Ғайритабиий: 
Уилльям Бранхамнинг ҳаёти

Ғайритабиий:
Уилльям Бранхамнинг ҳаёти

Оуэн Жоргенсен

Холлнинг парадокси

55 БОБ

1951



УИЛЛЬЯМ БРАНХАМбир неча марталаб сафарларда бир неча ҳафта кетма-кет хизмат ўтказиши сабабли, у ҳар сафар уйига қайтишида, кўплаб янгиликлар олиб келар эди. Меда Биллининг Жанубий Африкага бўладиган кампаниясининг санаси ниҳоят тайинланганлигини билиб, қувончидан яшнарди. У Нью-Йоркдан 1951 йил 1 октябрида учади.

Билли бу сафар хусусида аралаш-қуралаш хом хаёллар билан юрар эди. Унинг борлиғини бир қисми Меданинг қувончига қўшилар эди. У шимолий-америка континентидан ташқарига жўнаса, бу фақат иккинчи марта бўлади. 1950 йил баҳоридаги скандинавия давлатларидаги унинг шифоланиш кампаниялари кўплаб оммани ўзига тортди ва кўплаб ҳайратланарли мўъжизалар учун руҳлантирувчи бўлиб хизмат қилди. Улар қаторида, фин болани ярим соат давомида мархум ҳолатидан Исо Масиҳ қудрати орқали яна ҳаётга қайтган воқеа бўлган эди. Билли Жанубий Африкада ҳам шунга ўхшаган натижаларни кутаётган эди, чунки, хусусан ўша ёққа боришни унга Худо буюрган эди.

1950 йил январида, Техас штати, Хьюстондаги кампанияси вақтида, Билли Флоренс Найтингейл Шёрлодан хат олди. Унда у Биллини Жанубий Африка, Дурбанга келиб, у учун ибодат қилишини сўраган эди. Ошқозон раки ўлимдан дарак бериб, уни аста-секин адойи тамом қилаётган эди. Миссис Шёрло конвертга хат билан самолётга билет ва ўзининг суратини солган эди. Суратда шунчалик ориқ аёл тасвирланган эдики, у Миср мўмиёсини эслатар эди. Билли унга учолмаслигидан афсусланди. Буни амалга оширишни иложи йўқ эди, чунки у тез орада кампания ўтказиш учун Скандинавияга жўнаши керак эди. Флоренс Найтингейлни суратига қараб, Биллини унга шунчалик раҳми келганидан, бундай ибодат қилди: “Худойим, агар Сен мени Жанубий Африкага боришимни истасанг, илтимос, бу аёлни шифола”. Биллини ҳайрон қолдиргани, Флоренс Шёрло шахсий самолёт заказ қилиб, у билан учрашиш учун Англияга келиб қўнди. Ўша ерда, 1950 йил апрелининг туманли тонгида, Худо уни мўъжизавор тарзда шифолади. Шунинг натижасида Билли тушундики, Худо уни Жанубий Африкага, Дурбанга боришини хохлайди ва у бу мамлакатда Худо буюк ишларни амалга оширади, деб кутиб юрди.

Шу вақтнинг ўзида, у хавотирга ҳам тушди ва у иблис у учун Жанубий Африкада тузоқ қўйганини башорат қилди. Бу қанақа тузоқ бўлиши мумкин деб, тасаввурида ўзига-ўзи савол берарди. У Исо Масиҳ кучига қарши чиқадиган жодугарлар ҳақида фикрлади. Бу айтарлик тузоқ ҳам эмасдек эди. Африкада уни у ҳақида умуман билмайдиган бошқа бир тузоқ кутмаяптимикин? Билли бу ҳақида ўйлаганидаёқ, хавотирга тушар эди.

Яхши янгиликлар қатори, Меда айрим ёмон хабарлардан ҳам айтди: Биллининг дўсти Уилльям Холл ўлим ёқасида эди.

— Холл акани, бўлиши мумкин эмас! — ҳайрон бўлиб, Билли деди.

Уилльям Холл ўн бир йил муқаддам у Индиана штати, Миллтаунда уйғониш кампанияси вақтида, биринчи бўлиб имон келтирган одам эди. Кейинчалик бу инсон Миллтаундаги Баптистлар Черкови пастори бўлди.

— Ҳа, — деди Меда. — Уни жигарида рак. Доктор Диллман: у кўп яшамайди, деди. Улар уни Нью-Олбанига олиб келдилар ва ҳозир у опасининг уйида тўшаклик бўлиб ётибди. У сени чақиряпти.

— Нима қиламиз, кел, борайлик ва ундан ҳозирни ўзида хабар олайлик.

Улар ўша уйга келганларида, Билли ўртоғини қанчалик ориқ ва мурда каби рангпар кўринишидан титраб кетди. Одамгинанинг териси қовоқдек жигарранг тусда эди. Билли сўради:

— Холл ака, нима бўлди?

Уилльям Холл унга жавоб бериш учун бор кучини йиғди.

— Бранхам ака, врачлар ҳаммасини қилдилар. Мен ўйлайман, агар Худо мўъжиза қилмаса, бу мени манзилимни охири.

Билли эски қадрдон дўсти учун ибодат қилди. Қачонки у Меда билан кетишга чоғланганларида, миссис Холл уларни кузатиб қўйди. У сўради:

— Бранхам ака, сен унга яна бирор нарса билан ёрдам бероласанми?

— Ачинаман, Холл опа, бироқ биргина мени қилиб биладиганим — бу ибодат қилишимдир.

Аёл узоқларга қаради ва минғиллади:

— Мумкин, бошқа врач бор...

— Бу хусусда врачлар хизматчиларга ўхшайди, — деди Билли. — Сиз уларга ишонишингиз керак, бўлмаса улар сизга ёрдам беришолмайди. Албатта, менинг Сэм Эдер деган яхши дўстим бор. Тиббиёт фанларига келсак, мен ўйлайман, у энг яхши врач.

Миссис Холл яна Биллига қараб туриб:

— Қизиқ, сенинг дўстинг Эдер мени эримни текширолмасмикин? — деди.

— Мен ундан сўраб кўраман, — жавоб берди Билли.

Билли унга қўнғироқ қилганида, доктор Эдер деди:

— Билли, мен касалхонага бораман ва лаборатория текширишларини ўрганаман. Ўша бўйича мен, нима қилишим кераклигини билиб оламан.

Ўша эрталаб, кейинроқ доктор Эдер Биллига қайтиб қўнғироқ қилди.

— Мен лаборатория текширишлари маълумотларини ўргандим. Бу одамнинг жигари рак бўлган. Бунақа тур рак ўсмасини шифолаб бўлмайди ва операция қилиш мумкин эмас. У ўйлади.

— Сен юборсанг бўладиган мутахассис борми? — Билли сўради.

— Хўш, биз уни Луисвиллидаги доктор Эйблга жўнатишимиз мумкин. У — мамлакатнинг рак касалликлари бўйича энг яхши мутахассисларидан бири.

Чўкаётиб, сомонга тирмашаётгандай, миссис Холл эрини Огайо дарёси орқали доктор Эйбл клиникасига этиш учун, тез ёрдам машинасини ёллади.

ЎША КЕЧҚУРУН яна бир эски қадрдон, Нью-Олбанида, Мейн Стрит кўчасидаги Методистлар Черковидан пастор Жонсон ундан ёрдам сўраб, Биллига қўнғироқ қилди.

— Бранхам ака, сен менда биттами ёки иккитами хизмат ўтказолмайсанми? Агар шундай қилсанг, мени жуда хурсанд қилардинг.

— Жонсон ака, мен касаллар учун ибодат қилишни истамайман. Уйимда бўлган вақтларим, мен бўшашимга ва буни қилмасликка ҳаракат қиламан, чунки юрак сирларини билиб олиш келганида, у мени тинка-мадоримни қуритади.

— Унда фақат кел, менда йиғилиш ўтказ. Менга бор-йўғи бир оқшом ажрат. Сенга ваъда бераман, касаллар учун ибодат қилишингни сўрамайман.

— Яхши, Жонсон ака. Қайси оқшом мени келишимни истайсан?

— Чоршанба оқшомда келсанг, ажойиб бўларди.

Жаноб Жонсон чоршанба эрталабки радиопрограммаси бу йиғилишни реклама қилгани туфайли, ўша оқшом беш юздан ортиқ одам Мейн Стритдаги Методистлар Черковига тиқилишди. Ундан ҳам кўпроқ одам ичкарига кириш истагида ташқарида туришганди. Черков деразаси баландлигидан, тротуардаги одамлар ичкарига қараёлмас, шу учун нозирлардан бири улар ҳам ваъз эшитишлари учун деразаларга радиокарнайлар ўрнатди. Биллининг черковга келиш вақтида тротуардаги одамлар тўдаси шунчалик тиқилинч эдики, у эшиккача ўтиб боролмади. Нозир уни бино орқасидаги тор кўчага олиб ўтди, у ерда бошқа одам очиқ деразадан қўлларини чўзиб эгилди, Биллининг билагидан махкам ушлаб олди ва уни черков ичига кўтариб ўтказди.

Билли ўша оқшом ваъзида шундай деди:

— Дўзахга пиянистликдан жўнамайдилар. Дўзахга тамаки чеккани учун ва табака чайнагани учун бормайдилар. Дўзахга ёлғон учун, алдамчилик ёки ўғрилик учун бормайдилар. Дўзахга бевафолик қилгани учун бормайдилар...

Бирдан методист-аёллардан бири ўрнидан туриб кетди ва уни гапини бўлди...

— Муҳтарам Бранхам, мен бунга қаршиман. Булар гуноҳ-ку! Агар булар учун дўзахга кетмаса, унда нима учун ахир?

— Дўзахга Худо Каломига ишонмаганликлари учун кетадилар. Худо қоралайдиган ягона гуноҳ — бу имонсизлик гуноҳи. Бу қолган ҳамма нарсалар гуноҳнинг атрибутлари холос. Одамлар буни қиладилар, чунки ишонмайдилар. Қанчалик ғалати кўринмасин, бутун умр бўйи черковда ўтириш мумкин ва олдингидай Худо Каломига ишонмаслик мумкин! Библияда, ким Исо Масиҳга ишониб, сувда имон келтирса, нажот топади, ишонмаган махкум бўлади,205 деб ёзилган! Исо айтди: “Менинг сўзларимни тинглаган ва Мени Юборганга ишонган киши абадий ҳаётга эга бўлади”.206 Агар ҳақиқатан ҳам Исо Масиҳ Худонинг Ўғлилигига ишонсангиз, сиз У билан учрашгунингизгача яшаган ўша гуноҳкор ҳаёт билан яшамайсиз.

205 Марк 16:16; Юҳанно 3:18

206 Юҳанно 5:24

Йиғилиш якунида жаноб Жонсон шундай деди:

— Бранхам ака, мен сизга бирор киши учун ибодат қилишингизни сўрамайман, деб берган ваъдамни биламан, бироқ бу ерда бизда якшанба мактаб ўқитувчиси бор, у ёрдамга муҳтож. Унинг исми миссис Шейн. У – ажойиб аёл, менинг энг содиқ аъзоларимдан бири; бироқ у нервоз. Охирги ўн йил давомида у Луисвиллидаги психиатрга даволанишга боради, аммо бундан умуман тузалмади. Кўплаб имонлилар уни шифоланиши учун ибодат қилдилар, бироқ ҳеч нарса ёрдам бермади. У олдингидай оғир аҳволда. Унинг асаблари “ғуж-ғуж бўлиб қолган”. Сен унга фақат қўл қўйиб ва Худодан унга дуо сўролмайсанми?

— Яхши. Мен уни қаердан топа оламан?

— Мен унга бизни пастда, подвал зинапоясида кутишини айтгандим.

Уни аҳволини Жонсон айтгани бўйича, Билли уни тийдириш кўйлагида ушлаб турган бўлишса керак, деб кутган эди. Бунинг ўрнига у ёқимли аёлни кўрди (у ўттизлардан ўтган эди). У бир қарашда ажойиб-товур туюлди.

— Ассалом, Бранхам ака, — деди у.

— Салом, мадам. Сиз эмасми ўша пациент, мен ибодат қилишим керак бўлган?

— Ҳа. Мени исмим миссис Шейн.

— Сиз касалдек кўринмайсиз.

— Мен чиндан ҳам касал эмасман. Мен умуман билмайман, нима бўлаётганимни. Мен ўзимни қўлга ололмайман. Баъзан ақлдан оздиммикин, деб ўйлаб қоламан.

Ҳозир, энди Билли аёлнинг ҳатти-ҳаракатларида невроз симптомларини сезди: у бармоқларини безовта бўлиб қимирлатар, ва уни оғзини чекаси учар эди. Билли деди:

— Сен ақлдан озгансан, деб мен ўйламайман, опа. Кел, сени муаммонгни Раббий Исога этамиз.

У аёлга қўл қўйди ва ибодат қилди, бироқ ибодат охирида уни шифоланганига ишончи йўқ эди.

Икки кун ўтиб, Билли ва Меда Нью-Олбанида харид қилиб юрганларида, тасодифан кўчада миссис Шейн билан учрашиб қолдилар.

— Опа, сен тузукмисан энди? — Билли сўради.

— Йўқ, мен баттар бўлаяпман, — ингради у.

Унинг боши қушларни ҳаракатини эслатиб, сал-пал силкинар, кўзлари бўлса кўчани у бошидан бу бошига ўйнар эди. У гўё, унга худди ҳар лаҳзада қароқчи ҳужум қилиши мумкиндек, ўлгудай қўрқаётгандек эди.

— Бранхам ака, мен Нью-Олбанидан кетолмайман, чунки агар кетсам, биламан, менга нимадир йўлиқади. Мен ҳақиқатан ҳам ақлдан озганман деб ўйлайман.

— Опа, мен бундай ўйламайман. Сен гуноҳдан устун яшаётган Масиҳчимисан?

— Ҳа, мен — янгидан туғилган, муқаддасланган методист-аёл. Ҳар якшанба ярим кунлаб ёш аёллар учун якшанба дарсларини бераман.

— Нима ҳам дердим, кел, яна бир бор сен учун ибодат қиламиз.

Билли бош эгиб, ибодатни бошлади: “Худойим, илтимос, бу бечора аёлга раҳминг келсин. Биз Исо Масиҳ Исми ҳақи сўраймиз. Омин”. Бироқ, улар тарқалишган вақтда, бу муаммо илгаригидай енгилмай қолганини ҳис қилди.

Кейинги кун миссис Шейнни дугоналари Биллининг уйига олиб келишди. У:

— Мени уйимга қайтариб этинглар! Агар мен Нью-Олбанидан кетсам, ўламан! — деб қичқирганча, уларга қаршилик қилар эди.

Билли у билан гаплашмоқчи бўлганида, у унга Нью-Олбанидан чиқиши мумкин эмаслиги, акс ҳолда, уни оёғи остида ер ёрилиши ва уни ютиши мумкинлиги ҳақида минғирлашда давом этаверди. Билли у учун яна ибодат қилди, у тинчланди, бироқ ҳали ҳам у шифоланганга ишончи комил эмас эди. Унинг юраги тубида яширин нимадир, уни жуда безовта қилар эди.

Миссис Шейнга ҳам бу нарса маълум эди.

— Бранхам ака, мен ишонаман, агар сен руҳга кирганингда ибоат қилсанг, мен шифоланаман.

Кейин у дугоналарига деди:

— Кейинги сафар, қачон Бранхам ака Нью-Олбани яқинларида шифоланиш кампанияларини ўтказса, мен сизларга ҳозир айтиб қўяй, агар сизларга мени ҳатто тийдириш кўйлаги кийдириб ва қачонки мен бақириб, тепиб ташласам ҳам, мени ўша ёққа судраб олиб келишларингизни истайман.

КЕЙИНРОҚ, ЎША КУНИ Билли Сэм Эдерга қўнғироқ қилди.

— Билли, доктор Эйбл сени дўстинг хусусида менга ўз хулосасини айтди. Агар бу ҳақида сен унинг хотинига айтсанг, яхши бўлар эди. мистер Холл тўрт кунлардан кейин қазо қилади.

— Унга ҳеч нарса билан ёрдам бериб бўлмайдими?

— Билли, рак жигарни шикастлаган! Жигарни олиб ташлагандай кейин у яшай олмайди. У ўлим ёқасида. Мен ўйлайман, у воиз экан, у кетишга тайёр.

— О-о, Худо олдида уни юраги тўғри, бироқ мен уни ўлимини кўришни жуда-жуда истамайман. У 55 ёшда холос. У Раббий учун яна кўп меҳнат қилиши мумкин. Билмадим, нима учун Худо уни олаяпти.

— Ҳа, ҳар қандай одамга буни тушуниш қийин. Баъзан бизлар бунга кўнишимиз керак, холос.

Билли Меда билан бу ҳақида миссис Холлга айтиш учун кетди. Унинг охирги умиди ҳақиқат “тошига” урилиб, “чилпарчин” бўлганидан, қайғудан унинг руҳи тушди. Билли уни юпатишга уринди.

— Холл опа, ёдингда бўлсин, у — Масиҳчи. У Уйга кетишга тайёр. Ҳаворий Павел Масиҳчига шундай деган: “Биз биламизки, бу фоний уйимиз, бу кулбамиз хароб бўлгандан кейин, Худо бизга мангу бир уй, қўл билан қурилмаган осмондаги маконни беради”.207 У бораётган жойда, Холл акага у ерда анча яхши бўлади. Албатта, сенинг ёшингда, бунинг устига фарзандсиз, сен ёлғиз қоласан. Аммо сен ёдингда тутишинг керакки, биз учун нима яхшироқ эканини Худо билади ва У энг яхшисини қилади.

207 2 Коринфликларга 5:1

— Мен билмайман ҳам, усиз нима қиламан, — йиғлаб, деди у.

— Келинглар, бориб, у учун яна бир бор ибодат қилайлик, — Билли таклиф қилди. Уилльям Холл ҳафта давомида гоҳ ўзига келар, гоҳ ўзидан кетар эди. Ҳозир эса у беҳуш аҳволда эди. Унинг жигарранг териси асалари мумини эслатар эди. Билли, Меда ва миссис Холл унга Худо раҳм-шафқат қилиши ва ҳаётини сақлаши учун яна бир бор ибодат қилишди.

Билли кетмай туриб, миссис Холл ундан сал қолса ялинган тонда сўради:

— Бранхам ака, Худо сенга ваҳийда ҳеч бўлмаса, бирон нима демадими?

— Афсус, Холл опа, лекин У менга ҳеч нима демади. Мен бутун юрагим билан ибодат қилдим. Эҳтимол, Худо Холл акага кетишига йўл қўяр.

— Сен уни ўлади деб ўйлайсанми?

— Ўйлайманки, ҳа, чунки ҳамма маълумотлар унга қарши. Бу Раббийни иродаси бўлиши керак, аммо мен буни бутун ишончим билан айтолмайман.

Билли Меда билан уйга қайтди. Одатдагидек, йўл бўйлаб уларни уйи олдида бир гала машина турганди. Ўндан ортиқ нотаниш одам Биллини кутишарди. У уларни ҳар бири учун ибодат қилди. Охирги одам ярим кечадан кейин кетди. Билли ётоқхонаси эшигига олмахон ови учун қуролини суяб қўйди. Кровать четига ўтириб, у будильникни эрталаб соат 4:00га қўйди. Билли уйида хохлаганидай дам ололмаганидан, у эрталаб барвақт ўрмонга боришни, бир неча соат ов қилишни, кейин дарахт тагида ётиб, мизғиб олишни ёқтирар эди. Ҳеч бўлмаганда, ўрмонда уни уйқусини ҳеч ким бузолмас эди.

Будильник соат 4:00да жаранглади. Билли истар-истамас кроватидан тушди ва қоронғуда кийимини тимирскилай бошлади. Бармоқларини дераза жалюзлари пластинкалари орасига тиқиб, у кўчани кўриш учун уларни етарлича сурди. Баъзан одамлар ярим кеча келишар ва эрталаб бўлишини кутиб, ибодат қилиши учун, ўз машиналарида ухлар эдилар. Бу эрталаб йўлакча бўш эди, бу уни овга зудлик билан бора олади дегани эди.

Ўзининг 22-калибрли милтиғини олиб, Билли катта хонадаги чироқни ёқди ва оёғини судраб, уйқули кўзларини ишқаб, ваннага кетди. Хонани ярмидан ўтиб, у кичикроқ ғадир-будир хом олмани, чамаси, деволда осиб қўйилганини кўриб қолди. Билли ўйлади: “Хотинимга нима керак экан, деворга ғадир-будир, қурт еб ташлаган олмани осиб қўйиш?” Уни яхшироқ кўриш учун у яқинроқ келди. Бирдан у хатосини тушунди. Бу олма деворга бириктирилмаган — у ҳавода муаллақ турар эди!

Бир тиззасида туриб, ва қуролини ёнбошга қўйиб, Билли шляпасини чаққон ечди ва: “Самовий Ота ўз қулига нимани айтишни истайди?” — деди.

Яна битта усти қўтир босган хом олма биринчи олма ёнида пайдо бўлди... уни кетидан яна бир нечаси, то ҳавода бештадан иборат ғадир-будир хом олмаларни бир тўдаси чайқалиб турмагунича, келаверди. Билли буни бутунлай ҳайрон бўлиб кузатиб турар экан, бу тўдани устига каттакон шикастланмаган сариқ олма тушди. Билли сувли олмани тишлаётган одамдан қарсиллаб чиқаётган товушга ўхшаш товушни эшитди. Бу сариқ олма барча бешта олмани беш марта чапиллатиб чайнаб, еб қўйди.

Ваҳий кўринмай қолди, бироқ ўша ғайритабиий Нур шифт остида қуюнни шовқинига ўхшаган товуш бериб, айланиб тураверди. Бу Нур ваҳий эмас эди. Билли яна сўради:

— Менинг Раббим Ўз қулига нимани хабар қилмоқчи?

Тур, — Фаришта буюрди. — Уилльям Холлга бориб айт: РАББИЙ ШУНДАЙ ДЕЙДИ: “Сен яшайсан, лекин ўлмайсан”.

Кейин Нур ғойиб бўлди.

Биллининг онгидан олмахон ови ҳақидаги бор фикрлари учиб кетди. Ётоқхонага югуриб кирди, у билан бу ажойиб янгиликни бўлишмоқ учун, хотинини уйғотди.

— О-о, сен билан борсам бўладими? — деди у.

Улар бирга Уилльям Холл ўлим тўшагида ётган уйга келишди. Улар келган вақтда қуёш энди дарахтлар учларидан кўринаётган эди. Чарчаб қолган, ҳамма нарсага лоқайд, Мэгги Холл эрини кровати ёнида, уни қўлини уқалаб ўтирар эди.

— Уни аҳволи қандай? — сўради Билли.

— У ҳали тирик, Бранхам ака, лекин у ўлади. Нега сен бундай хурсанд, думоғинг чоғ кўринасан?

— Холл опа, менда эринг учун РАББИЙ ШУНДАЙ ДЕЙДИ, бор.

Унинг ҳайронлигидан оғзи очилди.

— Бу янгилик яхшиликками?

— Ҳа, Холл опа.

Кейин Билли бурилди ва сўради:

— Холл ака, сен мени эшитяпсанми?

Уни қовоқлари учди ва у хириллаганча:

— Мен ҳали ўлмадимми? — деб сўради.

— Йўқ, сен ўлмайсан — ҳозирмас. Менда сен учун Раббийдан сўз бор. Икки соатча олдин мен ваҳий кўрдим. Холл ака, сен қанча вақтлар бетобсан?

Буни эслаш учун жуда бетоблигидан, Уилльям Холл кўзларини хотинига қадади ва хириллади:

— Мэгги, буни ўзинг айт.

— У беш ойдан бери касал.

Билли бош ирғади.

— Мен ҳам шундай деб ўйловдим. Сал олдинроқ, бугун эрталаб ваҳийда катта сариқ олма, бешта кичикроқ ва қурт еган олмаларни еганини кўрдим. Бу хом олмалар, Холл ака касал бўлган вақтни, ўша ойларни ифодалайди. Шу вақтдан эътиборан у тузала бошлайди. Бу РАББИЙ ШУНДАЙ ДЕЙДИ!

Уйига қайтгач, Билли дўсти Сэм Эдерга қўнғироқ қилди.

— Доктор, сен эслайсанми, сени сўзинг бўйича тўрт кундан кейин ўлади деган одамни? Раббий менга ҳозиргина уни ўлмайди, деди.

Сэм Эдер эътироз қила бошлади.

— Бу мумкин эмас. Қандай қилиб у яшай олади, уни жигари рак бўлган?

— Мен билмайман, аммо у яшайди, чунки Раббий шундай деди.

— Билли, мен сени сўзларингга шубҳа қилгим келмайди. Мен сени йиғилишларингда бўлиб ўтган шунчалар кўп воқеалар гувоҳи бўлганмай, мен сенга, нима деганингда ҳам, ҳаммасига ишонишим керак. Бироқ бу, кўпни кўрган докторга, бу қандай бўлишини кўришига тўғри келади, акс ҳолда у ишонмайди.

— Ундай бўлса, бу қандай бўлишини кўришинггача, сен ҳали қаришга улгурмайсан.



Up