Ғайритабиий: 
Уилльям Бранхамнинг ҳаёти

Ғайритабиий:
Уилльям Бранхамнинг ҳаёти

Оуэн Жоргенсен

Уотерлидаги кўнгил қолиши

78 БОБ

1958



ДЖИН НОРМАН 1950 йилнинг июнида Миннесота штати, Миннеаполисда биринчи марта Уилльям Бранхамнинг йиғилишида бўлди ва унинг ваъзини эшитди. Албатта, юрак сирларини фарқлаш ва мўъжизалардан у чуқур таассурот олган эди, бироқ энг бошданоқ унга Уилльям Бранхамнинг хизмати анча чуқурроқ маънога эгадай кўринди. Джим хотини Мэри билан Бранхамнинг Огайо штати, Кливленддаги кейинги кампаниясида бўлиш учун ишидан таътил олди.422 Августда кливленд йиғилишлари тугаб кетгач, Джим уйига, Миннесотага қайтди ва “Шифоланишлар Овози” журналини олишга буюртма берди, у ерда Уилльям Бранхам йиғилишлари жадвали босилар ва уни кампаниялари натижалари хабар қилинар эди. Джим Уилльям Бранхам ваъзлари ёзилган магнитофон плёнкаларини ҳам Бранхам кампаниясининг Жефферсонвиллидаги офисига буюртма берди.

422 Бу Девид Вуднинг чангак оёқлари тўғриланган ўша шифоланиш кампанияси эди.

1952 йилда Джим Норман оиласи билан Айова штати, Поркерсбергга кўчиб ўтди. У ўша пайтда бу плёнкалар тарқатишда мудирлик қилиб турган Фред Сотмандан Уилльям Бранхам ваъзлари ёзилган плёнкалар олишда давом этди. Хатлар ёзишиб, Джим Норман ва Фред Сотман дўстлашдилар. Фред Сотман Канаданинг Саскачеван провинциясидан эди, аслида туғилган жойи. 1956 йилда Сотман Саскачеваннинг Принц-Альберт шаҳрида Бранхам кампаниясини ташкил қилди. Джим Норман мана шу йиғилишларда иштирок этди. Кампания тамом бўлгач, Фред Сотман Уилльям Бранхам учун уч кунлик балиқ овини ташкил қилди ва бунга Джим Норманни ҳам таклиф қилди. Саскачеваннинг игна баргли ўрмонлари ва кўллари ораларида Билли ва Джим дўст бўлиб олишди.

Охир оқибат, Джим Норман оиласи Уилльям Бранхам Худонинг пайғамбари эканлигига амин бўлди. Джим Норман 1957 йилда Бранхамнинг Айова штати, Уотерлу кампаниясига ҳомийлик қилишга қарор қилди. Бу яқин муниципиал районда 100 000 дан ортиқ аҳоли бор эди. У ҳозирга пайтда Бранхам кампаниясининг администратори Ли Вейлга қўнғироқ қилди. Ли Вейл Билли билан гаплашиб олди, кейин эса Джим Норманга қўнғироқ қилди ва унга Биллини 1958 йилнинг 25 январи шанбадан 2 февраль якшанбагача бўладиган бўш вақтини айтди. Норман шу заҳотиёқ бу кампанияга ўтказиш учун молиявий ёрдам бериш мақсадида Уотерлудаги барча Христиан хизматчилар билан боғланди. Кейин у “Ипподром” деб номланган йирик аудиторияни ижарага олди ва ҳамма жойларда бўлиб ўтадиган йиғилишлар ҳақида эълонлар қила бошлади.

1958 йилнинг январини охирги ҳафтаси давомида Айова штатида қор бўрони қутурди, натижада барча йўллар музлади ва ҳайдовчилар учун жуда хавфли бўлди. Биринчи иккита йиғилишда Билли одамлар кам келишига қор бўрони айбдор эди: “Ипподром”ни ҳатто ярми ҳам одамлар билан тўлмади. Кейин, бир кун кечқурун, йиғилишга бораётиб йўлда бир ўрта мактаб ёнидан ўтди, ва у ерда баскетбол матчи ўтказилаётган эди. Тўхтаб турган машиналарга қараганда, бу мактабнинг спортзали лиммо-лим одамга тўлган эди. Шундагина Билли унинг йиғилишига келадиганларни совуқ об-ҳаво ва йўлларнинг музлаши тўхтатиб турмаётганлигини англади. Христианларга нисбатан қандайдир ўзгаришлар бўлган эди.

Ҳатто бу кампанияга келувчи бир неча минг одамлар орасида ҳам руҳий муносабатлари худди йўлакдаги муз каби совуқ эди. Уларнинг кайфиятлари бўлиб ўтган кўплаб мўъжизалардан ҳам исимади. Чоршанба оқшомида Билли ибодат учун навбат тузиб ўтирмади. Бунинг ўрнига у ҳеч қачон олдин қилмаган ишини қилди. У одамлардан бошларини эгишларини ва унинг орқасидан такрорлашларини илтимос қилди: “Қудратли Худованд... Еру-осмоннинг Парвардигори... Абадий Ҳаёт Муаллифи... ҳар қандай яхши неъматлар Берувчи... раҳм-шафқат қил, Худойим... Мени имонсизлигим учун кечир... мен Хушхабарга ишонаман... Мен Сени шу ерда эканингга ишонаман... Сен менинг танамда ҳозир ўз сўзингни ижро этаётганингга ишонаман... Йўлларни, воситаларни оч... Мен ўз ишончсизлигимдан бўшайман... Мен Сенинг Руҳингни қабул қиламан... Хозир Сен мендалигингга ишонаман... Мени касалларим йўқолишига ишонаман... Сен ичимда экансан, қандай қилиб менинг танамда ўлим ва ҳаёт бўлиб туради?... Мен Сенга ишонаман... Ва ҳозир мен Сени шахсий Шифокоримдек қабул қиламан”.қачонки аудиториядаги одамлар бу умумий эътиқодларини тугатганда, Билли улар учун ибодат қиладиган вақтда бошларини эгиб туришларини илтимос қилди. У шундай деди:

― Мен ҳозир бутун қалбим билан Муқаддас Руҳ сизларда иш якун бўлганини тасдиқлаши учун ибодат қиламан.

Билли қуйидаги ибодатини айтди: “О Худойим, менинг Отам, мен мана шу одамлар учун ибодат қилиш мақсадида Исо Исми ҳақи келдим, қайсики бу одамлар ҳозиргина ўз ноҳақликларини чин дилдан ва самимий тарзда эътироф этдилар. О дуоли Худованд, мана шу оқшом улар учун унутилмас бўлиб қолсин. Муқаддас Руҳ ҳар бир юракка кирсин ва таналаридан барча касалликларни йўқотсин. Энди мен иблисни яккама-якка жангга чақираман. Шайтон, сенга маълум, сен мағлуб бўлдинг. Сен ҳеч қандай қонуний ҳуқуққа эга эмассан. Исо Масиҳ, менинг Раббим гуноҳ ва касалликни олиш учун У Гўлготада ўлганида, сенда бўлган ҳар қандай ҳокимликдан сени маҳрум этди. Сен ёлғон-яширин, уйдирмадан бошқа нарса эмассан, ва биз сени фош қилдик. Сен биласан, Раббимиз дарахтга келганида, У дарахтни лаънатлади. Кейинги кунидаёқ у қуриб қолди. Ва Раббимиз Ўз шогирдларига шундай деди: “Худога ишонинглар. Сизларга гапим шуки, агар ким бу тоққа: “қўпарилиб денгизга отил”, деса-ю, ўз қалбида шубҳаланмай, айтгани бажо келишига қаттиқ ишонса, сўраганига эришади”. Шайтон, сен бу ҳақида Ёзувни биласан. Ва мен ҳозиргина бу одамларга, Худо уларда эканини ўргатдим. Агар уларда Худо бўлса, ва улар бу касалликка айтсалар ва “Мендан нари кет”, десалар ва юракларида бунга шубҳаланишмаса, худди шу моментда ушбу касаллик кетиши лозим, чунки Масиҳ шундай деган. Негаки улар буни айтмаяпти. Буни улардаги, уларда яшаётган Ота айтаяпти. Уларнинг муҳтожлари бор. Шу учун Исо Масиҳ Исми ҳақи, улардан чиқиб кет. Мен мени мойлаган ва одамларга Исо шу ердалигини, Мактуб тўғри эканини исботлаган Фариштанинг Номаси бўйича Худонинг хизматкори. Шу учун Исо Масиҳ Исми ҳақи, улардан чиқиб кет. Мен сени лаънатлайман: ҳар бир касал одамни қолдир ва Раббий Исо Масиҳ Исми ҳақи, қоронғу ташқарига чиқ”.

Мана шу ибодатдан кейин аудиторияда ғалати шовқин янгради, гўё органист бир вақтни ўзида ўнта ҳамоҳанг бўлмаган тонни аралаштиргандай бўлди. Аммо “Ипподром”да орган йўқ эди. Бирдан бинонинг бир четидан бошқа четига кучли шамол эсди, қайсики у шовқини билан бир тўда нова-нова423 қилинган метални жаранглатган қуюнни эслатди. “Ипподром” бўлса бетон блоклар ва ёғочдан қилинган эди. Барча эшиклар берк бўлганлигидан, бу шамол, шак-шубҳасиз бинонинг деворлари ичкарисида пайдо бўлган ва эса бошлаган эди. Билли унинг эсишини платформада ҳис қилди, унинг пиджагини этагини андак кўтариб, уни ёнидан эсди. Билли нафасини ростлашга улгурмай, бу кучли шамол ғойиб бўлди.

423 Гофрировка ― махсус ишлов берилганидан кейин параллел тўлқинсимон бурмалар қаторларига эга бўлган (газета, қоғоз, металл ва ҳоказолар ҳақида). (Тарж.)

Шу ердаги одамлар бир неча сония олдин нима бўлганини тушунолмай қолгандай эдилар. Билли уларга Муқаддас Руҳ бино бўйлаб шамол кўринишида Ўз Сўзини тасдиқлаб ўтканини тушунтириб берди. Эллигинчи кунда Пётр ваъз қилганида ҳам шунга ўхшаш нимадир бўлган эди.424 Одамлардан қанчаси бу шамолни эшитганларини ёки сезганликларини сўраб, Билли беш юз одамни, шулар қаторида Джим Норман ва Ли Вейлни ҳам қўл кўтарганларини кўрди. Шунга қарамай, ҳатто мана шу ғайриоддий ҳодисотдан кейин ҳам кейинги йиғилишлар вақтида одамларнинг имони етарлича юқори даражага кўтарилмади.

424 Ҳаворийлар 2:2

Шанба эрталаб Билли билан маҳаллий пасторлар мулоқот қила билишлари ва бир-бирлари билан яқинроқ танишиш мақсадида хизматчилар учун нонушта ташкил қилди. Ҳамма нонушта қилиб бўлгач, Билли уларга қисқагина сўз билан мурожаат қилиш учун, ўрнидан турди. У ўз лавҳасини Павелнинг Агриппага гувоҳлигидан олди:

Ва мана, эй подшоҳим, кундуз куни йўлда кетаётганимда, қуёш нуридан ҳам ярқироқ бир нур осмондан порлаганини кўриб қолдим. Нур мени ва йўлдошларимни ёрқин ёғдуга чўмдирди.

Биз ҳаммамиз ерга йиқилгандан кейин, менга яҳудий тилида сўзлаётган бир овозни эшитдим: “Шоул, Шоул! Нега Мени қувғин қиляпсан?”

“Ё Раббий, Сен Ким бўласан?” ― деб сўрасам, У: “Мен сен қувғин қилаётган Исоман”, ― деди.

“Қани, қаддингни ростлаб оёққа бос! Чунки сен Менинг хизматимда бўласан. Мени қандай кўрганинг ҳамда Мен қай тарзда сенга зоҳир бўлганим ҳақида гувоҳлик қилишинг учун сени тайинладим.

Сени ўз миллатинг ва бошқа халқлар қўлидан халос қиламан. Мажусийларнинг кўзларини очиб, уларни зулматдан нурга ва шайтоннинг ҳокимиятидан Худога қайтариш учун сени юбораман, токи улар Менга имон келтириб, гуноҳлари кечирилсин ва Худо азизларига насиб этадиган абадий меросга мойил бўлсинлар”, ― деди.

Бинобарин, эй подшоҳ Агриппа, мен кўкдан юборилган ушбу ваҳийга монелик қилмадим.425

425 Ҳаворийлар 26:13-19

Ушбу воқеани прецедент426 сифатида ишлатиб, Билли хизматкорлар билан ўзининг 1933 йилдаги Огайо дарёсида сувда чўмдирилиш маросими ҳақидаги гувоҳлигини бўлишди, ўшанда, ўша ғайритабиий нур пайдо бўлган эди ва Овоз шундай деган эди: “Яҳё Чўмдирувчи Исо Масиҳнинг Биринчи Келишини хабар қилиш учун юборилганидай, сен ҳам Унинг Иккинчи Келишини хабар бериш учун юборилгансан”. Кейин Билли 1946 йилда Фаришта уни олдида пайдо бўлгани ва унга, бутун дунё одамлари учун шифоланиш инъомини намойиш қилиш тақдир этилганини айтган ўша кеча ҳақида ҳикоя қилиб берди. Ўтган замонларда Павел айтганига ўхшаб, Билли тантанали суратда:

426 Прецедент ― ўзидан кейин содир бўладиган худди шу турдаги воқеаларга намуна, ўрнак бўла оладиган воқеа, ҳодиса.

― Мен ушбу самовий ваҳийга монелик қилмадим, ― деб ҳаммага билдирди.

Ҳали Билли гапириб тураркан, хизматчилардан бири столдан стулини орқага сурди, пальтосини олди ва чиқиб кетди. Бошқа одам ундан ўрнак олди. Кейин “занжирли реакция” бошланиб кетди ва ўнта пасторнинг бариси ўз пальтоларини кийдиларда, изғирин совуққа чиқдилар. Джим Норман хижолат бўлганидан типирчилаб қолди. Унинг меҳмони ёнида чуқур сукунатга тушди.

― Бранхам ака, мен ўша ўнта пасторнинг қўполлиги учун узр сўрайман, ― деди Джим.

Билли унга бурилиб:

― Джим, биродар, сен мени севасанми? ― деди.

Бу саволдан ҳайрон бўлган Джим жавоб берди:

― Бранхам ака, сенга буни исботлашимни истайсанми?

― Джим ака, сени ўрнингда бўлганимда, мен бу ердан ғарбга кетган бўлардим. Бу жойлар энди маҳкум бўлгандир.

Билли Айова штати, Уотерлуда яна битта хизмат ўтказди. 1958 йил 2 февраль, якшанба куни у тингловчиларга “Ипподром” зали бўйлаб чоршанба кечқурунида эсган кучли ғайритабиий шамол ҳақида гапирди. Гарчи унинг умрида Худо унга қуюн кўринишида бир неча марталаб келган бўлса-да, унга фақат бир бор бошқа бир жойда чоршанба оқшомида бўлган қаттиқ шовқинга ўхшаган шовқинни эшитишига тўғри келган эди. Кейин Билли уларга ўзини Бэнкс ва Лайл Вуд билан биргаликдаги балиқ овини, қачонки Худонинг Руҳини қудратли шамол кўринишида, шовқин билан ва катта тезликда тоғдан тушиб келиб, уни Худонинг Сўзини айтишга ва ўша ўлган балиқчани ҳаётга қайтаришга илҳомлантиргани ҳақида сўзлаб берди.

Билли аудиториясига деди:

― Мен хизматимда, ҳозиргидан анча устун бўладиган, кейинги стадияси яқинлашаётганига шак-шубҳасиз ишонаман. Шу ерда бирор киши борми, менинг хизматимни бошланишини эслайдиган, қачонки мен одамларга қўлидан ушлаганимда вируслар чақирадиган касалликлар титрашини ҳис қилар эдим. Раббий ҳали ўшанда, агар мен самимий бўлсам, бир кун келиб мен одамлар юрагидаги сирларини била олишим мумкинлигини ваъда берган эди. Бугун буни бўлиб ўтганини барча одамлар кўриши мумкин. Энди мен сизларга бундан ҳам буюкроқ бўладиган яна нимадир олдинда турганини айтаман.

Кейин у Луқонинг 17 боби, 26-30 оятларини ўқиди:

Нуҳ пайғамбар даврида қандай бўлган бўлса, Инсон Ўғли келадиган кунларда ҳам шундай бўлади.

Нуҳ кемага кирган кунига қадар едилар, ичдилар, уйландилар, турмушга чиқдилар. Ва тўфон келиб ҳаммани ҳалок қилди.

Лут кунларида ҳам шундай бўлди: еб-ичдилар, олди-сотди қилдилар, экин-текин ва бинокорлик билан машғул бўлдилар.

Лекин Лут Садўм шаҳридан чиққан куниёқ осмондан олов ва олтингугурт ёғилиб, ҳаммани ҳалок қилди.

Инсон Ўғли зоҳир бўлган кунда ҳам худди шундай бўлади.

Ёзувнинг бу жойларидан Билли учта муҳим сабоқ олди. Биринчидан, Лут Садўмдан чиқди; иккинчидан, Нуҳ кемага кирди. Бу икки одам ҳозирги одамларнинг эҳтиёжини символи эдики, қайсики бу одамлар дунёвий урф-одатлар системасидан чиқишлари ва Масиҳнинг хавфсизлигига киришлари керак эди. У ўзининг учинчи сабоғини ифода этиш учун Садўмни айни хароб қилиниши олдидан Иброҳимга (у Лутнинг амакиси эди) ғалати меҳмон келганини таъкидлаб, Лут даврига мурожаат қилди.427

427 Ибтидо 18:1-15

Билли деди:

― Бир Инсон келди. Бу Фаришта эди, Инсон кўринишида намоён бўлган Қудратли Худодан бошқа ҳеч ким эмас. Иброҳим Уни Ҳазратим, ёки ё Раббим, Илоҳим428 деб атади. У одам кийимига кийинган, Қудратли Иегова эди. Бу Одам чодирга орқасини қилиб ўтирди, ва Иброҳимга: “Келгуси йил шу вақтда Мен сенинг олдингга қайтиб келганимда, хотининг Соронинг бир ўғли бўлади”, ― деди.

428 Илоҳим (ингл. Elohim) — Эль = “куч ёки Кучли”, ва Элоах = “қасам ичмоқ, қасам билан ўзини боғлаш” сўзларидан ташкил топган Худонинг асосий исмларидан бири. Илоҳим исми Худонинг содиқлиги ҳақида гапиради. Муқаддас Китобда бу сўз “Худо” деб таржима қилинган; қаранг Ибтидо 1:1 ва б. (Тарж.)

― Соро тўқсон ёшда эди. У Одамни гапини эшитиб, у ич-ичидан кулиб юборди. Чодирга орқасини қилиб ўтирган Фаришта Иброҳимга: “ Нима учун Соро кулди?” ― деди.

― Бу яна қандай ақлий телепатия? Наҳотки бу ерда, Уолтерлудаги сиз одамларга, ўзингиз учун уят эмасми? Мана шу марҳаматли Фаришта ҳар оқшом бу бинога келаяпти ва ўша нарсаларни амалга ошираяпти. Бу нарса яна бир бор бу ерни олов ва вайронгарчилик ёқиши олдида бўлиб ўтади. “Лут кунларида бўлганидай... Инсон Ўғли зоҳир бўлган кунда ҳам худди шундай бўлади”.429 Лут кунларида Иброҳимга Фаришта Сорони юрагида нималар бўлаётганини, гарчи у Унинг орқасида ва чодирни ичида турган бўлса-да, била олган эди.

429 Луқо 17:28-30

― Наҳотки сизлар ўша Руҳнинг феъл-атворини кўрмаяпсиз? Бу Масиҳ Руҳидан бошқа ҳеч нарса эмас эди. Кейинчалик, қачонки У Раббий Исо кўринишида бўлганида, У кимлигини исботлаш учун, У худди ўша аломатни амалга оширди. Худди Ўшанинг Ўзи бугун, бу дунёни олов ва вайронагарчилик йўқотиши олдидан ўша аломатни амалга ошириб, шу ерда турибди.

Ўшанда Билли Луқо 17:30 ни ўз ваъзига кириш учун муқаддима сифатида биринчи бор ошкора равишда ишлатди. Унинг умрини охирги йилларида бунга унинг асосий мавзуси бўлиш тақдир қилган эди.

Кейинги кун эрталабида Билли ва Билли Поль кийимларини Биллининг пикапига солдиларда, Жефферсонвиллига, ортга йўлга тушдилар. Қор бўрон тўхтади, ҳарорат озроқ кўтарилди. Айова штати қор тозаловчилари йўлларни тозаладилар ва туз сепдилар. Билли Поль бу кампаниядан ҳолдан тойган отаси ухлай олиши учун рулга ўтирди. Билли ҳаддан ташқари чарчаганига қарамай, барибир ухлай билмади. У қор босган ёвонлардан километрлар ўтаётганига қарамай, бемалол ўтирган эди.

Тез орада у ёнида ўша кўринмас Фариштанинг Борлигини ҳис қилди. Шу учун уни орқаси донг қотиб, қўллари увишиб қолди. Бирдан унинг пикапи кўринмай қолди. Билли ўзининг машинасини бошқариб бораётганини ва уйи подъездига уни бураётганини кўрди. У кўчада тўхташига мажбур эди, чунки уни подъездини катта-катта тошлар уюми тўсиб қўйган эди. Унинг участкаси бўйлаб кўчага параллел равишда геодезистлар430 нинг ёғоч қозиқлари ердан чиқиб турар эди. Йўл грейдерлари ва скреперлар Эвинг Лейн кўчаси бўйлаб, у ёқдан – бу ёққа қатнар эди. Йўлнинг иккала бетидаги айрим дарахтлар чопилиб, уларнинг тўнкалари қўпарилиб олинган эди.

430 Геодезист ― Ернинг ўлчами, формасини ва ер юзидаги ўлчов усулларини, уни планда ва картада кўрсатиш учун ўрганадиган геодезия фани соҳасидаги мутахассис. (Тарж.)

Бульдозер кабинасида ёшроқ одам ўтирганча, Биллининг ҳовлисидаги ерни навбат билан руль тормозларини босиб, унинг натижасида унинг бир гусеницаси айланар, бошқаси бўлса турар, шу алфозда унинг ҳовлисида бориб келаётган эди; бульдозер геодезист қозиқчаларидан ташқарида, Биллининг ҳовлисини остин-устун қилаётган эди. Билли оёғи олдида ерга қоқиб қўйилган ёғоч қозиқчани кўриб қолди. Қозиқчани боши тўқ сариқ рангда бўяб қўйилганди.

Билли булдозерчига, у билан гаплашиб олиш учун келсин деб имо қилди. Йигит бульдозердан тушди ва подъезд йўлагидан келди. Билли сўради:

― Нима қилаяпсан? Бунчалар узоқ кирма. Сен мени бутун ҳовлимни ўйиб ташлайсанку.

Ёш бульдозерчи Биллини итариб юборди ва ачитиб, гап билан чақиб олди:

― Ваъзхонлар, сизларнинг ишларингиз равшан. Сизлар ахир одамларга нима қилишларини айтиб, буйруқ беришга одатлангансизлар.

Бу одамнинг тажовузкорлигига Билли ҳайрон бўлди.

― Мен сендан фақат нима учун бундай қилаяпсан, деб сўрадим. Сен ахир мени ҳовлимга жуда кўп кираяпсанку.

Йигит яна бир бор Биллини итариб юборди ва кейин уни юзига тушурмоқчи бўлди, аммо Биллининг аввалги боксёрлик реакцияси ишлаб кетди ва у бошини шунчалик тез орқага олганидан, бульдозерчининг қўли ўтиб кетди. Ўйлаб ўтирмай, Билли уни етарлича куч билан тушурди ва у ағдарилди. У ўрнидан турганида, Билли уни яна ерга йиқитди. Йигит яна турди ва Билли уни учинчи бор ағдарди.

Энди ўнг томондан, Биллининг орқасидан Раббий Фариштаси пайдо бўлди.

― Бундай қилма, ― деди Фаришта. ― Сен хизматчисан ахир.

Билли ўзидан-ўзи уялиб кетди. Билли Христиан бўлишигача профессионал бокс билан шуғулланганидан бери, ҳеч кимни урмаган эди. Йигитни турғазиб, устини қоқди-да, унга.

― Мен сенга дарғазаб эмасман, аммо мен билан бундай гаплашиш мумкин эмаслигини билишингни истайман.

Фаришта деди:

Бу нарсага эътибор берма.

― Буни қандай қилишим керак? ― сўради Билли.

Қачонки сен ҳовлинг олида ўша қозиқ қоқилганини кўрасан, ўшанда ғарбга жўнаб кет.

Ғарбга қайрилиб, Билли отларга тақилган усти ёпиқ аравани ― биринчи бўлиб ўтган америкаликлар атаган айни ўша “чўл фойтунини” кўрди. Хотини извозчи ўтирадиган жойни тўғрисида ўтирар, ва унинг бошида биринчи кўчиб келган аёллардагидек чепчиги бор эди. Биллининг болалари фургоннинг томи тагидан қараб, орқада ўтиришар эди. Билли аравага чиқди ва хотинини ёнида ўтирди. Тизгинни олиб: “Меда, мен кучим етгунича турдим”, ― деди у. Кейин у отларни ғарбга қайтарди ва жиловни силтади. У шундай қилганида, бирдан отлар ғойиб бўлди, ёпиқ арава эса автомобилга ― унинг кўп ўринли фургон типидаги “Форди”га айланди.

Бирдан Билли ҳайдовчи ёнига ўтириб ва Айова штатининг қор босган далалари ўтиб бораётганига деразадан қараган ҳолда, ўз пикапида пайдо бўлди. Биринчи имкониятдаёқ у бу ваҳийни ваҳийлар китобчасига ёзиб қўйди. Келгусида у жуда муҳим нарса бўлади.

Джим Норман Биллининг ғарбга кўчиб кетиш тўғрисидаги маслаҳатига жуда жиддий эътибор берди. Олти ой ичида у уйини ва бизнесини сотди ва оиласи билан Аризона штати, Тусонга кўчиб кетди. Унинг кўчиши оқибатда Уилльям Бранхамнинг Ғарбга кўчиб кетишига ўз ролини ўйнайди.



Up