Ғайритабиий: 
Уилльям Бранхамнинг ҳаёти

Ғайритабиий:
Уилльям Бранхамнинг ҳаёти

Оуэн Жоргенсен

Саккиз кунлик ибодат навбати

33 bob

1946



ЁЗНИНГ ҚОЛГАН ҚИСМИ, ҳамда 1946 йил кузида Уилльям Бранхам бутун Арканзас штати бўйлаб мунтазам ваъз қилди. Ҳар бир йиғилиш учун ўзига хос “реклама доскаси” бўлар эди ва шу сабабдан, у қаерга тўхтамасин, ҳар сафар омма кўпаяр ва ибодат навбатлари узаяр эди. Билли ҳар кечқурун касаллар учун кечаси соат бир, икки ва тез-тез учларгача ибодат қилиб, ўзидаги бор-йўқ кучни сарфлар эди. У бой берган вақтини ҳиссасини чиқариш учун, ўн йил олдин қилиб қўйган хатосини қандайдир тарзда ювиш учун ўзида кучли хохиш сезди. Худо уни бутунлай Хушхабар воизлиги билан шуғулланишга чақирган эди, у бўлса, бош тортган эди. Кўп йиллар давомида, Билли юқори кучланишли линияларни текшириб ва тузатиб, ўрмонларда яёв юрган эди. Гарчи у ажойиб жисмоний формада бўлса-да, шунга қарамай доимий зўриқиш ва уйқуга тўймаслик, унинг танасига оғир таъсирини кўрсатди. Билли ўзидаги бор кучини сарфлар эди, албатта.

Агар у кундузи яхшилаб ухлаб билса ва кучини тиклаёлса, эҳтимол, ҳаммаси бошқача бўлармиди. Аммо бу нарса камдан-кам бўлар эди. Доим қанақадир муҳим муҳтожлик топилиб қолар ва Биллида уни рад қилишга ва уни қондирмасликка кучи етишмас эди. Масалан, бир куни у Арканзас штати, Корнингеда, пастор Жонсонда ваъз қилди. Хизмат кечаси учда тугади. Черков ёнгинасида яшайдиган пасторнинг уйига келиб, бутунлай ҳолдан тойган Билли, шу заҳоти тўшакка ағанаб қолди. Бир неча соатдан кейин уни телефон қўнғироғи уйғотди. У миссис Жонсоннинг овозини эшитди:

― Сэр, биз ҳозир уни уйғотолмаймиз. Ахир у ҳозиргина ухлаш учун ётди.

Қўнғироқ қилган киши, шубҳасиз, жуда астойдил эди. Ниҳоят, Билли уйқусираб меҳмонхонага кирди ва ҳорғин аҳволда деди:

― Руҳсат беринг, мен гаплашай у билан...

― Салом, Бранхам ака, менинг исмим Пол Морган, ― деди эркак киши чарчаган, лекин қатъий овоз билан. ― Мен сизлардан 112 километр беридаги Уолкат-Рижда округ ёзув-чизув ишларини бажарувчисиман. Менинг ўн икки яшар қизим ўпка яллиғланишидан ўлаяпти. Илтимос, келинг ва у учун ибодат қилинг.

Телефон дераза олдида турганди. Биллининг кўз ўнгида кўча кўриниб турар эди. Булутли кун эди. Юздан зиёд одам кичик-кичик тўда бўлиб, майсазорда давомли майдалаган ёмғирда шалобба бўлган эдилар. Билли улар ўзи билан учрашишни кутаётганликларини билар эди.

― Мистер Морган, агар боролсам эди, хурсанд бўлиб борган бўлардим. Аммо, эшитинг, ҳозирнинг ўзида кўчада оналар турибди ва мен уларнинг болалари учун қачон ибодат қилишимни кутяптилар. Мен қандай қилиб уларни қолдирай ва қизингиз учун ибодат қилишга борай?

― Мен буни жуда яхши тушунаман, ― деди мистер Морган, ― аммо бу оналарнинг болалари ўлим ёқасида эмаслар. Мен топиб билган энг яхши мутахассислар, менинг қизимни яна уч соат умри қолган деб айтяптилар. Бранхам ака, менинг бошқа болам йўқ. Илтимос, унга ибодат қилиш учун келинг.

Ўзининг Шарон Роузи ўлимини эслаб, Билли деди:

― Мен сизникига иложи борича тезроқ етиб бораман.

Қачонки Билли гўшакни осганида, пастор Жонсон эътироз билдирди.

― Бранхам ака, сенга у ёққа бориш мумкин эмас. Сен ўзинг базўр турибсан.

― Мен йўлда боришда, орқа ўриндиқда ухлашга уриниб кўраман.

Жаноб Жонсоннинг автомобили нам йўлдан соатига 110 километр тезлик билан елиб борар, Билли эса бу пайт орқа ўринда гоҳ ухлаб, гоҳ уйғониб, доим у ён – бу ёнига ағанаб борар эди. У ҳеч қулайини тополмас эди. Кўзлари оғрир, боши ёрилгудек эди. Билли ўтириб, бошини дераза шишасига суяди.

Бирдан у териси санчиб ва қулоғи барабанчаларига босим кучаётганини ҳис қилди. Кейин у орқа ўринда ёнида ўтирган Раббий Фариштасини кўриб қолди. Дарҳол уйқуси қочиб, Билли нафаси ичига тушиб ўтирди; кўзлари очилиб қолди, а мушаклари бўлса, қўрқувдан донг қотиб қолди.

Фариштанинг нақ боши устида ўша ғайритабиий нур гир айланар, аниқроғи, ўша нурнинг бир қисми; ахир у машина томидан ўтиб, унинг устида ҳам айланар эди: ярим ичкарида ва ярим ташқарида. Ҳар доимгидек, Фаришта қўлларини кўксида қовуштириб, Биллига жиддий назар ташлади. Бироқ қачон Фаришта гапирганида, унинг овози ҳайрихохлик ва далда берувчи бўлиб эшитилди:

― Пол Морганга айт, РАББИЙ ШУНДАЙ ДЕЙДИ...

Ўз кўрсатмаларини бериб, Фаришта ғойиб бўлди.

Касалхонада Билли ҳали олдин ҳеч қачон кўрмаган нарсани кўрди. Койка олдида туриб, ҳамшира қизчанинг бурнига дамбадам резина маскани қўяр, маска сунъий равишда унинг ўпкаларига кислород ҳайдар эди, ― одатдаги кислород хоначаси энди ёрдам бермай қолган эди. Ҳар бир кислород дозасидан кейин қизча қийналиб бир неча қисқа, чуқур бўлмаган нафас олар эди. Ҳамшира тушунтирди:

― Менга доим унга кислород юборишимга тўғри келади. Фақат шу йўл билан биз унинг ҳаётини сақлаб туришимиз мумкин. У ўзи нафас ололмайди.

Мистер Морган Биллини қучоқлади-да, йиғлаб юборди:

― Бранхам ака, мен солиҳ яшашга ҳаракат қилдим. Мен билмайман, нима учун Худо мендан қизчамни олаяпти.

― Морган ака, ҳавотирланма, ― уни юпатиб деди Билли. ― Қўрқма. Менда сен учун Раббимдан сўз бор. Лекин аввал мен сенинг қизинг учун ибодат қиламан.

Қизчага қўл қўйиб, Билли Худодан Исо Масиҳ Исми ҳақи уни шифолашни сўради. Ҳамшира яна резина маскани қўймоқчи бўлганида, Билли қўлини чўзди ва уни тўхтатди. Ҳавотирли кутиш онлари бошланди. Тез орада қизча ўзи пастгина нафас олди. Ҳамшира Биллига савол назари билан қаради. Билли унга кутиб туришини ишора қилди. Қизча ўзи навбатдаги нафасни, а кейин бошқасини олаверди. Бир минут ичида, кислород маска бошқа керак эмаслиги равшан бўлди.

Билли қизчанинг ота-онасига бурилди-да, деди:

― Кўплаб мутахассислар сизнинг қизингизни ўлади дейишди, аммо РАББИЙ ШУНДАЙ ДЕЙДИ: “Мистер Морган, сенинг қизинг соғаяди”. Ва мана сенга Раббийдан сўз (буни умрингда ҳар куни эсла): “Тиниқ сувлар олдинда оқади”.

Гарчи Билли хизматдан олдин дам олишга улгурмаган бўлса-да, у барибир кун бўйи шунақа касалларни кўриш имкониятини бой бермади. Ахир уч кундан кейин Пол Морганнинг қизи шунчалик тузалдики, у мактаб машғулотларига қайтди.

БИРОЗ ВАҚТ ЎТИБ, 1946 йил кузида, Билли бунақа катта зўриқишга доим чидаёлмаслигини англади. У Арканзас штати, Жонсборода режалаштирган саккизта кечки хизматни ўтказишга, кейин эса ўзига қисқагина таътил уюштиришга қарор қилди.

Жаноби Рид Жонсборо кампаниясини кўплаб маҳаллий черковлар билан биргаликда молиявий томондан таъминлади. Ўз кучлари билан шаҳардаги энг катта аудитория ижарага олинди. Бироқ ҳамма келганларни жойлаштириш учун ўринлар барибир ҳам етмай қолди. Кўп минглаб одамлар тўдаси жанубий штатлардан ва Ўрта Ғарбдан оқиб келаверди. Жонсборо атрофидаги 80 километр радиусда меҳмонхона ва мотелларда ҳеч бўлмаса битта бўш номер топишнинг иложи йўқ эди. Агар ётиш учун яна бошқа қандайдир жой тополмасалар, одамлар палатка-чодирда, юк машиналари остида ёки ўз машиналарида ухлашар эдилар. Маҳаллий газета хабарига кўра, бу одамлар оммаси салкам 28 000 кишини ташкил қилган эди. Йиғилиш бошланган пайтда минглаб одамлар аудиторияга киришга эришолмадилар; улар ташқарида, кириш умидида туришар эдилар.

Билли Жонсбородаги биринчи йиғилишини оддийгина дўстона саломлашиш билан бошлади:

― Агар сизда бирор муҳтож пайдо бўлиб қолса, менга қўнғироқ қилсангиз бас ва агар мен келолсам, мен ҳар қандай об-ҳавода сизникига келаман. Ёкида, агар сиз Индиана штати, Жефферсонвилли яқинларида бўлсангиз, меҳмонга келинг. Мен черковим ёнида, Саккизинчи ва Пени кўчалари кесишган жойда яшайман. Мен сизларни севаман ва мен сизга ёрдам бериш учун қўлимдан келган ҳаммасини қиламан.

Кейин Билли дадил қўшиб қўйди:

― Мен шу ҳафта ўтиб, Арканзасда бир неча вақт бўлмас эканман, мен тўппа-тўғри шу кафедврада, ибодат навбатидаги охирги одам ўтмагунича турмоқчиман.

Шу вақт Билли платформа яқинидаги олдинги қаторлардан бирида бир аёл унга қаттиқ қўл силкитаётганлигини билиб қолди.

― Опа, мумкин сизга нима биландир ёрдам бероламанми? ― сўради у.

― Наҳотки сиз мени таниёлмайсиз? ― деди у, юзи тўла жилмайганча.

― Йўқ. Сизни танимасам керак.

― Сиз мени охирги марта Литл-Рокда кўргандингиз. Менга оёқларим қонталаш бўлганлигини ва мен ақлдан озганлигимни айтиб беришди.

Шунда Билли уни таниди. Бу ўша, Литл-Рокдаги йиғилишлар ва бошқа тадбирлар ўтказиладиган ертўла хонасида ибодат қилган ўша аёл эди. Бор йўғи бир неча ой олдин у шунчалик ақлдан озган эдики, орқа ўриндиқда ўтириб, тез ёрдам машинаси деразаларини чиқариб юборган ва ертўла полида орқаси билан судралганди. Энди бўлса эри ва тўрт боласи билан бемалол ўтирган эди. Унинг эри гувоҳлик берди:

― Сен у учун ибодат қилганингдан кейин, у психиатрия шифохонасигача машинада жим ўтирди. Уч кундан кейин уни мутлақо соғ деб тан олишди ва уйга қайтишга рухсат беришди.

Хизмат шундай ажойиб гувоҳлик билан бошланганидан, самовий дуолардан лаззатланган тинловчилар имони юксакликка парвоз қилди. Улар Биллининг қўлидаги аломат касалликларни ғайритабиий равишда қандай аниқлаётганини кўрдилар ва Биллининг тинчгина ибодати қандай қилиб вазиятни ўзгартираётганини ҳайрон бўлиб кузатиб турдилар. Тез орада мумкин бўлмаган нарсалар, мумкин бўладигандай туюлди. Биллидан ўнг томонда тизилиб, одамлар, гўё қуримайдиган дарёдай, олдинга ибодат учун оқиб келишаверди. Одам учун ибодат қилиши билан у бориб ўтирар, унинг ўрнидан эса бошқа бир киши туриб, навбат охирига борар эди. Одамлар бу паст бўйли одам ёнида, платформада бошқа биров эмас, Исонинг Масиҳнинг Ўзи турганлигини сезишар эди ва ҳар бир киши Масиҳ борлиғига кириш учун ўз навбатини кутишни истар эди.

Йиғилишнинг давом этиш вақти белгилаб қўйилмаган, шунинг учун уларнинг охири кўринмас эди. Билли кечаси билан касаллар учун ибодат қилди, ҳар замон апельсин шарбатидан ичиш учун тўхтаб олар эди. Баъзан, эрталабга яқин у кафедра ёнида бир неча соатгина мизғиб олар эди. У яна уйғонган пайтда, орган чалувчи аёл олдингидек, “Ишон, фақат ишон, Худога ҳамма нарса мумкин, ишон, фақат ишон!” деган куйни нозик чалиб турган бўлар эди, ибодат навбатидагилар эса, олдинги жойида турар ва навбатдаги киши эса, унга қачон ибодат қилишини кутиб турар эди. Билли тўғри кафедранинг ёнгинасида оғзига овқат солар; шу тартибда у касаллар учун кун бўйи ибодат қилар эди. Кимки биринчи кунги йиғилишга, аудиторияга бахти чопиб киролган бўлса, энди кетгиси келмасди. Улардан кўплари кундан кунга ўз жойларида ўтиришар, оч қолишсалар, кимнидир кўчага гамбургер олиб келишга жўнатишар эди. Улар шу билан бирга, дўстларига ва қариндошларига қўнғироқ қилишар ва ўзлари гувоҳи бўлган ҳайратланарли Илоҳий ҳаракат ҳақида айтиб бериб, уларни бу мўъжизаларни ўз кўзлари билан кўришга ундашар эди. Табиийки, бутун ҳафта мобайнида, Жонсборога янада кўпроқ одамлар келишди. Аудиториядан ташқаридаги одамлар, кираверишдаги узун чалкаш навбатда сабр-тоқат билан ичкарига кириш умидида кутишар эдилар. Қачонки аудиториядан одамлар ташқарига турганларга киришга имкон бериб, ташқарига чиқишар экан, навбат секин, жуда-жуда аста олдинга юрар эди. Аммо, ташқарида турганлардан фақат озроққинасигина, ҳатто ҳафта ўртасида ёмғирли кунлар бошлангандагина ўз жойидан кетишди.

Кундузи ҳам, кечаси ҳам Билли касаллар ва дардманларнинг чексиз навбати учун ибодат қилаверди. Мўъжизалар ҳам худди шундай чексиз оқим билан “оқиб келаверди”. Бир куни эрталаб соат тўртларда, 35 яшар аёл Биллининг олдига чап қўлидаги дастрўмоли билан бурнини бекитганча келди. Билли уни йиғлаяпти деб ўйлади. У уни ўнг қўлини чап қўлига олди ва тебраниш унинг касалини топди.

― Леди, сизда рак, шундай эмасми? ― сўради у.

Аёл чап қўлини юзидан олди. Унинг бурни умуман йўқ эди, чунки уни рак бутунлай емирган эди.

― Сиз ишонасизми? ― сўради у.

Аёлнинг овози ноиложлигидан қалтиради:

― Бранхам ака, мен ишонишим лозим! Бу менинг ягона умидим.

― Унда, опа, мен сенга ёрдам бероламан. Фаришта мени учратганида, агар мен самимий бўлсам ва шундай қиламанки, одамлар менга ишонишади, унда ҳеч нарса менинг ибодатим олдида туролмайди, ҳатто рак, деган эди.

Исо Масиҳ Исми ҳақи ибодат айтиб, Билли бу ўлимга маҳкум бўлган аёлнинг мушкул аҳволини ҳис этди. Бирпасда, қўлидаги тебраниш йўқолди ва тушундики, аёл шифоланди113.

113Бир неча ойдан кейин Билли Техас штати, Тексаркана шаҳрида хизмат ўтказди. Бир аёл олдинга чиқди ва деди:

― Бранхам ака, сиз мени танияпсизми?

― Йўқ, опа, сизни танимасам керак, ― жавоб берди Билли.

― Эслайсизми, Жонсборода сиз бир аёл учун ибодат қилгандингиз, унинг бурнини рак бутунлай еяёзганди?

Шунда Билли эслади.

― Сиз ўша аёлмисиз, бўлиши мумкин эмас!

― Ҳа, бу мен, ― у жавоб берди. ― Нафақат рак йўқолди, кўриб турганингиздай, бурним ўсди.

Жонсборода ташкил қилинган кампаниянинг охирги, саккизинчи кечаси Билли вокзалга бориш учун ва хотинини кутиб олиш учун тирик навбатни бироз тўхтатиб қўйди. Улар бир неча ойлаб кўришмаган эдилар. Хотини унинг охирги оқшомги йиғилишида бўлиш учун ва кейин бирга орқага, Билли яхшилаб дам олиши учун Жефферсонвиллига жўнаш учун келган эди. Ахир у дам олишга жуда ҳам муҳтож эди.

Йиғилиш жойига қайтиб, улар бир неча квартал берига тўхташга мажбур бўлдилар. Бу ерда кўчалар ва автотураргоҳлар енгил машиналар, юк машиналар, велосипедлар ва чодирлар билан лиқ тўла эди. Билли ва Меда аудитория жойлашган бинога келдилар. Ниҳоят, Меда ташқарида кутиб турганларнинг катта тўдасини кўрди; уларнинг кўплари бошлари узра шовуллаб ёғаётган ёмғирдан пана қилиш учун, қўлларида газета кўтариб туришар эди. Гарчи Билли бу ҳақида телефонда айтиб берган бўлса-да, у бунақасини ҳеч ҳам кутмаганди.

― Билли, бу барча одамлар сени эшитиш учун келганларми?

― Йўқ, ― у жавоб берди, ― улар Исони кўргани келганлар

Меда астагина унинг қўлини олди ва куйлади:

Улар узоқлардан келадилар

Шарқдан ва Ғарбдан.

Меҳмонлардай, ер юзи мусофирлари келадилар

Подшоҳ Масиҳ байрамига.

Билли унга қўшилиб хониш қилди:

Унинг сиймосига қарайдилар

Юзларида нур ёғилиб

Ва меҳр нурларида порлайди,

Гўёки Унинг тожидаги тошлардай.

Билли жуда унчалик ашулачи эмас эди, ― унинг овози озроқ хириллаб чиқар эди ва у куйга қўшилолмас эди, аммо у куйлашни севар эди. Меда билан бирга нақоратни куйлади:

Исо билан мен шундай бахтиёрман,

У мени озод қилди...

Уларни бир гуруҳ ёрдамчилар кутиб олишди ва тиқилинч одамларнинг орасидан бинога ўтишга ёрдам беришди. Билли ичкарига кирувдиямки, унга кўк шапкаси билан силкиб, ўзига қаратмоқчи бўлаётган эркак кишини пайқади. Билли унга яқинлашди ва сўради:

― Сэр, сиз мени чақиряпсизми?

Эркак киши шапкасини қўлида асабий қисиб сўради:

― Бранхам ака, сизми?

― Ҳа. Лекин менга бу ерда ким учундир ибодат қилиш мумкин эмас, бўлмаса қий-чув бошланиб кетади. Агар сиз ибодат навбатига турганингизда эди, унда мен...

― Йў-ўқ, мен учун эмас, ― эркак киши тушунтирди. ― Мен ― тез ёрдам ҳайдовчисиман. Бугун мен Миссури штатидан қари аёлни олиб келдим, у жуда оғир касал. У менинг машинамда, ўлим ҳолатида ётибди. Мумкин, у ҳатто ўлгандир ҳам. Мен ҳеч қаердан врач ҳам тополмайман ва билмайман, энди нима қиламан. Сиз уни олдига боролмайсизми?

― Сэр, агар уни ўлган десам, ҳеч ким ишонмайди. Сиз дафн бюросига қўнғироқ қилишингиз керак.

Ҳайдовчи уни бор кучи билан кўндира бошлади.

― Илтимос, мен билан чиқинг. Унинг эрини асаблари ҳам бўлгани бўлди, мумкин, ҳеч бўлмаса, сиз уни юпата биларсиз.

Билли бу тез ёрдам машинаси қаерда турганлигини билар эди. Йўл полицияси тез ёрдам машиналар учун махсус жой ажратган эди

― Аниқроғи, мен ҳатто бу аёлгача боролмасам ҳам керак. У тез ёрдам машиналари билан орамизда, тахминан икки минг киши бор.

― Биз сизга ёрдам берамиз, ― тўртта ёрдамчилардан бири таклиф қилди.

Хуллас, Билли рози бўлди. Улар жуда қийналиб, доим кечирим сўраб, ниҳоят, одамлар орасидан ўтиб, бордюрда турган бутун бир қатор тез ёрдам машиналарига етиб бордилар. Тўртта ёрдамчи ташқарида қолди, Билли билан ҳайдовчи бўлса, эшикни очиб, машинага кириб олишди. У ерда тиз чўкиб, ажин тушган беҳол аёл устида эгилиб, қари одам турар эди. Унинг куйлаги ямоқланган, коржомаси ― ранги ўчган, ботинкаси таглигидан пайпоғи кўриниб турар эди. Чарчаган юзи бир ҳафтадан бери қирилмаганидан, соч-соқол билан қопланган эди. Мусофиргина бўлиб, у ҳар замон – ҳар замон аёл танасига эгилиб йиғлар эди:

― О-о, онажон, онажон, сен нега мени ташлаб кетдинг?

Одамгина қўлларида сомон шляпасини қисди ва Биллида отаси ҳақидаги хотиралари уйғонди.

― Нима бўлди, сэр?

― Сиз врачми? ― қария кўзини кўтариб сўради.

― Йўқ. Мен ― Бранхам ака.

― О-о, Бранхам ака!.. Бечора онажони, ― деди у ва яна койкада қимирламай ётган аёлга қаради. ― У ўтди, ҳа, бу аниқ. У ҳозиргина нафас олмай қўйди. У ўлими олдидан сизни кўришни жуда истаган эди. У жуда яхши хотин эди, менинг болаларимни ўстирди, мен билан ёвонда елкама-елка омоч ҳайдади ва менга ҳаётда, ҳар бир қадамда ёрдам берди. Бир неча йил бурун у аёллар органлари бўйича рак билан оғриди. Биз уни Сент-Луисга, врачлар уни операция қилишлари учун олиб бордик, лекин бу умуман ёрдам бермади. У борган сари ёмон бўлаверди.

У яна Биллига қаради ва унинг овозида аччиқ ачиниш эшитилди:

― Бугун эрталаб биз радиодан, бир одамни ўн йил кўр бўлганини ва сизнинг ибодатингиздан кейин у бутунлай шифоланганлигини айтиб берганини эшитдик. Мен ўйладим, биз билан ҳам шундай мўъжиза бўладимикин деб. Пул бизда умуман қолмади, чунки мен бор йиққанимни операцияга сарфлагандим. Бироқ мен бордимда, бир нечта у қовиган кўрпани олдим ва у тайёрлаган бир неча банка ежевикани сотдим ва уни Жонсборога олиб келиш учун тез ёрдам машинасини кира қилдим.

У яна хотинига ачиниб қаради.

― У ҳозир ўлди ва мен ҳатто билмайман, усиз нима қиламан. Мен жуда ёлғиз қолдим!

Билли уни қўлидан келганча овутишга уринди:

― Майли, отахон, сиз учун қўлимдан келгани, ― бу ибодат қилиш.

Билли аёлнинг ўлик ёки тириклигини ҳам билмасди. У шак-шубҳасиз мурдага ўхшаб кўринар эди. Тез ёрдам машинаси ҳайдовчиси унинг оғзидаги сунъий тишларини чиқариб олди ва унинг лаблари бир-бирига ботиб кетди. Унинг кўзларида лойқа сувни эслатадиган рангдаги ёш бор эди. Билли унинг пешонасига текканида, у совуқ ва ёпишқоқ экан. Чап қўли билан унинг ўнг қўлини олиб, унда пульсни қидира бошлади, аммо ҳеч қандай пульс сезмади. Билли чап қўлида рак туфайли бўладиган ҳеч қандай тебранишни сезмади, бу унинг ўлимига қўшимча далил-исбот бўлди.

Билли бош экканча, бемалол ибодат қилди: “Қадрдон Раббий Исо, Сендан ўтиниман, мана шу акага раҳминг келсин; унга ёрдам бер ва уни дуо қил. Ва бу аёлга, шундай олисдан келиб, имон билан у...”

Биллига гўё аёл унинг қўлларини сиққандай туюлди. Кўзини очиб, у аёлнинг юзига диққат билан қаради. У аввалгидай мурдага ўхшаб кўринар эди. Унга шундай туюлгандир, ёки мурданинг мускуллари қисқаргандир, холос. Билли кўзини юмди ва бошлаган ибодатини давом эттирди, лекин бир неча дақиқа ўтиб, у яна қўлини қисганини сезди. Бу сафар у аёлнинг тирилганини билган эди. У кўзини очди ва бошқатдан унинг юзларига қарай бошлади. Унинг пешонаси тиришди. Кейин у кўзини очди ва Биллига термулди.

Билли бир сўз ҳам демади. Қария одамнинг ҳалиям кўзи юмуқ эди; қўлларини букканча, юзи юқорига қараб турар эди. Аёл бошини озгина кўтарди ва Биллидан сўради:

― Сиз кимсиз?

― Мен ― Бранхам ака.

Қария бирдан бошини бурди, у ёқ – бу ёққа қаради ва жуда ҳайрон бўлганидан, қичқириб юборди:

― Онажон!

Уни қучоқлаб қувонганидан, ҳўнграб юборди ва яна бақирди:

― Онажон! Онажон!

Аёлнинг рангпар юзига қон югурди, Билли бўлса, чап қўлида ҳалиям рак туфайли бўладиган тебранишни сезмади. Бу касал йўқ бўлган, дегани эди114.

114 Билли бу аёл билан саккиз йил ўтиб кўришди. 1954 йилда у бақувват, соғлом ва ўзини жуда яхши ҳис қилар эди.

Бобойчанинг қичқиргани машина яқинида турган айрим одамларнинг диққатини ўзига тортди ва улар юзлари билан дераза шишаларига тиқилишдилар. Ҳайдовчи Биллига деди:

― Сизни билиб қолдилар! Энди сизни бинога қайтишингиз қийин бўлади.

Ҳайдовчи ҳақ эди ва буни Билли ҳам жуда яхши англаб турарди. Йиғилиш залидан чиқаётганда, Билли ҳеч нарсадан хавотирланмас эди, чунки ташқаридагилардан ҳеч ким у қандай кўринишини билишмасди. Бироқ улардан кўплари кўп кунлардан бери кўчада, қачон ибодат учун ичкарига кириш мумкин деб, кутишар эдилар. Билли улар орасидалигини билишлари биланоқ, бу янгилик одамлар орасида шамолдаги оловдай тарқалиши мумкин эди. Унда Биллига одамлар орасидан яна қайтиб залга кириш, ҳақиқатан ҳам қийин бўлар эди.

Бирдан унга бир фикр келди ва у ҳайдовчига деди:

― Агар сиз у деразага орқа қилиб, курткангизни аста-секин ечсангиз, шунда ташқаридан ичкарида нима бўлаётгани кўринмайди. Мен бўлсам, бу вақтда бошқа эшикдан чиқиб олишга улгураман. Менга асосийси ― бу ердан билдирмасдан чиқиб кетиш. Кўчадаги одамлар барибир мен қандай кўринишимни билишмайди. Мен халқни ёнидан айланиб ўтаман ва автотураргоҳни охиригача етиб оламан.сизлар эса ёрдамчиларга мени ўша ерда кутишларини айтасизлар. Уларнинг ёрдамисиз бундай одамлар тўдасидан залга ўтолмаслигим аниқ.

― Мен уларга бу ҳақида айтаман, ― деди ҳайдовчи ва ташқаридан бир неча киши юзини тутган деразага орқасини ўгирди.кейин у қўлларини чўзиб, аста-секин қўлини курткаси енгларидан чиқарди ва у билан дераза шишаларини яхшилаб бекитди.

― Тезроқ боринг, ― деди у Биллига

Билли бошқа томондаги эшикдан астагина чиқиб олди ва тез ёрдам машиналари қатори бўйлаб, то автотураргоҳ охирига етиб олганча, шошила-шошила юриб кетди. Бир неча минг эркак, аёл ва болалар бино орқа эшиги атрофида тўпланишиб, прожектор ёруғида, шивалаб ёғаётган ёмғир остида ҳўл бўлиб туришар эди. Бу одамлардан ҳеч ким Биллини аввал ҳеч қачон кўрмаган эди. Шунинг учун, ёрдамчилари кўмагини кутиш ўрнига, Билли одамлар тўдаси орасидан ўзи ўтмоқчи бўлди.

― Бас қилинг, кўп тиқилаверманг, ― кескин хирилдоқ товуш янгради.

― Мени кечирасиз, ― деди Билли ва яна олдинга ўтишга уринди.

Баланд бўйли, афти-ангори қўпол одам у билан юзма-юз қараб гаплашиши учун унга қаради.

― Мен айтдим-ку, ахир: “Тиқилаверманг, бас қилинг!” ― ўшқирди у.

― Ҳа-ҳа, сэр, ― ҳайиқибгина деди Билли. ― Мени кечирасиз.

Орқага, тўда четига бораётиб, у энди нима қилишни ҳам билмасди. Ёрдамчилар ҳам ҳеч қаердан кўринмасди. Бирдан у аёл кишининг:

― Дада! Дада! ― деб қичқирганини эшитиб қолди.

Билли бу қичқириқ қаёқданлигини излай бошлади ва оқ танли одамлар тўдаси орасида тиқилиб юрган, ўн етти ёшлардаги қора танли қизни кўриб қолди. У кўзи ожиз эди: унинг кўзлари катаракта туфайли оппоқ эди. Оқларни қора танлилардан ажратадиган “Жим Кроу Қонуни” ўз кучида эди ва бу яқин атрофдан ҳеч ким бундай оғир аҳволдаги қизга ёрдам бериш истагини билдирмас эди.

Қиз тўда орасидан пайпаслаб, Билли томон келаётганди. У бўлса, бу вақтда тўдани ёнидан айланиб, қизнинг йўлини кесиб ўтаётган эди. Тезда улар тўқнашишди.

― Кечиринг, илтимос, ― деди у, ― мен кўрман. Мен дадамни йўқотиб қўйдим. Сиз менга Мемфисдан келган автобусни топишда ёрдам беролмайсизми?

Билли автотураргоҳ охиридаги автобусларнинг узун қаторига қаради.

― Ҳа, мен ёрдам бероламан, ― деди у. ― Сен нима қилиб юрибсан бу ерда?

― Биз дадам билан шифоловчи билан учрашиш учун келувдик, ― жавоб берди у.

― А сен қандай қилиб у ҳақида билдинг?

― Бугун эрталаб радиодан бир одамнинг чиқишини эшитдим ва у кўп йиллар давомида бир сўз ҳам айтолмагани, ҳозир эса гапира билишин айтиб берган эди. Бошқа киши ўн икки йил кўрлиги учун нафақа олгани, ҳозир эса шунчалик яхши кўра олганидан Библияни ҳам ўқиётганлигини айтиб берди. Шу учун менда яна кўраоламан деган умид пайдо бўлди. Мен ҳали ёш бола эдим, кўзларимда катаракта пайдо бўлди. Врач, мен катта бўлганимда, у уни олиб ташлай билади, деб айтувди; аммо энди бўлса, мен катта бўлганимда, у менга, катаракта кўриш нервлари атрофларини ҳам қоплаганини ва у операция қилолмаслигини айтди. Шу учун, агар мен шифоловчи билан учрашмасам, менга шифоланишга ҳеч қандай имконият қолмайди. Лекин бугун охирги оқшом у бу ерда бўлади, а биз дадам билан ҳатто бинога яқин ҳам келолмадик. Ва мана энди, мен дадамни йўқотиб қўйдим ва ҳатто автобусга ҳам қайтиб боролмайман. Барака топгур, жаноб, илтимос, менга ёрдам беринг.

― Яхши, мен ёрдам бераман, аммо олдин сендан шу айтаётган шифокоринг ҳақида суриштириб олмоқчиман. Наҳотки сен Худо Фариштасини юборганига ва шу кунларда одамларни шифолаётганига ишонасан?

― Ҳа, мен ишонаман.

― Атрофларда шунча яхши врачлар ва касалхоналар бўлишига қарамай, сен бунга ишонаман, демоқчимисан?

Биллига шу тарзда унинг ожизлигидан фойдаланаётганидан бироз уятли бўлса-да, лекин у қизнинг имонини текширмоқчи эди.

Жавоб бериш учун қиз кўп тараддудланиб ўтирмади.

― Бу врачлардан бирортаси ҳам менга ёрдам беролмади. Агар сиз мени қўлимдан ушлаб ва ўша шифоловчига этсангиз, унда мен дадамни ўзим топиб оламан.

Билли бошқа яширинолмади

― Синглим, мумкин, сен учратишинг лозим бўлган одам мен бўлсам керак.

Қиз Биллининг курткаси ёқасидан ушлади ва шундай сиқдики, гўё исканжада ушлагандай тутиб олди.

― Сиз шифоловчимисиз? ― сўради у.

― Йўқ, мен ― Бранхам ака, воиз. Исо Масиҳ шифоловчидир. Энди, агар сен менинг кийимимни қўйворсанг...

У қизнинг қўлларини пинжаги ёқасидан узиш учун унинг билагларидан олди. Қиз унга бор кучи билан тармашди. У Биллини ушлаб олган ва ҳатто қўйворишни ҳаёлига келтирмас эди.

― Раҳминг келсин менга, Бранхам ака, ― у ялинди.

― Синглим, марҳамат қилиб, сен учун ибодат вақтида қўлингдан тутишга қўйгин, ― деди Билли ва қизнинг бир қўлини уддалаб ёқасидан ажратиб олди. Ибодат пайтида у қўли бўйлаб катарактадан тебранишни қандай кўтарилаётганини сезди. “Қадрдон Исо, бир куни Сен эски қўпол хочни шовқин-сурон кўчадан судраб боргандинг; Сенинг елкаларингдан қон оқар эди, Сенинг ғарибгина ҳолдан тойган тананг оғир юк остида гандираклар эди. Қора танли Симон115 деган Киринеялик116 одам Сенинг олдинга келди, хочни кўтарди ва уни Сенга этишга ёрдам берди. Ва мана ҳозир Симон қизларидан бири бу ерда, қоронғида гандираклаб бораётибди. Мен ишонаман, Сен тушунасан...”

115 Матто 27:32; Марк 15:21 Луқо 23:26

116 Киринея ― Шимолий Африкадаги Киринея вилояти пойтахти, Мисрдан ғарброқда жойлашган. Олдин у эрамиздан олдинги 631 йилда асос бўлган юнонлар колонияси эди. Уилльям Бранхам бу негр қизни “Киринеялик Симон қизи” деб атади, чунки Симон ҳам қоратанли эди. (Тарж.)

Қиз сапчиб тушди.

― Ҳозиргина мендан нимадир ўтди, ― деди у қалтираб. ― Мен кўзларимни шундай яхтай бўлганини сезяпман.

Билли қўлларида титроқни тинчланганини сезди; ёвуз руҳнинг ҳаёти ҳозиргина катарактадан чиқди.

― Синглим, кўзларингни бир неча дақиқага юмгин. Мана шу холос. Катаракта йўқолади. Ҳозир кўзинг очилади. Бу ҳақида ҳеч нима дема, бўлмаса мени таниб қоладилар. Мени шу ердалигимни одамлар кўришларини истамайман. Энди аста-секин кўзингни оч. Исо сенга кўришни ато қилди.

Унинг қовоқлари пирпиради ва очилди. У юқорига қаради ва ҳайрон бўлди.

― А бу фонарларми?

― Ҳа. Сен уларни санаб биласанми?

― Улар тўртта. А бу одамларми, ўтаётган?

Билли жавобга улгурмай, у овози борича қичқириб юборди. Нигоҳлар у томонга ўгирилди. У яна қичқираверди:

― Худога шукур! Мен кўряпман! Мен кўр эдим, лекин ҳозир мен кўраяпман!117

117 Кўп йиллар ўтиб, Билли бу аёл билан учрашиб қолди. У официант бўлиб ишлар эди ва у ўша Жонсборода, 1946 йил Арканзам штатида шифоланган кунидан бери кўзи билан ҳеч қандай муаммо бўлмаганлигини айтди.

Одамлар Билли билан қиз томонга кела бошлашди. Худди шу пайт бино бурчагидан ёрдамчилар гуруҳи чиқиб келди. Улар Биллини кўриб қолишди ва унга ёрдамга шошилдилар. Улар Биллини олиб кетишларига улгурмай, таёққа суяниб турганча, оёғи қийшиқ одам қичқириб қолди:

― Мен биламан, сен ― Бранхам акасан. Менга раҳминг келсин. Мен шу ерда саккиз кундан бери турибман. Уйимда бешта болам, ўзим ногиронман. Мен ишонаман, сен – яхши йигитсан. Агар сен мен учун Худодан сўрасанг, У буни бажо қилади.

Билли деди:

― Унда Исо Масиҳ Исми ҳақи, менга таёғингни бер.

Оқсоқ одам зиғирча ҳам шубҳаланмай, ўзининг қўлбола таёғини берди. Худди шу заҳоти унинг қийшиқ оёғи тўғриланди ва нормал ишлай бошлади. Ботинкасини асфаътга шалп этиб уриб, одамгина қичқирди:

― Мен шифоландим! Мен шифоландим!

Омма олдинга тўлқинланиб интилди. Биллини тўсиб олган тўртала ёрдамчи бор кучлари билан одамлар орасидан аудиторияга ёриб ўтишаркан, бу вақтда яқинроқда турган одамлар, яқинларидан ўтаётган пайтда унинг фақат кийимига тегиш учун талпинар эдилар. Биллининг костюми ямоқ солинган эди, лекин улар учун бунинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ эди.



Up