўлиб яшаётган ўша аёлга базўр ўхшар эди. Уни кўриб, Меда йиғлай бошлади. Билли касалхона кровати ёнида тиз чўкди ва ибодат қила бошлади: “Азиз Худовандим, илтимос, миссис Эндрюсга ёрдам бер. Биз ҳаммамиз ночормиз. Врач қўлидан келган ҳамма нарсани қилдиям, шундаям у олдингидай ўлимга кетяпти. Исо, биз биламиз, Сен ўликлардан тирилдинг ва энди хохлаганингни амалга ошириш кучига эга бўлиб, орамизда тириксан. Биз Сендан илтимос қилиб сўраймиз, бу бечора аёлга раҳм қилиб, уни яшашига рухсат бер”.

Билли у ерда миссис Эндрюснинг шишиб кетган қўлларини ушлаганча, бир неча муддат турди.

— Сен бирор нарса кўраяпсанми? — Меда сўради.

— Йўқ, азизам, мен ҳеч нарса кўрмаяпман.

Улар палатадан чиқдилар ва пастга каридор бўйлаб, дераза орқали чақалоқларга қараш учун туғруқхона бўлимига бордилар. Кейин улар миссис Эндрюснинг палатасига қайтишди.

Билли остонадан ўтиши билан, у миссис Эндрюснинг ўз ошхонасидаги духовкадан олма пирогини олаётганини кўрди. Кейин у ўзини, уйининг айвонида ўтирганини кўрди. Миссис Эндрюс уйнинг бурчагидан чиқиб келди ва унга пирогни ҳаммасини олишини сўради. Пирогларни бўлакларга бўлиб, Билли учбурчак бўлакни олди ва уни ея бошлади.

Шундан кейин, шунчалар у бирданига ва яшиндай у йўқ бўлиб қолиб, яна касалхона палатасида ҳозир бўлиб қолди. Медага бурилиб, у деди:

— Азизам, ҳаммаси жойида бўлади. Қайғурма. Худо бизнинг ибодатимизни эшитди.

Ҳамшира тасодифан унинг мулоҳазасини эшитиб қолди ва сўради:

— Муҳтарам Бранхам, сиз бу билан нима демоқчисиз?

Билли унга тушунтирди:

— Миссис Эндрюс уч кундан кейин менга пирог пишириб беради. Агар бундай бўлиб чиқмаса, мен хизматчилик вазифасидан кетаман.

Мистер Эндрюснинг уйига қайтиб, Билли унга деди:

— РАББИЙ ШУНДАЙ ДЕЙДИ: “Хотинингиз соғаяди”. Ҳавотир олманг, мистер Эндрюс.

— Қандай қилиб сен бунчалик ишонасан?

— Худо ўшандагидек, миссис Рид яшайди деб айтган ваҳийдаги каби, худди шундай ваҳий орқали гапирди; ва ҳозир у уйида, яхши аҳволда.

Аммо Билли олма пироги ҳақидаги эпизодни гапириб ўтирмади

Билли Меда билан уйига кетди. Икки соатдан кейин, мистер Эндрюс яна Биллининг эшигини қоқди.

— Воиз, у ҳозир ўлади деб, врач айтяпти Уни томоғи хариллаб қолди.

— Лекин Раббий Исо у яшайди деб айтди, — деб жавоб қилди Билли, уни юпатишга ҳаракат қилиб. — Наҳотки сиз менинг айтганларимга ишонмайсиз?

— Майли, воиз, мен ишонишни хохлайман, лекин врачлар уни бир соатдан ўтмайди, дейишяпти.

— Врачларнинг нима дейишганини ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Қачонки Худо бирор нима деса, бу албатта ижобат бўлади.

Ҳаяжонланган ва ҳар қандай ишончдан айрилганча, мистер Эндрюс касалхонага кетди. Меда миссис Эндрюснинг оғир аҳволини эслаб, эридан сўради:

— Билли, сен ўзинг аслида нима деб ўйлайсан?

— О‑о, бу учун ташвишланма. Худо шундай дедими шу ишни ҳал қилади ҳам. Бу аёл уч кундан кейин мен учун олма пироги пиширади ва мен биринчи бўлакни айвонда ўтирганимда ейман. Агар шундай бўлмаса, унда мен орқали Худо эмас, бошқа гапирган бўлади.

Бир соат ичида мистер Эндрюс қувончдан яшнаб келди ва бақирди:

— Воиз, биласанми, нима бўлди?

Билли энди револьверни бўлакларини йиғиб бўлган эди. У барабанни буради, уни ўтқазди ва револьверни қайтиб қинига солиб қўйди.

— Нима бўлди, мистер Эндрюс? — деб сўради у.

— Ундан ҳамма суюқлик чиқди. У тўшагида туриб ўтирди ва “мен ўлардек очман”, деди. Қачонки ҳамширалардан бири унга озроқ товуқ шўрва келтирувди, у, “мен шўрва хохламайман, менга сосиска ва тузланган карам беринг”, деди. Воиз, улар айтяптики, мен бир неча кундан кейин уни уйга олиб кетсам бўларкан!

Бундан уч кун ўтиб, Билли айвонида ўтирар эди, миссис Эндрюс уйи бурчагидан қўлларида пирог билан чиқди. Билли оёқларини узатиб, ҳали ҳеч қачон емаган, энг ширин олма пирогини зўр иштаҳа билан еди.

Кейинги куни Билли ўзининг янгиланган велосипедини ўн долларга сотди; бу пул айни унинг қарзларини ва ўша ой учун харажатларига етар эди. Раббий у ҳақида ғамхўрлик қилишини билар эди.



Up