Форт-Уэйндаги ноёб ҳодиса
45 БОБ
1949
УИЛЛЬЯМ БРАНХАМ администратори маслаҳатини қабул қилди ва қаттиқ панд еган одамнинг ҳушёрлиги билан, аста-секин хизматига шўнғиди. Гарчи у 1949 йилда кўплаб бир кунлик йиғилишлар ўтказган бўлса-да, у жуда ҳам кам давомли кампанияларни белгилади: Канаданинг Саскачеван провинциясидаги Реджайнеда; Онтарио провинциясидаги Виндзорда; Техас штатидаги Бомонтда; Иллинойс штатидаги Сионда; Миннесота штатидаги Миннеаполисда; ва ниҳоят, кеч кузда Индиана штатидаги Форт-Уэйнда учта кечки йиғилишлар.
Меда ўзи билан уч яшар қизи Беккини162 олиб, Форт-Уэйнда Биллига ҳамроҳлик қилди. (№10 Сурат) Марджи Морган ҳам у ёққа, касалларга, улар ибодат навбатида турганларида тинчлантириш ва ёрдам бериш учун тиббий ҳамшира сифатида борди. Марджи ракдан шифоланганлигига уч йил бўлди. Билли уни биринчи марта кўрганида, у 25 килограммлар келар эди. Энди бўлса у 70 килограммлар келар ва ажойиб кайфиятда эди.
162 Бекки ― инглизчада Ривқо исмини қисқача эркалаш формаси. (Тарж.)
Биринчи оқшом Форт-Уэйнда 5000дан кўп одам шаҳар марказидаги театрга тиқилдилар. Билли одатдагидек, йиғилганларга Исо Масиҳнинг амалга оширган меҳнатига ишониш ҳақида гапирди. У Илоҳий шифоланиш процессини, унинг Библиявий асосига алоҳида эътибор белиб, тушунтирди. Шунга ўхшаб, у ўзининг топшириғи ҳақида ҳам эслатиб ўтди, ўзидаги иккита аломатни тавсифлади ва қўлидан келганча, бу аломатларнинг ҳар бири қандай амал қилишини ҳам тушунтирди. Кейин у, ўлган бола ва унга қайта ҳаёт нафаси киргани тўғрисидаги ваҳийсини айтиб берди. “Буни Библиянгиз бошидаги варағига белгиланг, ― ишонтирди у ― Кейин, бу ҳодиса амалга ошганида, мени тўғри гапирганимни биласиз”.
Залдаги вазият шубҳа ва гумондан “зирилларди”. Қачонки Билли Раббий Фариштаси ҳақида эслатганида, аудиториядаги кўплаб шубҳаланивчиларнинг бир-бирига қараб олганини кўрди. Бу одамлар соппа-соғ бўлиши керак, деб Билли ўйлади. Улар касал бўлганларида эди, очлар овқатга интилганларидай, ёрдамга интилар эдилар.
Ҳали ёрдамчилар одамларни ибодат навбатига тизар эканлар, оқ кўйлакли ёш аёл саҳна пастида роялда ўйнади. Моҳир бармоқлари ёрдамида у аудиторияни “Буюк Шифокор” деган эски куй билан тўлдираверди.
Навбатга биринчи бўлиб полиомиелитдан шикастланган кичкина болакай келди. Унинг онаси ўз жойида ўтиравериши учун уни Говард Бранхам платформага олиб келди. (№11 Сурат) Иложсиз болани қўлига кўтариб, Билли бош эгди ва ибодат қила бошлади: “Самовий Ота, мен Сендан раҳминг келишини...”
Бирдан Билли кўзни оладиган нурни кўрди. Олдинига у, бинога қаровчи одам прожектор нурини тўппа-тўғри унинг кўзига тўғрилади, деб тахмин қилди. Билли шундай ўйлади: “Бу ҳурматсизлик. Ҳатто, агар назоратчи бу йиғилишларни маъқуллаганда ҳам, у бундай қилиши керак эмас”. Кўзларини қисиб, назоратчи прожекторни ўчириши учун унга имо-ишора қиламанми, деган умидда, у баландга, балкон томонга қаради. Кейин Билли бу прожектор нури эмаслигини англади; бу шифтдан тушаётган ва одатдагидан кўра ёрқинроқ нурланаётган Раббий Фариштаси эди. Энди Билли Фариштага хос, “Хш-ш-ш-ш” ― кучли шамол шовқинини эшита олар эди. Фаришта тўппа-тўғри саҳнага тушди.
Билли шундай қилиб, бундан сўнг нима бўлганини билмадиям: у болани ерга тушуриб юбордимикин, ёки бўлмаса, бола унинг қўлидан сакраб тушдими. Бола полга тушди ва унинг оёқлари мутлақо нормал ҳолатга келди. Ҳаяжонланганидан қичқириб, платформадан тушадиган зиналарга қараб чопди. Унинг онаси қичқириб юборди ва агар боласи йиқилиб кетса, уни ушлаб оламан, дея қўлларини ёйганча, ўрнидан ирғиб турди. Кейин у ҳам бу ғайритабиий юлдузни кўрди... ва беҳуш йиқилди.
Роялда ўйнаётган ёш аёл буни кўргач, қўлларини баланд кўтарди ва қичқириб юборди. Пянино клавишлари қандайдир ғайритабиий тарзда пастга-юқорига ҳаракат қилишда давом этиб, ўша мадҳнинг оҳангина ўйнайверди:
Буюк Шифокор ҳозир яқинда,
У яхши кўради, қайғураяпти.
Ғамгин дўстим, ўша овозни эшит,
Уйғонгин, Исо чақираяпти.
Бу ёш пианиночи турди (унинг қўллари олдингидай осмонга кўтарилганди) ва роялнинг ўзи унга жўр бўлаётган бир пайтда, шу гимнни ўзга тилда куйлай бошлади. Оппоқ куйлаги ва орқасига сочилган узун оқ-сариқ сочлари билан, у Руҳга кириб чайқалганида, ўзининг қиёфаси ва овози билан фариштага ўхшар эди.
Бу икки мўъжизадан кейин бутун аудитория бўйлаб одамлар юраги кучли имон билан алангалана бошлади. Етти юз одам олдинга ўтмоқчи ва ҳаётини Исо Масиҳга бермоқчи бўлиб, қатор ораларидаги ҳамма йўлакларни тўсиб қўйдилар. Шунча одам учун олдинда етарлича жой бўлмаганлигидан, ўша ердагиларнинг кўплари тўппа-тўғри йўлакларда “Худойим, мен гуноҳкорга раҳм-шавқат қил!” ― дея ялинганча, тиз чўкдилар.
Ниҳоят, ибодат навбатини давом эттириш мумкин бўлгач, икки эркак саҳнага қари кўр одамни, у учун ибодат қилишга олиб келдилар. Билли ундан сўради:
― Сэр, сиз ишонасизми, мен нима айтаётган бўлсам, ҳақиқат эканлигига?
― Ҳа, мен ишонаман, ― у жавоб берди.
Кейин ваҳий ғалабани очиб ташлади. Билли деди:
― Сизни Жон Раин дейдилар. Сиз ― католик. Сиз Бентон-Харборда яшайсиз, ўша ерда, кўча бурчагида газета сотасиз. Сиз, тахминан, йигирма йилдан бери кўрмайсиз. РАББИЙ ШУНДАЙ ДЕЙДИ: “Сиз шифоландингиз”.
Раинни боши қотиб қолган эди.
― Аммо мен аввалгидай ҳеч нарса кўрмаяпман-ку, ахир.
― Бу ушбу нарса билан ҳеч алоқаси йўқ. Сиз шифолангансиз. Мен буни қандай бўлганини ваҳийда кўрдим, а-а, ваҳий бўлса ҳеч қачон адашмайди.
Жон Раин Биллига миннатдорчилик билдирди ва кўзи ожиз одамни платформадан олиб кетдилар. Кейинроқ, ўша оқшом ўша икки одам Жон Раинни ибодат навбати бўйича иккинчи марта олиб келдилар.
― Бранхам ака, сиз менга айтдингиз-ку, шифоланганлигимни, ― деди Раин.
― А сиз бўлсангиз, менга ишонаман деб айтингиз, ― қарши фикр билан Билли жавоб берди.
― Мен сизга ишонаман. Сиз мени ҳаётимдаги, сиз шахсан билишингиз мумкин бўлмаган далилларни айтдингиз. Шу учун сизни сўзларингизга ишонмаслигимга менда сабаб йўқ. Мен билмайман, мен ҳозир нима қилсам экан.
Билли кўрдики, бу одам, унинг имонда мустаҳкам туриши учун нимагадир муҳтож эди.
― “Унинг яралари билан шифоландим”, деб такрорлашда давом этаверинг, ва ҳаммага, Раббий мени шифолади, деб гувоҳлик бераверинг. Бу бўлиб ўтади, чунки бу РАББИЙ ШУНДАЙ ДЕЙДИ.
Иккинчи оқшомда Жон Раин балконда ўтирган эди. У хизмат вақтида тез-тез турар ва “мен шифоланганим учун Раббийга шукур!” дерди, гарчи у ҳамишагидек ҳеч нарса кўрмасди.
Ўша оқшом ибодат навбати орқали қўлида қизчасини ушлаганча, бир аёл ўтди, қизчанинг бир оёғига тахтакач қўйилган эди. Тахтакачни кўриб, Билли деди:
― Қизчанинг оёғи кафти майиб бўлган, шундай эмасми? Опа, сизга нима қилиш кераклигини айтсам, қиласизми?
Аёл шундай қиламан, деди. Ҳатто қизча учун ибодат қилмасидан, Билли унинг онасига кўрсатма берди:
― Уйингизга боринг ва боланинг оёғидан бу тахтакачларни ечинг. Сиз учун оёғи яхши бўлганини кўрасиз. Қизчани эртага кечқурун яна бу ёққа олиб келинг ва Исо Масиҳ қилган буюк иш ҳақида гувоҳлик билдиринг.
Шифолаш кампаниясининг ўша иккинчи оқшомида, энг мисли кўрилмаган мўъжиза, қачонки Исо Масиҳ кўзи кўр қизчани кўзини очганида юз берди. Шундай бўлса-да, ҳар бир шифоланиш, у ҳайратга соладиганми ёки оддийгина, ― ибодат карточкасини ололмаган, кўзи ғилай қизча билан бўлгандагидек ― ўша одамга уни, шифони олган одамга муҳим эди. Ибодат хизмати ярмига борганида, бу қизча Босворт хоним Христиан адабиётларини сотган жойга, фойега қайтди. Босворт хоним қизчани йиғлаётганини кўрди ва ундан нима бўлганини сўради.
― Мен ҳозиргина саҳнада кўзи ғилай қизнинг қандай шифоланганини кўрдим, ― ҳиқиллаб йиғлаганча қиз деди. ― Агар мен фақат шу ибодат навбатига тушсам эдим, мен ҳам шифоланган бўлардим. Аммо мен ибодат карточкасини ололмайман.
Унинг кўзлари жуда ҳам ғилайлигини кўриб, Босворт хонимни раҳми келиб кетди. У қизчага деди:
― Сингилча, сенга ибодат карточкаси керак эмас. Сен имонга эга бўлишинг керак: аудиторияга қайт, қаерда Бранхам акани кўриб билсанг, ўша ерда тур ва юрак сирларини билиш Худодан юборилган инъом эканлигига бутун юрагинг билан ишон. Бир неча дақиқадан кейин у сени чақиради, деб сени ишонтираман.
Саҳнада туриб, Билли ибодат навбатига турганлар учун ибодат қилаётганида, у бу қизчага орқасини қилди. Орқасида бирдан кучайган имонни сезди, унинг томонига қаради ва имон манбасини излаб, бино охиридаги одамларга қарай бошлади. Шунчалик кўп одамлар ундаги инъомдан тортқилаётган эдиларки, улардан битта-бир интилишни ажратиш қийин эди. Бироқ Билли кимнингдир имони олий даражага кўтарилганини ҳис қилди. Кейин у бу қизчани пайқади ва микрофонга деди:
― Ёш қиз, яшил пальтодаги, у охирда ўтирган. Сенда кўз ғилайлиги, шундай эмасми? Бошқа қўрқиш керак эмас; Исо Масиҳ сени шифолади.
Ўша заҳоти қизча шифоланди.
Ибодат хизмати тугаган вақтда, Билли боши айланаётганини ва чарчоқни сезди. Гандираклаганча, у саҳнадан, уни одамлар кўзидан пана қилаётган ёнбошдаги парда орқасига ўтиб кетди.
У ерда уни суҳбатлашиш учун доктор Педигру деган баптистлар воизи кутаётган эди.
― Мистер Бранхам, сиз мен эшитишимга тўғри келган жамоат ораторининг энг ёмон грамматикасини ишлатасиз. Бунинг устига, сиз бундайин кўп халқ олдида турасиз... бу чинданам даҳшат!
Биллига олдин доктор Педигру билан гаплашишига тўғри келганди ва у бу одамни дипломатдай баландпарвоз ва сиполик билан гапиришини билар эди.
― Ҳа, сэр, ― Билли камтарлик билан уни гапига қўшилди, ― биламан, менинг грамматикам ҳеч нарсага ярамайди. Мен ўнта боланинг каттаси эдим, ва мен ҳали ёш бола эканимда отам касал бўлганди, шу учун мен мактабга бориш ўрнига, ишлашга мажбур эдим.
― Бу важ бўлолмайди, ― Педигру ўзиникини маъқуллайверди. ― Ҳозир сиз эркаксиз. Сиз мухбирлар курсига қатнашишингиз мумкин ва ўз грамматикангизни яхшилашингиз мумкин.
― Нима ҳам дейман, ҳозир Раббий мени бу меҳнатни қилишга чақирган экан, ҳамма вақтимни касал одамлар учун ибодат қилиб ўтказаман. Мени кўп ҳам бўш вақтим қолмайди.
― Ғирт уят! ― Педигру жовради. ― Бу минглаб одамларнинг ҳаммаси сизнинг анави, манави, этти-кетти деган сўзларни ишлатишингизни эшитяптилар.
― О-о, аммо улар мени тамоман яхши тушунадилар чоғимда.
― Гап бунда эмас. У одамлар сизни лидер деб ҳурмат қилишади. Сиз уларга хушмуомалаликни кўрсатишингиз даркор. Масалан, бу оқшом сиз шундай дедингиз: “Сиз ҳаммаларингиз, бу кофедранинг олдидан ўтаётганлар”.
― Ҳа, сэр. Бу ахир тўғри-ку, шундай эмасми?
― Йўқ, йўқ, йўқ! Бу кофедра эмас, балки кафедра. Агар сиз сўзларни тўғри айтсангиз, одамлар сизни кўпроқ қадрлайдилар.
Юрак сирларини билишдан зўриқишдан чарчаган Билли, бу мунозарани давом эттиролмас эди.
― Сэр, ўша ердаги одамларга, мен кафедра дейманми, ёки кофедра деймани, муҳим эмас; улар мени тўғри ҳаёт тарзимни ва нима дейдиган бўлсам, шуни бажаришимни хохлайдилар. Мен бу дунёга аллақачон зарарли ҳиссасини қўшган саводсизлик тарафдори эмасман. Бироқ, бошқа томондан қараса, инсонга Исо Масиҳни таниш ва Абадий Ҳаётга эга бўлиши учун жуда кўп илм олиши керак эмаслигига мен ишонаман.
Худди шу пайт Эрн Бакстер ёрдамга улгурди. Билли билан оиласини “Индиана Хоутэл” меҳмонхонасига элтиб қўйиб, у сўради:
― Бранхам ака, нима учун оёқ кафти майиб бўлган қизча учун ибодат қилмадинг?
― У учун ибодат қилишнинг кераги йўқ эди. Бугун кундузи унинг шифолангани ҳақида ваҳий кўрган эдим. Мен ҳеч қачон ваҳийларни хато бўлишини кўрмаганман.
Шунда Марджи Морган деди:
― Билли ака, ме олдинда ўтирган ногиронларга ёрдам бераётган эдим ва мен бир одамга бошқача ачиниб кетдим. Мен ўйлайман, бу нарса, у менинг эримга жуда ўхшашлигидан. Унинг исми мистер Лиман. Сиз пайқаб қолдингизми уни?
― Йўқ, мен уни сезмадим, Марджи опа. Мен уни эрта кечқурун топишга ҳаракат қиламан.
Жума куни, Форт-Уэйндаги охирги оқшомда, Билли ўз администраторларига, агар улар уни бундай қилиб билади деб ҳисобласалар, “тезлаштирилган навбат”ни ўтказиш истагидалигини айтди. Улар рози бўлишди, лекин бир шарт билан, агар бу ибодат навбати жуда ҳам узоққа чўзилмаслиги учун, у бу оғир юкни маҳаллий хизматчилар билан бўлишади. Билли ҳеч ҳам қаршилик қилмади. Ибодат навбати олдинги оқшом оёқ кафти майиб қизчани олиб келган аёлнинг гувоҳлиги билан бошланди. Кечаги йиғилишдан кейин у аёл қизчани уйига олиб борган ва бир соатлар ундаги тахтакачни арралаган эди. Қизчанинг оёғи соппа-соғ экан. Бугун эрталаб врачнинг рентген сурати буни тасдиқлади ― суяклар беками-кўст эди.
Бу гувоҳлик кучли бир умумий имон учун муҳит яратди. Шунчалик кўп одам тиқилиша бошлаганидан, “тезлаштирилган навбат”га тушиш учун, уларнинг кўплари жуда оғир аҳволда бўлган ногиронлар навбатга туролмадилар. Билли ташқи кўринишидан Марджи Морганнинг эрига ўхшаган ногирон одамни, мистер Лиманни пайқади. Баъзи одамлар уни навбатга қўйишга уриниб, унга ёрдам бердилар, бироқ навбат жуда ҳам тиқилинчлигидан, бунинг уддасидан чиқолмадилар. Шу сабабдан эркаклар мистер Лиманни Билли ибодат қилаётган жойга яқинроқ олиб келишди; кейин унинг учун ибодат қилиниши умидида, уни кўтардиларда, саҳнага қўйдилар. Афсуски, бунақа тиқилинчда ибодат навбатидан ўтаётган баъзи одамлар платформада ётган ночор одамни пайқамадилар ҳам. Шу орада мистер Лиманнинг оқ куйлаги оёқ кийим изларидан ифлос бўлди.
Мистер Лиманнинг ачинарли аҳволини кўрган Билли, микрофонга:
― Бу бечора одамни у ерда ташлаб қўйманг, ― деди.
Бу сўзларни айтаётиб, у мистер Лиманнинг нигоҳига кўзи тушди ва унда имонининг кўтарилганини сезди. Икки одам мистер Лиманни олдинги жойига этиб қўйганларида, бирданига Биллида платформадан тушишга ва бориб, у билан гаплашишга хохиш пайдо бўлганини сезди.
― О-о, Бранхам ака, ― деди мистер Лиман, қачонки Билли унинг ёнига борганида, ― агарда мен ўша саҳнада фақат сенинг шимингни барига қўл тегизолсам эди, ишонаманки, шифоланган бўлар эдим.
― Худо сизни дуо қилсин, биродар, ― деди Билли ва шундан кейин унинг кўз ўнгида ваҳий пайдо бўлди.
Ҳар хил бўлаётган воқеалар орасида, Билли ёвондан бораётган мистер Лиманни кўрди; кейин у бошқа бир одамни трактор кабинасидан тушганини ва мистер Лиман томонга чопганини кўрди. Икки одам бир-бирини қўлтиқлашганини кузатиб турди. Шу билан ваҳий тугади.
Билли деди:
― Биродар, сизда паришонхотирлик склерози163, шундай эмасми? Бу судралувчи фалажлик ва у сизни охирги ўн йил тўшакка михлаб қўйган. Сиз ― Форт-Уэйнда бизнесменсиз ва сиз ўз ишингизни асло тўхтатмагансиз. Мен сизни ёзадиган машинада ишласа бўладиган махсус кроватда ётганингизни кўряпман.
163 Паришонхотирлик склерози ― сурункали авж оладиган касаллик; бош ва орқа миядаги оқ моддада склероит ўчоқлари ҳосил бўлиши билан характерланадиган касаллик. (Тарж.)
Мистер Лиман ҳайронликдан ғўлдиради:
― Бу чиндан ҳам ҳақиқат, Бранхам ака. Сиз буни қандай билдингиз?
― Раббий менга ваҳийда кўрсатди. Сиз жуда қаттиқ ва узоқ ибодат қилдингиз ва У ибодатларингизни эшитди.Исо Масиҳ сизни шифолади. Оёғингизга туринг.
Бино шундай шовқинга ва ҳаракатга келгандики, бу ёши ўтган одамнинг ўн йил ичида биринчи марта оёққа турганини озроққина одам пайқади. Билли саҳнага кўтарадиган зиналарга қараб қайта бошлади. Олдинги қаторда ўтирган бошқа бир жентльмен қўлини чўзди ва қачонки у ёнидан ўтаётганида, Биллининг костюмидан ушлади. Қариянинг қоқ-суяк қўли жуда ҳам майиб бўлган эди. У нимадир деди, бироқ Билли эшитолмай қолди, шу учун одамлар шовқини орасидан унинг сўзларини эшитиш учун, унга энгашди.
Эркак киши шундай деди:
― Агар мен фақат сизнинг кийимингизга тегсам бас, Бранхам ака, мен шифоланишимни биламан.
Бирданига Билли бу одамни олдин қаердадир кўрганини билиб қолди... ҳозиргина кўрган мистер Лиман ҳақидаги вағийсида. Ахир бу трактордаги ўша одам эди-ку!
― Сиз ― фермерсиз, шундай эмасми? Ва сиз ― мистер Лиманнинг дўстисиз, ҳу анави ердаги.
Билли қўли билан мистер Лиман томонни кўрсатди. У эса калта-калта, аммо дадилроқ қадамлар ташлар, қўлини кўтарар ва Раббийни улуғлаб, бошқа одамлар овозига қўшилар эди.
― Ҳа, ҳа, ― бемор тасдиқлади.
― Сиз кўп йиллардан бери артритдан шикастлангансиз, аммо ташвишланманг, зеро РАББИЙ ШУНДАЙ ДЕЙДИ: “Сиз шифоланасиз”.
КЕЙИНГИ ЭРТАЛАБ меҳмонхона хизматчиси Биллининг номерини тақиллатди.
― Жаноби Бранхам, безовта қилганим учун кечиринг, лекин сиз бу ёқдан олд эшикдан чиқолмайсиз. Қандайдир қилиб у одамлар сизни шу ердалигингизни билиб қолдилар, ва ҳозир вестибюль сизни кўрмоқчи бўлганлар билан тўла.
― Бу чакки иш ― деди Билли. ― Биз энди нонуштага бормоқчи эдик.
Хизматчи таклиф қилди:
― Мен сизни иситадиган залдан олиб ўтказа оламан, агар сиз кул-пуллар устидан ўтишга кўнсангиз.
― Бу, умуман нонуштасиз қолишдан кўра яхшироқ чоғимда.
― Мен борай, у ерда бирор тўсиқ йўқмикин, бир неча дақиқада сизларни этиш учун қайтаман.
Тез орада хизматчи қайтди. Билли, Меда, Бекки ва Марджи Морган бу ёш йигит ортидан ертўлага кирдилар, кўмир ёқиладиган печ олдидан ўтдилар, кул тўдаларидан ўтиб, эшик орқали тор кўчага чиқиб олдилар. Ҳеч ким уларни қандай чиқиб кетганларини кўриб қолмади. Ўзини таниб қолмасликлари учун, Билли шляпасини кўзигача бостирди ва плаши ёқасини кўтариб олди. У қизи Беккини кўтариб борар, қизи ҳам бошчаси билан унинг юзига қапишиб олгани ҳам уни юзини яширишига ёрдам берар эди. Улар Сэконд Стрит кўчаси бўйлаб бир квартал ўтдилар ва ундан кейин улар охирги бир неча кун доим борадиган бошқа томонга, “Хоббс Хаус” ресторанига ўта бошладилар. Бирдан Биллининг танаси Раббий Фариштасининг борлигини сезгач, санча бошлади. У тўхтаб қолди.
― Азизим, нима бўлди? ― деди Меда.
― Раббий Руҳи ҳозиргина менга чап томон кетишимни айтди.
Билли қизини Медага узатди-да, юра бошлади.
― Бироқ, Билли ака, ― деди Маржи, ― биз ахир айнан шу ерда овқатланганмиз.
Меда кўрсаткич бармоғини лабига қўйиб:
― Тс-с-с ― деди. ― Мен олдин ҳам унинг юзини шундай кўрганман. Уни Руҳ етаклаяпти. Фақат унинг ортидан юравер.
Яна бир неча квартал ўтиб, Билли “Миллер Кафетерийси” деб аталадиган, одамларга тўла кафега кирди. Хўрандалар буфетдан овқатларни олиб, столларга ўтирар эдилар. Билли бир бурда қовурилган нон бўлагини тишлашга улгурмай, қўшни столда ўтирган аёл хитоб қилди: “Худо дуолидир!” ва Билли томонга қараб, ўрнидан турди.
Маржи Биллига шивирлади:
― Яхшиси бу ердан кетишинг керак. Агар кетмасанг, бу ердагиларнинг ҳаммаси сени ушлаб қоладилар.
― Маржи, бундай дема. Муқаддас Руҳ нимадир қилаяпти.
Ўша аёл Биллининг столига келди ва асабий равишда шундай деди:
― Бранхам ака, умид қиламанки, сиз мени сурбетликка йўймайсиз, бироқ мен ўйлайман, сизни мен билан учрашишга Раббий олиб келган.
― Опа, нима учун энди сиз ўз тарихингизни менга айтмас экансиз?
― Мен билан акам асли Техасданмиз, ― у столида ўтирган юзлари сўлғин, рангпар одамни қўли билан кўрсатиб, бошлади. Эркак киши уларга қараб тураверди-ю, аммо ўрнидан туришни лозим кўрмади. Юзларидан унинг бетоблиги кўриниб турар эди. Леди давом этди:
― Акам юрак хасталигидан адо бўлаяпти. Врачлар унга ҳеч қандай ёрдам беролмаяптилар. Унинг юраги шунчалик катталашганидан, диафрагмани164 босаяпти. Ўтган ҳафта уни врачи текширди ва унга умуман озгина умри қолганини айтди. Бранхам ака, биз ҳозиргача ўнта мажлис давомида сиздан бир қадам ҳам қолмадик, аммо акам ибодат навбатига тушмади-тушмади. Пулимиз ҳам тугади, аммо биз яна уриниб кўрмоқчи бўлдик; шу сабабдан Форт-Уэйнга келиш учун етарли нақд пул топиш учун сигиримизни сотдик. Қачонки бу ёққа келсак, одамларнинг кўплигидан биз ҳатто бинога ҳам киролмадик. Ўтган оқшом оташинлигимдан кечаси билан ибодат қилиб чиқдим. Тонгга яқин мен ухлаб қолибман, ва менга Худо “Миллер Кафетерийси” деб аталадиган жойни топишни ва агар мен акам билан соат тўққизда ўша ерда бўлсак, акам шифоланади, деб айтди.
164 Диафрагма ― қорин ва кўкрак қафасини ажратиб турувчи пай-мускулли тўсиқ. (Тарж.)
Билли соатига қаради. Улар роппа-роса тўққизни кўрсатаётган эди.
― Акангизни бу ёққа олиб келинг.
Билли у одамнинг ўнг қўлини чап қўлига олди. Иблисга хос тебранишлар унинг қўл соатини ишламайдиган қилиб, қўлини титратди. Бошини эгиб, Билли аста ибодат қила бошлади: “Ота, Сенинг Ўғлинг, Исо Масиҳ Исми ҳақи, илтимос, бу одамни шифола”.
Титроқ тўхтаб қолди. Одамгина қўлларини кўксига қўйди ва чуқур нафас олди.
― Мен ўзимни бошқача ҳис этаяпман, ― деди у.
У яна чуқур нафас олди ва бунда ҳеч қандай оғриқ сезмаганига ҳайрон бўлди.
― О-о, ўзимни фақат ёшлигимда бундай ҳис қилган эдим.
Бу воқеа кафетерийдаги бошқа хўрандаларнинг эътиборини ўзига тортди. Гарчи Билли шу зайилда ўз нонуштасига қўл тегизмаган бўлса-да, одамлар уни билиб қолишларидан олдин кетиб қолишга қарор қилди.
У бу кафедан чиқиши билан, эшик олдида, кўчада турган аёл унга кўзларини катта-катта қилиб, ҳайрон бўлиб қаради. Кейинги дақиқада у йўлакда Биллининг ёнида чўкка тушганча, унинг шимидан ушлаб олди. “О, Худойим!” ― нидо қилди у, кўзларини юмиб йиғлаганча. ― “О, Худойим, Сендан миннатдорман”. У жуссаси кичикроқ бўлиб, қора кийимда эди. Унинг танаси титрар, кўзларидан эса шашқатор ёш оқар эди.
Билли унинг елкасига оҳиста қўлини қўйди ва деди:
― Опа, ўрнингиздан туринг ва менга нима бўлганини айтинг.
― Мен ― Чикагодан миссис Дамико, ― у оёққа тураётиб, титроқ овоз билан жавоб берди. ― Менда хавфли ўсма бор. Ҳатто Майо клиникасида ҳам менга ҳеч қандай ёрдам беришолмади. Мен радий165 билан шифолаш курсини ўтдим ва рентген нурлари билан нурландим ҳам, аммо ўсма катталашишда давом этаяпти. Турмуш ўртоғим каттагина макарон фирмаси эгаси, шу учун менда операция учун етарли пул бор, бироқ врачлар менга, бу ҳеч қандай ёрдам беролмайди дейишди. Бранхам ака, мен сизнинг йиғилишларингизга қатнашиб юрдим. Мен бор кучим билан сизгача боришга ҳаракат қилдим, аммо уддасидан чиқолмадим. Мен ибодат қилавердим, қилавердим... Мен шундай мушкул аҳволда қолдим. Бугун эрталаб тушимда, Раббий мени “Миллер Кафетерийси”га боришимни ва тўққиздан ўн дақиқа ўтганда ташқарида туришимни хохлади. Ва мана, сиз бу ерда пайдо бўлдингиз!
165 Радий ― радиоактив хусусияти бор кимёвий металл-элемент. (Тарж.)
Аёлнинг билагидан олиб, Билли ибодат қила бошлади: “Самовий Ота, Сени раҳбарлигингни билаяпман. Бу аёлни Сенинг Ўғлинг, Исо Масиҳ Исми ҳақи шифола”. Бир неча сониядан сўнг у рак ўсимтаси ҳаёти пульс уришдан тўхтаганини ҳис этди.
Меҳмонхонага қайтишда, Меда бўяш учун китобча ва рангли қаламлар сотиб олиши учун буфетли аптекага киришди; бу Бекки учун меҳмонхона номерида яхши машғулот бўлади. Билли бўлса, балиқчилик анжомларига қараш учун спорт-товар бўлимига ўтди.
У яна Фариштанинг борлигини ҳис қилди. Бош эгиб ибодат қила бошлади: “Самовий Ота, Сен мени нима қилишимни хохлайсан?”
У сотувчи билан гаплашаётган хотинини эшитиб турганидек, Фариштанинг унга: “Квартал охирига бор, кўчанинг у томонига ўт ва ўша ерда тур”, ― деб айтганини аниқ эшитди.
Меда билан Маржини ўзларини меҳмонхонага жўнатиб, Билли Раббий кўрсатмасига амал қила бошлади. У узоқ вақт кўча муюлишида, йўғон ирланд-полициячининг кўча ҳаракатини тартибга солиб, ҳуштак чалишини кузатиб тураверди. Пиёдалар ўтиш жойидан икки томонга одамлар ўтишар эди. Билли нима учун Раббий уни шу ерда туришини хохлаганига ҳайрон бўлиб, уларнинг юз ифодаларига диққат билан қараб, кузатиб турди. Ўн дақиқалар ўтиб, Билли кўчанинг охиридаги тротуар четига келган ёш аёлга эътибор берди. Унинг эгнида оқ-қора чормоки кўйлак ва шотланд берети стилидаги бош кийими бор эди. Айнан шу аёл билан учрашиши кераклигидан, Биллида тушуниб бўлмайдиган таассурот уйғонди. У ўз турган ҳолатини шундай ўзгартирдики, қачонки у кўчани кесиб ўтса, унга ўзини олдидан ўтишига тўғри келар эди. Тартибга солувчи-полициячи қўлини кўтарди ва ҳуштагини чалди; машиналар тўхтади ва ёш аёл бошқа томонга ўтди. Бошини экканча, у Биллини олдидан уни пайқамай ўтди.уни кузата туриб, Билли ўйлади: “Ғалати... Нима учун Раббий мени унга яқинроқ боришимни хохлайди?”
Аёл олти метрлар ўтди, тўхтади ва кескин бурилди. Унинг юзида кутилмаганда ҳайронлик ифодаси пайдо бўлди.
― О-о, Бранхам ака! ― хитоб қилди у ва унга чопиб келди. ― Бранхам ака, мен туш кўряпманми, ёки бу чиндан ҳам сизми?
― Ҳа, опа, бу мен. Бирор ёрдан бероламанми сизга?
Гўё у айтиб тугатгунича, у йўқолиб қолишидан қўрққандай, бир нафас олишда жавобини айтиб ташлади.
― Мен Канададанман. Мен ногиронлигим нафақаси ҳисобига яшайман: йилига 150 доллар. Шу йиғилишларга келиш учун мен бу пулнинг охирги қисмини ҳам сарф қилдим, аммо ибодат учун навбатга туролмадим. Ўтган икки кеча меҳмонхона вестибюлида стулда ухладим. Бугун эрталаб охирги беш центни бир чашка кофе учун ишлатдим ва уйимга йўл-йўлакай ҳамроҳ машиналарда етиб олишим учун шоссе томонга юра бошладим. Кейин ғалати бир нарса бўлди. Гўё, менинг бошимда бир овоз менга бурилишимни ва бошқа томонга юришимни айтди. Шундан кейин мен эслайдиганим, ― мен кўзимни очдим ва сизни кўрдим.
― Нима бўлган ўзи, опа?
― Мени қўлим майиб бўлиб қолган. Мени ҳали кичкинагина қизчалик пайтим эди, мен итни миниб олган эдим. Ундан йиқилиб тушдим ва бутун вазним билан қўлимни босиб қолдим. Шундан бери шу қўлим ишламайди.
Бу ҳаммаси нима учун эканлигига Биллининг фикрида бошқа ҳеч қандай савол қолмади.
― Қўлингизни чўзинг, ― буюрди у. ― Исо Масиҳ сизни шифолади.
Ёш аёл майиб қўлини кўтарди ва бу қўли ҳам соғ қўлидан соппа-соғлигини кўрганидан, қичқириб юборди. Кўчадаги одамлар Билли атрофида, у ибодат қилишини сўраб тўпландилар. Ирланд-полициячи ҳам ўз постидан кетди ва у ҳам уларга қўшилди. Ўша ерда, Индиана штати, Форт-Уэйн кўчасида Билли қарийб бир соатга чўзилган ибодат навбатини ўтказди. Ниҳоят, ўша ерлик пастор уни топди ва меҳмонхонага олиб кетди.
ФОРТ-УЭЙНДАГИ ЙИҒИЛИШЛАР ТУГАГАЧ, Жон Раин уйига, Мичиган штати, Бентон-Харборга қайтди. Икки ҳафта давомида ўзининг кўчаси бурчагида: “Шошилинч нашр, шошилинч нашр, Худога Ҳамдлар бўлсин, менинг шифоланганим учун!” ― деганча газета сотиб турар эди. Унинг кўзи кўрмаслиги очиқ-ойдин кўриниб турганидан, ҳамма уни ақлдан озган деб ўйлашди. Кейин бир куни газета ташувчи бола уни соқолини олишлари учун сартарошхонага олиб борди. Жон Раинни юзларини кўпиклаб туриб, сартарош унга текажоғлик қилди:
― Жон, кимдир менга сени Форт-Уэйнга, сен учун ўша муқаддас сакровчилар воизи ибодат қилиши учун борганингни айтди. Мен ҳатто сени шифолангансан деб эшитдим.
Жон жавоб берди:
― Бу ҳақиқат. Худога Шукур, менинг шифоланганим учун.
У шундай дейиши билан кўзи очилиб кўра бошлади. Қувонганидан қичқириб, у креслодан сакраб турди ва кўча бўйлаб чопалаб кетди. Унинг бўйнида ҳалиям сартарошхона сочиғи бор эди ва бор овози билан ҳамма ўткинчиларга яхши хабарни эълон қилар эди. Ўша оқшомдаёқ, у Уилльям Бранхамга қўнғироқ қилди.
Бир неча ой ўтиб, Билли Бентон-Харборга Жон Раинни кўргани келди. Етмиш ёшли қария газетани овозини чиқариб ўқиб, кўзининг ўткирлигини намойиш қилиб кўрсатди. Кейин Раин Биллидан яҳудийлар коллежига у билан боришни истамасмикин, деб сўради, у ерда бир раввин у билан учрашмоқчи эди. Билли рози бўлди.
Яҳудийлар коллежи тепалик устида жойлашган бўлиб, гаванга қараб турар эди. Малла соқолли ёшгина раввин синагога эшигига келди. Таклиф буюрганлар билан саломлашгач, раввин Биллидан сўради:
― Мен биламан, Жон кўрмас эди. Кўп йиллар давомида мен унга садақа берганман. Сиз қандай ҳокимият билан унинг кўзини очганингизни мен билишни истар эдим.
― Мен унинг кўзларини очганим йўқ. Исо Масиҳ, Худонинг Ўғли уни очди.
― Кулгили холос. Исо Худонинг Ўғли эмас эди; ва у Масиҳ ҳам эмас эди. Қачонки Мессия келади, У буюк ҳоким бўлади.
― Сэр, сиз Унинг Иккинчи Келишига қараяпсиз. Ўша Ёзувларнинг ўзлари Унинг Биринчи Келиши ҳақида, Қурбонлик Қўзиси ҳақида каби айтадилар.
Раввин бош чайқади:
― Сиз, Масиҳчилар, битта Худо ҳақида учта шахсда гапирасизлар. Сизлар айтасиз: “Худо Ота, Худо Ўғил ва Худо Муқаддас Руҳ”. Бу ҳатто ҳар қандай маънодан ҳам маҳрум, бемаънилик. Агар Ота шахс ҳисобланса ва Ўғил ҳам шахс ҳисобланса, унда биттадан кўп бўлиб чиқади; а бу дегани эса, сизда худди мажусийлардаги каби худолар бор экан. Сизлар, мажусийлар, Худони уч қисмга бўлолмайсизлар ва Уни яҳудийларга таклиф қилолмайсизлар.
Билли жавоб берди:
― Айрим Масиҳчилар, эҳтимол, Худони учга бўларлар, аммо мен бундай қилмайман. Битта Худо бор. Эски Аҳдда у Ешуа эди, ва У Ўзини ҳар хил усуллар билан кўрсатди; масалан: Исроилни Миср қуллигидан олиб чиққан, Олов Устунида. Янги Аҳдда Худо Ўзини Исо танасида зоҳир қилди, Ўз Ўғлида, дунёнинг гуноҳлари учун ўлиш учун. Сэр, наҳотки сиз ўз пайғамбарларингизга ишонмайсиз?
― Албатта, ишонаман.
― Ишайё айтди: “Зеро, бизда чақалоқ бола туғилди, ― Ўғил берилди бизга; салтанати Унинг белида (камарида), ва Унга исм қўядилар: Ажойиб Маслаҳатчи, Мустаҳкам Худо, Абадийлик Отаси, Дунё Ҳокими”166. Кўряпсизми, бу учта ҳар хил шахс эмас; бу битта Худо Ўзини уч кўринишда намоён этаётган. Ҳар хил даврда Худо Ўзини турли формада очди: биринчидан, Отадек каби, кейин Ўғилдек, а бизнинг кунларимизда Муқаддас Руҳ каби. Мана, нима учун мен одамларни Раббий Исо Масиҳ Исмига чўқинтираман, чунки бу Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳнинг Исмидир.
166 Ишайё 9:6
Раввиннинг кўзлари ёшланди; кўз ёшлари юзидан оқиб, унинг қалин соқоллари орасида кўринмай қолар эди. Билли умидвор бўлиб сўради:
― Энди сиз Исони Мессия бўлганлигига ишонасиз, шундай эмасми?
Раввин ўзининг илоҳийлик рутба символини қўли билан кўрсатди ― синагога қуббасини яшнатиб турган Довуднинг олтибурчакли юлдузини. У шундай деди:
― Мен шу билан яхши тирикчилигимни қиламан. Агар мен раввин бўлмаганимда, эҳтимол, мен кўчаларда садақа сўраб, оч-наҳор юрган бўлар эдим.
― А мен бўлсам, оддий сувни ичишни, қотган нонни ейишни ва ҳақиқатни сўзлашни афзал кўрар эдим, ― деди Билли, ― ҳар куни қовурилган товуқ ейишдан ва ёлғонни ҳимоя қилишдан кўра.
Раввин қалтираганча бурилди ва синагогасига кетди.
ШУ УЧРАШУВДАН КЎП ВАҚТ ЎТМАЙ, Уилльям Бранхам Арканзас штатининг Пайн-Блафф шаҳрида бир кунлик оқшомги шифолаш хизматини ўтказди. Йиғилиш тугаб, у шаҳар марказида жойлашган меҳмонхонанинг учинчи қаватидаги ўз номерига қайтди. У шунчалик чарчаганидан, кроватига уст-боши билан ётди ва аста-секин уйқуга кетаётганида, бирданига эшигини тақиллатганларини эшитди. Хонага меҳмонхона администратори кирди.
― Жаноб Бранхам сиз эмасмисиз?
― Ҳа. Бирор нима бўлдими?
У одам ҳаяжонланар эди.
― Мени кечиринг-у, бироқ менга сиздан бу меҳмонхонани тарк этишингизни сўрашимга тўғри келадими, деб қўрқаман.
― Нима учун? Мен нима қилдим ўзи?
― Сиз ножўя ҳеч нарса қилмадингиз; биз меҳмонхонамиз олдида бундай нарса бўлишига йўл қўёлмаймиз.
Администратор дераза олдига келди ва пастни, кўчани кўрсатди.
Билли ҳам деразага қаради ва меҳмонхона вестибюль эшиги олдида навбат билан турган одамларни кўрди. Бу навбат бутун квартал бўйича чўзилган эди.
― Улар қандайдир тарзда сизни шу ерда тунаётганлигингизни билиб қолганлар ва мен уларни тарқалишларига кўндиролмайман.
Билли шунчалик қаттиқ чарчаганлигидан, бу кичикроқ муаммо унга ҳаддан ташқари оғир бўлиб кўринди.
― Тўғрисини айтсам, сэр, мен ҳатто нима қилишни ҳам билмай қолдим.
Меҳмонхона хўжайини унга ўзининг режасини очди.
― Сиз пастга ёнғин пайтида фойдаланиладиган чиқиш йўлидан кўчага чиқасиз, а мен бўлсам, шу пайт такси чақираман. Мен таксистга орқадан тор кўчага ўтишни ва сизни олишни айтаман. Мен сизни шаҳардаги бошқа меҳмонхонага жойлаштиришларини гаплашиб қўйдим.
Билли деразадан қаради. Қор ёғаяпти. У касал болаларини қордан пана қилиш учун уларнинг устиларида газета ушлаб турган оналарни кўрди. У ногиронлар ҳассаларида турган бошқа одамларни кўрди. Кейин у бир одамни ё совуқдан, ё фалаж бўлганидан қалтираётганини пайқади. Билли бу одамларни ташлаб, уларни кўчада қолишлари учун, қолдириб кетишга ўзини мажбур қилолмади. У меҳмонхона администраторига шундай деди:
― Менда бошқа режа бор.
Пальтосини ёпиниб, Билли кўчага чиқди ва бурчакда тўхтади. Ўша ерда, Пайн-Блаффда, кўча фонарининг оч-сариқ ёруғида, осмондан юмшоқ қор ёғаётган бир пайтда, Билли касаллар учун ибодат қилди. Бу ибодатлар вақтида ҳам режалаштирилган йиғилишлар пайтида бўладиган натижалар юз берди. Бир одам: “Исога шукур, мен шифоландим!” деб хитоб қилиб, ҳассасини отиб юборди. Кейин бошқа одам шифоланди, ундан кейин яна бири, янада кўпроқ миннатдор бўлиб, шукроналар айтдилар. Кейин кимдир куйлай бошлади. Бошқалар бир овоздан мелодияга аҳил бўлиб жўр бўлдилар. Имон кучаяверди. Қорчалар оқшомги қоронғи осмондан тушаётиб ва фонар нурида ялтираб бураларди. Бу Билли билган энг ажойиб ибодат хизматларидан бири бўлган эди. У токи ибодат қилишини истаган бошқа одам қолмагунича ва бармоқлари совуқдан қотиб қолмагунича, кўчада турди. Кейин зинадан ҳориб-чарчаб, номерига кўтарилди ва ухлаб қолди.
ФОРТ-УЭЙНДАГИ йиғилишдан тахминан бир ой кейин Билли Арканзас штатида, Литл-Рокда йиғилиш ўтказди. Миссис Дамико ўша ерда бўлиб, у ўрнидан турди ва шавқ-завқ билан гувоҳлик берди. Унинг танасида ўша хавфли ўсмадан битта ҳам ҳужайра қолмаганди!
Бир неча ой ўтиб, Билли мистер Лимандан хат олди, унда у, врачлар унинг организмида паришонхотирлик склерозидан ҳатто из ҳам топишолмаганини хабар қилган эди. У шу билан бирга, бор-йўғи бир ҳафта бурун қишлоқ жойидан машинасида ўтаётганида, бир кунлар артрит билан шикастланган фермер-дўстини ёвонда ишлаётганини кўрганини ҳам ёзган эди. Мистер Лиман машинасини тўхтатди ва жўякдан тракторга қараб борган. Уни кўриб, ўртоғи трактор кабинасидан чиққан ва унга пешвоз чопган. Улар ёвон ўртасида учрашганлар, навбат билан бир-бирларини кўтариб, қучоғлай кетганлар ва биргаликда Исо Масиҳни улуғлаганлар. (Билли ўша ваҳийни эслаб, жилмайди.) Мистер Лиман ўз хатида яна бир фактни айтиб ўтганди. У шифоланганлигини ҳамма дўстлари ва танишларига, шу жумладан, Англиядаги бир дўстига, дарвоқе, у қирол Георг VI нинг шахсий секретари экан, ўша дўстига ҳам айтиб берганди.
Бу, Билли бир неча кундан кейин Англиядан олган телеграмманинг сабабини билдирар эди. Кўриниб турибдики, 64 ёшли қирол Георгнинг соғлиги охирги бир неча йил доим ёмонлашаверган. Мистер Лиманнинг шифоланганидан таъсирланганидан, қирол Уилльям Бранхам Англияга келишини ва у учун ҳам ибодат қилишини истар эди. Худо иродаси бўйича, Билли 1950 йилнинг баҳорига белгиланган Скандинавия сафарига ҳатто ҳозирдан тайёрланаётган эди. Унга Ҳазрати Олийлари қирол Георг учун ибодат қилиш учун Лондонга тўхтаб ўтиш умуман қийин эмас.
Билли фикран ўз топшириғини олган ўша оқшомга кўчди. Фаришта унга шундай деган эди: “Сен ер куррасининг кўп ерларига борасан ва қироллар, ҳоким ва монархлар учун ибодат қиласан...” Ўша пайтда бундай башорат сўзи ҳақиқатга ўхшамайдигандай ва “зўрма-зўраки далилдек” туюлар эди. Энди бўлса, у нарса ана-мана бажариладиганга ўхшар эди.