Ғайритабиий: 
Уилльям Бранхамнинг ҳаёти

Ғайритабиий:
Уилльям Бранхамнинг ҳаёти

Оуэн Жоргенсен

Босворт билан танишув

41 bob

1948



1948 ЙИЛ ЯНВАРИ ЎРТАЛАРИДА, Уилльям Бранхамга бундан ўн ой бурун Калифорния штатининг Лонг-Бичида учрашган ўспирин ваъзхон Кичкина Давид Уолкер қўнғироқ қилди.

― Салом, Бранхам ака! Мен Флориданинг Майамисидан қўнғироқ қилаяпман. Мен ҳозиргина шу ерда икки ҳафталик уйғониш йиғилишларини бошладим ва ҳаммаси муваффақиятсиз.

― О-о, а гап нимада?

― Менда 2500 киши сиғадиган чодирим бор, аммо ҳар оқшом шу моментда озгина одам келади. Жуда ноқулай аҳволдаман.

― Ажабланарли.

Бу йигитчани қанчалик усталик билан ваъз қилишини билган Билли, Кичкина Давиднинг йиғилишига одамлар кам келишидан ҳайрон бўлди.

― Одамларнинг келмаслигига нима сабаблигини тушуняпсанми ўзи?

― Мен ўйлашимча, бу ерлардаги черковлар раҳбарлари ўртасидаги шубҳа ва ҳасад бўлса керак. Менинг келишимни эшитишлари билан, шаҳардаги ҳар бир черковда бирданига ўз “ваъзхон бола”лари пайдо бўлди. Ишонишим қанчалик қийин-у, лекин ҳар куни Майами газеталарининг биринчи иккита саҳифалари уйғониш хизматлари ўтказаётган барча “ваъзхон бола”лар ҳақидаги рекламалар билан тўлиб кетган. Агар уларнинг одамларидан кимдир мени эшитишга келса, улардан ажралиб қоламан, деб қўрқаётган бўлишлари керак.

― Аттанг-а! ― деди, черков раҳбарларидаги арзимас куйиш уларни қанчалик таъқиб қилиб юришини билган Билли. ― Масиҳчилар Масиҳ муҳаббати билан жипслашолмаслиги жуда ҳам ёмон.

― Шубҳасиз.

Кичкина Давид озроқ жим қолди ва кейин қўнғироқ қилганининг ва суҳбатининг бош сабабига ўтди.

― Бранхам ака, сен Майамига келолмайсанми ва ёрдам қилолмайсанми?

― Албатта, бораман.

Жанубга жўнаётган навбатдаги поезднинг ўзида, Билли узоқ сафар учун яхшилаб ўтириб олди.

Теннесси штатидан ўта туриб, у Раббий Фариштаси яқинлашганини сезди. Қўрққанидан Биллининг энсасидаги сочлари тикка бўлди. Ўтган бир йил-у тўққиз ой давомида Фаришта билан бир неча марта учрашганига қарамай, у унинг ғайритабиий келишига кўниколмасди, холос. У ваҳийга кириб боришини сезган сайин, Биллидаги қўрқув тарқалиб кетаверди. Тез орада йўловчилар вагони кўринмай қолди...

Билли қараса, ям-яшил кедрлар ва бир биридан баланд қояларнинг узоқ занжири билан тўлиб кетган тепаликлар ўртасида турибди. Йўл ёқасида қимирламай ётган саккиз-ўн ёшлардаги бола унинг диққатини тортди. У дабдала бўлган ва ўлган кўринарди. Билли унга анча яқин келди ва унинг юз ифодасига синчиклаб қараёлди: япалоқ бурун, қўй кўз (жигарранг кўзлар), долчин рангли сочлари худди қўлидан келмайдиган одам уни текислагандай нотекис олинган эди. Бола чет элликларникига ўхшаш, эскирган кийим кийиб олган эди: пайпоғи тиззагача ва катта-катта мис тугмалари баланд белигача ўтказилган бриджида142 эди. У ерда автомобил ҳалокати бўлиб ўткан бўлиши керак, чунки боланинг юзи қирилган ва дабдала, а кийимлари бўлса, йиртилган эди. Битта ботинкаси ҳали ҳам оёғида боғланган, лекин бошқаси кўринмади. Билли болада ҳеч қандай тириклик белгисини кўрмади.

142 Бриджи — тиззагача тортиладиган тор кийим, одатда этик ичига тиқилади [авваллар от минганда кийилган]; худди шундай, тиззагача бўлган спорт шими ҳам бўлади. (Тарж.)

Бу ҳаммаси нимани билдиришини тушунмаган бир пайтда, Раббий Фариштаси унга ўнг томондан яқинроқ келаверди.

― Бу бола тирила оладими? ― Фаришта сўради.

― Жаноб, мен билмайман, ― Билли жавоб берди.

Энди Биллига, қандай қилиб ўлик тана устида эгилиш ва болага ибодат вақтида қандай қўл қўйиш кераклигини кўрсатиб, воқеалар саҳнасига Фаришта чиқди. Бир лаҳзада боланинг кўкраги ҳавога тўлди ва ўтириб олди.

Шу пайтда ваҳий тугади ва Билли Теннесси штатидан ўтаётган поезддаги ўз ўрнида пайдо бўлди.

Тез орада Билли Майамига келганида, Кичкина Давид у билан эрталабки газетадаги айрим информациялар билан бўлишди. Саҳифанинг юқорисидаги бурчакда муҳтарам Бранхамнинг келиши ҳақидаги хабар кичкина рамкачада босилган эди. У шаҳарда бешта шифоланиш хизматларини ўтказишни ният қилган эди. Саҳифанинг қолган қисми катта-катта ва кўпроқ кўзга ташланиб турадиган, шу жойлардаги черковлардаги шифолаш хизматлари ҳақида эълон қилувчи рекламалар билан тўлдирилган эди.

Кичкина Давид оғир хўрсинди.

― Бу нарса сени келишинг ҳақида биринчи эълон беришимдан кейинги куниёқ содир бўлди. Улар буни ўқишлари билан шаҳардаги ҳамма деноминациялар бирданига ўз черковларида Илоҳий шифоланишни ваъз қилишлари учун, кимларнидир топдилар.

― Мен бу ерга янги гуруҳ тузиш учун келмаганимизга уларни ишонтиришни қанчалик хохлардим, ― Билли изоҳлади. ― Биз фақат Масиҳ меҳнатини олдинга юритиш учун уларга ёрдам бериш мақсадида шу ердамиз.

Маҳаллий черковларнинг Билли обрўсини тушириш учун бу уринишларига қарамай, “Уилльям Бранхам” деган сўздан қандайдир тароват таралиб турар эди. Билли чодир қизиқувчи томошабинлар билан ярим тўлганини кўрди. Уларга у салом берди. Кейин шифолаш мавзусини айтиб ўтишдан олдин у Теннесси штатидан ўтаётиб, поездда кўрган ваҳийсини тавсифлаб берди. Билли аудиторияга ният қилиб деди:

― Буни Библияларингизнинг бошидаги варағига ёзиб қўйинглар, кейин эса кузатинглар. Мана, кўрасиз ― Исо Масиҳнинг қудрати ўша болани ўлгандан тирилтиради. Бу қаерда ва қачон бўлади, мен билмайман, аммо бу нарса албатта бўлади, чунки бу “РАББИЙ ШУНДАЙ ДЕЙДИ”. Ва бу бўлиб ўтганидан кейин, биз уни Линдсей ака чиқармоқчи бўлаётган янги журналда эълон қиламиз.

Биллининг улкан хизмати потенциал имкониятларидан ҳали ҳам ҳаяжонланаётган Гордон Линдсей, аллақачон ўз маъмурий қобилиятини бу иш манфаати учун қўллаган эди. Билли йиғилишларни режалаштириш ва кампанияларнинг кўплаб нозикликлари ташвишини қилиш учун доимий ёрдамчидан фойдаланишни Линдсей Биллига таклиф қилди, натижада Билли касаллар учун ибодатга кўпроқ эътиборини бера олар эди. Биллининг Тинч океани шимоли-ғарби бўйлаб, Линдсей ташкил қилган сафари ютуқлари, бу ғоянинг аҳамиятини кўрсатди. Бироқ, Линдсей ўзи ишни бажаришни истамади; ҳеч бўлмаганда, у бу иш билан доим шуғулланишни истамас эди. Унда яна бир хохиши мавзуси бор эди.

Гордон Линдсей журнални нашр қилишга киришаётган эди, бу журнал Бранхам кампаниясининг расмий матбуот органи бўлар эди ва ўтган йиғилишлар, бўладиган ҳодисалар ҳақидаги эълонлар тўғрисида, жумладан, шифоланган одамлардан гувоҳликлар босиб чиқарар эди. Линдсей бу журнални “Шифо Овози” деб номлаш ниятида эди. Билли бу ғояга рози бўлиши биланоқ, Линдсей нашр қилишга тайёргарликни бошлаб юборди. “Шифо Овози” ойлик журналининг биринчи номери тахминан икки ойдан кейин босилиб чиқиши керак эди.

Майамидаги биринчи оқшомги йиғилиши вақтида, ибодат навбатидан юзлаб одамлар ўтишди. Қачонки аудитория Биллини қўлидаги неъмат воситасида касалликларни билиб олишини кўргач, имон “юксакликка парвоз қилди”. Одамлар кўплаб касалликлардан шифоландилар ва бир неча туғма кўр бўлган, кейин кўзи кўра бошлаган икки бола билан бирга бир қанча ақл бовар қилмайдиган мўъжиза бўлиб ўтди. Бу иккала мўъжиза ҳақидаги гувоҳлик газетанинг эрталабги нашрида оммага етказилди. Бу нарса маҳаллий радиостанция ҳодимларида ҳам қизиқиш уйғотди ва улар иккала болани ҳам тўппа-тўғри эфирга узатиш учун интервью олиш мақсадида радиостанцияга таклиф қилишди. Бу болалар тўла завқ-шавқ билан Исо Масиҳнинг шифоловчи кучи тўғрисида гувоҳлик бердилар. Бу нарса йиғилганларда қизиқиш уйғотди: айримлар бу нарсага қизиқсиниб қарадилар, бошқалар ҳаяжон билан, кимдир эса шубҳа билан қаради.

Бир радио эшитувчига, хусусан, маълум даражада ҳамма бу учала туйғу намоён бўлган эди. Муҳтарам Фред Босворт бу мавзуда ўтган қирқ йил мобайнида ваъз қилиб, ўз шахсий тажрибасидан Масиҳнинг шифоловчи кучини билар эди. (№5 Сурат) 1920 йилларда Босворт Американинг ўнлаб шаҳарларида улкан уйғониш йиғилишларини ўтказиб, гуноҳкорларни тавба қилишга ва Масиҳчиларни ўз касалликларидан шифоланишлари учун Худога ишонишларига ундаган эди. Унинг серғайрат стили ва мавзуларни тартиблаган баёни шунчалик муваффақиятли бўлдики, Канада пойтахти Оттавадаги бир йиғилишдан кейин 1924 йили тахминан 12 000 жон Исо шафкатида қутқарилиш истадилар.

Кейин Буюк Депрессия унинг хушхабарчилик хизматини кесди. 1930 йилларда иш ҳақи кескин камайганидан, бу улкан уйғониш йиғилишларини маблағ билан таъминлаш қийинлашиб кетди. Бу соҳадан кетиб, Фред Босворт Миллий Радио-эшиттириш Уйғониш Миссионерлик Кампаниясини тузиб, хушхабарни радио-эшиттириш бўйича тонери бўлди. Шу билан бирга, у иккита китоб ҳам ёзди: “Масиҳчи эътиқоди” ва “Масиҳ ― Шифокор”. Кейинроқ у истеъфога чиқди ва Флоридага кўчиб кетди.

Ҳозир 71 ёшида, Фред Босворт бир неча йилдан бери фаол хизматда бўлмаган эди. Ягона унга энди керак бўлгани, ― бу кўплаб ташвишсиз кунлар ва бекорчилик. Шунга қарамай, қачонки у радио орқали бу иккита боланинг гувоҳлигини эшитгач, унда қизиқиш уйғонди. Туғма кўрлар? Ва энди улар кўриб биладилар? Кўп йиллар мобайнида Фред Босворт кўплаб мўъжизаларни кўрди: гунглар гапирдилар, карлар эшитдилар, чўлоқлар юриб кетди, рак ўсмалар йўқолиб кетди. Ҳақиқатан ҳам, унинг хизмати туфайли шифоланган одамлардан 200 000 дан кўп ёзма гувоҳликлар олган эди. Бироқ унга туғма кўрлар кўзи очилганини эшитишига ёки кўришига ҳеч қачон тўғри келмаган эди. Ва бу Уилльям Бранхам ким ўзи? У шубҳали шахс бўлганмикин? Ёки Муқаддас Руҳ у ҳали кўрмаган шундай тарзда ҳаракат қиляптимикин? Босворт қизиқиб қолди, тўлқинланганини бўйнига олиши ҳам керак. Мумкин, унга буларнинг ҳаммасини текшириб кўриши керакдир...

Жаноб Фред Босворт бу текширмоқчи бўлган, ягона одам эмас эди. Ҳафтанинг қолган кунларида Биллининг йиғилишига чодирга сиғадиганидан ҳам кўп одам келди. Улардан кўплари бурилдилар ва уйларига кетвордилар, аммо яна минглаб одамлар чодир ташқарисида ибодат навбатига киришга имкон кутиб туришар эди. Жуда кўп одамлар улар учун ибодат қилишларини хохлаганлигидан, Билли қўлидаги касалликни фарқлаш инъомидан фойдаланмасликка қарор қилди, чунки унда у жуда секин ҳаракат қиларди. Бунинг ўрнига у одамлардан унинг ёнидан “тезкор навбат” билан ўтишларини сўради, шунда у уларга қўл қўяр ва улар ўтаётганида қисқа ибодат қилар эди.

Охирги оқшом, Майамидаги йиғилишда, йиғилиш бошланишидан олдин, Кичкина Давид Биллига келиб деди:

― Ҳув орқада бир ота қий-чув қилаяпти. Унинг ўғли бугун суғориш завурида чўкибди. Отаси бутун бир ҳафта сенинг йиғилишларингда бўлган экан ва сен тирилган ўша кичкина бола ҳақидаги ваҳийни айтганингни ҳам эшитган экан. Энди у, бу ваҳий унинг ўғли ҳақида эмасмикин деб, билишни истайди. Шу ҳафтада у етарлича мўъжизалар кўриб, унинг ўғли билан ҳам шундай бўлиши мумкинлигига жуда ишонаяпти, шу учун ҳам дафн қилиш бюросидагиларга ўғлига токи боласини сен кўрмагунингча, теккани қўймаяпти.

― У билан кўришишдан хурсанд бўлардим, ― деди Билли.

Одамлар орасидан қайғули ота турган жойга бориб, Билли бор-йўғи болага бир қаради-да, у ваҳийда бу болани кўрмаганини тушунди. Билли отага қараб шундай деди:

― Мен ачинаман, аммо бу ўша бола эмас. Мен кўрган болада жигарранг сочлар нотекис олинган ва у саккиз-ўн ёшларда эди. Сизнинг ўғилчангизни қора сочлари тартибли олинган ва у беш ёшдан ҳам катта эмас экан. Бунинг устига у жуда ҳам яхши кийинган экан, ваҳийдаги бола жуда юпун кийинган эди. Яна бунинг устига ўғлингиз чўккан экан, а мен ваҳийда кўрган бола худди авариядан зарар кўриб, қаттиқ шикастлангандай эди. Мен сизга ачинаман, сэр, ҳозир менинг қўлимдан келгани, ― бу сизнинг оилангизга таскин бериш учун ибодат қилишим.

Майамидаги охирги оқшом йиғилишда Худодан шифо олишни истаганлар шунчалик кўп бўлганидан, Билли бир вақтнинг ўзида Кичкина Давид билан ибодат қилиш учун тўрт қатор ибодат навбатини қилди: у – устуннинг бир томонида, а Кичкина Давид бошқа томонидан. Юзлаб тиқилинчда турганлар ва ёнидан ўтаётганлар орасида, Билли бадбахт қизчани унга ёши каттароқ аёлни навбатда юришида ёрдам бераётганини пайқади. Қизча белигача боғлаб ташланган оғир оёқ қисқичларида қийналиб, юриб келар эди. Қизчанинг қўлини бир неча лаҳза ушлаб туриб, ёнидан ўтаётган пайтда, Билли полиомиелитдан ёвуз руҳ титроғини сезди. У шу билан бирга, бу қизчада шифоланиш учун етарлича имон йўқлигини сезди.

Қизчани четроққа чақириб, Билли унга деди:

― Болажон, мана шу менинг орқамда тур-да, Худо имонингни оширишини сўраб, ибодат қил.

Ногирон-қиз худди у айтганидай қилди ва бош эгиб ибодат қилганча, унинг костюми орқа этагидан ушлаб турди. Билли яна диққатини ибодат навбатига қаратди. Тез орада у қизчанинг имони: тук-тук, тук-тук, тук-тук этиб, юрак урганига ўхшаб ота бошлаганини ҳис қилди. Билли бурилиб, шундай деди:

― Энди, азизим, мен сени боғлаб ташлаган иблисни Исо Масиҳ Исми ҳақи фош қиламан. Иблис, ундан чиқ.

Қизчанинг олдида турган аёлга қараб, Билли деди:

― Унга бу қисқичларни ечишда ёрдам беринг .

Аёл қўрқувдан донг қотиб қолди.

― Бранхам ака, аммо у ўзи туролмайди-ку, ахир!

― Лэди, шубҳа қилманг. Фақат сизга нима дейиляпти, шуни қилинг.

Аёл ғазабини босди, лекин аниқ безовталанаётган эди. Бироқ, ҳар ҳолда қисқичларни еча бошлади. Кўп ўтмай қаттиқ қичқириқ одамлар шовқинини тешиб ўтди. Билли бурилди ва бу қачонлардир ногирон қизча, оёқ қисқичларини боши узра кўтарганча, платформада ҳар қандай соғлом боладай шунчалар моҳирлик билан у ёқдан – бу ёққа бораётганини кўрди.

Чодирда бундай мўъжизага ҳеч ким эътиборсиз қололмади. Одамлардаги имон “юксакликка парвоз қилди” ва улар Биллининг ёнидан дадил қўл тегизиб ўтавердилар. Билли қанча одам учун ибодат қилиб билса, шунча одам учун ибодат қилди. Бир неча дақиқадан сўнг имоннинг ўзига хос сапчишини ҳис қилди. Билли бу имоннинг манбаини излаб, дам-бадам бошини ҳар томонга бурди. Кейин у бу ёқдан чиқаётганини пайқади. Микрофонга бориб, у деди:

― Сэр, сиз, у охирида ўтирган, йўлакдан тўртинчи ўриндиқда ўтирган; оқ кўйлакда ўтирган одам. Мен сизнинг имонингизни нақ шу ердан ҳис қиляпман. Туринг, Исо Масиҳ сизни шифолади.

Одам қўлларини боши устида кўтарганча турди. Бироқ, унинг қўллари охиригача кўтарилгач, у бирдан қўлларини тушурди ва улардан бирига ҳайрон бўлиб қарай бошлади. Кейин у қичқириб юбордики, бундан ўз навбатида унинг ёнида ўтирган аёлни туришга мажбур қилди. У одамнинг қўлига қараб туриб, у ҳам ҳайрон бўлди-да, қўлларини шартта кўтарди ва ҳаяжондан қичқира бошлади.

Билли диққатини яна ибодат навбатига қаратди. Фред Босворт ўрнидан турди ва чодирнинг охирига кетди. Ҳозиргина шифоланган одам тинчланганидан кейин, Босворт ундан сўради:

― Сэр, мен ― Инжил хизматчисиман, ва мен сиздан билиб олмоқчи эдим, нима бўлди?

У одам қўлини чўзди ва тўлқинланиб деди:

― Бунга қаранг бир!

― У мен учун одатдаги қўлдай кўринаяпти, ― деб жавоб берди Босворт.

― У нормал, соғлом! Бу мўъжиза. Бир неча йил бурун мен отдан йиқилдим ва бутун оғирлигим билан шу қўлимга тушдим. Ўшандан бери у абжағи чиқиб, дабдала бўлган ва бефойда эди ― аммо, шу дақиқагача!

У бармоқларини қанчалик улар яхши қимирлаётганини намойиш қилиш учун, уларни ғайрат билан қимирлата бошлади.

― Нима учун сиз бошқалар каби ибодат навбатига бормадингиз, ― Босворт сўради.

― Мен бу кеч бу ерга танқидчидай келгандим, аммо қанча кўп кузатсам, Худо мўъжиза қилиб билишига, шунча кўп мен ишондим. Қачонки мен ўша қизча оёқларидан қисқичларини олганини кўрганимда, Худо мени ҳам қуриган қўлимни шифолай олишини билар эдим.

Босворт халқ орасидан платформага ўтаётиб, Биллининг эътиборини ўзига қаратди ва деди:

― Муҳтарам Бранхам, мен ― Инжил хизматчисиман ва мен сенга савол бермоқчиман. Ўша одамни, охирида ўтирган, шифоланиши учун етарлича имонга эгалигини, сен қандай билиб олдинг?

― Мен бирдан ҳорғинлик сездим, ― тушунтира бошлади Билли. ― Мен билиб тургандим, кимнингдир имони шу инъомдан кучи билан тортаётган эди, шу учун мен атрофга қарай бошладим. Гўё, менинг бор-йўқ эътиборим ўша одамга қаратилгандай эди.

Ҳайрон бўлганидан Босворт кафтларини қарс этиб урди.

― Бу аниқ Исо билан бўлганидай, қачонки қон кетаётган аёл Унинг кийимига текканида143. Ундан қандай қилиб яхши хислат ― куч чиққанини У айтди. Яхши фазилат ― бу куч. Йиғилганларга бир неча сўз айтсам, мумкинми?

143 Матто 9:20-22; Марк 5:25-34; Луқо 8:43-48

― Албатта.

Микрофонга келиб, Босворт бу мўъжизани ҳамма билан баҳам кўриб, қўшиб қўйди:

― Бу, Исо Масиҳ кеча, бугун ва абадул-абад Ўшалигини исбот қилади. Исо Масиҳда бўлган неъматни бутун Атлантика океани билан таққосласа, а унинг тўлқинлари мана шу қирғоққа урилаяпти, деса бўлади; бизнинг биродаримиздаги неъмат бўлса, шу океандан олинган бир қошиқ сувга ўхшайди. Бироқ океан сувларидаги ўша кимёвий элементлар ва минераллар шу бир қошиқ сувда ҳам бўлар эди.

Кейинги кечқурун Фред Босворт ва Билли меҳмонхонада бирга нонушта қилдилар. Босворт Биллига ўзининг қирқ йиллик хизмати даврида бўлган айрим мўъжизалар ҳақида айтиб берди.

― Шунга қарамай, мана шу йиллар ичида, ― қайд қилиб ўтди у, ― кеча кечқурунгига ўхшаш бирор нима кўришимга тўғри келмаган.

Шундай қилиб, Билли шу қария хизматчига қандай қилиб, 1946 йил Раббий Фариштаси учрашгани ва унга бутун дунё одамлари Илоҳий шифоланиши неъматини кўрсатишни унга буюрганини сўзлаб берди. Билли қўлидаги аломатни тушунтирди, у ёки бу касалликдан иблис ҳаёти чиқарадиган титроқ туфайли кўп касалликларни қандай аниқлай олишини, унинг натижасида чап қўлини шишишини ва унинг орқа томонида оқ ғуддачалар конфигурацияси пайдо бўлишини айтиб берди.

Бирдан Фред Босвортнинг ҳаёлидан хизматдан кетиш фикри чиқиб кетди.

― Бранхам ака, менинг тажрибам ва қобилиятимни ишлатиб биласанми? Мен сен билан хурсанд бўлиб сафар қилардим ва қўлимдан келган ҳамма нарсада сенга ёрдам берар эдим.

― Босворт ака, сен билан шерик бўлиш мен учун шараф. Мен бизда администратор топилиши учун ибодат қиламан.

Меҳмонхонадан чиқиб, Масиҳнинг Иккинчи Келиши ҳақида суҳбатлашиб, улар океан соҳили бўйлаб сайр қила бошладилар. Қуёш соҳилдаги меҳмонхоналар ортига кирди, кўпикланаётган тўлқинлар эса бу иккала хизматчининг оёқларини сийпалар эди. Билли Фред Босвортнинг юришида чаққонликни пайқади, қайсики, у унинг судраланаётган қадамларидан жуда ҳам фарқ қилар эди. Билли ҳатто узоқ кундузги уйқудан кейин ҳам ҳолдан тойганини ҳис қилар эди. Худди у қумдан базўр оёқларини кўтараётганга ўхшар эди.

― Босворт ака, сен неча ёшдасан? ― сўради у.

― Етмиш бирда.

― Энг яхши аҳволинг қачон бўлган?

― Ҳозирнинг ўзида, Бранхам ака. Мен бор-йўғи йигитчаман, эски уйда яшаётган.

Бундай дадилликка Биллининг ҳаваси келди. Мана, 38 ёшда, у чарчоқдан зўрға тирик эди. Уни ўзи нима бундай чарчатди?

Мартда Билли яна Финиксга, бу сафар тўлиқ бир ҳафта шифолаш кампаниясини ўтказиш учун бўлишни режалаштирди. Бу шаҳарга келган кунида, бу йиғилишни маблағ билан таъминлаган пасторга ўзининг сурункали чарчагани ҳақида эслатди.

― Бранхам ака, ― деди пастор, ― сени муаммонг сенинг жуда самимийлигингдадир. Худонинг болалари учун ибодат қилганингдан кейин, сен улар ҳақида унутишинг керак, холос. Нима бўлганда ҳам, одамлар шифоларни қабул қилишадими ёки йўқми, ахир бу нарса Худонинг қўлида-ку.

― Мен билмасдим ҳам, ― Раббий учун меҳнат қилишда жуда ҳам самимий бўлишимни, ― деб қўйди Билли. ― Мен ўйлардим, мен қанчалик самимий бўлсам, худди шунча мени ишлатади деб.

― Нима ҳам дердим, агар сен худди шундай руҳда давом этаверсанг, ― огоҳлантирди пастор, ― унда сени асаб фаолиятинг бузилади.

Билли ибодат қилиш учун даштга чиқиб кетди. “Самовий Ота, нега мен бундай ҳолсизланаяпман? Бошқа хизматчиларда бу муаммо йўқ. Босворт ака мен каби шунақа тиғиз хизматларни йиллаб қилганини ва бу уни ҳеч қачон қийнамаганлигини айтди. Мумкин, унда мендан кўра кўпроқ Муқаддас Руҳ бордир. Агар менинг муаммом шунда бўлса, унда, илтимос, Раббим, мен баққуватроқ бўлишим учун менга кўпроқ Муқаддас Руҳингдан бергин”.

У пауза қилиб, даштга диққат билан тикилди, дашт кўп километрларга чўзилган ва опунция-кактуслари, “яшил таёқча” буталари ва мескит дарахтлари билан қопланган эди. Узоқда қояли тоғлар даштдан тикка чиққан тизмалари билан қад кўтариб турар эди. Тинглаб туриб, Билли, гўё Худо унга пастгина, лекин унинг фикрларида: “У одамлар ўз имонларига ишонадилар ва ўз сўзлари билан ваъз қиладилар. Сенинг кучинг эса ғайритабиий инъом туфайли озиб-тўзийди” ― дегандай бўлди.

Бирдан Биллининг онгида Ёзувнинг айрим жойлари жонланди. У Дониёр пайғамбар ваҳий кўрганини ва бундан бир неча кун жисман титроқда бўлган ва бетоб бўлганлигини эслади145. Биллининг хотираси Фред Босвортнинг, Исонинг кийими четига тегиб, шифоланган аёл ҳақидаги мулоҳазаси келди. Исо Ўзидан қандай қилиб куч чиққанини У сезганини айтди. Ўша куни, қачонки Билли даштдан машинада қайтганида, унинг танаси аввалларгидай бутунлай силласи қуриб қолгудек аҳволда эди, аммо, ҳеч бўлмаганда, ҳозир у нима учун шундай бўлишини тушуниб етди.

145 Дониёр 7:15

Финиксдаги иккинчи оқшом хизматида, ибодат навбати охирига яқинлашган пайтида, Билли йирик аёлнинг қўлини ушлади. Олдинига у сезаётган титроқнинг маъносини тушунолмади.

― Сизда ё рак, ё аёллар касаллиги; уларнинг иккиси ҳам қарийб бир хил тебраниш. Бир минут... бу аёллар касаллиги. Шундай эмасми? Бу салкам рак. Сизнинг ҳаётингиз жуда машаққатли бўлган. Ҳа, сизда кўп муаммолар бўлган. Аммо бугун Исо Масиҳ сизнинг оғирликларингизни олиб ташлаши мумкин, агар сиз бунга ишонсангиз?

Навбат бўйича ўрта ёшлардаги яхши кийинган, кейинги одам келди. Билли унинг қўлини ушлади.

― Сэр, мен ҳеч қандай тебраниш сезмаяпман. Сизда қандай касаллик бўлмасин, у микроорганизм туфайли эмас.

У одам ҳўнгради.

― Бранхам ака, мен ўйлайман, соғлом бўа туриб, ибодат навбатига туриб, мен ёлғончи ролини ўйнадим, лекин мен сизни олдингизга келишим учун билган ягона йўл шу эди. Мен эшитдимки, сиз камбағал экансиз. Мен сизга кичикроқ эҳсон ҳадя қилишни хохлайман.

― Мен ҳадялар қабул қилмайман, ― Билли жавоб берди ва чекни мулойимлик билан четга сурди.

― Менга қулоқ солингда, мен ахир фақат Раббимга миннатдорчилигимни билдиришни хохлайман, холос. Ўтган оқшом мен хотинимни ибодат навбатидан ногиронлар аравачасида олиб ўтган эдим. У учун сиз ибодат қилганингиздан кейин, у биринчи марта ўн олти йил давомида юра бошлади.

― Лекин умуман мен уни шифолаган эмасман, ― Билли ўзиникида туриб олди. ― Уни Исо Масиҳ шифолади.

― Хўп, мен ― Техасдан нефьт кони хўжайиниман, мен сизнинг номингизга 25 000 долларга чек ёздим...

У одамнинг қўлидан чекни олиб, Билли уни иккига бўлди; кейин йиртилган бўлакларни устма-уст қилди-да ва уларни ҳам иккига бўлди. Шундан кейин у чекнинг бўлакларини унинг эгасига топширди.

― Сэр, менга сизнинг пулингиз керак эмас. Мана мен нима хохлайман: сизнинг имонингиз Исо Масиҳга қаттиқ боғлансин.

Ўша оқшом Билли ибодат қилган охирги одам, платформага қийналиб келаётган чўлоқ аёл эди. У Билли кутиб турган жойга, платформага бор-йўқ кучи билан зиналардан кўтарилмоқчи бўлаётганида, унга эри ёрдам берди.

Билли аёлнинг қўлини олиб, деди:

― Мен сизда ҳам ҳеч қандай тебраниш сезмаяпман.

― Менда артрит бор, ― у жавоб берди.

― Нима ҳам дердим, бу ҳаммасини равшан қилаяпти, ― Билли тушунтирди. ― Тебраниш фақат микроорганизмдан ва вируслардан чиқади. Мен сизнинг касалингизни сеза олмайман, чунки артрит кислотали яллиғланишдан келиб чиқади. Шунга қарамай, агар сиз Унинг қодирлигига ишонсангиз, Исо Масиҳ сизни шифолаши мумкин. У менга берган неъмат шифолашни амалга оширмайди; бу неъмат одамларда имонни кўтариш учун. Исо Масиҳ ― ягона шифокор.

Қачонки Билли бу артритдан қийналаётган аёл учун ибодат қила бошлаганида, унинг кўзлари шишадай йилтиллаб, мушаклари эса худди у ҳушидан кетгандек бўшаб қолди. Бу йиғилишларни маблағ билан таъминлаб турган пастор йиғилган одамларни тарқатиш учун микрофонга келган вақтда, бу аёл ҳали бери донг қотиб турган эди; Билли гандираклаб платформадан ён томондаги эшикдан чиқаётганида ҳам, аёл ундан кўз узмай, орқасидан қараб қолди.

Бир неча кун ўтиб, шу аёлнинг эри уни Биллининг меҳмонхона номери эшигига ўтказишлари учун ёлвориб келди. Билли уни ўзининг хонасига таклиф қилди.

― Бранхам ака, сиз мени кўрмагансиз, лекин сиз мени хотинимни шу ҳафта бошларида ибодат навбатида кўргансиз. Унда артрит бор эди ва у сиз ўша оқшом ибодат қилган охирги киши эди.

― Ҳа, мен уни эслайман. Унинг аҳволи қандай?

― У артиритдан тузалаётган кўринади, аммо унда яна нимадир жойида эмас. У худди алаҳлаётгандай, босинқираётган одамга ўхшаб гапиради.

― Сиз нимани кўзда тутаётибсиз?

― Сиз у учун ибодат қилганингиздан кейин, биз уйга келгунимизча у транс ҳолатида, беҳушдай эди. Эрталабига у мендан сўради: Бранхам ака мен учун ибодат қилган пайтда, у билан бирга келган бошқа одам эди”. Мен жавоб бердим: “У ерда бошқа ҳеч қандай одам йўқ эди”. У айтди: “О, ҳа, у ерда у бор эди. Бу қора танли, баланд бўйли ва сочлари қора, елкаларига тушиб турган одам эди”. Бранхам ака, у нима ҳақида гапиряпти? Ахир сиз билан платформада ҳеч ким йўқ эди-ку.

Билли тушундики, у Раббий Фариштасини кўрган, аммо у ҳозирча бу ҳақида гапиришни истамади.

― Сэр, сизми ёки хотинингизми, олдин, қачон бўлса ҳам менинг йиғилишларимда бўлганмидингизлар ва сизлар менинг тарихимни айтиб берганимни эшитгансизларми?

― Йўқ, биз сиз ҳақингизда фақат шу ҳафтада эшитдик.

― Тушунарли. Менга кўпроқ хотинингиз менинг ёнимда, платформада кўрган “бошқа одам” ҳақида гапириб беринг. У нима қилди?

Биллига келган одам худди унинг ҳимояси ҳақиқатга хилоф туюладимикан, дея ҳавотирлангандай, тараддудланди.

― У айтдики, бу одам ҳали сиз хотиним учун ибодат қилаётган пайтда, пастга сизга қараб турган экан. Қачонки сиз тугатгач, бу одам хотинимга қараган ва шундай деган: “Сен шифоланиш учун келдинг. Хавотир олма, Бранхам аканинг ибодатига жавоб берилади ва сен шифоланасан”. Кейин бу одам яна сизга қаради ва хотинимга қуйидаги сўзлар билан мурожаат қилди: “Чиндан ҳам Бранхам ака ориқ ва бемажол кўринмайдими? Аммо у яна бақувват бўлади”. Кейин, қачонки сиз кетдингиз, у бу нотаниш одамни айнан сиз билан ёнбош томондаги эшик орқали чиққанини кузатиб турган. Бранхам ака, мен ҳам ўша ерда турган эдим. Мен биламан, у ерда фақат сиз ва менинг хотиним тургандингизлар. Сиз буларнинг ҳаммасини қандай тушунтирасиз?

Билли хотиржам тушунтирди:

― Бу менга зоҳир бўлиб юрган Раббий Фариштаси. Мен сиз келганингиз ва буни айтиб берганингиз учун сиздан хурсандман. Мен шунчалик чарчаган ва ҳолдан тойганман. Ҳадемай, мен билан ҳаммаси жойида бўлишини билиш ажойиб.



Up