Ғайритабиий: 
Уилльям Бранхамнинг ҳаёти

Ғайритабиий:
Уилльям Бранхамнинг ҳаёти

Оуэн Жоргенсен

Колорадода бўронни тўхтатиб

91 БОБ

Куз. 1963



ОИЛАСИ ТУСОНГА ҚАЙТИШИ БИЛАН, Билли Ривқони, Саррани ва Иосифни ўрта мактабга ёздирди. Бир куни кундузи Медага болалари учун мактаб кийим ва бошқа нарсаларни харид қилиши керак бўлди. Билли уни Джей Си Тенни универмагига олиб келди. Меда биринчи қаватда аёллар кийимлари қаторларини қарар экан, Билли ўзига кўйлак топиш учун эскалаторда иккинчи қаватга кўтарилди. Истаган нарсасини топгач, у эскалатордан тушган жойда хотинини кута бошлади. Универмаг харидорларга тўла эди. Тугамайдиган одамлар оқими иккала эскалатордан ҳам пастга ва ҳам юқорига ҳаракат қилар эди. Қон томирида оқаётган оқ ва қизил қон таначалари сингари, бу харидорлар универмагнинг ҳаётий кучи манбаи эди. Кўпчилик аёллар Қўшма Штатлар президенти Жаклин Кеннеди шарофати билан машҳур бўлиб қолган стилда сочларини калта қилиб олишгандилар. Учта ўспирин эскалатордан кўтарилди. Уларнинг сочлари узун ва тўзғиган эди ва пешоналаридаги сочлари эса Британия Битлз рок-н-ролль мусиқали гуруҳ стилида қошларига тушиб турар эди. Бир йигитчанинг сочлари узунлигидан унинг елкаларини ёпиб турар эди. Уч йигит эскалатордан тушгач, улар кўйлаклар осилган устун ёнида тўхтаб, нархларига қарадилар.

Уларнинг ортидан эскалатордан калта сочли аёл тушиб келди. У харид қилганлари солинган сумкасини ерга қўйиб, ўзи Биллининг ёнидаги стулга ўтирди. Узун сочли йигитлар томонга бурилиб қараб, у сўради: “Сиз булар ҳақида нима деб ўйлайсиз?”

Шахсан Билли йигитларни аёл сифат кўринаяпти деб ўйлади; аммо у бу аёлга деди: “Агар сиз уларни танқид қилмоқчи бўлсангиз, сиз ўзингиздан уялишингиз керак. Сизда сочингизни кесишга қанча ҳаққингиз бўлса, уларда ҳам соч ўстиришларига шунча ҳақлари бор. Библияга асосан сизлардан ҳеч қайсингиз бундай қилмаслигингиз лозим”.

Унинг жавобидан ҳайрон бўлиб, аёл сумкасини олди-да, туриб кетди. Сочлари узун йигитлар ҳам кетишди. Билли борган сари кўпроқ одамларни эскалатордан чиқиб-тушишларини кузатиб турди. Камдан-кам аёл кўйлакда эди. Кўпчилик шим ва шорт кийиб олишган эди. Айрим ўспирин қизчалар калта ва танасини баланд қисмини ёпмайдиган кийимларда эдилар. Қарийб ҳамма аёлларнинг сочлари калта қилинган эди. Биллининг қусиб юборгудай кўнгли ғаш бўлди. Гўё дунё диёнатдан, муқаддаслик ва одобдан чиқиб кетгандек эди.

У яна бир нарсага, харидор аёлларнинг юзларини кўп қисми ифодасизлигига эътибор берди. Аста-секин у уларнинг умумий шовқини, у қачонки улар ҳаракатлари вақтида пакетларини шиғирлатиб ва ҳамма жойда худди пропеллерли самолётнинг олисдан келаётган товуши ёки кўплаб автомобилларнинг шовқинига ўхшаб “ух ух ух ух ух” деб товуш чиқариб, бир-бири билан ғўнғиллашларини англай бошлади. Йўқ, бу нарса яна бир у жуда бурун эшитган нимагадир ўхшар эди-ю, аммо аниқ эслолмади. Эскалатордан чиқиб кетган аёл жуда танишдек кўринди. Бу оқ танли аёл бўлиб, ёнидаги аёл билан испанча гаплашар эди. Шохсимон гардишли кўзойнак ортида қовоқлари калтакесакникидай яшил ранг соялар билан қопланган эди. Бу изларнинг ранги унга ниманидир эслата бошлади. Энди эслади, уни олдин қаерда кўрганини.

Кутилмаганда у яна дўзахда бўлиб қолди ―ўша ўн тўрт ёшлик палласида, сочма ўқ отилиб, оёғига текканида, ўлишига сал қолганида ― дўзахда бўлган эди. Ўша ерда, орқаларда ҳам худди шундай даҳшатли “Ух, ух, ух, ух” бўлган эди. Бу ерда ҳам худди ўша ўзларининг маъносиз, ифодасиз юзлари билан, худди ўша жонсиз кўринишли одамлар бор эди. Бу ерда ҳам, яшилсимон-кўк ранг хунук қовоқлари ва кўзлари усти қандайдир бир касалликдан гангрена ярасига ўхшаган худди ўша аёл турар эди. У буни қирқ йил бурун, дўзахи жонлар ўлчовига (оламига) тушган вақтида кўрган эди. Бу жирканч жойни ҳеч қачон, ҳеч бўлмаганда, ҳали ер юзида экан, унутиб билмас эди!

Бўшашиб ва кўнгли айниб, у эскалаторда пастга тушди-да, хотинини топди. Меда уни кўриши билан, ундан: “Билли, сенга нима бўлди? Мазанг йўқми?” – деб сўради.

“Унчалик эмас, агар сен қарши бўлмасанг, мен ҳозироқ уйга қайтишни истайман. Мен ўзимни худди ҳозир ўлиб қоладигандай сезаяпман”. У эрига тушунмай қараб тураркан, у қўшиб қўйди: “У ерда бир нарса бўлди, аммо мен ҳозир сенга бу ҳақида айтолмайман. Мен, токи бу ҳақида Жефферсонвиллида черковда айтмагунимча, кутиб тураман”.

Уилльям Бранхамга 1963 йил сентябри ва октябрида йиғилишлар режалаштирилмаган эди. Октябрни у ҳар доимгидай ов учун бағишлаган эди. Ўша йили Колорадода буғи ови мавсуми чоршанбада, 23 октябрь, унинг Меда билан тўйининг 22 йиллиги кунида, бошланди. У музлаган ер устида брезентни ечиб ва Колорадо штатининг серчўққи тоғларидаги ўзининг одатдаги чодирли лагерида чодирини ўрнатаётган бир пайтда, Меда Тусонда бўлиб, у печенье пиширар эди. Бу йилги овга унга Уэлч Эванс ва унинг ўғли Ронни, Бэнкс ва унинг ўғлиДавид, Эрл ва Джон Мартин, Джек Палмер, Муҳтарам Манн, Муҳтарам Вилер ва Билли Поль қўшилдилар. Улар ўз чодирларини ўрнатишиб ва запасларини очиб қўйишгач, улар бир кунлик овни режалаштиришди.

Джек Палмер деди: “Билли ака, агар сиз биринчи бўлиб буғу отсангиз, мен учун ҳам бориб биттасини отинг. Мен унга тахтача белги қўяман-у, шу билан бас қиламан. Мени ўзимга яхши бўлиши учун ўзим ўлдиришимга ҳожат йўқ. Менга овдан кўра кўпроқ гўшт керак”.

Юмшоққина, аммо кескин равишда Билли бу илтимосни рад этди. Кўп йиллар олдин ўзининг ов гуруҳида бўлган бошқа одамлар учун ёввойи қушлар отган эди. 50-йиллар охирида бир ов сафарида у тўлиқ Инжилчи христиан тадбиркорлар учун 19 та лос отган бир пайтда, улар тарихдан гаплашиб гулхан атрофида ўтиришган эди. Шу сафаридан кейин гуноҳини тушунганидан оғирлик қийнар ва шундан кейин Худога у ҳеч қачон бошқа энди жуда зарур бўлмаганидан ташқари ва агар бирор киши озиқ-овқатга муҳтож бўлмаса, бундай қилмасликни ваъда берди.

Ўша куни Билли, ундан кўп йиллар қочиб қутилиб қолган қари айёр буғу ― Катта Джимни кўриб қолди. Билли жониворни юрагидан отиши учун етарлича узоқ вақт икки қарағай ўртасида туриб турди. У милтиғидан ўқ узганида буғу қочиб кетди ва у бутазорда ғойиб бўлди. Билли уни ўлдирганига ишонар, аммо у Билли Поль билан ўша ерга етиб борганларида, у ерда жонивор йўқ эди. Уни танасини топганларича бир соатдан кўп излашди. Уни тил тортмай ўлишлиги учун ўқ жуда юқоридан текканди. Билли бу боисдан хафа бўлди. Гарчи у бир неча кун олдин Тусонда милтиғини текширган бўлса-да, лекин ҳарорат ва намликнинг ўзгариши унинг оптик мўлжаллагичини адаштирди чоғи. Улар буғунинг терисини шилишар эканлар, унинг бошига хушёрлик билан муомала қилишди. Билли ундан тулум қилиб, уни деворга осиш ниятида эди. Ҳар бир шохида олтитадан ўсган шохчаси бўлиб, Катта Джимнинг боши ажойиб чучело-ўлжа бўла олар эди.

Улар лагерга келганларида, ҳамма об-ҳаво маълумоти ҳақида гапиришар эди. Радио дикторлари қалин қор ва қаттиқ шамол билан Канададан келаётган улкан совуқ ҳаво фронти ҳақида тингловчиларни огоҳлантирар эди. Улар уни бу ерда эртадан етиб келишини олдиндан айтаётганди. Тушдан кейинги ҳамма вақтни овчилар, Билли “Ковбойлар лагери” деб атаган қишки доимий лагердан юқорида жойлашган манзилларини йиғиштириш билан ўтказдилар. Элликдан ортиқ пикап ва жиплар тоғдан пастга қараб, Биллининг лагери орқали ўтиб кетди. Билли ўзининг овчилар гуруҳига нима учун қолган барча кетиб қолганини тушунтирди. Бу тоғлик жойларда қор бўрони унга тайёр бўлмаганларни йўқотиб юбориши мумкин эди. У бир кечани ўзида чодирни қор билан бутунлай кўмиб ташлайоларди. Бўроннинг кучига қараб лагерда кўплаб кун тиқилиб қолиш мумкин эди. Олти кундан кейин Биллида Тусонда ваъз қилиши режалаштирилган, аммо, агарда унинг дўстларидан бирортаси қолишни ва ов қилишни истаса, у улар билан қолган бўлар эди. Палмер, Вилер ва иккала Мартинлар кетишга қарор қилишди. Уэлч Эванс, Бэнкс Вуд ва Муҳтарам Манн қолишни ва бўрон бошлангунига қадар буғу отишга уриниб кўришни хохладилар. (Билли Поль Бранхамга, Давид Вуд ва Ронни Эвансларга оталарининг қилган қарорлари туфайли қолишларига тўғри келди.)

Билли билан муҳтарам Манн, агар қор уларни қанчадир вақтга тоғда ушлаб қолса деб, кўпроқ озиқ-овқат харид қилиш учун, яқинроқдаги дўконга, 30 милга жўнаб кетдилар. Билли Медага тўйлари бўлган кун муносабати билан табриклаш ва унга яхши нишонлашини тилаш учун қўнғироқ қилди. Шу билан бирга уни аҳволини билишни ҳам хохлар эди. (Чап тухумдонидаги киста ўсаётган эди, ва охирги тиббий кўрикдан врач уни грейфрутдай катталашганини аниқлаган эдики, мана шундан жуда хавотирда эди.) Меда уйда йўқ эди. Шунда у Эванс хонимга қўнғироқ қилишни ва у ҳақида ва уларнинг тўйлари куни ҳақида ўйлаганини айтиб қўйишини илтимос қилди. У дўконда экан, оқшомги газетани харид қилди. Биринчи саҳифадаги сарловҳа қор бўронини яқинлашгани ҳақида огоҳлантирар эди.

Пайшанба куни эрталаб, барвақт билли кофе қайнатди ва шимол томон горизонтдан босиб келаётган қоп-қора булутларни кузатиб турди. Нонуштадан сўнг эркаклар ўз милтиқларини елкаларига олиб, маршрутларини аниқлаб олдилар: Билли деди: “Мен икки тоғ орасига кўтариламан ва топган бари буғулар сизлар томонга қараб пастга ҳайдайман. Қаерда турганингизга ва лагерга қандай қайтиб келишингизга алоҳида эътибор беринг. Биринчи қор учқунини кўрганингиз биланоқ, орқага қайтинг, чунки ўн беш дақиқадан кейин қор шундай келадики, сиз 20 футдан (6 метр) узоқни кўролмайсиз”.

Кузнинг совуқ ҳавосига қарамай, бу чўққига чиқиш Биллини терлашига мажбур қилди. Лагердан тахминан 4 миль масофада у ўзи тоғ бели деб ном берган ― тоғ тизмасидаги думалоқ чуқурликка етиб келди ва у ердан у кейинги водийга осонгина ўтиб кетолар эди. Айни мана шу моментда у юзига биринчи қорни текканини сезди. У милтиғининг оптик мўлжаллагичи линзаси терламаслиги учун, уни пальтоси остига яширди. Қор бўрони вақтида айиқлар кўчадилар, шу учун унга ўзини ҳимоя қилишига тўғри келса, унга топ-тоза оптик мўлжаллагичи бўлиши керак. Афсусланганча, хўрсиниб, ўзи келган йўлидан қайта бошлади. Беш дақиқа ичида кумуш доллардек келадиган лайлак қор ерни оқартириб, сирпанчиқ қилди-қўйди. Энди қоп-қора булутлар бутун осмонни қоплади ва увиллаётган шамол қорларни ҳар томонга айлантира бошлади. Гарчи Билли фақат 20-30 (6-9 метр)футча масофани кўрса-да, адашиб қолишдан хавотирланмасди. Тоғ тизмаси уни ирмоққа олиб чиқади ва у ирмоқ бўйлаб, лагерга қайтиб билар эди.

У тизмадан пастга қараб ярим милча ўтган эди, унга, ҳаёлида кимнингдир: “Тўхта. Орқага юр”, ― деганини эшитгандай туюлди. Дарахтларни чийиллатаётган қаттиқ шамол шундай товуш чиқариб, ҳазиллашди-да, дея пастга тушишда давом этди; аммо энди у диққат қилиб қулоқ сола бошлади. Шамолнинг увиллаши ва ҳуштаклари орасида у Кимнингдир: “Тўхта. Қайт ва орқага юр”, ― деганини яна эшитди.

Бирдан у оёқларидан жони чиқиб, пальтосини остидаги милтиғига ўхшаб қотиб қолганини ҳис қилди. У тўхтади, соатига қаради. Соат салкан 10 эди. Чўнтагидан дудланган колбаса ҳиди келиб турган бутербродини чиқарди-да, бундан кейин нима қилиш кераклигини ўйлаганча, уни еди. Нима учун Худо қор бўрон бўлишига қарамай, унга тоғ ўркачига қайтишини айтди. Лекин, уни бутун ҳаётида Худо нотўғри йўлга элтмаган эди. Бу унинг имонини бироз машқ қилдириш учун бир ажойиб вақт эди. У бурилди ва икки тоғ ўртасидаги белга етиб келгунича аста-секин кетди. У, табиийки: “Мен нима қиламан бу ерда?” ― деб ўйлади.

Энди шамолнинг ғувиллашлари ва чайиллашлари орасида у Овознинг: “Мен еру-осмон Тангриси. Мен шамол ва ёмғирни яратганман. Табиат Менга бўйсунади”, ― деб аниқ айтганларини эшитди.

Ковбойлар шляпасини ечиб, Билли теваракка қаради. Худо у билан тез-тез Олов Устунига ўхшаган ёрқин Нурдан гапирар эди. Аммо бу ерда бу Нур йўқ эди. Гўё, Овоз дарахт учларидан келаётгандай эди. Билли сўради: “Буюк Иегова, бу Сенми?”

У жавоб берди: “Галилея денгизида шамолларни ва тўлқинларни тинчишига мажбур қилган Ўша, Мен. Сенга ўша олмахонлар ҳосил бўлсин деб айтган Ўша, Мен. Мен Худовандман. Шу бўронга гапир ва у сенга бўйсунади”.

Бу сўзлар аниқ Ёзувларга мувофиқ эшитилгани учун, ҳақиқатдан ҳам у билан Парвардигор гаплашганига ишонди. “Мен Сенга ишонаман, Раббий”, ― деди у. “Булутлар, қор, қорли ёмғир ва шамол, мен норозиман сизларни келишингиздан. Исо Масиҳ Исми ҳақи ўзингизни келган жойингизга қайтинг. Мен, шу соатни ўзида қуёш чиқиб, токи менинг ов сафарим тугамагунича, ҳар куни чарақлаб туришини буюраман”.

Кутилмаганда шамолни кучи пасайди. Энди у булутларни юқорилатиб ва уларни келган томонга қараб ҳайдаб, у жануб томондан эсди. Қор тинди. Булутларнинг очиқ жойидан озгина қуёш тешиб ўтди. Билли амрини айтганидан кейин беш дақиқа ичида ердаги қорларни эритиб ва намни ҳавога кўтариб, иссиқ қуёш пайдо бўлди. Осмон очилиб кетиб, тоғ ён бағридан буғ кўтарилди. Олтин куз ўзининг бор кўркамлигида намоён бўлди.

Билли ҳурмат-эҳтиромда донг қотиб турди. Ўйлаб қолди: “Яратган Тангримнинг Ўзи менинг ёнимда. Ҳаммаси Унинг қўлида. Яна У менга нималар қил деркан?”

Худо деди: “Мен билан овлоқ жойларда айлансанг бўлмайдими?”

“Ҳа, Раббий, бу катта шараф. Сен билан сайр қилиш ― мен қилиб биладиган энг буюк ишлардан бири”.

Бу вақтга келиб, шамол шунчалик тиндики, у ёқимли шабадага айланди. Милтиғини елкасига ташлаганича, бокира ўрмон орқали жониворлар сўқмоғ бўйлаб, Билли шошилмай тоғдан пастга кета бошлади. У ўрмоннинг хайдаш учун тозаланган ер участкасига келганида, у кийимларини қуёш нури қуритганини ва ўзини иситганини пайқади. Шляпасини кўзларини пана қилиши учун яна кийиб олди.

Унинг фикрлари Раббийси мурувватидан тўйи бўлган кунга ва хотинининг меҳрибонлигига ўтди. У Меданинг энг ажойиб фазилатлари ҳақида ўйлади: содиқлиги, сабр-қаноати, ишончлиги, аммо ҳаммасидан ҳам олийси у шундай меҳнаткаш эди. У бу хушхабарчилик кампаниясидан унисига юрган вақтларида, хотини хўжаликни юргизар ва болаларга ғамхўрлик қилар эди. Кўпинча уйига келганида ва магнит тортгандай, уйига ташвиш орттириб, ўнлаб одамларни олиб келарди. Баъзан у овгами ёки балиқ тутгани кетар экан, у аввало одамлардан узоқ кетиш ва онгига дам бериш учун шундай қилар эди. Шунга қарамай у, ўтган куздаги бир сафаридан бошқа ҳеч қачон нолимаган эди. У ҳақиқий бриллиант, шундай ажойиб аёл эди.

Агар унда умуман бирор камчилик бўлса, у ҳам бўлса унинг камтарлиги, ёки бўлмаса, у уйдаги тартиб учун жуда кўп қайғуради. Мана шу охирги сафари олдидан, уйидалигида, хотини билан меҳмонхона диванда ўтиришга ва бир гаплашиб олишни истаган эди. Унда бор‑йўғи бир кунгина вақти бор эди Лекин у кир ювишни бошлаганидан ва у уни тўхтатгиси йўқлигидан хафа бўлди. Тоғ тизмасидан тушар экан, Билли ўйлаб қолди: “Мумкин, у ишларини тугатиб олиши учун, уни сафарга жўнашини хохлагандир?” Мана шу фикр калласига келиши билан, у уни хато ўйлаганини англаб етди. “Раббий”, ― деди у, ― “Сен биласан, кеча тўйимиз бўлган кун эди. Агар Сенда мен боришим учун аниқ жой бўлмаса,мен анави тоғ тераклар тўдасигача борар эдим ва хотиминни, никоҳимизнинг барча бахтли йилларини бир эслайман”.

Тоғнинг икки чўққиси орасидан унга узоқ бўлмаган жойда тоғтерак ўрмончаси бўлиб, у Биллига йигирма икки йил бурун асал ойи вақтида Адирондак тоғларига ов сафарида қурган лагерларини эслатди. Ҳар йил октябрда, у Колорадода ов қилган пайтида, у мана шу ерга тўйлари бўлган кунни эслаб келиб кетар эди. У дарахтзорга етиб келганида у, уларга оила қурган пайтларда бўлган қорасочли Меда қанчалик ўзгариб кетганини ўйлади. У ҳалиям гўзал эди, аммо энди унинг сочларига оқ оралаган эди. Билли оптик мўлжаллагичнинг думалоқ шишасида ўзини аксига қаради. Унинг 54 ёшида уч кунда ўсган соқоли, оқариб қолган эди. У қараб турар экан, унинг оқ соқоллари қорага айланди ва ўша тўйи куни эрталаб соқолини олганидагидек қоп-қора бўлди. Юқорига қараб, сўқмоқда унинг олдида турган Медани кўриб ҳайрон бўлиб қолди ― Тусонда қолган аёлини эмас, балки никоҳ олдидан бериладиган узук ва ваъдалар бериш учун черкови одамлари орасидан ўтган ўша қорасочли қизни кўрди.

“Нималар бўляпти?” ― ўйлади у. Кейин у тушунди: “Ҳа-а, мен Масиҳ билан сайр қиляпманку”.

Шу ёшгина Меда унга қўлларини чўзди ва уни чақирди. У олдинга қадам қўйиши билан, ваҳий ғойиб бўлди ва унинг билан қувончи ҳам уни тарк этиб, ўрнига у тушунмайдиган бир оғирлик қолдириб кетди.

Тоғтерак дарахтзорига етганида, у тўкилган баргларнинг қалин гиламида қорни билан ётди. Кўзларини юмганича ибодат қилди: “Худойим, Сен менга нақадар меҳрибон бўлдинг. Сен Сенинг қулинг бўлишга арзимайман, лекин Сенга хизмат қилиш шарафи учун Сендан миннатдорман. Мен ҳамма қилган хатоларим учун кечирим сўрайман. Чунки кўп йиллар тушунтириб бўлмайдиган бир оғирликни сезардимки, у мендан ҳеч қачон кетмайдигандай эди. Мен уни етти муҳр очилганидан кейин кетар деб ўйлаган эдим, аммо у кетмади. Қандай товба қилиш кераклигини қанчалик билсам, шунчалик товба қилдим. Мен ҳатто тушунмайман ҳам, бу оғирлик нимани англатса экан. Илтимос, Сен бу оғирликни менинг елкамдан олмайсанми?”

У умуман яқингинасида сув томаётганини эшитди: кап, кап, кап. У кўзларини очмагунича, бу унинг ўзини кўз ёшлари қуруқ барглар гиламига томаётганлигини англамади. Ўрнидан туриб, у дарахтга суянди ва уни ўраб турган нарсаларга қарай бошлади. Тоғтераклар тераклар оиласига мансуб эдилар. Бу тоғтеракларнинг оқ пўстлоғли таналари тўппа-тўғри юқорига ўқдай интилган эди. Ёзда уларнинг барглари оч-яшил, ҳозир бўлса улар сарғайган ва қирмизи жигарранг эди. Тахминан баргларининг ярми майин шабадада титраб, ҳали ҳам шохларда осилиб турар эди.

Тўкилган баргларнинг ҳадеб шитирлайверишларидан у бурилиб қаради. Дарахтзорга учта буғу кирди ― урғочи буғу ва иккита ёш, қарийб катта буғу. Ажаб эмас, улар уни кўришган бўлишса керак. Унинг устида қизил кўйлаги ва шляпаси атрофида қип-қизил алвондай рўмол бор эди, шу учун улар уни кўрмай қолишининг иложи йўқ эди. Ва шунга қарамасдан, улар уни шу ердалигидан чўчимагандилар. Қандай бундай бўлиши мумкин? Кеча юзлаб овчиларнинг қуролларидан отилган ўқ овозлари бу водийлардан акс-садо берган эди-я.

“Мана битта буғу Эванс ака учун, битта Вуд ака учун ва битта Мани ака учун. Уч марта отса бўлди ― уч секунд, мумкин, тўрт”, ― деб ўйлаб, Билли аста-секин милтиғини кўтарди. Кейин у ўзини тўхтатди. “Мен бундай қилолмайман. Мен Раббийга, мен бошқа одамлар учун буғу ўлдирмайман дея ваъда берганман, шу учун мен бундай қилмайман”. Буғулар унга шунчалик яқин келдиларки, агар у озгина эгилиб, қўлларини чўзса, у уларга тегилса бўлар эди. Улар дарахтзор четига кетдилар ва ундан кейин, нима учунлигини тушунтириб бўлмайди, яна қайтиб, унинг ёнига келдилар. Унинг калласига фикр йилт этди: “От уларни! Раббий уларни сенинг қўлларингга берди!” Билли бу фикрни Ёзувдан мисол билан инкор этди: “Бир кечаси Довудга кимдир, Довуд яширинган ғорнинг оғзида Шоул ухлаб ётганида, худди шундай деган эди. Аммо Довуд бундай қилишдан бош тортган эди!142 Худди шундай мен ҳам бу буғуларни ўлдирмайман”. У бор овозида деди: “Она буғу, сенинг ҳаётинг менинг қўлимда, аммо мен сенга раҳм-шафқат қиламан. Болаларингни ол ва кетавер”.

142 1-Шоҳлар 24 боб.

Она буғу хушёр тортиб бошини кўтарди, қулоқларини диккайтирди ва думини кескин қимирлатиб, худди уни тушунаётгандай унга қаради. Кейин у болаларини дарахтзордан олиб кетди.

Қаердандир унинг устидан бир улуғвор Овоз шундай деди: “Сен Менга берган ўз ваъдангни эсладинг. Мен ҳам сенга берган ваъдамни эслайман: Мен ҳеч қачон сени қолдирмайман ва ташлаб кетмайман”.

Уни ўзи тушунолмайдиган оғир юки уни қолдирди ва бошқа ҳеч қачон унга қайтмади. Кейинги тўрт кун ичида унинг гуруҳидаги овчиларнинг ҳаммасида ўз ўлжалари бор эди. Уларнинг овлари вақтида об-ҳаво доим очиқ ва иссиқ бўлди. Орқага, цивилизацияга қайтишда улар бензобакларини тўлдириб олиш учун автозаправка станциясига тўхташди. Заправканинг хўжайини билан гап орасида Билли: “Бизларни овимиз учун жуда яхши ҳаво бўлди ва тоғларда ҳам анча қуруқ бўлди. Озроқ ёмғирми-қорми бўлса, ёмон бўлмасди”, – деди.

Хўжайин қошини тирнади: “Биласизми, бу ерда жуда ғалати нарса бўлиб ўтди. Ўтган ҳафта метрологлар бизда қор бўрон бўлади, дейишди. Пайшанбада қор келди-ю, ундан кейин кутилмаганда тўхтади. Мен нима бўлганини билиб олиш учун жума кунги газетани ўқиб чиқдим, аммо синоптиклар ҳам билишмабди. Улар гап нимадалигини тушунмабдилар”.

“Буни олдин черковига айтмагунича, ҳеч кимга гапирмаслиги лозимлигини ҳис этди”, ― деди Билли.

Ноябрь ўртасида Биллида ҳафта давомида Нью-Йоркда ваъз қилиши режалаштирилган эди. Шаҳардаги бир неча элликчилар черковлари унинг хушхабарчилик кампанияларини маблағ билан таъминладилар. 1963 йил 8 ноябрь, жума куни тушга яқин Билли Тусондан Нью-Йоркка кетаётиб, Жефферсонвиллида бир тўхтаб ўтди. Табиийки, Орман Невилл ундан якшанбада ваъз қилишини илтимос қилди. Эрталабки хизматида Билли Бранхам Чодиридаги одамларга қандай қилиб Джей Си Тенни универмагида бўлгани ва ўзини яна дўзахда бўлиб қолгандай ҳис қилганини айтиб берди. Бу нимани билдирар эди? У буни билмас эди-ю, аммо унда бу савол бўйича баъзи фикрлари бор эди. У ушбу ваъзини: “Ҳозир зиндонда бўлган жонлар”, деб атади ва унда, охирги вақтга тегишли Ёзувнинг баъзи жойларини таққослаб ва бизлар ўша кунга қанчалик яқин турганимизни фикрлаб, “Жаноблар, соат неча?” мактубидаги каби тарзда ваъз қилди.

Исо деди: “Нуҳ пайғамбар вақтида бу қандай бўлган бўлса, Инсон Ўғли Келишида ҳам бу шундай бўлади”.143 Нуҳ қуруқликда кема қураётганида, у одамларни, улар ўз гуноҳкор ишларидан тавба қилишлари ва яқинлашиб келаётган тўфонга тайёрланишлари учун огоҳлантирди. Бу шунчалик фантастик бўлиб кўриндики, унинг атрофидагилар унга ишонмадилар. Нуҳ қурилишини тугатгач, ўз оиласи билан кемага кирган ҳам эди, Худо эшикни ёпди. (Эсингиздами, кема ― бу Масиҳнинг рамзи, Қайсики дунёда бирдан-бир ягона бехатар жой ҳисобланади.) Библия, Нуҳ ёмғир бошлангунига қадар кемада етти кун кутди, дейди.144 Бу етти кун давомида кемадан ташқарида бўлганлар фалокатдан қочиб қутилиш учун ўз имкониятларини бой бериб қўйганларини англамай, ҳар доимгидай яшашда давом этавердилар. Қутқарилишга бўлган ягона йўл ёпиқ эди.

143 Матто 24:37-38; Луқо 17:26‑27

144 Ибтидо 7:6-10

Икки минг йил олдинга, Исонинг кунларига борамиз.Исо Масиҳнинг Танаси Қуддус яқинидаги қабрда ётган бир пайтда, унинг жони дўзахга тушди ва зиндонда ётган жонлар учун ваъз қилди. Нима учун? У ўлим ва дўзах устидан ғалабасини эълон қилди. Пётр, Исони Нуҳнинг мактубини рад этган ўша одамларга ваъз қилиш учун дўзахга тушди, деди.145

145 1-Пётр 3:18‑20

Қандай бўлса ҳам, мана шу воқеалар охирги вақтларда такрорланади, чунки Исо бундай ваъда берган: “Нуҳ даврида қандай бўлган бўлса, бу...” Биллини бир савол қизиқтирар эди. Бу башоратнинг мартда 7 та муҳр очилган пайтда, қандай қисми бажарилгани экан. У яна ўз йиғилиши диққатини Ваҳийнинг 5-бобидаги 7 муҳрнинг очилганидаги воқеаларга қаратди, қачонки у ерда Қўзи (Қурбонлик Қўзиси) Арслон бўлади ва Арши аълода ўтирган Сиймодан Қутқарилиш Китобини олади. Бу нарса ҳам осмонда ва ҳам ер юзида ўзгариш бўлганини англатмасмикин? Қанақа ўзи ўзгариш бўлиб ўтади? 7 Черков даврларининг кўп вақтида Худо ҳақиқий Христианларни адашишларини оқлади, чунки Библиянинг кўп қисми муҳрланган эди. Худо билан инсонлар орасидаги ягона Воситачи ― Исо Масиҳ, уларнинг нотўғри тушунишларига қарамай, ҳақиқий имонлиларнинг гуноҳларини кечириб, белги сифатида Ўз Қонини берди.146 Қачонки Қўзи Арслон бўлгач, билмаслик, бехабарлик бошқа энди эътиборга олинмайди.147 Қон ҳали ҳам кор қилади, аммо жойини ўзгартиради. Биргина эзгу ниятлар энди етарли бўлмайди. Энди имонли одам Белгини Ўзини Қабул қилиши ва намоён қилиши керак ― яъни, Сўз Муқаддас Руҳ билан қанчалик очилган бўлса, шу Сўзни тўлиқ намоён қилиши керак. Эсингизда бўлсин, Муқаддас Руҳ ― бу Худонинг Мойлангани, Масиҳи, Исонинг жони. Билли жонни бизнинг борлиғимиз сифаьтида изоҳлаб берди; шунга ўхшаб Исонинг жони Унинг Руҳининг мазмун-моҳиятидир. Мана нима учун одамлар Масиҳни қабул қилганларида янги ижод, янги туғилгандай бўлиб қоладилар. Уларнинг руҳининг мазмун‑моҳияти ўзгаради. Исо уларни Муқаддас Руҳи билан тўлдиради.

146 1‑Тимофейга 2:5

147 Биринчи черков давридаги бунга параллелга қаранг. Ҳаворийлар 17:23‑31; 30 оятга эътибор беринг.

Юҳанно деди: “Унинг Ўзи нурда бўлгани каби, агар биз ҳам нурда юрсак, бир-биримиз билан алоқа қиламиз ва Унинг Ўғли Исонинг Қони бизни ҳар қандай гуноҳдан пок қилади”.148 Ва аксинча, агар сиз Худо сизнинг даврингиз учун юборган Нурда юрмасангиз, менда имон бор деб қанчалик эътироф этишингиздан қатъий назар, Қон сизни гуноҳлардан пок қилмайди, ― бу ҳам ҳақиқат. Билли яхши ишлар Хушхабари тўғрисида гапирмади; у асосий савол устида ишлайверди: Туғилганмисиз сиз янгидан? Агар сиз янгидан туғилган бўлсангиз, сизнинг янгича ҳаёт мазмун-моҳияти сизнинг соатингизга келган Худонинг мактубига олиб келади. Бу пайтда черковнинг қолган қисми кучга эга бўлмайди. Маълум бир моментда Кемага эшик ёпилади. Ташқарида қолганлар, ўзлари танлаган зиндонда бўлиб турадилар.

148 1-Юҳанно 1:7

Билли гувоҳлик берди: “Мен иккала жой ҳақида ҳам ваҳий кўрдим ― умидсизликдаги адойи-тамом бўлганлар жойини ҳам, нажот топиб, қутқарилганлар турган жойни ҳам. Нобуд бўлганларнинг ёнига ҳеч ким тушмасин. Бунинг қанчалик даҳшат эканлигини инсон ақли идрок қилолмайди! Менинг овозимни эшитган ҳар қандай одам, сиз қутқарилмаган бўлсангиз, ҳозирнинг ўзида тавба қилинг ва ўз жонингизни Худога нисбатан тўғриланг. Кечирилганлар гуруҳига келиб қўшилинг. Мен сизларни кечирилганлар оромда яшаётган ўша дуоли жойга етишингизни хохлайман. Бу жой бизнинг тушунишимиз учун ақлимиз бовар қилмайди, шу учун буни сўз билан ифодалаб бўлмайди.149 Худо менга Қози, мен бу икки жойда ҳам бўлганимга жуда қаттиқ ишонаман. Мен сизга ҳақиқатни айтаяпман”.

149 1-Коринфликларга 2:9; 2-Коринфликларга :1‑4; Ваҳий 21 ва22 боблар.

Ўша оқшом у “Сиздаги Ўша” деган мактубини ваъз қилди. Бу ваъзи вақтида у йиғилишдагиларга Колорадога бўлган ов сафарини, у ерда бўронга гапирганини ва у унга бўйсунганини айтиб берди. У яна бир бор Марк 11:23 ни ― “агар ким бу тоққа: “Кўтарилиб, денгизга отил”, деса-ю, ўз қалбида шубҳаланмай, айтгани бажо келишига қаттиқ ишонса, айтгани бўлади”нинг маъносини таъкидлаб ўтди. Билли деди: “Мана шу Ёзув жойини нимани билдиришини фақат англаб етолсак эди: Билли шундай деди: “ “Ичимиздаги Руҳ дунёда ҳукм сураётган руҳдан устундир” ― деган Ёзув жойини нимани билдиришини фақат англаб етолсак эдик”.150 Бу тўғри эканини, ҳақиқат эканини биламиз, аммо аслида буни англамаймиз. Сиздаги устун нарса нима? Бу Масиҳ, Мойланган! Масиҳда бўлган Ўша Худо ҳозир сизда. Шундвй қилиб, агар сизда У бўлаётган экан, бошқа энди сиз эмас, балки У сизда яшаяпти. Кўряпсизми? Бу дегани, У ҳар бир имонли орқали мўъжизалар қилади дегани эмас. Мусо Исроил болаларини олиб юрганида, у мўъжизалар қилган ягона, бирдан-бир Исроиллик эди. Қолганлар бор-йўғи унинг номасига, мактубига эргашган эдилар. Аммо, Ўша, Қайсики сизда бор, дунёдагидан устундир. Худо Исо Масиҳда бўлгани сингари, У бугун сизда турибди, ичингизда. Эсингизда бўлсин, Худо Ким бўлган бўлса, У ҳаммасини Масиҳга тўкди; ва Масиҳ Ким эрса, У Ўзининг Чурковига тўкади”.

150 1-Юҳанно 4:4

Нью-Йоркдан қайтиб, у 23 ва 24 ноябрь дам олиш кунларини Жефферсонвиллида ўтказди. Якшанба куни эрталаб у Бранхам Чодирида, Рим ҳокими Понтий Пилатнинг саволини асос қилиб, “Масиҳ аталган Исони нима қиламан?” ― деган мактубини ваъз қилди.151 Унинг нияти, мақсади бундай эди: Понтий Пилатни айблашга шошилманглар, чунки ҳар биримиз худди шундай саволга жавоб беришимизга тўғри келади. Ўша куни кечқурун, у дунё уч гуруҳ одамларга: имонлилар, сохта одамлар ва имонсизларга бўлинишини кўрсатиб, у “Уч хил ишонувчилар” деган мактубини ваъз қилди. Сохта имонлилар ― бу шундай одамларки, улар Худога ишонаман дейди-ю, аммо уларнинг ҳаётлари меваси ўз айтганларига тўғри келмайди.

151 Матто 27:22

Ўша оқшом хотинига қўнғироқ қилишга қарор қилди. (Соат минтақасидаги фарқ сабабли, Тусон 2 соат олдинда эди) Билли Меданинг соғлигидан хавотирда эди. Охирги 12 ой ичида унинг чап тухумдонидаги киста ёнғоқдай катталикдан грейфрутдай ўлчамгача катталашган эди. Улар ғайритабиий шифоланиш учун биргаликда ибодат қилишга қарор қилдилар, аммо ҳозирча уларнинг ибодатига жавоб бўлмади. Улар бошқа кутиб туролмаслигини Билли билар эди. Доктор Скотт, ўсма ёмон сифатли ўсмага айлангунига қадар жарроҳлик йўли билан олиб ташланиши керак деб, уларни ишонтирди.

Медада умид қиладиган янгилиги йўқ эди. “О Билли, шу ҳафта шундай оғир бўлдики мен учун: мен базўр қимирлаяпман. Биқиним шундай шишиб чиққанки, ўсма 5 сантиметрча қаппайиб чиқиб турибди. Шу еримга кўйлагим текканига ҳам чидолмай қолдим. Шу ҳафтани кўпини ётиб ўтказдим”.

“Энди қачон учрашасан врачга?”

“Эрта эрталаб. Норман опа мени этади”.

“Азизам”, ― деди Билли, ― “нима деб ўйлайсан, шу операцияни бир неча ҳафта кейинга қолдироласанми? Болаларни Жефферсонвиллига, Рождествога келтирсанг жуда яхши бўларди-да. Шунда Рождество ўтиши билан шу ўсмани олиб ташласа бўлар эди”.

“Мен Доктор Скоттдан сўрайман, шундай қилишимизга қўярмикан”.

“Эрталаб мен Аризонага кетаман. Икки кундан кейин Шривпортда бўламан”.

У деди: “Чоршанба кечқурун йиғилишдан кейин қўнғироқ қил, ҳамма дўстларимиз аҳволидан хабардор қиласан”.

Кейинги эрталаб Билли меҳмонхонасидаги юмшоқ скамейкачада ибодат қилиш учун тиз чўкди. Кўп йиллар давомида, Жефферсонвиллидаги пасторлик уйида яшаб туриб, ҳар сафар уйдан хушхабарчилик сафарига кетиш олдидан, оиласи мана шу скамейкача олдида Библия билан ибодат қилиш учун йиғилар эдилар. У олдида турган кампанияси учун қисқа ибодат қилди, ундан кейин ибодатини Меданинг азобларига қаратди.

“Раббий, илтимос, Сен унга раҳм-шафқат қил. Бу ўсма зарарли бўлишига йўл берма. Раббий, ўша эрталаб нима деб қўйди, шундай дейишни истамаган эди. Мен кетганимда ва ваъзлар қилганимда, ва мен овда бўлганимда ва балиқ тутганимда ҳам, у ҳеч қачон менга шикоят қилмаган эди. У менинг кийимларимни ҳар доим тоза ва сафарларга тайёрлаб қўяр эди. У мен унинг ҳақиқий ёрдамчи ва мен уни жуда яхши кўраман. Агар мана шу киста олиб ташланиши керак бўлса, унда врач январгача операцияни қолдириб турсин. Лекин мен ҳар доимгидек Сени мўъжиза қилишингни ва уни операциясиз шифолашингни истайман. Болаларимиз дунёга келишлари учун уни уч марта операция қилдилар. Мен уни яна битта операцияни бошидан ўтказишини истамайман”.

Биллига Кимнингдир: “Тур”, ― деганини эшитилгандай бўлди. У уйда бир ўзи бўлганлиги сабали, у буни ҳаёл қилдим шекилли деб ўйлади ва шу учун ибодат қилишда давом этаверди. Шунда у яна бир бор эшитди: “Тур”. У деворга осиғлиқ Исонинг картинасига қаради, бу Генрих Гофманнинг картинкасидан репродукция (нусха сурат) эди. Биллига уни тагида ибодат қилиш ёқар эди, чунки у унга фикрини тўплашга ёрдам берар эди. Бу Исо ҳақиқатан ҳам у айтган ҳар бир сўзни эшитишини унга эслатиб турар эди. Энди у бу картинага қопланган шишадан акс этаётган Олов Устунини кўрди. У яна шу “Тур”, ― деб буюраётган Овозни эшитди.

У турди, бурилди ва меҳмонхонаси ўртасидаги Олов Устунига рўбару бўлди. Кўкрагида бир оғирлик сезди ва у қийналиб чуқур нафас олди. Олов Устунидан бир Овоз деди: “Сен нимаики айтсанг, худди шундай бўлади”. Кейин Олов кичрайди ва ғойиб бўлди.

Хона шундай тинч ва осойишта бўлиб қолдики, муғомбир одам ҳозиргина қандайдир ғайритабиий бир нарса содир бўлганига шубҳаланган бўлар эди. Бироқ Уилльям Бранхам имонли эди ― у шубҳаланмади. У деди: “Менинг хотинимга врачнинг қўли тегишигача, Худонинг қўли бу ўсмани олиб ташлайди ва ҳатто уни топишолмайди”.

Меда билан ҳаммаси жойида бўлишига имони комил ҳолда, Билли уйига Билли Поль ва Лоис олдига кетди ва у ердан учаласи жанубга, Луизиана штати, Шривпорт шаҳрига жўнадилар. Чоршанба кечқурун йиғилишидан кейин, улар Тусонга қўнғироқ қилиш учун телефон ёнида тўпландилар. Билли ўғлига деди: “Қўлоқ сол ва кўрасан, бу нарса худди мен айтганимдай тарзда бўлармикан”.

Меда трубкани олганида, унинг овози ёқимли ва бахтиёр эшитилди. “Билли, сенга айтадиган ажойиб бир гапим бор. Киста ғойиб бўлди. Нима бўлди, билмайман. Кўринадиган хонага оғриқдан зўрға борган эдим. Кўриниш столига чиқишим учун Норманн опага менга ёрдам беришига тўғри келди. Доктор Скотт хонага кирган ҳам эдики, мен ўзимдан қандайдир бир совуқ нарса ўтганини сездим ва биқиним оғримай қолди. Киста бор бўлган жойни Доктор Скотт қараб кўрди, у ерда у йўқ эди. У яна бир бор барча текширишларни ўтказди, лекин уни тополмади”.



Up