Ғайритабиий: 
Уилльям Бранхамнинг ҳаёти

Ғайритабиий:
Уилльям Бранхамнинг ҳаёти

Оуэн Жоргенсен

Шоҳ қиличи

87 БОБ

1963



АРИЗОНА ШТАТИ, ТУСОН ШАҲРИ Қўшма Штатлар билан Мексика чегараларидан шимол томон 40 миль масофадаги чўл воҳаси ҳисобланади. 1963 йил Тусон шаҳрида 300 000 га яқин одам истиқомат қилади. Унинг аҳолиси қиш ойларида, анча совуқ шимолий штатлардан Аризонанинг анча иссиқ иқлимидан роҳатланиш учун келганларида, кўпайиб қолар эди. Маҳаллий аҳоли уларни “қор қушлари” деб атар эди. Бу “ қор қушлар”нинг кўпчилиги Тусон ёзининг жазирама иссиғидан қочиб, баҳорда яна шимолга қайтиб кетар эди. Баъзи одамлар қолиб кетар ва йилдан йилга шаҳар янада катталашаверди.

Уилльям Бранхам оиласи билан Тусонга яқин, 4 январь 1963 йил жума куни, тушга яқин келишди. Гарчи Билли Тусонда бир неча бор бўлган бўлса-да, унинг тўрт қатор ҳаракатланадиган кўчаларидан ҳайратланар эди. Кенгликлар ― бу Жануби-ғарбдаги ошиб-тошиб ётган нарсадир. Бу ерда етмайдиган нарса ― бу ҳам бўлса сув. Билли кўлчаларнинг жуда сийраклигига эътибор берди. Кўпчилик одамлар сувни тежаш учун ҳовлилари олдини кактуслар ва бошқа тур маҳаллий ўсимликлар билан безатиб қўйишган. Кўпчилик уйлар ғиштдан қилинган, яна кўплари шкатурка деворли ва испан усулидаги черепица томли эди. Биллига ҳаммадан кўп яхши таассурот қолдиргани бу ― Тусонни учала томонидан кунгурадор тоғлар ўраб турар эди.

У Парк Авеню кўчасидаги икки квартирали уйнинг иккала қисмини ҳам, 3908 ва 3910 квартираларини ижарага олди. Тўртта кичкина ётоқхона унинг оиласи учун етарли эмасди, аммо у буни вақтинчалик чора деб умид қилди. Келажакда, агар Раббий унга Тусонда доимий қолишини айтса, у бирор-бир каттароғини сотиб олиши мумкин. Эҳтимол, у тоғ яқинларидан уй сотиб олади. Шанба куни улар нарсаларини очдилар. Душанба эрталаб Билли Меда билан болаларини мактабга расмийлаштириб қўйди. Ривқо 16 ёшда бўлиб, унга яна мактабда бир ярим йил ўқиши қолган эди. Сарра 11 ёшда бўлиб, у олтинчи синфда ўқирди. Етти яшар Иосиф иккинчи синфда ўқир эди. Кейинроқ, шу ҳафтада Билли Поль хотини Лоис ва кичкинтой ўғилчаси билан келди. Билли Поль бир уйни ижарага олди, бу уй бир вақтни ўзида унга ҳам уй, ҳам офис эдики, унда у отаси кампанияларини мувофиқлаштирар эди.

12 январь, шанба куни Билли шимол томонга юз миль йўл босиб ўтди ва ваъзлар қилиш кампаниясини бошлади. Шунинг натижасида у Финикс атрофидаги ўнлаб черковларга қолган икки ҳафта давомида қолиб кетди, 27 январь, якшанба куни у ўзининг ваъзлар қилиш кампаниясини Рамада Инн меҳмонхонасида тугаллади. У шу ерда “Абсолют” деган мавзуда Тўлиқ Инжилчи Тадбиркорларга мурожаат қилди. У жамият учун абсолют ғояси қанчалик муҳим эканини, бу нарсани бейсбол ўйинидаги ҳакамлар ва чоррахалардаги светофорлардан то Қўшма Штатлар Олий Суди қароригача бўлган нарсани мисол қилиб кўрсатди. У мавзуни Филипийликларга мактубнинг 1:20-21 дан олиб, у ерда Павел шундай деган эди: “Мен учун ҳаёт ― Масиҳдир, ўлим эса ― ютуқдир”. Исо Масиҳ Павелнинг Абсолюти эди; унинг бор куч-қудрати манбаси ва унинг барча қарорлари асоси эди. Ҳар бир Христианин билан ҳам худди шундай бўлишлиги лозим. Билли деди: “Бунақа ўзгарувчан атом асрида Христианга черковга оддийгина бир қўшилишдан кўра кўпроғи керак. Сизга лангар, Абсолют лозимки, уни сиз биласиз, у сизни панд бермайди. Черковлар панд беради, аммо Масиҳ панд беролмайди. У ишонадиганлар учун Абсолют ҳисобланади. Агар Масиҳ сизнинг Абсолютингиз бўлса, ва сиз Унга боғланган бўлсангиз, унда сиз Худо Сўзига боғлангансиз. Сиз қандай биласиз, сизнинг абсолютингиз тўғрими, ёки йўқлигини? Сиз Ёзувда Масиҳ бизга ниманидир амал қилишни топширганини ўқийсиз, кейин бўлса кимдир сизга буни фақат шогирдлари учун эди деса, ёки бу бошқа кимгадир тегишли деса ― сиз бунга ишонасиз-у, Ёзувга ишонмайсиз, унда Масиҳ сизнинг Абсолютингиз эмас, унда ўша одам, қайсики Ёзувни бузган ва сизни йўлдан адаштирган, мана у одам сизнинг абсолютингиздир. Масиҳ, Калом сизнинг Абсолютингиз бўлиши лозим. Ҳеч кимга сизни Сўзнинг йўлидан олиб кетишига қўйманг.

“Қачонки Худо одамга Муқаддас Руҳни берди, У унинг юзини олдида турган Гўлготага, Сўзга қаратиб қўяди. Энди, катта йўл чеккаларидан ёш новдалар кўтарилади, келади-да, бу ёш ниҳолчани ўраб олади, ва сиз буни умуман зарари йўқ деб ўйлайсиз. Бироқ, биринчи сизни билганингиз, у нарса сизни бутунлай ўзиники қилиб, асир қилиб олган бўладики, у сизни олиб кетади ва сизни нотўғри йўлга мойил қилади, кўндиради. Ва шундай қилиб бизларнинг орамизга дунёвий фалсафий тушунчалар, токи улар бизларни дунё томон талпинтирмагунича, қириб келаверади. Сиз Худо Каломининг дудама қиличини олишингиз ва мана шу Сўзда туриш учун барча дунёвийликдан озод бўлишингиз лозим, чунки у Охиргиси ҳисобланади; бу ― ҳар бир имонли учун Абсолютдир”.

“Муқаддас Руҳга тўлган эркакми ёки аёл, Худонинг ҳар бир ваъдасига Омин деган сўз билан тасдиқлайди. Кимдир сизга айтиши мумкин: Мўъжизалар кунлари ўтиб кетди. Илоҳий шифоланиш деган нарса бўлмаган нарса. Муқаддас Руҳга тўлиш бошқа давр учун эди. Ўшанда сиз Библияда Пётр Элликчилар кунида, қачонки уларнинг барчаси юрак сирларини ошкор бўлгач ва қутқарилиш учун, нажот топишлари учун нима қилишлари кераклигини билмоқни истаганларида, Пётр нима деганини ўқийсиз. Энди қаранг, агарда черковга келиб қўшилишгина етарли жавоб бўлганида, у шундай деган бўлар эди. Сиз ўзингиз яшайдиган жойдаги танани топишингиз ва черковга қўшилишингиз керак. Аммо у бундай демади. У уларга қилиши зарур бўлган аниқ кўрсатмани берди. У деди: “Тавба қилинглар ва гуноҳларингиз кечирилиши учун ҳар бирингиз Исо Масиҳ номидан сувга тушиб имон келтиринглар. Чунки бизнинг Раббимиз ― Худованд бу ваъдани сизлар билан фарзандларингиз ва шунингдек, ҳамон узоқлардан чорламоқчи бўлган ҳамма одамзод учун берган”. Абсолют мавжуд. Руҳга тўлган Христиан ҳар доим Худо Сўзига асосан ишонади ва ҳаракат қилади.

Тусонга қайтиб, Билли ҳордиқ олишга жуда муҳтожлигидан, дам олди. У ҳали бери уни худди ёш ҳўкизча кавбойни қўтоннинг бурчагига қисиб биладигандай, номаълум бир босимдан кўксида сиқилаётганини ҳис қилиб юрар эди. У уни итариб юбора олар, аммо у яна қайтар эди. Бир куни эрталаб, Финиксдан қайтганидан кўп ўтмай, барвақт уйқуси қочди ва ўзининг келажаги ҳақида ўйлаб, Раббий уни нима учун ғарбга жўнатганини ўйлаб, кроватида ётди. Ҳаёлила у яна бир бор, пирамида формасида келган фаришталар ҳақидаги ваҳийга қайтди. Ваҳий портлашдан бошланган эди. Бунақанги кучли портлашга одам қандай бардош бериши мумкин? Ва лекин у Иосиф чақираётганини эшитди. Бу нимани англатса экан? Агар Раббий уни тез орада олмоқчи бўлган бўлса, унда унинг черкови унинг оиласига ғамхўрлик қилиши учун чоралар кўриши керак бўлади. Эҳтимол, улар уни оиласига нафақа пули бера олишар. Билли Поль салкам 28 да эди, ва у ўзини ўзи кўриб билар, аммо оиланинг қолган аъзолари Биллини ташвишлантирар эди, чунки улар моддий таъминотида отасига боғлиқ эди.

У ичидан бир овознинг “Канъон Сабинога жўна”, деганини эшитди.

Нонушта қилмай, у квартирадан чиқди ва Тусонннинг шимолий чеккаларига, Каталина тоғлари шаҳарни бу йўналишда кенгайишига йўл бермай, кескин кўтарилган томонга жўнади. У тоғларга параллел равишда йўл бўйлаб шарққа юра бошлади. Улар эрталабки қуёш нурларида мисдай бўлиб кўринар эди. Бу тоғ занжирини кўплаб даралар бўлиб ташлаган эди. Бу даралардан бири ҳозирда миллий парк эди. Билли Канъон Сабинога етиб келди ва машинасида Сабино ирмоғи бўйлаб чўзилган тор йўлдан юра бошлади. Қиш ойлари давомида Лемон тоғлари ён бағирларидаги қорларни эришидан ирмоқдан сув тўлиб оқар эди. Сув кўплаб дарахтларни: платанлар, пирамида тераклар, толлар, шумтолларни ва ёнғоқларни суғориб, катта-катта ҳарсангларни айланиб, у ёқдан – бу ёққа бурила-бурила оқиб ўтган эди. Аввалига ирмоқ унинг ўнг томонида эди, аммо бир мил юрмай у ирмоқни тор тош кўприклардан бир неча бор кесиб ўтди, йўлнинг охирида ирмоқча унинг чап томонида қолди. Тез орада йўл ирмоқдан узоқлашди ва унинг чап томонидан бир неча юз футга кўтарилди ва сўқмоқдан яёв кўтарилишни истовчилар учун автотураргоҳ билан тугади.

Билли даранинг шарқий деворидан ўтадиган сўқмоқдан кетди. Энди у қушлар сайрашини эшитиб, шарқдаги дарахтлардан ҳам юқорида эди. Қаердандир юқоридан, қоядан бир кабутар бошқасига қараб кукулар эди. Сабино дарасининг ғарбий ён бағрини қуёш нури ёритар, аммо шарқий ён бағридан Билли кўкка бўй чўзган гигант қоялар соясидан ўтиб борди. Манзара ботиник мўъжизалар мамлакати эди. Шохлари ёғочга айланган баланд-баланд сагуаро кактуслари анча паст қияликларда алоҳида турар, бироқ бочкасимон кактуслар ва опунцийларга ўхшаш турли майдалари эса қоялар орасидан жой қилиб олишган эди. У ерда мескит дарахтлари ва пало-вердега ўхшаган дашт буталари ҳам бор эди. Бу буталарнинг кўплаб майда, заъфарон барглари орасида яширин тиканлари бор эди. Уларнинг устидан канъон қиялиги юзлаб фут баланд тик қоя билан қўшилиб кетган эди. Бу серқоя баландликлар яқинида ўсимликлар жуда сийрак эди.

20 минутлар кўтарилганидан сўнг у ― бир гуруҳ тоғликлар орасидаги қандайдир бир серқоя тепаликка етиб келди. Бу ер энг юқори қоядан анча паст, аммо канъоннинг тубидан анча баланд эди. У шу яқин ўртадаги тепаликка чиқди ва чўққи яқинидаги нисбатан текис майдончада дам олиш учун тўхтади. Устун шаклидаги иккита қояли дўнглик ҳали ҳам унинг боши узра қад кўтариб турар эди, аммо унинг мақсади айнан шу жой эди. У тоғ қиялигидан тушадиган ҳайвонлар сўқмоғида турган буғуга эътиборини қаратди. Билли қимир этмади ва буғунинг бошини кўтариб, хавф-хатарли товушга қулоқ солаётганини кузатиб турди. Билли эшита оладиган ягона товуш бу, ирмоқнинг енгил шабаданинг нафасига қўшилиб кетган шилдираши эди.

Бирдан турган шамол шляпасини учириб, у ердан бир неча фут (1 фут – 30,48 см) пастга, окотиллолар ўсган жойга думалатиб юборди. Бу ҳаракатдан чўчиб кетган буғу қочиб кетди.

Шляпасини олиб, ибодат қилиш учун окотилло бутаси ёнида тиз чўкди. Окотилло ― бу бута бўлиб, унинг марказий танаси бўлмайди; ва унинг барча шохлари ердаги марказий нуқтадан баландга йўналган бўлади. Шохлари барглар билан қопланган, ҳар бир барг остида 1 дюйм (2,5 сантиметр) узунликдаги тикони бўлади. Окотилло Исроилдаги тиконли ўсимликка қариндоши ўсимлик бўлиб, қадимда михланадиган кунида Исо Масиҳнинг бошига тақиш учун рим аскари ундан тож ясаган эди.

Библиясини ерга қўйиб, Билли шарқ томондаги қояларга бошини қаратди, қўлларини баланд кўтариб, баланд овозда ибодат қилди: “О Раббий, охирги ваҳийда менга кўрсатган бу портлаш нимани билдиради? У мени ўлимимни билдирадими? Мен ўлимдан қўрқмайман, аммо мен оиламни бунга тайёрлашим учун, буни билишим керак. Агар Сен тез орада мени Уйга олиб кетмоқчи бўлсанг, майли, бу мана шу ерда бўлақолсин, бу ерда ҳеч ким менинг танамни тополмайди. Мумкин, бир кун келиб, Иосифга мана ерда ётган Библиямни топишига йўл берарсан”.

Кутилмаганда у ўнг қўлига қаттиқ бир нима текканини сезди. Беихтиёр унинг бармоқлари бу предметнии чангаллади ва кўзларини очиб, мана шу предметга қаради. У учи юқорига йўналган дудама қиличнинг қўлида турганини кўриб, ҳайрон бўлди. Унинг гардаси (қўлни душман зарбасидан асрайдиган даста элементи) гўё олтиндан, дастаси эса марвариддан қилингандай эди. Қуёш ҳозиргина кўтарилди ва канъоннинг шарқий горизонтдаги икки чўққи орасидан нур сочиб турар ва ёрқин нурдан қиличининг дами зангламайдиган пўлатга ўхшаб ярқирар эди. Кесадиган томонлари покининг тиғи каби шунчалик ўткир эди. Бу 90 сантиметр узунликдаги тиғга, Билли ўзида, уни ўзига жалб қиладиган ва шу вақтнинг ўзида унга ёқмайдиган ҳиссиётлар оғушида қолди. У ҳар доим қиличдан қўрқар ва у баъзан баҳслар ечимини топиши учун ишлатилган замонларда яшамаганига хурсанд бўларди.

“Бу ғалатику”, ― ўйлади у, ― “Ҳамма сингари, бу ҳам, мен худди қачондир қўлимда ушлаганимдек. Қаердадир шу менинг ёнимда Ўша Худо, Иброҳим учун қўйни яратган, Ўша мен учун Индиана ва Кентукки штатларида ўша олмахонларни мен учун яратган худди Ўша Худо турибди. Ҳозир У мана шу қилични яратди. Лекин мен уни нима қилишим керак? Монархлар ўз қиличларини қахрамонларга рицарлик унвони бериш учун ишлатганларини биламан. Эҳтимол, бу мен кимнидир хизматга бағишлаш учун қўл қўйишимни билдирса керак?”

У даранинг устидан гулдираган Овознинг: “Бу Шоҳ қиличи!” ― деганини эшитиб, ҳайрон бўлди.

“Аммо нима учун менга шоҳлар қиличи берилди?” ― ҳали ҳам ишонқирамай сўради у.

“Шоҳлар қиличи эмас”, ― Овоз жавоб берди. ― “Шоҳ қиличи!”

Қуёш нурлари шуъласида қилич ғойиб бўлди. Ҳозир энди қўлида ҳеч нарса бўлмаса-да, унинг юраги тўлиб кетган эди. Энди у тушундики, Худо ― бу Шоҳ ва Шоҳ қиличи ― бу Унинг Сўзи ― Библия, Компас эдики, Билли уни ўзининг ҳаётини бошқариш учун фойдаланар эди; унинг Абсолюти эдики, у Унда ўзининг абадийлик манзилини мустаҳкамлаган эди. Унинг дукуллаб кетган юраги тинчланар экан, Раббийнинг унга ички бир овозга ўхшаб шундай деганини туйди: “Ўлимдан қўрқма. Бу ― сенинг хизматингни учинчи сапчиши”.

Библиясини олганича, қувонганидан қичқириб машинасига югурди, овозига даранинг офтобда олтиндай тобланаётган деворларидан акс-садо берди. Энди у ваҳий унинг бу яқин вақтларда ўлимини англатмаслигидан думоғи чоғ эди. Худода қандайдир олийроғи борки, у ўлимдан олдин бажариши керак эди.

Бир неча кун ўтиб, Билли ўғли Билли Полдан ким Бранхам кампанияси билан почта жўнатмалари рўйхатида бўлса, уларнинг барчасига хабар юбориб ва унда у 17 дан 24 мартгача Жефферсонвиллида махсус бир қатор йиғилишлар ўтказишини айтишини сўради. Бу вақт ичида у февралда бор-йўғи бир марта ваъз қилди ва бу йиғилиш Тусонда бўлди, шу учун унга уйидан узоқ кетишини ҳожати йўқ эди. Яхши дам олволиб, у Жефферсонвиллига қайтиши олдидан явелин чўчқалари овига ҳозирланди (америка ёввойи қобонлари бир тури).

Явелин чўчқалари (ёки пекарлар) ― Америкадаги европа чўчқалари аналоги; аммо улар маҳаллийлаштирилган чўчқалардан фарқ қилади ― у кичикроқ, анча ихчам, ва жануби-ғарбнинг оғир шароитларида яшай олишга яхши мослашган. Ўша йили Аризонада ов мавсуми 1 март жума куни бошланиб, 10 мартгача чўзилган эди. Аввалида Билли мавсум очиладиган куни овга чиқишни режалаштирди. Унинг режаси Техас штатида истиқомат қиладиган аёлдан узундан-узоқ телеграмма олганидан кейин, ўзгарди. Аёл уни Хьюстонга келиб, жиноятлари учун ўлим жазоси хавфи остида қолган ўғли учун суддан шафқат сўраб беришини сўраган эди. Газетада бу иш ҳақида ўқиб, Билли агар у йигитчани ҳаётини сақлаб қолишга уриниб кўрмаса, у бошқа ҳеч қачон ов қилолмаслигини ҳис қилди. У ов сафарини қолдириб, Хьюстонга қисқа сафар қилишга қарор қилди. У Хьюстондаги пасторга ҳам қўнғироқ қилди. У Биллидан қачон бўлса ҳам бу шаҳарга келса, ундан ваъз қилишини сўраган эди.

Якшанба куни 1963 йил 3 мартда Билли ўғли Билли Поль билан Техас штати Хьюстонга жўнадилар. Душанба куни Биллига судда сўзлашга қулай вазият бўлди.58 Душанба оқшомида Билли шаҳар Аудиториясида ваъз қилди ва ундан кейин йиғилишдан кейинроқ уйга қайтди. Дўстлари уни орқага, Тусонга олиб келишди, бу пайтда Билли Поль шимоли-шарққа, Жефферсонвиллига жўнаб кетди. 6 март, чоршанба куни Уилльям Бранхам, Фред Сотманн ва Джин Норманнлар Сотманнинг пикапига милтиқлари ва ов жиҳозларини жойладилар. Улар шоссе бўйлаб шарқ томонга Уилкоксгача, ундан кейин шимолга қараб тупроқ йўлдан Аризона штати, Бонита ва Сансетдаги кичкина овуллар атрофларидаги тоғли жойларга етиб боргунларича кетавердилар. Ўша куни улар қоядан анча узоқ бўлмаган жойда қуриб қолган сойликда лагер қурдилар. Қоя уларни атрофида айланасига, гўё улкан қўлларнинг бармоғлари ҳовучдан қилиб, горизонтал ётгандай эди. Пайшанба куни Билли пекари чўчқасини отиб олди. Аммо унинг дўстлари лагерга қуруқ қўл билан қайтишди. Энди эса, Билли поданинг асосий юрадиган жойларини билар экан, у Фред ва Джинга пекари отиб олишига ёрдам бераман, деб ўйлади.

58 Йигит ўлим жазоси ўрнида турмада умрбод қамоққа жазоланган эди.

8 март, жума куни тонг вақтида у Фред билан Джинни бир томонга чиқариб юборди, ўзи эса чўчқаларни улар томонга жўнатаман деб, бошқа томонга кетди. Бу чапараль деган жой бўлиб (Шимолий Америкадаги дағал баргли, сувсизликка чидамли доимий кўм-кўк чакалакзорлар, масалан, паст бўйли дуб ва арчагуллар), у ерда тупроқнинг чуқурлигига боғлиқ равишда баландлиги 10 дан 25 фут (1 фут – 30,48 см)гача етадиган мескит дарахтлари кўп тарқалган эди. Шақилдоқ илон Меса номли тепалик шу жойнинг иқлимини етарлича совуқ қилган, шунинг учун бу ерда узун шохли сагуаролар сақланиб қолган, аммо бочкасимон кактуслар ва опунцийлар каби кактусларнинг бошқа турлари мўл-кўл ўсиб ётганди. Энг қалин ўсимликлар даранинг тубида бўлиб, пекари чўчқалари учун яхши пана жой ҳосил қилганди. Билли яшириниб олган чўчқаларни осонроқ топиб олиш учун даранинг юқорисида жойлашган ўркачга чиқиб олди. Энди унда ўркачлар занжирини яхши обзори бўлиб, улар бу қатор кичикроқ тоғларнинг чўққиларига туташиб кетганди. Сансет чўққиси ундан қарийб ўн мил жанубда жойлашган эди. Тусон тахминан 40 миллар жануби-ғарбда жойлашган эди. (1 мил 7420 м)

У бир неча соат давомида баъзан тепаликлардан, баъзан пастдаги жарликлардан ўша жойларни биноклдан қараш тез-тез тўхтаб-тўхтаб юрди. Соат саккизларга яқин ўзидан бир мил масофада Джин билан Фредни кўрди. Фред даранинг бошқа томонида турганди. Билли унга қўл силкиди, Фред ҳам унга жавобан шундай қилди. Булутсиз осмонда қуёш чарақлаб, эрталабки салқинликни қиздирар, Биллининг қора шляпасининг остидан тери ўрмалар эди. У дам олиш учун милтиғини сонларига қўйганча, тошга ўтирди. У шимининг битта бурчагига чакамуғ илинганини кўрди. Уни юлиб олиб, бош ва кўрсаткич бармоғи орасидаги тиконли уруғига қаради. Чакамуғ бундай тоғли жойга хос ўсимлик эмас эди-ю, аммо бу уруғ нима учундир танишдек туюлди.

Даранинг тубидаги бўлаётган ҳаракатларни кўзи қири билан пайқади. Пекари қобони тахминан 500 ярд(455 метрлар)лар масофада арча ёнида пайдо бўлди. Билли бинокл орқали йигирмага яқин чўчқаларнинг бутазордан ўтаётганларини кўрди. Улар хатар борлигига шубҳа қилмай кетавердилар. Билли қўлидаги чакамуғни ташлаб юборди ва бу жойдан аста-секин эмаклаб кетди. Чўчқалар кўринмай қолгач, у турди-да ўркачларга қараб югурди, ундан кейин буғулар сўқмоғидан даранинг тубига қараб йўналди. У югурар экан, қандай қилиб чўчқаларни юқорига, дўстлари томонга йўналтирсам экан, деб ўйларди.

Бабах! Кучли портлаш тепалик қияликларидан челакдай келадиган тошларни қўпарилиб, чанг кўтариб, ерни силкитди. Билли бир лаҳзада кимдир уни отди деб ўйлади. Ғарбга қараб унга товушдан тез реактив самолётларидан ҳам тезроқ яқинлашаётган етти фариштадан иборат пирамидани кўрди. Булар оқ либос кийган қудратли зотлар бўлиб, улар ортларида қанотларини қоқар, қўллари бўлса олдинга чўзилган эди. Улар шундай тез унга яқинлашдилар ва уни ўраб олдиларки, у базўр нафас олишга улгурди, ва улар уни ҳавода кўтарганларини ҳис қилди. Қачонки унинг атрофида ер билан осмон чархпалакдай айланганида, унинг сезгилари охиригача таранг тортилди. Унинг ҳар бир томонидан учтадан фаришта баландга қараб бурчак остида сузишар, битта фаришта учки қисмда учбурчакни битказиб турар эди. Ўнг томонидан пастдаги фаришта уни диққатини ўзига тортди. Бу фаришта қолганларидан кўра ёрқинроқ порлар эди, гўё у биродарларидан анча аҳамиятлироқ эди. Чапдан ўнгга қараб санаса, бу еттинчи фаришта эди. Билли ўзида унга ғалати бир интилишни ҳис қилди, худди улар орасида қандайдир бир ўзига хос алоқа бордай эди. Тўсатдан ушбу фаришта Биллининг қўлига қилич тутқазди ва: “Жефферсонвиллига қайт, у ерда Ваҳийда муҳрланган еттита сир очилади”, ― деди.

Қилич ғойиб бўлди. Фаришталар уни тезлик билан, аммо юмшоқлик билан тоғлар этакларидаги ўша дарага қайтардилар. Ўзини ўнглаб олиб, Билли дара бўйлаб Фред билан Джинни топиш учун юқорига югурди. У пекари чўчқалари тўдаси томонга чопмади, чунки энди унда ов тўғрисида фикри ҳам йўқ эди. У дўстларидан портлашни эшитдингларми, деб сўради. Уларнинг иккиси ҳам уни эшитдик ва сездик ҳам дейишди. Улар буни нима эканлигига қизиқишди,чунки бу нарса улар шу пайтгача эшитганларини ҳеч қайсисига ўхшамасди. Бу сафар Билли уларга ҳеч нарсани тушунтириб бермади, ва уларни иккиси ҳам яхшиси бу ҳақида сўрамаслик кераклигини билар эдилар. Джин портлашни эшитишидан бир неча дақиқа олдин бирор-бир сабабсиз йиғлаганини айтди.

Шанбада учала овчи Тусонга қайтишди, Фред ва Джин пекари чўчқасини ўлдирмади ҳам. Билли Индианага сешанба эрталаб, 12 мартда жўнашга қарор қилди. Шу учун унда бу сафарга тайёрланишига бор-йўғи бир неча кун қолди. У Джин Норманн билан жўнашни режалаштирди. Яна бир неча оилалар – Сотман, Симпсон ва Магвайрлар машиналари калоннасида кетишни истадилар.



Up