Ғайритабиий: 
Уилльям Бранхамнинг ҳаёти

Ғайритабиий:
Уилльям Бранхамнинг ҳаёти

Оуэн Жоргенсен

Муаллифдан



БАХТСИЗЛИК БЕСАБАБ БЎЛМАЙДИ. Ҳаворий Павел ёзган эди: «… Худони севганларга, яъни Худо Ўз муроди бўйича даъват этганларга, ҳамма нарса яхшилик бўлиб хизмат қилади». Баъзан Худо бизларни шавқатсиз синовларга солинишимизга йўл беради. У бунинг воситасида бизларни Ўзининг буюк мурод-мақсадига йўналтиришни истайди. Уилльям Бранхам ҳаётида мана шундай бўлиб ўтди, менинг ҳаётим ҳам бундан мустасно эмас.

Мен Уилльям Бранхам ҳақида илк бор 1970 йилда эшитдим, унинг ўлимидан беш йил кейин. Эшитганларим мени ҳайратга солди. Бу оддийгина воизнинг тарихига ўхшаган эмас эди. Аниғи шу эдики, бунда Худо очиқчасига ва тўппа-тўғри одамларнинг ҳаётига аралашган эди. Буларнинг барисига жуда қаттиқ маҳлиё бўлганимдан, мен у ҳақидаги иккита қисқача таржимаи ҳол китобни ўқиб чиқдим. Бу Гордон Линдсей томонидан 1950 йилда ёзилган: «Уилльям Бранхам ― Худо юборган инсон», ва Пэрри Гриннинг 1969 йил чоп этилган: «Пайғамбарнинг фаолияти» деган китоблар эди. Бу ҳайрон қоларли одам ҳақида кўпроқ билиш истагида куйиб-пишиб, қўлимга тушган ҳар бир нарсани ўргана бошладим. Мен кўплаб топса бўладиган маълумотларга эга бўлдим, бироқ, унинг ғаройиб кечинмаларининг кўп қисми унинг магнит тасмаларига ёзилган барча ваъзларида бўлиниб ётган эди. Менинг бошимга, агар бу кечинмаларнинг ҳаммасини бир жойга йиғилса ва хронологик тартибда жойлаштирилса, бу қандай илҳом, руҳланиш бахш этар эди, деган фикр келди. Айнан ўшанда мен илк бор Уилльям Бранхам ҳақида таржимаи ҳол китоб ёзишни орзу қила бошладим.

Бироқ, узоқ таржимаи ҳолни баён этиш учун етуклик ва ишига бутунлай садоқат талаб қилинар эдики, менинг йигирмадан ошган ёшимда бунга эга эмас эдим. Хуллас, батафсил биографик китоб ўрнида, мен 1973 йилда Уилльям Бранхам ҳақида каттагина рисола ёздим. Уни ўзим чоп эттириб, уни бир неча хизматчи ва танишларимга, уларда у қизиқиш уйғотади деб ўйлаб, тарқатдим. Уларнинг мулоҳазалари мени ҳайратлантирди. Одамлар бу рисолага минглаб нусхада буюртма бера бошладилар. Тез орада менга бутун жаҳон мамлакатларидан мактублар кела бошлади ва уларда одамлар мендан Уилльям Бранхам ҳаёти ва хизмати ҳақида кўпроқ маълумот беришимни сўрашар эди. Етарлича бўш вақтим ва маблағим йўқлигидан, мен бир неча масиҳчи-миссионерлик гуруҳларига бу рисолани босиш ва тарқатишни топширдим. Кейинги 20 йил ичида ўнлаб тилларга таржима қилинган юз минглаб нусха рисолалар бутун дунё бўйлаб тарқатилган эди.

Бу рисолага бўлган буюк эҳтиёж, мени Уилльям Бранхам ҳақида тўла-тўкис ва мукаммал биографик китоб ёзиш кераклигини англашимга мажбур қилди. Аммо бундай таржимаи ҳол ёзиш учун зарур бўлган тоғдай маълумотларни ўрганиш ва уларни классификация қилишдан иборат бу вазифа, менинг тишим ўтмайдиган ишдек туюлди. Мен бутун иш кунимда ўзимнинг 6500 акр майдондаги буғдой ранчода, ўз оилавий фермамда ишлар эдим. Бунинг устига, кичикроқ черковда ярим кун шуғулланиб, у ерда пастор эдим. Буларнинг ҳаммаси тўрт фарзандимни тарбиялашим устига оғир юк бўлиб, қўшимча бўлди. Ёзишим учун мен қандай қилиб вақт топа олар эдим? Бунинг имкони йўқдай эди.

Бироқ, агар Худо бизларни бирор юмуш қилишимизни истаса, У бизларни бунинг учун керакли ҳолатга олиб боришни билади. 1986 йил март ойида менинг оилам бошига қатор мусибатлар ёғилди. Биринчидан, хотинимнинг умуртқа поғонасида хавфли операция бўлишига тўғри келди; иккинчидан, мен чанғида учиб, қаттиқ жароҳатландим; учинчидан, мен пасторлик ишимдан айрилдим; тўртинчидан, ҳукумат билан шартнома масаласида келишмовчилик сабабли, оилам устида биз бутун фермани йўқотиб қўйиш хавфи туриб қолди. Гўё бу бирваракайига жуда кўп зарбадай эди. Шундай ҳаётий чигалликда қолиб, мен ўз мақсадларимни янгидан қараб чиқдим ва келажак учун ибодат қилдим. Худо менга нима демоқчи, ўзи? Менга тинмай ором бермай юрган ягона фикр, бу менинг Уилльям Бранхамнинг ҳаёти тарихини батафсил ёзишдек ўша, олдинги орзуйим эди. Ниҳоят, қўрқув ва титроқ билан, мен ўзимни бу ишга бутунлай бағишладим.

Худонинг марҳамати билан хотинимни ҳам, мени ҳам соғлигим тикланди. Буни устига, фермамиздан айрилмаган ҳолда, ҳукумат билан келишмовчиликни бартараф қилдик. Бу барча воқеалар вақтида мен Уилльям Бранхам таржимаи ҳолини ёзишга ўзимни батамом бағишлагандим. Икки йил мобайнида ҳафтада ўн икки соатимни бу лойиҳани ўрганишга бағишладим. Мен Уилльям Бранхам ҳақидаги мақолаларни газета ва журналларда ўқидим ва унинг шифоланиш кампаниялари вақтида содир бўлган мўъжизаларнинг видеоёзувларини қарадим. Шу билан бирга, мен унинг ҳаётидаги ғайритабиий ҳодисотлар бўлиб ўтган ўша жойларнинг баъзиларини бориб кўрдим ва ўз кўзи билан кўрган гувоҳлар билан гаплашдим. Аммо менинг вақтимни кўп қисми Уилльям Бранхамнинг магнит тасмаларига ёзиб олинган юзлаб ваъзларини эшитишга кетди. 1988 йилга келиб, мен ёза бошлаганимда, мингдан зиёд ёзилган саҳифаларни категорияларга тақсимлаб бўлган эдим.

Агар бирор бир нарса, бахтсизлик бесабаб содир бўлмаслигини исботлайдиган бўлса, унда бу нарса Уилльям Бранхам ҳаётининг шу ердаги бир қисми бўлади. 1933 – 1946 йиллардаги даврида у дуч келган синов ва кулфатлар унинг характерини шаклланишида етакчи рол ўйнади. Бу нарса уни, Худо ундан ниманики сўрамасин, барчасини бажонидил бажариши кераклигига имонини комил қилди, ишонтирди. Худо эса ундан жуда ҳам кўп нарсани талаб қилмоқ ниятида эди. Уилльям Бранхам: «Характер ― бу инъом эмас, ғалаба» ― деганида, озгина йиллар ўтмаган эди. У бу сўзларни ўзининг шахсий тажрибаси асосида айтган эди. Умид қиламанки, Уилльям Бранхам ғалабаси ҳақидаги ҳикоя Сизни ҳам Ўз ҳаётингизда руҳлантиради. Менинг ибодатим шундан иборатки, ушбу китобни ўқиб, Сиз Исо Масиҳнинг бизларнинг кунларимизда қудратини ва яқинлигини англаб етсангизлар, шу билан бирга Худонинг муҳаббатини ва Унинг барча фарзандларига ғамхўрлигини янгича идрок этсангизлар.

Оуэн Джоргенсен, 1995 й.



БИРИНЧИ КИТОБНИНГ ҚИСҚАЧА БАЁНИ

Уилльям Бранхам болалигида бор кучи билан ўлмай қолиши учун ҳаракат қилди. Унинг отаси – Чарльз, саводсиз эди, кам ишҳақи бериладиган ишларда ишлар ва борган сари сони кўпайиб бораётган болаларини боқишга зўрға етар эди. Бу ҳаммаси етмаганидек, Чарльз ичимликка ишқибоз бўлиб, охир оқибатда бу унинг соғлигига путур етказди ва у умуман ишлаёлмай ҳам қолди. Бунинг натижасида Бранхамлар ўн боласининг энг тўнғичи, ёшгина Биллининг елкасига оилани боқиш мажбурияти тушди.

Билли Бранхам асабий бола эди ва тенгдошлари билан келишолмасди. Унинг хаётида доимо уни ҳам жаҳлга, ҳам саросималикни соладиган тўла сирли, ўзгача руҳий ҳолатлар рўй берарди. Бунинг устига, унинг онаси Элла у туғилган вақт уларнинг тоғдаги кулбачасига гир айланиб кирган ғалати нур тўғрисида тез-тез айтиб берарди: 1909-йил 6 апрель соат бешда. Бу тарих қанчалик қизиқарли бўлмасин, у Биллида саросималикни оширарди холос. Нима учун дарахтдаги қуюндан унга овоз, ҳеч қачон ичмасликни, чекмасликни ва танасини ҳеч қандай тарзда расво қилмасликни, ва катта бўлганида, унга меҳнат бор деб буюради? Ва аниқ нима учун лўли хотин томошалар ярмаркасида, унинг оркасидан нур эргашиб юрганини кўргани сабабли, уни белги остида туғилгансан дейди?

Бу ва бошқа “ечим калитлари”га қарамай, Билли фақат 1931-йили, кўричакни олиб ташлаш учун операциядан кейин, ўлимига сал қолган кунидан бошлабгина Худога мурожаат қила бошлади.

Унинг юраги уриши камайиб борган сари, касалхона палатаси чалкашиб кета бошлади, кейин эса бутунлай йўқ бўлди. Кейин у катта терак тагидаги сўқмоқчада пайдо бўлди. Бу худди ўша, болалигида қўрқитган, қуюндан чақирган ўша товуш келган жой эди. Ҳозир у шохларда айланаётган ўша қуюнни кўрди; аммо бу сафар қуюндан товуш бундай деди: “Ҳеч қачон ичма, чекма ва танангни ҳеч қандай тарзда харом қилма. Мен сени чақирдим, сен эса келмадинг”.

Умидсизликка тушган ҳолда, Билли сўради:

Ким чақирди? Ким сен? Ва сен нима қилишимни хохлайсан?

Товуш такрорлади холос:

Мен сени чақирдим, сен эса келмадинг.

Билли қичқирди:

Исо, агар бу Сен бўлсанг, мени ерга қайтаргин, ва мен Сенинг Хушхабарингни уйларнинг томларидан ва кўчаларнинг муюлишларидан ваъз қиламан. Мен бу ҳақида ҳаммага айтаман!

Бир онда Билли тағин касалхона палатасида пайдо бўлди. У мўъжизали тирик қолди.

Энди у Худони астойдил қидира бошлади. Ойлаб у деноминация черковларига қутқарилишни излаб борди. Бир куни ота-онасининг уйи орқасидаги саройда тиззасига турди. У дилидан оташин бўлиб, ўз гуноҳларини айтди ва буюк эҳтиёжини айтди. Тўсатдан ҳавода унинг олди-да шуълаланиб, хоч пайдо бўлди ва овоз унга ноъмалум тилда гапирди. Қўрқув ўрнига, у тинчлик ва осудаликни ҳис этди, гўё, юз пудлик юкини ҳозиргина унинг елкасидан олганларидай. Охийри, у Исо Масиҳ хочида қутқарилишни топди.

Тез орада бу кечинмалардан кейин у, Амелия Хоуп Брумбах деган ёш қизни учратди, у қиз уни Жефферсонвиллидаги Баптистларнинг Миссионерлик Черковига боришга таклиф қилди. Билли у ерга доимо бора бошлади. Пастор, доктор Рой Дэвисда бу ёш одамнинг жаҳду-жадаллиги ва самимийлиги зўр таассурот қолдирди. Уни бир неча ой кузатиб юргач, доктор Дэвис Биллига хизматда бўлишни таклиф қилди. Билли ўлим тўшагида берган ваъдасини яхши эсларди: агар унга яна бир марта яшашга имконият берилса, у Исо Масиҳ Хушхабарини уйларнинг томларидан ва кўчаларнинг муюлишларидан ваъз қилади. У шундай имкониятга эга бўлганидан шод-хуррам эди.



Up