Ғайритабиий: 
Уилльям Бранхамнинг ҳаёти

Ғайритабиий:
Уилльям Бранхамнинг ҳаёти

Оуэн Жоргенсен

Мексикада мўъжиза ва сирлилик

75 БОБ

1956



ҲОВЛИДАГИ ЎТЛАР қор кўрпаси остида “қалтирар” экан, Уилльям Бранхам эса бу вақтда, ўзи кўришига тўғри келган энг кучли ваҳий тўғрисида фикрлар эди. Сирли равишда бекор қилинган йиғилиш, болалар ботинкасини боғичлашга беҳуда уриниш, балиқ овлаш дарси ва улкан чодирдаги баландда, платформада турган сирли хона, ― бу ҳамма эпизодлар Биллининг хотирасидан кетмас ва уларнинг сирли маъноси унга тинчлик бермасди. У узоқ вақт бу ваҳий ҳақидаги фикрларга шўнғиб юрди. Гарчи у “Фаришта ўша хонада унга айтган сирни итоаткорона асраса-да, у Библияда ўқиганларига ва охирги ойларда айтган ваъзларига бу сирнинг таъсири чуқур из қолдирди. Бир куни кечқурун, 1955 йилнинг декабри эди, у тўлқинланиб кетганидан, ҳеч ҳам ухлай олмади. 22:30да у хотинини уйғотди ва ундан сўради:

― Азизам, сенга озроқ ваъз қилсам, майлими?

Меда эрига қараб туриш учун, бошқа ён бошига ағдарилди. У кўзларини ишқалади, жилмайди ва:

― Албатта, Билли. Ваъз қил, мен эшитаман, ― деди.

Билли хотинига ярим кечагача ваъз қилди:

― Христианлик имони бус-бутун осойишталикка асосланади. Христианин оёғи куйган товуқдай зир югурмайди. Христианин ўзини у ёқдан – бу ёққа урмайди. Христианин бетартиб югуриб-елмайди, ғазабдан қайнамайди ва хавотирланмайди. Христианин тинчланади. Ишонадиган одам учун ҳаммаси Гўлготада якун топган. О-о, хафагарчилик келиши мумкин, бироқ Христианин Худо Ўз ваъдасини бажаришга қодирлигини била туриб, ҳар доимгидай тинчланади. Биз, Христианлар қандай муаммо ― очликми, касалликми ёки ҳатто ўлимми ― пайдо бўлмасин, аҳамияти йўқ, ҳеч нарса Раббимиз Исо Масиҳ шахсидаги Худо севгисидан бизни жудо қилишга қодир эмаслигин биламиз.364 Биз хотиржаммиз. Гарчи бу эски кема ҳар томонга ташланади ва ҳаётий мусибатлар билан таъқиб этилади, бизнинг лангар бизларни ўз жойига мустаҳкам тутиб туради. Бизларнинг имонимиз ўзимизни қобилиятимизга ёки черковимизга, ёкида дўстларимизга таянмайди. Бизнинг имонимиз бутунлай Исо Масиҳнинг поёнига етказган заҳматига, меҳнатига асосланади. Албатта, ҳар турли бўронлар ва ташвишлар келади, аммо бизнинг кемамиз чўка олмайди, чунки бизлар Худо Каломига лангарланганмиз.

364 Римликларга 8:38­-39

1956 йилнинг биринчи ярмида Билли, “Нима учун одамлар бундай серташвиш?” ― деган ваъзида бу мавзуда анча батафсил тўхтади. У ҳаётий ташвишлар билан доим чопиб юрадиган Христианлар ҳақида гапирди. Бундай Христианларда гоҳ парвозлар, гоҳ йиқилишлар бўлади. Бир куни у ўзини енгилмас ҳис қилади, кейинги кун эса умидсизликка тушади. Бир куни у Худога сиғинади, кейинги кун эса у дунёвий ҳаёт тарзига қайтиши мумкин. Нима учун энди шундай бўлади? Чунки унда Худо Сўзига бор-йўғи ақлий тушунча. У Исога ўз жонида ғайритабиий бошдан кечириш орқали эмас, балки интеллектуал билим орқали келди.

Ўз фикрини тушунтириш учун Билли Исроилликларни Мисрдан Ваъда Этилган Ерга сафари тарихидан фойдаланди. Исроилликлар ўзлари билан ҳеч қандай озиқ овқат олмаганликларидан, Худо уларга ҳар куни ғайритабиий нон бериб турдики, уни улар манна деб атадилар. Исроилликларга бу маннани ғамламаслик буюрилган эди. Агар улар уни асраб олиб қолишга уринсалар, кейинги куни у бузилар эди. Ҳар куни улар, ўша куни қанча еб билсалар, шунча манна йиғишлари керак эди.365 Худди шундай Христианлар ҳам Ҳаёт Нони ― Исо Масиҳдан ҳар куни озиқланишлари керак.366

365 Чиқиш 16:11-21; Саҳрода 11:7-9 (Тарж.)

366 Юҳанно ::31-35; 46:51 (Тарж.)

Гарчи бу манна яхши ҳолатда бир кундан ортиқ сақланолмаса-да, бироқ бундан айрим истиснолар бор эди. Худо Исроилликларга ҳафтада олти кун ишлашни буюрган экан, улар олтинчи кун йиғган манналари ҳар доим еттинчи куннинг охиригача ўзгариб кетмас эди. Бунинг устига, Худо Мусога Аҳд Сандиғига бир қанча маннани қўйишни топширди. Аҳд Сандиғи тўғри бурчакли қутти бўлиб, у “Муқаддаслар Муқаддаси” деб номланган жойда жойлашган ва ичидаги манна умуман бузулмадиям ва қотиб қолмадиям; авлоддан-авлодга худди янги ёпилган нон каби ёқимли ҳид таратиб турди.367 Руҳий нуқтаи назардан, бундай доимий янгилик, тозалик Христианинга ҳам хос эди.

367 Чиқиш 16:22-35 (Тарж.)

У ўйлаган нарсаларини тушунтира туриб, Билли Христианлик ҳаётини Худо Мусога чўлда қуришни буюрган чодирга таққослади. Чодирда учта бўлим бор эди: ташқи ҳоали, ибодатхона ва Муқаддаслар Муқаддаси. (1) Ташқи ҳовли. Чодирга келган одам, аввало очиқ ҳавода ўраб қўйилган ҳовлига кириши керак эди. У ерда ҳайвонларни қурбонлик қилиш учун қурбонгоҳ ва руҳонийлар чодирга киришларидан олдин қўлларини ювишлари учун бронза ҳовуз бор эди. (2) Муқаддас хона. Чодирни ўзи парда билан икки бўлимга ажратиб қўйилган эди. Чодирга киришга яқин томондаги хона Муқаддас хона деб аталар ва унда еттита шохларда еттита ёнаётган чироқ учун етти чироқпоялар бор эди. Бундан ташқари Муқаддас хонада хушбўй тутатқилар тутатиладиган тутатқи қурбонгоҳи ва муқаддас нонлар қўйиладиган олтин хонтахта бўлиб, улар Илоҳий Ҳозирликни билдириб турар эди. (3) Муқаддаслар Муқаддаси. Энг ичкари хона энг Муқаддас Макон ёки Муқаддаслар Муқаддаси деб аталар эди. Чодирнинг бу муқаддас ички бўлимида инвентарнинг фақат битта предмети жойлашган эди: Аҳд Сандиғи. Бу сандиқнинг қопқоғи “Раҳм-шафқат Тахти” деб аталар эди. Чодирнинг бу учта бўлими қутқарилишнинг учта стадиясини символи эди: (1) оқланиш, (2) табаррукланиш-муқаддасланиш ва (3) Муқаддас Руҳга тўлиш. (№8 Сурат)

Чўлдаги чодирда фақат битта кириш жойи бор эди ва фақатгина кимки Иеговага ишонса, ўшалар у орқали ўта билар ва қурбонгоҳни кўра билар эдилар. Бизларни давримизда одам нажотга фақат агар Исо Масиҳга ишонсагина эришиши мумкин, У эса Абадий Ҳаётга ягона эшикдир.368 Шунга қарамай, бу бор-йўғи фақат биринча қадамдир. Исога тўла ишониш чодирнинг ташқи ҳовлисига киришга ўхшаб кетади. Ташқи ҳовлига кирган одам, уни гуноҳларидан қутқариш учун Исо ўлганига ишонади. Бу уни имони орқали оқлайди.369 Бунинг ҳаммаси ажойиб, аммо у ҳали олдингидай очиқ ҳавода турибди ва об-ҳавонинг ҳар турли ўзгаришларига гирифтор. Кунлар қуёшли бўлса, бу одамнинг кайфияти жуда соз, қачонки ҳовлида совуқ ва бўрон бўлса, у умидсизликда ғамга чўкади. Бунинг устига, қора булутлар сабабли қуёш нури порлаши ва юлдузлар ёғдуси доимо ўзгариб туради.

368 Юҳанно 10:7; 14:6 (Тарж.)

369 Римликларга 5:1 (Тарж.)

Муқаддасланиш, табаррукланиш ― марҳаматнинг иккинчи стадияси. Исо Масиҳ Қони билан тозаланган одам, ўша оқланишда тўхтаб қолган одамдан кўра яхшироқ аҳволда бўлади. Тозаланган одам чекиш, ичкилик, ёлғон гапириш, ўғрилаш ва бошқа шу кабиларни тўхтатади. У одамларга тўғри муносабатда ва Худонинг олдида муқаддас яшайди. Уни чодирнинг муқаддас жойига кирган руҳонийга таққослаш мумкин. Муқаддас жойда ташқи ҳовлидан кўра шинам, қулайроқ, сарамжон-саришта ― у руҳонийни шамоллар ва ёмғирлардан ҳимоя қилади. У ерда у самовий ёритқичларнинг ўзгарувчан нурига суянмайди, чунки муқаддас макон олтин шамдоннинг еттита ёниб турган чироғи билан ёритилади. Аммо бу еттита олов тўла ёритиб беролмайди. Бу чироқларга ҳар кун қараб, тузатиб туриш керак. Баъзан уларнинг тиликлари аланганинг учларини ўчириб ва хонани тутунга тўлдириб, куйиб қолар эди. Вақти-вақти билан чироқлардан бирови умуман ўчиб қолар ва уни яна ёқиб қўйиш зарур бўлар эди.

Қутқарилишнинг охирги стадияси ― бу Муқаддас Руҳга чўмдирилиш. Мана, қачонки Христианин парда орқасидаги Муқаддаслар муқаддасига киради ва ўз ҳаётини шон-шуҳратҳозирлигига ўтказади.370 Шон-шухрат Ҳозирлиги сирли, мулойим нур таратадиган ва доимий Нурки, у бутунлай ишончли. Худонинг Ўзи бу Нурнинг ўчоғи, шу учун Муқаддаслар Муқаддасида ҳеч қачон бирон-бир янгилик ёки ўзгариш бўлмайди.

370 Яҳудийларча “шакон” – “яшамоқ” ― Худони халқи орасида кўриниб, ҳозир бўлиб туриши. (Тарж.)

Билли аудиторияга деди:

― Шунга қарамай, эркагу-аёллар тартибли ҳаёт кечиришлари ва Худони ақлий тушунча билан севишлари мумкин. Аммо Масиҳда яширинган ҳақиқий пана жой юракда жойлашган. Қачонки Масиҳ, Муқаддас Руҳ сизни юрагингизга киради, У сизни характерингиз билан бирга сизда бўлади, ва У Ўз иродаси бўйича сиз орқали Ўз ҳаёти билан яшайди. Сиз шу қадар Унга ишондингизки, шундан Масиҳ, қанақа сўзларни гапирган бўлар эди, шу сўзларни сиз орқали гапиради, қандай У фикрларни ўйласа, У шу фикрларни сиз орқали ўйлайди. У қандай ишлар қилса эди, шу ишларни сиз орқали қилади. Сиз ишониб, ўзингизни топширдингиз ва бехавотир бўлдингиз.

― Ўзини бағишлаган, ўзини ишониб топширган Христиан ― қандай ажойиб намуна, қайсики, у орқали Масиҳ иш қилади! Павел айтди: “Зеро мен учун ҳаёт ― Масиҳдир, ўлим эса – ютуқдир. Энди яшаётган мен эмас, балки Масиҳ менинг ичимда яшаяпти”.371 Масиҳ бўйсунган, итоат этган одамнинг жонида яшайди. У оғзи орқали гапиради, ақли билан ўйлайди, кўзлари билан кўради ва характери орқали амал қилади. Кейин барча дунёвий нарсалар нари кетади. Қандай энди бу доимий хушмуомалалик ва дилкашликдан бошқа бирор нарса бўлиши мумкин? Ҳаммасини Масиҳ идора қилади, бошқаради. Омин.

371 Филиппиликларга 1: 21 ва Галатияликларга 2:20 кўрсатилган тартибда.

― Сиз буни тушуняпсизми? Масиҳ сизда, шу учун сизнинг барча борлиғингиз ― бу Масиҳ. Сизни муносабатингиз, хохишингиз, сизнинг иштиёқингиз, нимаики сизда бор, бариси бу Масиҳ; шу учун сиз ўзингизни ишониб топширдингиз ва бехавотирсиз, сиздаги ҳаммаси баркамол. Бу қанчалик ақлсизлик бўлиб туюлмасин, ёки қандайдир қоп-қора бўлиб кўринмасин, аҳамияти йўқ, бу ҳамишагидек доимий, ўзгармас ― сизда Масиҳ жойлашган.Агар У шу ерда ер юзида бўлганида қандай ўйлаган бўлар эди, худди шундай У сизнинг ақлингиз билан ўйлайди. Сиз энди бошқа ўзингизга эга бўлмайсиз, чунки сиз Унга ўзингизни топширдингиз.

― Йилда бир марта Ҳорун – олийруҳоний, чодирнинг муқаддас хонасига кирар эди.372 Халқ уни ортидан кузатиб турар эди. Ҳорун тўғри мойланган, тўғри кийинган бўлиши ва тўғри бориши керак эди. У ўз кийимида қўнғироқчалар осган ва қачонки у юрса, ўша қўнғироқчалар: “Муқаддас, муқаддас, муқаддас Раббий учун!” ― деб жаранглар эди. У ўзи билан гуноҳлар учун бағишланган қурбонлик қонини олиб кирар эди. У Шарон гулига мойланган ва бу мой унинг соқолидан ҳаттоки кийими этакларигача оқиб тушар эди.373 У ички ҳовлига Илоҳий Борлиққа кирар, унинг орқасидан парда ёпилар ва у ташқи дунё учун кўринмай қолар эди.

372 Чиқиш 30:10; Левитлар 16; Ибронийларга 9:7-14; 25-26

373 Забур 132:2 (Тарж.)

― Худога шукур, ҳимояланадиган жой, маскан борлиги учун! Сиз Илоҳий Мавжудликка киришингиз ва дунёнинг нарсаларидан яширинишингиз мумкин. Сиз энди бошқа уларни эшитмайсиз, чунки бу товуш ўтмайдиган жой. Дунёвий одамлар ташқарида бўлади ва оғзини лонг очиб қарайдилар. Сиз эса ичкарида, Абадий Худо Ҳузурида бу маннани ейсиз, қайсики ҳеч қачон айнимайди ва бузилмайди.

― Инсон қачонки Шоҳ Ҳузурида яшаса, ҳар бир кун ажойиб. У ўша ҳужрасини топди.374 У парда ортига ўтди, ва у уни ортидан ёпилди. У дунёвий нарсани кўрмайди. Муқаддас макон қўй ва эчкиларнинг товуш ўтказмайдиган териларидан қилинган, а бу яшинин ҳужра Муқаддас Руҳга чўмдирилиш орқали товуш ўтказмайдиган қилинган. Қайсики инсонни Масиҳда яширади. У ерда у янги ижод бўлади ва ҳар куни Худо олдида шундай тарзда иш тутади.375

374 Забур 26:4-5; Забур 90:1; Матто 6:6

375 2-Коринфликларга 5:17; Галатияликларга 6:15-16

― Имонли одамни Худо Ҳузурида кўриш қандай яхши. Ҳаммаси Масиҳга берилган эди. Худо Ким бўлган бўлса, ҳаммасини Масиҳга қўйди, Масиҳ Ким бўлган бўлса, ҳаммасини У Черковга қўйди. Исо деди: “Мен Отамда, сизлар Менда ва Мен сизларда Ҳозир эканимни ўша кунда фаҳмлайсизлар”.376 О-о, имонлиларга қанақанги имтиёз, агарда улар буни фақат қабул қилолсалар!

376 Юҳанно 14:20

Охирида Билли деди:

― Ўша парда ортига ўтган одам ўзини барча дунёвий нарсалардан асрайди, эҳтиёт қилади. У ўз учлари билан тегиб турган, корублар қаноти остида ўтиради,377 ва уни Худонинг Ҳозирлиги Шуҳрати ўраб туради. Ўша Нур ҳеч қачон хиралашмайди, ҳеч қачон ўчмайди. Имонли одам Аҳд Сандиғи олдида тинчланади ва олтин идишдан доимо янги маннадан ейди. Унга умуман хавотирланишни кераги йўқ. Ҳаммаси тўғрилаб қўйилган. Худо уни устида туради, уни ибодатларини эшитади ва уларга жавоб беради. Бунинг устига, бу имонли инсон Шаҳоншоҳнинг айни Ҳузурида, Унинг Шуҳрати Ҳозирлигида Худо билан бирга яшайди! У ерда унга муаммолар етиб боролмайди. У уларни эшитмайди. Дунёнинг фарёди, бақириши ташқарида қолди.

377 Чиқиш 25:20-22; 37:7-9. (Тарж.)

― Дўстлар, агар сиз мана шундай Масиҳга кирсангиз, агар сиз шундай ҳолатга, аҳволга кира олсангиз, қачонки дунё сиз учун ўлади ва сиз фақат Шон-шуҳрат Ҳузурида яшайсиз, Шоҳнинг Ҳузурида яшайсиз, ўшанда ҳар бир кун сизнинг жонингиз учун ширин, ёқимли бўлади. О-о, ана буниси қойил! Ҳаммаси жойида! Ҳеч нарса сизга зиён қилолмайди. О-о, бу қандай жой!

Ўз фикрларини тасдиқлаш учун Билли Ибронийларга мактубнинг 10:19-22 оятларидан парча келтирди:

Шунинг учун, эй биродарлар, Исо Масиҳнинг Қони туфайли муқаддас маконга киришга жасоратимиз бор.

Исо Маъбаддаги парда орқали, яъни Ўз бадани орқали бизга янги, тирик кириш йўлини очиб берди.

У Худо хонадони устидан маъсул бўлган буюк Руҳонийимиздир.

Шундай қилиб, дилларимиз ёмон виждондан покланган, баданимиз эса тоза сув билан ювилган бўлиб, биз энди тўла ишонч ва эътиқод билан чин қалбдан Худога яқинлашайлик.

Ҳаворий Павел таълим берганидай, у ҳам 1956 йида ўз ваъзларида ушбу мавзуни, эски аҳддаги чодир самовий ҳақиқатнинг ердаги тасвири эканини ўрганиб, бир неча бор такрорлади. Ҳаворий Павел: “Худо Мусога: “Эҳтиёт бўл, ҳар бир нарсани тоғда сенга кўрсатилган намунага мувофиқ қилгин” ― деб буюрганди. Демак, руҳонийлар хизмат қиладиган макон фақат осмондаги мавжудоднинг намунаси ва соясигинадир”, ― деган эди.378

378 Ибронийларга 8:5

Чодирнинг учта қисми кўп нарсаларнинг рамзи эди. Илоҳий номерлашда уч сони камолотни, баркамолликни англатади. Худо инсониятга Ўзини учта ҳар турли усулда намоён этади: Ота каби, Ўғил каби ва Муқаддас Руҳ каби. Инсон учта қисмдан тузилган: тана, руҳ ва жон. Қутқарилиш ўзида учта стадияни, даврни ўз ичига олади: оқланиш, табаррукланиш-муқаддасланиш ва Муқаддас Руҳга тўлиш. Мусонинг чодирида учта бўлим бор эди: ташқи ҳовли, муқаддас хона ва Муқаддаслар Муқаддаси. Биллини ўзини хизмати ҳам учта этапдан иборат эканлигини билар эди: худди ваҳийда кўрсатилган ўша балиқ овлаш ипининг биринчи, иккинчи ва учинчи силтови. Ваҳий якунидаги ўша улкан чодир ҳам худди шундай учта қисмга бўлинган эди: охирда ўтирган йиғилиш аҳли, бошқа томонда баландга кўтариб қўйилган платформа ва платформадаги ўша кичикроқ қурилган хона. Биллига биринчи ва иккинчи силтовлар унинг хизматининг икки даврини ифодалаши маълум эди: унинг қўлидаги аломат ва ваҳий орқали юрак сирларини фарқлай билиш. У ҳали учинчи силтовдан нима англанишини билмас эди, бироқ Фаришта унга учинчи силтов қандай тарзда платформадаги ўша ― Шон-шухрат Борлиги мавжуд ўша хона билан боғлиқ бўлишини аниқ кўрсатди. Фаришта деди: “Мен сен билан ўша хонада учрашаман. Мана шу сенинг учинчи силташинг. Бу ҳаммага кўз-кўз қилиш учун бўлмайди”.

Ўша ваҳийдаги барча эпизодлардан “учинчи силтови” ягона “қаттиқ ёнғоқ” эмас эдики, унга Биллини ҳеч ҳам “тиши ўтмасди”. Ваҳийнинг қайси қисми рамзий маънода ва қайсилари тўғридан-тўғри бажарилиши керак эди, у тушуниб етмади. Нима учун ўша хушмуомала кўринишли одам: “Бранхам ака дам олаяпти” ― деди? Нимага энди ибодат навбати олдида парда осилган эди? Ва нима ўзи бўлаётган эди ўша сирли хонада?

Ўша ваҳийни қайси эпизодлари рамзий маънода, қайсилари эса бундай эмас эканини билишнинг иложи йўқлигидан, Билли ўзини администраторларига қўнғироқ қилди (ҳозирда улар Жек Моор ва Майнер Арганбрайт эдилар) ва улардан топишлари мумкин бўлган энг катта чодирни ижарага олиш ёки харид қилиш масаласида шуғилланишларини сўради. Майнер Арганбрайт чодирни бутун бир ойга Финиксда жойлаштиришни таклиф қилди. Бу ғоя Биллига маъқул бўлди. Чунки ўша жойларда у йиғилиш ўтказганларида, унинг кампанияси кўпинча кундан-кунга кучаяр эдики, у бир жойда кўп вақт бўлишдан руҳий уйғониш бўлиб кетмасмикан деб ўйлаб қолар эди. Аммо бу режа бошқа хушхабарчи А.А.Аллей ўша ойда Финиксда давомли кампанияни белгилаганидан, барбод бўлди. Финиксда бир вақтнинг ўзида иккита имон билан шифоланиш кампаниясини ўтказишнинг иложи йўқлигидан, Билли йиғилишларни бекор қилди.

Шунда Майнер Арганбрайт бошқа режани таклиф қилди. Христиан бўлган Мексика армиясининг бош қўмондони, Генерал Нарцисо Медина Эстрада Майнер Арганбрайтдан Бранхам Кампанияси билан Мехикога келишини илтимос қилди. Энди ҳаммаси Биллига боғлиқ эди: у Мексикада бир неча йиғилиш ўтказишни хохлайдимикан?

Билли бу ҳақида ибодат қилганида, Раббий Фариштаси унга келиб: “Мен ахир сенга умуман Финиксга боришни буюрмовдим-ку. Мен сенга Мексикага боришни айтгандим”, ― деди. Бу сўзлар орқали Билли ўтган йил ноябрда унга кўрсатилган ваҳийнинг яна бир неча фрагментларига тушунча олди. Ўша ваҳийнинг бошқа кўрган ўша икки жўлдурвоқи болакайлар, худди шундай у ваъз қилишидан олдин тарқатиб юборилган барча одамлар ҳам мексикалик эдилар.

Билли ўша ваҳийни батафсил айтиб бериб, Майнер Арганбрайтдан Мексикага кампания уюштиришини сўради. Бир неча ҳафта ўтиб, Арганбрайт Биллига қўнғироқ қилди ва:

― Биз Мехикода коррида379 аренасини резерв қилиб қўйдик. У 60 000 томошабинга мўлжалланган. Биринчи йиғилиш 16 мартда ўтказилади. Ўша эрталаб мен сени ва Жек Моорни Мехикодаги “Регас Хоутэл” меҳмонхонасида кутиб оламан.

379Коррида ― тореадорни ҳўкиз билан жангчи, Испания ва бошқа айрим мамлакатлардаги традицион оммавий томоша. (Тарж.)

Арганбрайт ўз ҳаяжонини яшира олмади:

― Бранхам ака, биз билан ҳеч бўлмаганида йигирмадан кўпроқ деноминациядан юзта хизматчи ҳамкорлик қилади. Бунинг устига, уларнинг ҳукумати Мексиканинг бутун тарихида биринчи марта ўз давлатларига протестант хушхабарчисини келишини маъқуллади. Мен ажойиб воқеалар бўлишини сезиб, ҳузур қилаяпман.

1956 йилнинг биринчи икки ойида Билли Қўшма Штатларининг ҳамма бурчакларига учди ва ҳар турли жойларда бир нечталаб кечки йиғилишлар ўтказди. Бу шифоланиш кампаниялари эмас эди. Мексикага келгунича уни касаллар учун ибодат қилишга хохиши йўқроқ эди, чунки у ўзининг янги хизматини ўша ерда бошланишини орзиқиб кутаётган эди.

16 мартда Билли Билли Поль, Жек Моор ва Янг Браун ҳамроҳлигида Мехикога учди. Унга мексикано-америкалик хизматчи Роберто Эспиноза ҳам қўшилди. У ушбу кампанияда таржимонлик қилиши керак эди. “Регас Хоутэл” меҳмонхонасида рўйхатдан ўтиб, Билли коррида аренасига бориш учун такси чақирди. Осмонда булутлар тўпланиб ва ёмғир майдалай бошлади.

Таксичи деди:

― Йилнинг бу пайтида бизда камдан-кам ёмғир ёғади.

Билли администраторининг биқинига тирсаги билан туртти-да:

― Мен сенга шуни айтмаганмидим? Мана кўрасан, биз у ерга борганимизда, қанақадир муаммо чиқади. Арена бутунлай бўм-бўш бўлади, ― деди

― Бранхам ака, бу қандай бўлиши мумкин!

― Билмайман, аммо мен ўтган йили ваҳийда айнан шуни кўрган эдим.

Улар коррида стадионига келганида, Жек Моор ҳайрон бўлиб, 60 000 ўриндиқдан иборат айлана аренага назар ташлади. Бу жойларнинг битта қолмай ҳаммаси бўш эди.

― Бранхам ака, агар мен ҳозиргача сендаги иноятга ишонмаган бўлсам, унда мен ҳозир аниқ ишонган бўлар эдим, ― деди у.

Кейинроқ улар ўша куни эрталаб кечки ибодат хизматини кутиб минглаб одамлар коррида аренасида йиғилганликларини билишди. Кундузи эса, ёмғир ёғаётган пайтда кимдир товуш кучайтиргич аппаратидан фойдаланган ва ҳамма одамларни уйларига тарқатиб юборган. Бу кампаниянинг асосий ташкилотчиларидан бири муҳтарам Эйбел Медина Биллига, ким халқни тарқатганини билмаслигини айтди. Ундан ҳам ёмони, коррида стадионини ижара шартномасини кутилмаганда бекор қилдилар. Ўша моментда на жаноб Медина, на генерал Эстрада ғанимларининг шахсини аниқлай олмадилар, гарчи улар ўша ярамасни қайси ташкилотга ишлаётганини билишларига амин бўлсаларда. Жек Моор тишларини ғичирлатиб онт ичди:

― Мен бу муваффақиятсизликнинг айбдорини албатта излаб топаман.

Билли елкаларини қисиб жавоб берди:

― Майли, уриниб кўр, лекин сен билиб ололмайсан. Сен ким билан учрашмагин, бу ҳақида ҳеч кимга ҳеч нарса маълум бўлмайди.

Билли ва Билли Поль уйга, Жефферсонвиллига учишди, Моор ва Арганбрайт бу чалкашликни тўғрилаш умидида бу вақтда Мехикода қолди. Икки кун давомида Жек Моор йиғилишни ким бекор қилганини ва халқни жавоб бериб юборганини суруштирди. Ҳукумат амалдорлари билан гаплашиб, у турли кабинет ва офисларда юрди. Бу орада уни чакаги ҳам оғриб кетди. Ҳеч ким, у ким билан гаплашмасин, бу воқеа ҳақида билмас эди. Бу орада Арганбрайт генерал Эстрада ва жаноб Медина кўмагида кампаниянинг тўлиқ барбод бўлишидан сақлаб қолиш учун бор кучини сарфлади. Коррида стадиони ижара шартномалари бекор қилинганлиги туфайли, улар йиғилиш ўтказиш учун бошқа тўғри келадиган жойни топишга мажбур эдилар. Улар уни Мехико шаҳри яқинидаги Такубайядан топдилар.

Шанба куни Майнер Арганбрайт Биллига қўнғироқ қилди ва ундан Мехикога келишини сўради. Билли бу ҳақида ибодат қилиш учун ўзини ғорига жўнади. Якшанба куни каллайи- саҳарлаб, у ваҳийда ерда ташланган ўлик балиқни кўрди. Раббий Фариштаси деди: “Мексикага қайт. Бу жуда қулай вақт эмас, бироқ мен сен билан бирга бўламан”.

Шундай қилиб, 19 март, Мексикадан учиб келганидан бор-йўғи бир неча кун ўтиб, Билли ўғли билан яна ўша ёққа учиб келди. Генерал Эстрада Такубайядаги футбол майдонини икки ҳафтага ижарага олди. Ундан кейин мистер Эйбел Медина кампанияни ўша жойли, маҳаллий хушхабарчилар билан давом эттиришни ният қилиб қўйди.

Душанба куни, эрталаб тўққиздан одамлар футбол майдонида тўплана бошлади. Бу ерда на томошабинлар трибуналари, на одатдаги арзон жойлари бўлмаганлигидан, улар бутун кун бўйи кечқурунги йиғилишни кутиб, бевосита ўтни устига ўтираверишди. Келадиганлар сони соат сайин кўпаяверди. Кечки соат олтида Билли Поль Бранхам ибодат карточкаларини аралаштирди-да ва уларни мексикалик одамларга берди, у эса тарқата бошлади. Кейин Билли Поль ўша одамни ортидан одамлар орасидан, у бирорта карточкани сотмаганига ишонч ҳосил қилиш учун кузатиб борди. Билли у ерга келган вақтда, соат саккизда, 10 000 га яқин одам уни ваъзини кутиб турар эди. Билли қандай қилиб платформагача етиб борар эканман, деб ўйланиб қолди. Бироқ унинг ҳомийлари аллақачон буни ечимини топишди. Платформа стадионни кўчадан чегараланган баланд деворга ёпиштириб қурилган эди. Биллини шу деворнинг ташқари томонидан, тротуардан олиб келишди. Кейин у деворга норвондан кўтарилди, у ерда икки одам уни қўлтиғидан арқон ўтказиб, платформага бошқа томондан тушурдилар.

Одамларга салом бериб, Биллли Яҳуданинг мактубини 3-оятидан: “азизларга умрбод омонатга топширилган имон йўлида жонкуярлик билан курашишга ундамоқни лозим кўрдим”, ― деган сўзларига алоҳида урғу бериб ўқиди. Кейин у самариялик аёл ҳақида сўзлаб, уни Исо олдин кўрмаганини, аммо унинг ҳаётида бўлган ҳамма нарсани айтиб берганини тушунтирди.380 Шундан кейин Билли Нафанаил ҳақидаги ҳикояни сўзлаб берди. Филипп Натаньилга деди: “Мен Масиҳни топдим”. Натаньил бунга шубҳаланиб: “Сени қандай исботинг бор?” ― деди. Филипп жавоб берди: “Бориб кўргин”. Қачонки Натанъил Насрога келган вақтида, Исо деди: “Мана, ҳеч ҳийлани билмайди, ҳақиқий Исроиллик”. Натанъил сўради: “Сен мени қаердан биласан?” “Филипп сени чақирмасидан олдин, сен анжир дарахтининг тагида эдинг. Мен сени ўша ерда кўрган эдим”, ― деб жавоб берди Исо.381 Исо қандай қилиб уни кўрди экан? У уни ваҳийда кўрди. Худонинг Руҳи ҳамма нарсани билади, ва худди шундай Худонинг танада намоён бўлиши ― Исо ҳам, биз тўғримизда ҳамма нарсани билади.

380 Юҳанно 4:5-39

381 Юҳанно 1:43-51

Билли деди:

― Бу оқшом Раббий мўъжизалар қилиш учун шу ерда турибди. Мен мўъжиза қилмайман. Мен мана шу олдимда турган микрофондай гап. Агар мен гапирмасам, микрофон ўзича бирор бир товуш чиқаролмайди. Худди шундай тарзда мен ҳам ― Худонинг қўлида бор-йўғи бир восита, қуролдирман. Айнан Раббий Исо Масиҳ шифолайди, мен бўлсам фақат Худо шифолашини намоён қиладиган бир восита. Мен Унинг Муқаддас Каломи ваъдаларига асосан иш тутаман, чунки мен У Ўз Сўзида нималар ваъда қилган бўлса, шуларга ишонаман.

Ибодат навбатидаги йигирма беш кишидан биринчиси Энрикета Ареллано деган аёл экан. У платформага зиналардан чиқди ва америкалик хушхабарчи олдида турди. Билли деди:

― Исога самариялик аёл қанчалик нотаниш бўлса, бу аёл ҳам менга шунчалик нотаниш. Аммо мен унинг муаммоси нимада эканлигини айта оламан. Мен касалхонада уни қандай операция қилаётганларини кўраяпман. Чандиқлар айтгандай яхши бўлиб кетмади ва у буни рак ўсмаси бўлиши мумкин деб қўрқаяпти. Ахир шундай эмасми?

Аёл ҳаммага кўз ёши қилиб, бу ҳаммаси ҳақиқатлигини айтди. Қисқагина ибодат қилиб, Билли деди:

― Қувонинг! Раббий сизни шифолади!

Энрикета платформадан мутлақо бошқа аёл бўлиб тушди.

Ибодат навбати орқали бир неча одам ўтди, ва уларни шифоланиши учун қилинган ибодатлар натижаси бир хил даражада ҳайратланарли эди. Кейин хушхабарчига Мариано Сантъяго деган одам келди.

Билли тингловчиларга деди:

― Агар Худо менга, бу одам нима сабабдан шу ерда эканлигини айтса, сизлар ҳаммангиз Исо Масиҳга ишонасизми?

Сантъягога бурилиб, Билли деди:

― Сиз бу ерга мендан грижангизни тузалиши учун ибодат қилишни сўраб келдингиз. Лекин, яна бошқа сабаб ҳам бор. Сиз Хушхабар хизматчисисиз; сиз Веракус шаҳридансиз, ва сизнинг черковингиз “Гўлгота” деб аталади. Сиз бир неча дастрўмол устидан ибодат қилишимни ва уларни черковингиздаги касал одамларга беришни истайсиз.

Ҳали бу ҳаммаси бўлиб ўтар экан, ёрдамчилардан бири жаноб Мединага, ибодат навбатида, қўлида аёллар исми ёзилган карточка ушлаганча, ақлдан озган ёшроқ одам ўтирганини айтди. Буни ҳаммасини текшириб кўрган Медина, бу йигит чиндан ҳам ақлдан озган кўринса-да, аммо у ўзича ҳеч қандай хавфли одам эмаслигини билди. Кейин халқ орасидан бу одамни онаси чиқиб келди. Уни ўзи касал бўлса ҳам, у энг аввало ўғлини шифоланишини истагани учун унга карточкасини берди. Жаноб Медина унинг истагини тўғри тушунди, аммо у ерда карточка олиб билмаган кўплаб касал одамлар бор эдики, шу туфайли Медина эълон қилинган тартибдан ҳар қандай чекиниш тўс-тўполонга олиб келиши мумкинлигидан хавотирланди. У шу онадан ибодат навбатида жойларини алмашишларини сўради, у она эса шу айтганидай қилди ҳам.

Ниҳоят она платформада бўлганида, Билли унга шундай деди:

― Сиз католиксиз, ва сиз тасбеҳга қараб ибодат қиласиз. Сиз бу ёққа келдингиз, чунки яқинларингиздан бири шифоланишини истайсиз ва бу сизни ўғлингиз. Худо аллақачон буни ҳаммаси учун ғамхўрлик қилиб қўйди. Тинчлик билан боринг.

Шу оқшом Мексикада ҳам худди ўша Африкада, Ҳиндистон ва аппачи индеецлар резервациясида бўлган нарсалар кузатилди. Бу мексикаликларнинг оддийгина имони юрак сирларини билишни қандай бўлса – шундай қабул қилдики, улар Исо Ўзини уларнинг ўртасида чиндан ҳам намоён қилганига ишондилар. Мўъжизалар худди баҳор ёмғиридан кейинги дашт гулларидай мўл-кўл бўлиб “шоналади”.

Бу регионнинг об-ҳавоси шароитига ҳали ҳам бўронли фронт таъсир қилаётган эди. Бутун кун давомида ёмғирли булутлар тўда-тўда бўлиб, тоғлар устида сузиб юрди. Биринчи оқшом шамол бўлди-ю, аммо ёмғир ёғмади. Аммо иккинчи кун тушдан кейин ёмғир тинмай ёғиб турди. Бу одамларни йиғилишга келишларига тўсқинлик қилолмади. Кечқурунги соат саккизда, Билли касаллар учун ибодат қилишга келганида, халқ 25 000 тагача кўпайди.

Ибодат навбатидаги бешинчи одамнинг кўзлари ожиз эди. Уни оёқларини олдинга судраб босиб, мексикалик ёрдамчилардан бирини қўлидан ушлаганча келаётганини Билли кузатиб турди. Қария тинмай ёрдамчига қандайдир савол берар эди. Мистер Эспиноза Билли учун таржима қилди: “У америкалик хушхабарчига келдими-йўқми деб сўраяпти. У сенга қўл тегизишни истаяпти”.

Икки лаҳза ўтиб, ёрдамчи кўр одамни қалтираётган қўлини Биллининг костюмини қайтарма жойига ушлатиб қўйди. Тиззасига йиқилганча, қария чўнтагидан тасбеҳини чиқарди ва ибодатини такрорлай бошлади: “Қувонгин, Мария, дуолисан сен, шафқатлисан сен...” Билли шу ерда у одамни тўхтатди ва унга:

― Отахон, бу ерда бундай қилишингизни кераги йўқ, ― деб уни туришига кўндирди.

Қария йиртилган, кейин ип билан боғлаб қўйилган эски сомон шляпа кийиб олган эди. Шляпасини тагидан тўзиган оқ сочлари осилиб турар, баландги лаби эса устара тегмаган оқ мўйлови тагида қолиб, кўринмасди ҳам. Уни шими йиртилиб ва чанг босиб кетган, костюми тагида эса унда кўйлаги йўқ эди. Бу одамни кўринишига раҳми келганидан Биллининг юраги эзилиб кетди. У ўйлаб қолди: “Агар мени отам ҳаёт бўлганида, у қарийб шу одам билан тенгқур бўлар эди. Ҳаёт бу одамга қанчалар шафқатсиз, бераҳм бўлган бўлса керак. Эҳтимол, у бутун умри бўйи ҳеч қачон тўйиб овқат емаган, дурустроқ костюм ёки бир жуфт туфлига эга бўлмагандир. Бу ҳаммаси етишмагандай, ҳозир у бутунлай ногирон аҳволда, қоронғуда чайқалиб юради”.

Билли қариянинг яланг оёқларига қаради. Улар чангга ботган ва қўпол, тирноқлари узайиб, бурилиб кетган эди. Билли бир-икки лаҳзада унга ўзини туфлисини берсаммикин, деб ўйлади. Кейин у унга тўғри келмаслигини англади, чунки мексикаликни оёғи уникидан анча катта эди. Костюмини бермоқчи бўлиб, Билли кўр одамнинг елкаларига қаради, бироқ бу нотаниш одамнинг елкалари жуда ҳам кенг эди, ва Билли костюми ҳам унга торлик қилишини тушунди.

Кўр одам шляпасини ечди, бошини Биллини елкаларига қўйди-да, ҳўнграб юборди. Билли бу одамни нафақат дардини ҳис қилди, балки унинг ичида нимадир унинг азоб-уқубатларига, аламига шерик бўладиган ― у одамга ачинишдан ҳам олийроқ, меҳр-муҳаббат доирасидаги нарса орқали беқиёс самимийлик билан ибодат қилиш мумкин бўлар эди.

Бирдан Биллининг олдида ваҳий худди кактус гулчаларидай “очилди”, ва унда бу одамни қувонганидан, ирғишлаб, сакраб юрганини кўрди. Шунда Билли унинг кўзи очилиши муаммоси ечилганини тушунди. У қариянинг бошини оҳиста кўтарди. Мексикалик одам икки бор кўзларини пирпиратди-да, кейин қичқириб юборди: “Глориа а Диос! Вео! Вео!”, яъни “Худога Шукур! Кўряпман! Кўряпман!” ― дея бошлади. У тиз чўкиб, кўзи очилган қария Биллини туфлисини ўпишга уринди, аммо Билли уни туришга кўндирди. Шунда у Биллини маҳкам қучоқлади, Арганбрайт, Браун ва бошқа хизматчиларни қучоқлаб, ва тинмай, “Глориа а Диос!” дея қичқириб платформада югура бошлади. Минглаб одамлар “Глориа а Диос!” деган сўзларга жўр бўлдилар.

Католиклар черкови таъсири остида бўлган оммавий ахбарот органлари ходимларини бунақа эсни оғдирадиган мўъжизани яширишга қудрати етмади. Минглаб мексикаликлар бу ҳақида кейинги эрталаб эшитдилар. Уларни орасида ёш она бор эди, уни чақалоғини ўпкачаси яллиғланишидан шикастланган ва шу учун базўр нафас олар эди. Худди шу эрталаб, бу аёл ҳали врач қабулида навбатини кутар экан, уни боласи охирги нафасини олди ва шу билан нафас олишдан тўхтади. Врач ундан ўлган боласини кабинетида қолдиришини жуда жиддий сўради ва унга дафн қилиш бюросига қўнғироқ қилишини айтди.

Аммо бу ёш онага нимадир бундай фикрга кўникишига қўймас эди. У Худо бу қарияни кўзини очишга қодир бўлса, У унинг боласини ҳаётга қайтариб ҳам билади, деб ўйлади. У врачга ўлган боласини мурдасини ўзи билан олиб кетишини айтди ва у врачни кабинетидан тўппа-тўғри футбол майдонига борди, у ерда америкалик хушхабарчи ўша оқшом касаллар учун ибодат қилиш ниятида эди. Аёл у ёққа туш вақтида етиб келди ва футбол майдонини учдан икки қисми аллақачон одамлар билан тўлган эди. Ёмғир майдалар эди. Ибодат карточкалари тарқатиладиган вақтини кутиб турган одамларни узун навбатининг охиридан жойини олди.

Ўша оқшом Биллини деворга олиб чиқиб ва уни платформага арқон билан туширганларида, олдида рўмоллар ва костюмларнинг катта тўдасини кўриб, у ҳайрон қолди. Майнер Арганбрайт ибодат карточкасини ололмаган кўплаб одамлар, Билли уларни устидан ибодат қилиши учун, шу ерга йиғганликларини тушунтирди. Ўша одамлар, у ибодат қилган кийимларга бор-йўғи тегилсалар ҳам шифоланиб қолишларига ишонишарди. Билли Павелни Ефесда рўмоллар ва камарлар уюми устидан ибодат қилган библиявий даврни эслаб, буни хурсанд бўлиб бажо этди.382 Билли бу нарса ўша даврдагидай ҳозир ҳам амал қилишини билар эди. Бу мексикаликлар имон тушунчасини ўзлаштириб олди. Ҳар доимгидек, Билли уларни имонини ягона Шифокор бўлган, Исо Масиҳга қаттиқ йўналтирилиши фактини улар учун яна таъкидлаб ўтди.

382 Ҳаворийлар 19:11-12

Ибодат хизмати бошланганидан бироз вақт ўтгач, Билли ибодат навбатидаги қандайдир қий-чувни пайқади. Навбатнинг охиридаги аёл ёрдамчиларни айланиб ўтмоқчи бўлаётганга ўхшар эди. Билли ўша аёлни уларни бошларидан ўтиб ва платформага интилаётганини кузатиб турди. Аёлни атрофидагилар шовқин-сурон кўтардилар. Бошқа одамлар уни ушлаб, навбатнинг энг охирига судраб этиб қўйишди. Бир-икки лаҳза ўтиб, у оёқларни ораларидан ўтиб, яна платформага қараб ташланди. Уни яна ушлаб олдилар ва орқага тортиб этишди, аммо у умуман кўнмасди.

Тез орада платформага Билли Поль кўтарилди:

― Дада, биз бу навбатда энди бошқа тартиб сақлаёлмаймиз. У ерда аёл қўлида ўлик боласини олиб олган ва у сени боласи учун ибодат қилишингни жуда қаттиқ истайди. Муаммо, уни қўлида карточкаси йўқлиги. Ибодат навбатидаги одамлар сахар эрталабдан бери шу ерда кутишяпти. Агар мен бу аёлга карточкасиз бу ерга ўтгани қўйсам, бундан ғалаён чиқиши мумкин. Аммо уни жазаваси тушмаяпти, ёрдамчилар ҳам уни ушлаб туролмаяптилар. Биз нима қилсак экан? ― деди.

Билли бурилиб администраторларига қаради. Жек Моор Билли каби жуссаси кичикроқ одам эди. Улар қарийб тенгдош бўлиб, иккаласини ҳам бошида сочлари сийраклашган эди. Билли деди:

― Жек ака, у мени қандай кўринишимни билмайди. Ўша ерга боргинда, уни ўлган боласи учун ибодат қилган. Бу уни қаноатлантириши ва тинчлантириши керак.

Жек Моор розиман дегандай бош силкиди ва зиналардан ўтларни устига тушди.

Билли микрофонга бурилди ва энди одамларга гапиришга чоғланганди ҳамки, бирдан ўз кўзи олдида ҳавода ҳаракатланаётган, тишлари йўқ мексикалик чақалоқни кўрди. Болача хурсанд бўлганида қиладиган ҳаракатларни қилиб, эркаланиб, қиқирлаб ва қўлчаларини силкиб, кўрпачада ўтирар эди.

Билли деди:

― Жек ака, шошма-да. Яхшиси, буни ўзим қиламан. Ёрдамчиларга айт, аёлни ўтишига қўйсинлар.

Билли Поль бош ирғаб, эътироз билдирди:

― Дада, мен бунга йўл қўйолмайман. Бу ғалаёнга олиб келиши мумкин, ахир.

― Билли, мен ваҳий кўрдим.

― Ваҳий?! Унда бу бошқа гап.

Билли Поль ваҳийга шубҳа қилолмади.

― Мен бориб буни ёрдамчиларга хабар қиламан, ― деди Эспиноза.

Бироздан кейин ёрдамчилар бир томонга сурилишди ва аёлни ўтишига қўйишди. У ацтеклар чопаридай платформага қараб отилди383. Америкалик хушхабарчи оёғига ўзини ташлаб, у қичқириб юборди:

― Падре! Падре!

Билли билан Эспиноза уни турғазишди. У йигирма ёшдан каттароқ бир чиройли аёл эди. Кун бўйи йиғлаганидан, уни қовоқлари шишиб кетган эди. Эҳтимол, ғамгинлик билан раҳм-шафқат сўраганча, қўлларида ушлаб турган ўлик боласи, унинг биринчи норасидаси эди. Билли болани кўролмади, фақат ёмғирдан ҳўл бўлиб кетган кўрпачаси остидаги қотиб қолган танасини қиёфасини кўрди холос.

― Бола қачон ўлган? ― сўради Билли.

Она боласи шу эрталаб врач кабинетида ўлганини айтди. Билли деди:

― Эспиноза ака, бу ибодатни таржима қилма.

У ҳўл кўрпачага қўлини қўйди ва ибодат қила бошлади: “Самовий Ота, бу ҳаммаси нима дегани билмайман, аммо, бор-йўғи бир неча сония олдин мен ўзимни кўзим ўнгида болани эркаланаётганини ва ўйнаётганини кўрдим. Агар ўша ваҳийда шу ўлик бола кўрсатилган бўлса, унда унга Исо Исми ҳақи ҳаёти қайтсин”. Шу лаҳзадаёқ гўдак қичқириб юборди ва кўрпача остида оёқчаларини ура бошлади. Онаси қаттиқ қичқирди ва тўлғанаётган боласини бағрига босди.

Билли қаттиқ талаб қилиб деди:

― Эспиноза ака, ҳозирча бу ҳақида эълон қилма. Шу аёл билан уни врачига боргин. Мен уни врачидан бола ўлганлиги ҳақида далил бўладиган ёзма равишдаги кўрсатмага эга бўлишни истайман.

Ибодат хизматининг охирида Билли одамлардан қанчаси мана шу ҳамма кўрганларидан кейин, қўлларини кўтаришни ва ўз ҳаётларини Исо Масиҳга топширишни исташини сўради. Минглаб қўллар кўтарилди. Ҳайрон бўлганидан, Билли Эспинозага бурилди ва шундай деди:

― Уларга айт, мен католикларни ва протестантларни қўл кўтаришларини истамайман. Мен фақат олдин ҳеч қачон Исо Масиҳни қабул қилмаганларни қўл кўтаришларини истайман.

Эспиноза бу сўзларини халқ учун алоҳида таъкидлаб айтди, аммо қўл кўтарганларнинг сони ўзгармагандай туюлди.

Кейинги куни Роберто Эспиноза ўша аёлнинг боласини текширган ва уни ўлганлигини эътироф этган врачнинг имзоси қўйилган ёзма кўрсатмасини олди. Фақат шундагина, Билли бу воқеани босиб чиқишларига рухсат берди: аввал маҳаллий газеталарда, ундан кейин “Шифоланиш Овози” журналида.

Билли Мексикадан кетишга ҳозирланаётгани вақтида, ундан интервью олиш учун унга католик репортёр келди. Биллидан охирги беш кун ичида бўлиб ўтган кўплаб мўъжизалар ҳақида суриштириб, ундан сўради:

― Сиз бизнинг католик муқаддас кишиларимиз мўъжизалар қилишига ишонасизми?

― Агар улар тирик бўлсалар, унда қила оладилар, ― усталик билан жавоб берди Билли.

― Католик черковида фақат ўлганидан сўнггина муқаддас бўлиши мумкин, ― эътироз билдирди репортёр.

― Эҳтимол, католик черковида бундай дейдилар, аммо Библияда Павел “Эфесдаги Худо азизларига” деб мактуб ёзган. Улар албатта ўша пайтлар тирик эдилар.

― Бизлар ҳам Библияни ўқиймиз. Аммо, агар бирор бир савол туғилса, бизлар Библия эмас, балки черков нима дейишига ишонишни афзал кўрамиз. Чунки Рим папаси тўппа-тўғри Худодан эшитади.

Билли қошларини чимирди. Корреспондент деди:

― Менинг тушунишимча, сиз католик эмассиз.

― Ҳа, мен протестант ва бу дегани, мен католик черковига қарши норозилик билдираман ― черковдаги одамларга қарши эмас, чунки у одамлар ― Исо улар учун ўлган жонлар саналади, ― аммо мен католик системасига қарши норозилик билдираман, қайсики ўша одамларни бошқаради ва уларни Библиядан узоқлаштиради, олиб кетади.

Бу мексикалик репортёр бундай ошкора гапдан ҳанг-манг бўлиб қолди.

― Мистер Бранхам, сиз қайси черковга тегишлисиз?

― Раббий Исонинг черковига.

― Бунақа деноминацияни эшитмаган бўлсам керак.

― Эшитмаганингиз, бу деноминация эмаслиги туфайлидир. Бу Масиҳнинг танаси. Библияда айтилган: “Зеро бизлар ҳаммамиз бир бадан бўлиш учун ўша битта Руҳга чўмганмиз”.384 Ташкилот ҳисобга ўтмайди. Фақат Исо Масиҳга бўлган имон, Библияга бўлган имон орқалигина келади.

384 1-Коринфликларга 12:13

― Мистер Бранхам, Библия ― бу бор-йўғи католик черковининг қадимги тарихи эканини тан оласизми?

― Шу ерда мен сизга қўшилмайман. Мен кўплаб тарихий китобларни ўқиб чиқдим ва қанчалик мен тушунаман, католик черкови фақат Константин даврида пайдо бўлди, охирги ҳаворий ўлганидан қарийб уч юз йил ўтгач.

― Мистер Бранхам, католик черкови ҳақида сизнинг умумий фикрингиз қандай?

― Мендан уни сўрамассиз деб умид қилган эдим, аммо сиз сўраган экансиз, унда мен сизга ўз фикримни айтаман. Католик черкови ― бу спиритизмнинг энг юқори формаси.

Бундай жавоб репортёрни ҳижолатга солди.

― Бунақа ғояни сиз умуман қаерда эшитгансиз?

― Ўликлар билан гаплашмоқчи бўлаётган ҳар қандай одам спирист ҳисобланади. Сиз, католиклар бўлсангиз, ҳар доим ўлиб кетган азизларингиздан ўзингиз учун ҳомийлик сўраб, улар билан гаплашмоқчи бўласизлар.

― Мистер Бранхам, аммо сиз Исо билан гаплашасизку, ахир, У ҳам ўлган бўлса.

― Бироқ Исо ўлганича қолмади. У тирилди, қабрдан чиқди ва бугунгача яшаяпти. Агар менинг Мексикадаги кампаниям бирор нарсани исботласа ҳам, у ҳам бўлса, Исо Масиҳни тирик эканидир!



Up