Ғайритабиий: 
Уилльям Бранхамнинг ҳаёти

Ғайритабиий:
Уилльям Бранхамнинг ҳаёти

Оуэн Жоргенсен

Кир ювувчи самолётни ушлаб турди

50 БОБ

1950



ТЎЛИҚ БИР ОЙ Техасда бўлганидан кейин, Уилльям Бранхам уйига, хотини ва болалари олдига қайтишни сабрсизлик билан кутаётган эди. Афсуски, ўша куни туш вақтида, у Далласдан учганида, хавфли момоқалдироқли бўрон Қўшма Штатларининг Жануби-шарқига қараб силжий бошлади. Шу сабабдан, унинг самолётига Теннесси штати, Мемфисга кўзда тутилмаган ҳолда, мажбурий қўнишига тўғри келди. Ўша авиалиния вакиллари йўловчиларни ўша бўрон ўтиб кетишини кутишлари учун “Пибоди Хоутэл” меҳмонхонасига жойлаштиришди. Билли уйига қўнғироқ қилди ва Медага нима бўлганини хабар қилди. Кейин оқшомнинг қолган ҳаммасини хат ёзиб ўтказди.

Мемфис кўчаларида кучли жала келаётган эди. Вақти-вақти билан оқшом яшин чақнаганидан ойдин бўлиб, унинг кетидан гумбирлаб кетар эди. Ярим кечага яқин ёмғир тинди. Деразадан қараб, Билли осмонда сузаётган ёмғирли булутлар орасида тўп-тўп юлдузни кўрди. Бўрон тиниб, об-ҳаво очилаётганга ўхшар эди.

Кейинги куни эрталаб соат олтида авиалиниянинг навбатчи оператори қўнғироқ қилиб, самолёт роппа-роса саккизда учиши хабарини айтди. Билли турди ва очиқ-жигарранг костюмини кийиб олди. Соатига қараб, вақти кўплигидан, почта қуттисини топишга ва хатларини жўнатишга қарор қилди.

Ўша тонг очиқ ва иссиқ кунни ваъда бераётганди. Гулзорлар ҳавони бутун оқшом қуйган тозаловчи ёмғирдан кейин муаттар ҳидлар билан тўлдирган эди. Ҳамма жойда қушлар Биллида уларнинг ғазалига қўшилишга чорлаб, сайрар эди. У ўз Отаси дунёсини гўзаллигидан завқланиб, Масиҳчилар қўшиғи оҳангини хиргойи қилар эди.

Икки квартал ўтиб, Билли банк рўпарасида почта яшигини топди. У яшикнинг кесик жойидан хатларини солди ва кетиш учун бурилаётган пайтда қуюннинг “Хш-ш-ш-ш” деган шовқини эшитди. У Фариштанинг яқинлашаётганини ҳис қилгач, бўйни, орқаси важиллаб кетди. У устун соясига қайтди, бошини эгди ва: “Ота, Сен нима хохлайсанки, Сенинг қулинг қилсин?” ― деди.

Билли Фариштанинг сўзларини қушлар қандай сайраётган бўлса, худди шундай аниқ-тиниқ эшитди:

― Юр ва юришда давом этавер.

Буйруқ ва кўрсатма сифатида фақат шу сўзларга эга бўлганидан, Билли орқага, меҳмонхонага қараб йўналди. Меҳмонхонага кирадиган жойга яқинлашар экан, у албатта, у ёққа кираман, деб ўйлади. Бироқ, у Фариштанинг ўша сокин товуши яна:

― Юришда давом эт, ― деди.

Билли соатига қаради. Бир соатдан кейин самолёти учади. Шунга қарамай, у меҳмонхона ёнидан, Раббий уни қаёққа ва нима мақсадда олиб бораётганидан бехабар кетаверди.

У қўшиқ айтиб ва ёмғирдан кейинги шилви ва гулларнинг муаттар ҳидларидан ҳузур қилиб, чаққон қадамлар билан бир неча километрни ўтди. Биллининг жони тириклигидан қувонадиган туйғудан тўла эди. Шунга қарамай, вақт учун озроқ зерика бошлади. У дам-бадам соатига қарайверди ва буни унинг чиқиллаши соат саккиз бўлганини қанча кўп билдирмасин, у шунча кўп қарайверди. Ҳар сафар у соатига қараганида, Фаришта уни: “Юришда давом эт” ― деб илдамлатар эди. Қачонки соат миллари саккиздан ўтгач, уйга бориши учун самолётнинг бошқа рейсига тайёрланишига тўғри келишига ва бу ҳақиқатга кўнишига тўғри келди. “Раббим, мен билмайман, нима учун мен бу ердаман, аммо Сен юришимни буюрдинг ва шу учун мен бораман. Бу ҳаммаси нима бўлсайкин?”

Бу вақтга келиб, Билли Мемфиснинг энг камбағал кварталларидан бирига кирди. Шағалли кўча ёмғир лойқаларига тўлиб қолган ўнқир-чўнқир чуқурларга сероб эди. У тепаликдан, йўл четидан, ирмоқча оқаётган жойдан туша бошлади. Олдинда у йирик қоратанли аёлни кўрди, у уйи олдидаги ҳовлида, иккала билагини дарчага тираб турган эди. У бошига эркаклар кўйлагини қийиқ рўмолдай боғлаб олган эди. Билли яқинлашганди, аёл деди:

― Ҳайрли тонг, парсон.

― Ҳайрли тонг, холажон, ― деб жавоб қилиб, саломлашиш маъносида шляпасига тегиб қўйди.

Кейин у бирдан тўхтаб қолди, чунки бундай ғалати муомала уни ҳайрон қолдирди. Ахир у уни парсон деди-ку. Қоратанли аёлга бурилиб, Билли сўради:

― Сиз мени биласизми?

― Йўқ, сэр.

― Унда сиз мени парсон эканлигимни қандай билдингиз?

У жилмайди-да ва жавоб берди:

― Мен билардим-да, сизни келишингизни.

Билли дарчага келди.

― Қандай қилиб билолдингиз, мени келишимни? Мен ҳатто ўзим бу ҳақида билмасдим.

У тушунтирди:

― Парсон, сиз Библияда Шунамлик фарзандга эга бўлолмаган аёл ҳақида ўқиганмисиз? У Худога ваъда бердики, анави, шу, агар У унга фарзанд берса, у болани Раббий учун тарбиялайман185, деб. Хўп, мен шу аёл каби ва мен Раббийга шунга ўхшаб ваъда бердим. У менга ўша ўғилни берди ва мен уни Раббий учун қўлимдан келганича тарбияладим. Аммо бир неча йил бурун у ёмон тўдага ўралашиб қолди. У номаъқул йўллардан кетди ва тери касаллиги, танасилни юқтирди. Қачонки у нималар бўлганидан хабар топганида, ишларни жуда чатоғи чиқиб бўлган эди. Ҳозир у менинг кроватимда ўлим ёқасида ётибди. Кеча доктор бўлган эди ― у кирди, уни аҳволини текширди, ― доктор у учун ҳеч қандай умид қолмаган деди. Касаллик уни бутун юрагини емирган ва унинг қони йирингга тўлиб кетган. У ҳар дақиқада энг ёмонини кутишимни айтди.

185 4 Шоҳлар 4:8-37

― Парсон, мен ўғлимни шу аҳволда ўлишига қараб туролмайман. Мен уни қутқарилишини истайман. Шундай қилиб, кеча кечаси билан: “Раббим, агар мен ўша Шунамлик аёлга ўхшасам, унда Сенинг Элишайинг қани?” ― деб ибодат қилавердим, қилавердим. Кечаси ўзимни кресломда ухлаб қолдим, ва мен тушимда мана шу ёққа чиқдим ва шу дарчада турдим. Тушимда жигарранг костюм ва шляпада парсон ўтаётганини кўрдим. Тонгда туриб шу ёққа чиқдим ва шундан бери сизни кутиб шу ерда турибман. Парсон, сиз Муқаддас Руҳнинг раҳномалигига ишонасизми?

Биллининг юраги дукуллаб, асаблари қўзғалди. Мана қаёққа Раббий уни юбормоқчи бўлган бўлиши керак.

― Холажон, менинг фамилиям Бранхам. Сизга бирор вақт мен ҳақимда эшитишингизга тўғри келганми?

― Йўқ, сэр, парсон Бранхам, мен сиз ҳақингизда ҳеч қачон эшитмаганман.

― Менинг хизматим ― касал одамлар учун ибодат қилиш. Сиз истайсизми, мени уйингизга киришимни ва ўғлингиз учун ибодат қилишимни?

― Ҳа, сэр, парсон Бранхам. Илтимос, у учун ибодат қилинг.

Билли эшикчани очди. Кўтаргич блоги орқали ўтган занжирга винтланган занглаб кетган чимқирқар уни орқасидан эшикчани бекитди. Аёл Биллини кичикроқ оқланган кулбага олиб келди. Пол лола дарахтидан186 қилинган ва ялтирар эди. Бир бурчакда металл кир тоғора ва унга кир ювиш тахтаси суяб қўйилган эди. Шубҳасиз, бу аёл шу билан тирикчилигини қилар эди. Эшик устида: “Худо бизни уйимизни дуо қилсин”, ― деган ёзувли тахтача осилган эди. Биллига қироллар саройларида ва мамлакатнинг айрим энг бой уйларида бўлишига тўғри келган, бироқ у ҳеч қаерда бу оддийгина уйдагидек яхши кутиб олинмаган эди.

186 Лола дарахти (лириодендрон) ― магнолилар оиласига оид дарахт. Икки тури бор: биринчиси ― Шарқий Американинг жануби-шарқида, иккинчиси ― Хитойда. Гуллари лолага ўхшайди. Ёғочи мебель учун бўлади. Ғарбий Европа, Қрим, Кавказда манзарали ўсимлик сифатида ўстирилади. (Тарж.)

Хонанинг бошқа бурчагида эски устунчали металл кроват турган эди. Унда кир ювувчининг ўғли ётган эди. У йирик жуссали эди: бўйи бир метру саксон ва оғирлиги, ҳеч бўлмаганда 90 килограммлар бор эди. У муштларини адёлга ўраган ва похол тўшакда: “У­‑у!... У-у!... Бу ерда шундай қоронғи... Мен билмайман, қаёққа кетаяпман...” ― дея оғриқдан инграб, типирчилар эди.

― У икки кундан бери ўзини билмайди, ― деди уни онаси. ― Унга ҳаёлида, у очиқ денгизда ва қайиқда эшкак отаяпти ва йўқолиб қолган бўлиб кўринади. Мана, мен нимага чидаёлмайман, парсон, ўғлим умидсизликда ўлаяпти.

У она меҳр ила йигитни елкасига уриб қўйди:

― Ширин ўғилчам менинг, онангни сен танияпсанми?

У титрар ва инграр эди? “У-у!... У-у!... бу ер шундай совуқ... шундай совуқ”.

Она унинг пешонасидан ўпди.

― Бечорагина, ойисининг эрка ўғли.

“Ҳа, ― ўйлади Билли, ― бу она меҳри, муҳаббати. У нима қилиб қўйганда ҳам, аҳамияти йўқ, у барибир “ойисининг эркатойи”.”

У деди:

― Холажон, келинг ибодат қиламиз. Сиз бошланг.

Қачонки улар кроват олдида тиз чўкканларида, ўша оддийгина кир ювувчи аёл Худога юрагидаги бор ҳаммасини шундай куч билан тўкиб ташладики, бу ўз навбатида Биллининг кўз ёшларини тирқиратди. У ибодатини қуйидаги сўзлар билан тугатди: “Раббим, агар Сен ўғлимга, мен Исо билан дейишига қўйсанг, мен бахтиёр бўламан”.

Билли қўлларини йигитнинг оёғи кафтига қўйди, улар худди Шимолий-атлантика океанидай совуқ эди. “Азиз Худовандим, мен билмайман, нималар бўлаяпти, аммо Сен бу эрталаб мени бу ёққа бурдинг ва мени бу уйчага юбординг. Мен билмайман, жадвал бўйича менинг самолётим аллақачон учиб кетди, бироқ, бунга қарамасдан, мен Муқаддас Руҳнинг бошқаргани бўйича бу йигитга Сенинг Ўғлинг, Исо Масиҳ Исми ҳақи қўлларимни қўяман”.

Йигит қимирлай бошлади.

― О-о, она, ҳозир ёришяпти.

У кўзларини ола-кула қилаверди; кейин унинг нигоҳи, афтидан, онасининг юзига қаратилди.

― Она, сен бу ерда нима қилаяпсан?

Кейин у похол тўшакдан бошини кўтариб сўради:

― Ким бу ерда?

Билли беш дақиқалар кутиб турди ― бунинг ўзи етарли эди, чунки у йигитни кроват четига ўтирганини ва кийинмоқчилигини айтганини кўрди. Кейин Билли узр сўраб, уйдан шошилганича чиқди. Бир неча квартал ўтиб,у такси тўхтатди, тез орада унда аэропортга келди. Самолётни ҳали учиш-қўниш йўлагида турганини билганидан, Билли ҳам ҳайрон бўлди, ҳам енгил тортди. Учиш икки соатга қолдирилган ва самолёт двигателлари учиш учун энди қиздирилаётган эди. Билли тоза имон билан бирлашган ибодат нималар қилишга қодирлигига қойил қолди. Айнан ўша кир ювувчи аёлнинг ибодати унинг самолётини ўн саккиз соатга кечиктирганига ишончи комил эди.

“Ҳа, холажон, ― ўйлади у, ― мен, албатта Муқаддас Руҳ раҳбарлигига ишонаман”.



Up